Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Маданий фаолият соҳасида тармоқларга оид бадиий кенгашлар тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 03.11.2022 й. 642-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 3 ноябрдаги

642-сон қарорига

ИЛОВА



Маданий фаолият соҳасида тармоқларга

оид бадиий кенгашлар тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом маданий фаолият соҳасида тармоқларга оид бадиий кенгашларнинг (кейинги ўринларда - бадиий кенгаш) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Тизимида маданият ташкилотлари бўлган давлат органлари ва ташкилотларда (кейинги ўринларда - давлат органлари ва ташкилотлар), шунингдек ҳар бир маданият ташкилотларида (кейинги ўринларда - маданият ташкилоти) тегишли равишда театр, мусиқа ва концерт фаолияти, цирк санъати ва тасвирий санъат, архитектура ва дизайн бўйича бадиий кенгашлар ташкил этилади.

Давлат органлари ва ташкилотларда ташкил этиладиган бадиий кенгаш уларнинг маданий фаолият соҳасини янада ривожлантириш бўйича, маданият ташкилотларида ташкил этиладиган бадиий кенгаш эса маданият ташкилотлари олдида турган ташкилий, ижодий-ишлаб чиқариш масалалари бўйича тегишли экспертлик таклиф, хулоса ва тавсияларни берувчи маслаҳат органи ҳисобланади.


3. Бадиий кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


4. Бадиий кенгашнинг низоми ва таркиби тегишли давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади.

Бунда, давлат театрининг бадиий кенгаши тўғрисидаги низом ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда камида уч йилда бир марта янгилаб турилади.


5. Бадиий кенгаш таркибига, қоида тариқасида, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар, мутахассислар, маданият ташкилотлари ассоциацияларининг (уюшмаларининг) вакиллари киради.



2-БОБ. БАДИИЙ КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар Бадиий кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) давлат органлари ва ташкилотларнинг бадиий кенгашлари:

маданий фаолият соҳасидаги ижодий масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш;

маданий фаолият соҳасини ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

маданият ташкилотларининг ижодий фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларнинг репертуарлари шакллантирилишини мувофиқлаштириш;

ижодкорларни рағбатлантириш ва давлат мукофотларига тавсия этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

б) маданият ташкилотлари бадиий кенгашлари:

маданият ташкилотларининг ижодий фаолиятини муҳокама қилиш, уларни яхшилаш ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

маданият ташкилотлари томонидан яратиладиган санъат асарларининг ғоявий, маънавий ва бадиий савиясини ошириш юзасидан зарур тавсиялар тайёрлаш;

маданият ташкилотларининг гастроль-концерт фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

маданият ташкилотлари маъмурияти билан биргаликда уларнинг ижодий фаолиятини яхшилаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш;

тегишли маданият ташкилотлари ижодий ходимларининг малака тоифаларини кўриб чиқиш ва уларни ўзгартириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

ишга қабул қилишга номзод ижодий ходимларнинг ижодий салоҳиятини ўрганиб чиқиш, муҳокама қилиш ҳамда ишга қабул қилиш ёки қилмаслик юзасидан маданият ташкилоти раҳбарига хулоса бериш;

ташкилий, ижодий-ишлаб чиқариш масалалари бўйича тегишли таклиф, тавсия ва хулосалар тайёрлаш.



3-БОБ. БАДИИЙ КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Бадиий кенгаш ўзининг асосий вазифаларини амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда тегишли равишда давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда маданият ташкилотидан сўраб олиш;

давлат органлари ва ташкилотлар, маданият ташкилотининг иш режалари ва репертуарларини, гастроль-концерт фаолиятини муҳокама

қилишда иштирок этиш, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарига маданият ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритиш.

Бадиий кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Бадиий кенгаш ушбу Намунавий низомда белгиланган асосий вазифалар бажарилишини таъминлашга мажбурдир.

Бадиий кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



4-БОБ. БАДИИЙ КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Бадиий кенгаш, қоидага кўра, раис, раис ўринбосари, Бадиий кенгаш котиби ва аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Бадиий кенгаш 9-17 нафар аъзодан иборат бўлади.


