Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 20 "Давлат грантлари ҳисоби ва давлат ёрдами тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 10-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

10-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 20 "ДАВЛАТ ГРАНТЛАРИ ҲИСОБИ

ВА   ДАВЛАТ   ЁРДАМИ   ТЎҒРИСИДАГИ

МАЪЛУМОТЛАРНИ ЁРИТИБ БЕРИШ"*



Қўллаш доираси


1. Мазкур стандарт давлат грантларини ҳисобга олиш ва ёритиб беришда ҳамда давлат ёрдамининг бошқа шаклларини ёритиб беришда қўлланиши лозим.


2. Мазкур стандарт қуйидагиларга нисбатан қўлланмайди:

(a) нархлар ўзгариши таъсирларини акс эттирадиган молиявий ҳисоботда ёки шунга ўхшаш хусусиятдаги қўшимча маълумотларда давлат грантларини ҳисобга олишда юзага келадиган ўзига хос масалалар;

(б) солиқ солинадиган фойда ёки зарарни аниқлашда ёки фойда солиғи бўйича мажбурият суммаси асосида аниқланадиган ёки у билан чекланган, имтиёзлар тарзида ташкилотга тақдим этиладиган давлат ёрдами. Бундай имтиёзларга фойда солиғи бўйича таътиллар, инвестицияга оид солиқ имтиёзлари, тезлаштирилган эскириш бўйича солиқ чегирмалари ва пасайтирилган фойда солиғи ставкалари мисол бўлади;

(в) ташкилот капиталида давлатнинг иштироки;

(г) 41-сон БҲХС "Қишлоқ хўжалиги"да назарда тутилган давлат грантлари.



Таърифлар


3. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

Давлат - давлат, давлат идоралари ва шунга ўхшаш ташкилотлар, шу жумладан маҳаллий, миллий ёки халқаро ташкилотларни англатади.

Давлат ёрдами - бу муайян мезонларга жавоб берадиган муайян ташкилотни ёки бир қатор ташкилотларни иқтисодий наф билан таъминлашга қаратилган давлат ҳаракатидир. Мазкур стандарт мақсадларида давлат ёрдами тижорат фаолияти ҳолатига таъсир этадиган чоралар орқали, масалан ривожланаётган ҳудудларда инфратузилмани таъминлаш ёки рақобатчиларга савдо чекловларини белгилаш каби фақат билвосита таъминланадиган нафларни ўз ичига олмайди.

Давлат грантлари - бу ташкилотнинг операцион фаолияти билан боғлиқ маълум шартларни ўтган даврда ёки келгусида бажариши эвазига ташкилотга ресурсларни ўтказиш шаклидаги давлат ёрдамидир. Асосланган тарзда баҳолаб бўлмадиган давлат ёрдамлари ва ташкилотнинг одатдаги тижорат операцияларидан фарқланмайдиган давлат билан боғлиқ операциялар давлат грантига кирмайди**.

Активларга оид грантлар - берилишининг асосий шарти грант олиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилот томонидан узоқ муддатли активларни сотиб олинишини, барпо этилишини ёки бошқа шаклларда харид қилинишини талаб этадиган давлат грантидир. Бундай активлар турини ёки жойини ёки уларни харид қилиш ёки сақлаш муддатларини чегаралайдиган қўшимча шартлар киритилган бўлиши мумкин.

Даромадга оид грантлар - бу активларга оид грантлардан ташқари давлат грантларидир.

Шартли қайтарилмайдиган қарзлар - муайян белгиланган шартлар бажарилиши билан қарз берувчи қайтарилишини талаб қилмайдиган қарзлардир.

Ҳаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нархдир. (13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"га қаранг.)


4. Давлат ёрдами тақдим этилган ёрдам хусусияти ва у билан одатда боғлиқ шартларга қараб турли шаклларда бўлиши мумкин. Ёрдамнинг мақсади ташкилот одатда бундай ёрдамни олмаган тақдирда амалга оширмайдиган фаолият билан шуғулланишга ундашдан иборат бўлиши мумкин.


