Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кўп квартирали уйлардаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини белгилашда харажатларнинг таркибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 28.11.2022 й. 3398-сон билан рўйхатга олинган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг 28.10.2022 й. 283-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 28 ноябрда 3398-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Уй-жой коммунал хизмат

кўрсатиш вазирининг

2022 йил 28 октябрдаги

283-сон буйруғига

ИЛОВА



Кўп квартирали уйлардаги турар жойлар ва яшаш

учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг

мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини

белгилашда харажатларнинг таркибини

аниқлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом кўп квартирали уйлардаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг (бундан буён матнда жойлар мулкдорлари деб юритилади) мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини белгилашда харажатларнинг таркибини аниқлаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. ЖОЙЛАР МУЛКДОРЛАРИНИНГ МАЖБУРИЙ

БАДАЛЛАРИ ВА ТЎЛОВЛАРИНИ БЕЛГИЛАШДА

ХАРАЖАТЛАР ТАРКИБИ


1. Жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ва тўловлари қуйидагилардан ташкил топади:

а) кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлаш (уларга хизмат кўрсатиш), улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш билан боғлиқ қуйидаги харажатлар:

кўп квартирали уй томининг гидроизоляция қатламини тиклаш ва ямаш, томни тўлиқ алмаштириш;

кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулки бўлган умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструксиялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмаларни сақлаш ва таъмирлаш;

кўп квартирали уйга кириш йўлаги эшик ва деворларини таъмирлаш, суваш, бўяш ҳамда дераза конструксиялари ва эшик блокларини янгилаш, эшикларга домофон ўрнатиш;

кўп квартирали уй атрофи ва кириш йўлаклари, шунингдек умумий фойдаланишдаги жойларни ёритиш;

ёнғинга қарши тадбирларни амалга ошириш, санитария ҳолати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, одамларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга бевосита хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этиш бўйича мажбурий тадбирларни ҳамда ишларни амалга ошириш;

хомашё, материаллар, ёқилғи, инвентар ва хўжалик анжомларини сотиб олиш;

кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш (экиш, парвариш қилиш, дарахтларга ишлов бериш, буталарни ва майсазорларни кесиш ҳамда суғориш хизматлари);

аҳолига қулайлик яратиш учун кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўриндиқлар ўрнатиш;

кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлаш учун тижорат банкларидан олинган кредитларни қоплаш харажатлари;

жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорида назарда тутилган қўшимча хизматлар ва ишлар.

б) кўп квартирали уйни бошқариш билан боғлиқ қуйидаги харажатлар:

жойлар мулкдорлари ширкати бошқарувининг (бундан буён матнда бошқариш органи деб юритилади) маъмурий ходимлари ҳамда ишчи хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш;

бошқариш органининг кўп квартирали уйни бошқариш учун зарур бўлган техника, алоқа ва ахборот коммуникация технологиялари воситаларини сақлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш;

бошқариш органининг маъмурий эҳтиёжлари учун бинолар ва хоналар ижараси ҳақини тўлаш;

бошқариш органининг ходимларини мажбурий суғурта қилиш;

инвентарлар ва хўжалик анжомларини сақлаш ва уларнинг қийматини ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ харажатлар;

кўп квартирали уйни бошқариш билан боғлиқ ҳолда тижорат банклари ва электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириладиган тўловлар;

бошқариш органининг кадрлари малакасини ошириш.


2. Кўп квартирали уй бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан бошқарилганда, бошқарувчи ташкилот ва бошқарувчининг кўп квартирали уйни бошқариш билан боғлиқ харажатлари таркибини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


3. Бошқариш органи томонидан бир нечта кўп квартирали уй бошқарилганда, мазкур Низомнинг 1-банди "б" кичик бандида назарда тутилган тадбирлардан келиб чиқадиган харажатлар бошқарувдаги кўп квартирали уйлар сонига мутаносиб равишда тақсимланган ҳолда ҳар бир кўп квартирали уйни бошқариш билан боғлиқ харажатларга мутаносиб аниқланади.



2-БОБ. ЖОЙЛАР МУЛКДОРЛАРИНИНГ 1 МЕТР

КВАДРАТ МАЙДОН УЧУН МАЖБУРИЙ

БАДАЛЛАРИНИ ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ


4. Жойлар мулкдорларининг 1 метр квадрат майдонни сақлаш ва таъмирлаш учун мажбурий бадаллари миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:


Б3 =

(∑Х + Ф) - Д

(сўм)


Мумум * 12

Бу ерда:

Б3 - турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жой умумий майдонининг метр квадрати учун ойлик мажбурий бадал миқдори;

Х - ушбу Низомнинг 1-бандида назарда тутилган йиллик режалаштирилаётган харажатлар суммаси;

Ф - режалаштирилаётган зарурий фойда суммаси (ушбу сумма кўп квартирали уй фақат бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан бошқарилганда инобатга олинади).

Бунда, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан ўз фаолиятидан олиниши режалаштирилган зарурий фойда миқдори кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида келишилади ва умумий йиғилиш қарори билан тасдиқланади;

Д - умумий харажатларни қоплашга йўналтириладиган (жойлар мулкдорларининг мажбурий бадалидан тушумни ҳисобга олмаган ҳолда) бошқа даромад ва тушум манбалари, жумладан:

кўп квартирали уйнинг ижарага берилган ертўла қисмлари ҳамда бошқа умумий мол-мулки учун ижарачилардан келиб тушадиган маблағлар;

кўп квартирали уйни капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетининг ҳамда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия тарзидаги маблағлари;

бошқариш органи билан коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузилган жойлар мулкдорларидан коммунал хизматлар учун ҳақ йиғишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларга асосан коммунал хизматлар учун йиғилган маблағлардан бошқариш органига бериладиган ажратмалар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар;

Мумум. - бошқариш органи бошқарувида бўлган кўп квартирали уйнинг умумий майдони.


5. Кўп квартирали уйни бошқариш сметасининг харажатлар қисми даромадлар қисмидан ошиб кетиши мумкин эмас.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


6. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 28 ноябрь