Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўз касбининг устаси" белгиси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.11.2022 й. 681-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 29 ноябрдаги

681-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўз касбининг устаси" белгиси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. "Ўз касбининг устаси" белгиси билан ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият кўрсатаётган муҳандис, электромонтёр, кабелчи, почтачи, антенначи-мачтачи, оператор, фельдъегер каби оммавий касб эгалари ўзининг билими ва салоҳияти ҳамда юқори касбий маҳорати билан соҳани ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнатлари учун тақдирланади.


3. "Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. "ЎЗ КАСБИНИНГ УСТАСИ" БЕЛГИСИ БИЛАН

ТАҚДИРЛАШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ

ЭТИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда - вазирлик) тизимидаги ташкилотлар "Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 апрелга қадар вазирликка тақдим этади.

Номзодлар бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, унинг сўнгги уч йил давомида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.


5. "Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан аъзолари 7 нафардан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) ташкил этилади.


6. Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан тасдиқланади.


7. Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 20 апрелга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.



3-БОБ. "ЎЗ КАСБИНИНГ УСТАСИ" БЕЛГИСИ

БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТАРТИБИ


8. Комиссия хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг "Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 майга қадар чиқарилади.


9. "Ўз касбининг устаси" белгиси ҳар йили 7 май - алоқа соҳаси ходимларининг касб байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.


10. "Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилади.


11. "Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг буйруғига асосан алоҳида ҳолатларда ҳам амалга оширилиши мумкин.


12. "Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирланганлар рўйхати вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


13. Бир шахс "Ўз касбининг устаси" белгиси билан бир марта мукофотланади.


14. "Ўз касбининг устаси" белгиси давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ "Ўз касбининг устаси" белгисига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.


16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



"Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари









1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги ташкилотлар


"Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш бўйича таклифларни вазирликка тақдим этади.


Ҳар йили 1 апрелга қадар









2-босқич

"Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия


"Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулоса қабул қилади.


Ҳар йили 20 апрелга қадар









3-босқич

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири


"Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлаш тўғрисида буйруқ чиқаради.


Ҳар йили 1 майга қадар









4-босқич

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар)


"Ўз касбининг устаси" белгиси билан тақдирлайди.


Ҳар йили 7 май - алоқа соҳаси ходимларининг касб байрами арафасида




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 30 ноябрь