5. Ташкилот томонидан давлат ёрдами олиниши иккита сабаб туфайли молиявий ҳисоботни тайёрлашда аҳамиятли бўлиши мумкин. Биринчидан, агар ресурслар ўтказилган бўлса, бундай ўтказишни ҳисобга олишнинг ўринли усули аниқланиши лозим. Иккинчидан, ташкилот ҳисобот даври мобайнида бундай ёрдамдан қай даражада наф олганлигини кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Бу эса ташкилотнинг молиявий ҳисоботини олдинги даврларнинг ва бошқа ташкилотларнинг молиявий ҳисоботи билан қиёслашни осонлаштиради.


6. Давлат грантлари баъзида субсидиялар, субвенциялар ёки мукофотлар каби бошқа номлар билан аталиши мумкин.



Давлат грантлари


7. Давлат грантлари, шу жумладан ҳаққоний қийматдаги номонетар грантлар, қуйидагилар бўйича асосли ишонч мавжуд бўлмагунга қадар тан олинмаслиги лозим:

(a) ташкилот грант олиш билан боғлиқ шартларга риоя этиши; ва

(б) грантлар олиниши.


8. Давлат грантлари ташкилот грант олиш билан боғлиқ шартларга риоя этиши ва грантлар олиниши бўйича асосли ишонч мавжуд бўлмагунга қадар тан олинмайди. Грант олинишининг ўзи у билан боғлиқ шартлар бажарилгани ёки бажарилиши бўйича ишончли далилни таъминламайди.


9. Грантни олиш усули грантга нисбатан қўлланадиган ҳисобга олиш усулига таъсир кўрсатмайди. Шунинг учун, грант пул маблағи шаклида ёки давлат олдидаги мажбуриятнинг камайиши шаклида олинишидан қатъий назар, бир хил тарзда ҳисобга олинади.


10. Давлат томонидан берилган шартли қайтарилмайдиган қарз, агар ташкилот қарзнинг қайтарилмаслиги шартларини бажаришига асосли ишонч бўлса, давлат гранти сифатида ҳисобга олинади.


10A. Бозордан паст фоиз ставкаси бўйича давлат томонидан берилган қарзлардан олинадаган наф давлат гранти сифатида ҳисобга олинади. Бундай қарз 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"га мувофиқ тан олиниши ва баҳоланиши лозим. Бозордан паст фоиз ставкасидан фойдаланишдан олинадиган наф бундай қарзнинг 9-сон МҲХСга мувофиқ аниқланган дастлабки баланс қиймати ва олинган маблағлар ўртасидаги фарқ сифатида баҳоланиши лозим. Бундай наф мазкур стандартга мувофиқ ҳисобга олинади. Ташкилот қарздан олинадиган наф билан қопланиши лозим бўлган сарфларни аниқлашда бажарилган ёки бажарилиши лозим бўлган шартлар ва жавобгарликларни кўриб чиқиши лозим.


11. Давлат гранти тан олингандан сўнг, у билан боғлиқ ҳар қандай шартли мажбурият ёки шартли актив 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"га мувофиқ ҳисобга олинади.


12. Давлат грантлари тизимли асосда, улар билан қопланиши кўзланган тегишли сарфларни харажатлар сифатида тан олинадиган даврлар мобайнида фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим.


13. Давлат грантларини ҳисобга олиш тартибига оид иккита асосий ёндашув мавжуд: биринчиси капитал ёндашуви бўлиб, бунда грант фойда ёки зарар таркибидан ташқарида тан олинади; иккинчиси даромад ёндашуви бўлиб, бунда грант бир ёки бир нечта даврлар мобайнида фойда ёки зарар таркибида тан олинади.


14. Капитал ёндашувининг тарафдорлари қуйидаги далилларни келтирадилар:

(a) давлат грантлари молиялаштириш воситаси бўлиб, улар орқали молиялаштириладиган харажат моддалари ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун фойда ёки зарар таркибида тан олиниши эмас, балки молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилиши лозим. Грантнинг қайтарилиши кутилмаслиги сабабли, бундай грантлар фойда ёки зарар таркибидан ташқарида тан олиниши лозим.

(б) давлат грантларини фойда ёки зарар таркибида тан олиш ноўрин, чунки улар ишлаб топилмаган, аксинча ҳеч қандай сарфлар билан боғланмаган давлат томонидан тақдим этилган рағбатлантирувчи маблағларни назарда тутади.


15. Даромад ёндашувининг тарафдорлари қуйидаги далилларни келтирадилар:

(a) давлат грантлари акциядорлар билан боғлиқ бўлмаган манбадан олинганлиги сабабли, улар бевосита хусусий капиталда эмас, балки тегишли даврлардаги фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим.

