Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.11.2022 й. 681-сон "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида "Моҳир алоқачи" кўкрак нишони ва "Ўз касбининг устаси" белгисини таъсис этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.11.2022 й.

N 681




АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

СОҲАСИДА "МОҲИР АЛОҚАЧИ" КЎКРАК НИШОНИ

ВА "ЎЗ КАСБИНИНГ УСТАСИ" БЕЛГИСИНИ

ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётган, ўзининг билими ва салоҳияти ҳамда юқори даражадаги касбий маҳорати билан бошқаларга намуна бўлаётган соҳа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Моҳир алоқачи" кўкрак нишони ва "Ўз касбининг устаси" белгиси таъсис этилсин.


2. Қуйидагилар:

"Моҳир алоқачи" кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

"Моҳир алоқачи" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари ва 1б-иловаларга мувофиқ;

"Ўз касбининг устаси" белгиси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

"Ўз касбининг устаси" белгиси ва унинг гувоҳномаси тавсифлари ва 2б-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги "Давлат белгиси" давлат унитар корхонаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буюртмасига асосан "Моҳир алоқачи" кўкрак нишони, "Ўз касбининг устаси" белгиси ва уларнинг гувоҳномалари тайёрланишини белгиланган тартибда таъминласин.


4. "Моҳир алоқачи" кўкрак нишони, "Ўз касбининг устаси" белгиси ҳамда уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши, шунингдек мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар эса тақдирланаётган шахслар фаолият юритаётган ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва илмий фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 29 ноябрдаги

681-сон қарорига

1а-ИЛОВА



"Моҳир алоқачи" кўкрак нишонининг

ТАВСИФИ


"Моҳир алоқачи" кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,5 миллиметр.

Кўкрак нишонининг олд томонида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини англатувчи вертикал узуқ чизиқлар фонида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг расмий рамзи ҳамда унинг остида Ўзбекистон Республикасининг харитаси акс эттирилган.

Кўкрак нишонининг пастки қисмида баландлиги 2 миллиметр бўлган "MOHIR ALOQACHI" сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишонининг юқори ташқи чети бўйлаб алоқани англатувчи 2 та ёйсимон чизиқлар тасвирланган.

Кўкрак нишони олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида олти қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган "AXBOROT", "KOMMUNIKATSIYA", "TEXNOLOGIYALARI", "RIVOJIGA", "QO`SHGAN HISSASI", "UCHUN" сўзлари ёзилган.

Барча ёзувлар ва тасвирлар зарҳал рангда бўлиб, қабариқдир.

Кўкрак нишони илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.

Қадағичнинг эни - 26 миллиметр, бўйи - 17 миллиметр. Қадағич эни 22 миллиметрли мовий рангдаги шойи лента билан қопланган. Мовий рангдаги шойи лентада ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқишда фойдаланиладиган нейрон тармоқларининг тасвири акс эттирилган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

      





Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 29 ноябрдаги

681-сон қарорига

1б-ИЛОВА



"Моҳир алоқачи" кўкрак нишони гувоҳномасининг

ТАВСИФИ


"Моҳир алоқачи" кўкрак нишони гувоҳномаси (кейинги ўринларда - гувоҳнома) 160х110 миллиметр ўлчамдаги кўк рангли офсет қоғоз ёки қаттиқ чарм муқовали китобча шаклида бўлади.

Гувоҳноманинг олд томони (биринчи бети) юқори чеккасидан 29 миллиметр пастда, марказда, кўкрак нишонининг қадағичсиз аслига тенг ўлчамдаги тасвири акс эттирилган.

Кўкрак нишони тасвиридан 10 миллиметр пастда оралиги 5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "MOHIR ALOQACHI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 17 кегль), иккинчи сатрда "ko`krak nishoni" ("Times new Roman Bolt" шрифти. 16 кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 3 миллиметр пастда "GUVOHNOMASI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 17 кегль) сўзи ёзилган.