10. Бадиий кенгаш раиси:

Бадиий кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;

Бадиий кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва улар ижроси назорат қилинишини ташкил этади;

Бадиий кенгашнинг йиллик иш режасини тасдиқлайди, шунингдек, Бадиий кенгашга унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади;

Бадиий кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар ижроси бўйича уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

Бадиий кенгашнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.


11. Бадиий кенгаш раиси ва унинг ўринбосари кенгаш аъзолари орасидан биринчи ташкилий мажлисда сайланадилар. Бадиий кенгаш аъзолари фаолияти муддатлари, Бадиий кенгаш раиси ва унинг ўринбосарини қайта сайлаш тартиби унинг низомида белгиланади.


12. Бадиий кенгаш ўз ваколатларини маданият ташкилоти раҳбарига беришга ҳақли эмас.

Бадиий кенгаш раиси ўринбосари Бадиий кенгаш раиси йўқлигида унинг вазифасини бажаради.


13. Бадиий кенгаш аъзолари:

Бадиий кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этади;

маданият ташкилотини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Бадиий кенгаш муҳокамасига таклифлар киритади;

Бадиий кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича хулосалар тақдим этади.

Бадиий кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашиши керак.

Бадиий кенгаш аъзоси мажлисда иштирок этиш имкони бўлмаганда мажлис кун тартиби бўйича ўз фикрини Бадиий кенгашга ёзма равишда юбориш ҳуқуқига эга.


14. Бадиий кенгаш ўз ишини Бадиий кенгаш томонидан тасдиқланган режалар асосида ташкил этади ва ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказади.

Бадиий кенгаш раиси Бадиий кенгаш аъзоларининг ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақириши мумкин. Бадиий кенгаш аъзоларининг илтимосномасида навбатдан ташқари мажлисни ўтказишнинг сабаблари ва асослари баён қилиниши керак.


15. Бадиий кенгаш мажлисини Бадиий кенгаш раиси олиб боради, у бўлмаган тақдирда - Бадиий кенгаш раиси ўринбосари олиб боради.

Бадиий кенгашда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда Бадиий кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.


16. Бадиий кенгаш мажлисида кўриб чиқилаётган масалаларнинг хусусиятига боғлиқ равишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, маданият ташкилоти ходимлари, алоҳида соҳа мутахассислари таклиф этилиши мумкин.


17. Бадиий кенгаш котиби:

барча зарур ҳужжатлар Бадиий кенгаш мажлисига ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддати ва жойини Бадиий кенгаш раиси билан келишади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Бадиий кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Бадиий кенгаш аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлис ўтказиладиган сана, кун тартиби лойиҳаси, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади;

Бадиий кенгаш қарорлари ижроси мониторингини олиб боради;

Бадиий кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Бадиий кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади;

Бадиий кенгаш ҳужжатлари сақланишини, шунингдек, Бадиий кенгашнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот маданият ташкилотининг веб-сайтида жойлаштирилишини таъминлайди.



5-БОБ. БАДИИЙ КЕНГАШ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР

ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ ВА УЛАРНИНГ ИЖРОСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Бадиий кенгашнинг қарори мажлисда иштирок этаётган Бадиий кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда, Бадиий кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


19. Бадиий кенгаш қарорлари Бадиий кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Бадиий кенгаш мажлисининг баённомаси Бадиий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Бадиий кенгаш аъзоларига юборилади.

Бадиий кенгаш мажлиси баённомаси расмийлаштирилган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида Бадиий кенгашнинг котиби уни тегишли равишда давлат органлари ва ташкилотларга, маданият ташкилотига етказилишини таъминлайди.


20. Бадиий кенгаш баённомасининг асли ва унга таҳлилий материаллар тегишли равишда давлат органлари ва ташкилотларда, маданият ташкилотида сақланади.


21. Бадиий кенгаш котиби Бадиий кенгаш аъзолари кўмагида Бадиий кенгаш қарорлари бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурат бўлганда, Бадиий кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Ушбу Намунавий низом қўлланилиши муносабати билан юзага келадиган низолар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


23. Ушбу Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 4 ноябрь