Ёзувлар тилла рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) "Тангир" тасвири туширилган оч кул рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда, кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда, "GUVOHNOMA" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳноманинг тартиб рақами учун "№" белгиси ва 17 миллиметрли чизиқ жойлашган.

"GUVOHNOMA" сўзидан 7 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиги 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 12 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 3 миллиметрли тўрт сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "O`zbekiston Respublikasi", иккинчи сатрда "Axborot texnologiyalari", учинчи сатрда "va kommunikatsiyalarini", тўртинчи сатрда "rivojlantirish vazirligi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 9 миллиметр пастда оралиғи 5 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "20___ у. "___" __________dagi", иккинчи сатрда "____-sonli buyrug`iga asosan" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 8 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 4 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "MOHIR ALOQACHI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 12 кегль), иккинчи сатрда "ko`krak nishoni bilan mukofotlandi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 12 миллиметр пастда, чап томонда, "Vazir" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.

       





Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 29 ноябрдаги

681-сон қарорига

2а-ИЛОВА



"Ўз касбининг устаси" белгисининг

ТАВСИФИ


"Ўз касбининг устаси" белгиси янгиланиш, юксалиш ва яратувчилик каби маъноларни англатувчи саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлиб, 0,5 микрон қалинликдаги никель билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади.

"Ўз касбининг устаси" белгисининг қалинлиги 2,5 миллиметр ва диаметри 32 миллиметрни ташкил қилади.

"Ўз касбининг устаси" белгисининг олд томонида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини англатувчи вертикал узуқ чизиқлар фонида, марказда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг расмий рамзи акс эттирилган.

Расмий рамзнинг юқори қисмида "O`Z KASBINING" ва пастки қисмида "USTASI" сўзлари кумуш рангда ёзилган бўлиб, ҳарфларининг баландлиги 2 миллиметр.

"Ўз касбининг устаси" белгиси олд томонининг четлари қабариқ ҳошия билан ўралган.

"Ўз касбининг устаси" белгисининг орқа томонига кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

     





Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 29 ноябрдаги

681-сон қарорига

2б-ИЛОВА



"Ўз касбининг устаси" белгиси гувоҳномасининг

ТАВСИФИ


"Ўз касбининг устаси" белгиси гувоҳномаси (кейинги ўринларда - гувоҳнома) 160х110 миллиметр ўлчамдаги кўк рангли офсет қоғоз ёки қаттиқ чарм муқовали китобча шаклида бўлади.

Гувоҳноманинг олд томони (биринчи бети) юқори чеккасидан 33 миллиметр пастда, марказда, "Ўз касбининг устаси" белгисининг аслига тенг ўлчамдаги тасвири акс эттирилган.

"Ўз касбининг устаси" белгиси тасвиридан 7 миллиметр пастда оралиғи 3 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "O`Z KASBINING USTASI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 16 кегль), иккинчи сатрда "belgisi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 15 кегль), учинчи сатрда "GUVOHNOMASI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 16 кегль) сўзлари ёзилган.

Ёзувлар кумуш рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) "Тангир" тасвири туширилган оч кул рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда, кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда, "GUVOHNOMA" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳноманинг тартиб рақами учун "№" белгиси ва 17 миллиметрли чизиқ жойлашган.

"GUVOHNOMA" сўзидан 7 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 12 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 3 миллиметрли тўрт сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "O`zbekiston Respublikasi", иккинчи сатрда "Axborot texnologiyalari", учинчи сатрда "va kommunikatsiyalarini", тўртинчи сатрда "rivojlantirish vazirligi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 9 миллиметр пастда оралиғи 5 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "20___ у. "___" ________dagi", иккинчи сатрда "____-sonli buyrug`iga asosan" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 6 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 3 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "O`Z KASBINING USTASI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 12 кегль), иккинчи сатрда "belgisi" bilan mukofotlandi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 12 миллиметр пастда, чап томонда, "Vazir" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 30 ноябрь