(б) давлат грантлари камдан-кам ҳолатларда беғараз тақдим этилади. Ташкилот уларнинг шартларига риоя этиш ва назарда тутилган жавобгарликларни бажариш орқали уларни ишлаб топади. Шунинг учун, давлат грантлари, улар билан қопланиши кўзланган тегишли сарфларни харажатлар сифатида тан олинадиган даврлар мобайнида фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим.

(в) фойда солиғи ва бошқа солиқлар ўзида харажатларни ифодалаганлиги сабабли, фискал сиёсатнинг давоми бўлган давлат грантларини ҳам фойда ёки зарар таркибида ҳисобга олиш мантиқан тўғри бўлади.


16. Даромад ёндашувида шуниси муҳимки, давлат грантлари тизимли асосда, улар билан қопланиши кўзланган тегишли сарфларни харажатлар сифатида тан олинадиган даврлар мобайнида фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим. Давлат грантларини олинган пайтда фойда ёки зарар таркибида тан олиниши ҳисоблаш усулига мувофиқ бўлмайди (1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш"га қаранг) ва бунга, фақатгина грантни олинган даврдан бошқа даврларга тақсимлаш учун ҳеч қандай асос мавжуд бўлмаса, рухсат этилиши мумкин.


17. Кўп ҳолатларда ташкилот давлат грантига тегишли сарфларни ёки харажатларни тан оладиган даврлар осон аниқланади. Шунинг учун, муайян харажатларни тан олишда, грантлар тегишли харажатлар тан олинадиган даврда фойда ёки зарар таркибида тан олинади. Шунингдек, эскириш ҳисобланадиган активларга оид грантлар одатда фойда ёки зарар таркибида ушбу активлар бўйича эскириш харажати тан олинадиган тегишли даврлар мобайнида ва тегишли улушларда тан олинади.


18. Эскириш ҳисобланмайдиган активларга оид грантлар ҳам муайян жавобгарликлар бажарилишини талаб этиши мумкин ва бундай грантлар жавобгарликларни бажариш бўйича сарфлар амалга ошириладиган даврлар мобайнида фойда ёки зарар таркибида тан олинади. Мисол учун, ер майдони шаклидаги грант ушбу майдонда бино барпо этилиши шарти билан берилган бўлиши мумкин ва грантни бинонинг фойдали хизмат муддати мобайнида фойда ёки зарар таркибида тан олиш ўринли бўлиши мумкин.


19. Грантлар баъзида бир қатор шартларга эга бўлган комплекс молиявий ёки фискал ёрдамнинг бир қисми сифатида олиниши мумкин. Бундай ҳолатларда, грант ишлаб топиладиган даврларни белгилайдиган сарфлар ва харажатларни юзага келтирадиган ҳолатларни аниқлашда эҳтиёткорлик талаб этилади. Грантнинг муайян қисмини бир асосда ва бошқа қисмини бошқа асосда тақсимлаш ўринли бўлиши мумкин.


20. Ташкилот томонидан аллақачон амалга оширилган харажатлар ёки зарарларни қоплаш тарзида ёки келгусидаги ҳеч қандай сарфларга боғлиқ бўлмаган тезкор молиявий ёрдам тарзида олинадиган давлат гранти олиниши лозим бўлган даврда фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим.


21. Айрим ҳолатларда, давлат гранти муайян сарфларни амалга ошириш учун рағбатлантирувчи маблағлар сифатида эмас, балки ташкилотга тезкор молиявий ёрдам бериш мақсадида тақдим этилиши мумкин. Бундай грантлар маълум бир ташкилотга йўналтирилган бўлиши ва бенефициарларнинг бутун синфи учун тақдим қилинмаслиги мумкин. Бундай ҳолатлар ташкилот грантни олиши учун талаб этилган шартлар бажарилган даврда, унинг таъсирини аниқ тушуниш учун ёритиб бериладиган маълумотлар билан бирга фойда ёки зарар таркибида тан олиниши учун асос бўлиши мумкин.


22. Давлат гранти ташкилот томонидан олдинги даврда аллақачон амалга оширилган харажатлар ёки зарарларни қоплаш тарзида олиниши мумкин. Бундай грант олиниши лозим бўлган даврда фойда ёки зарар таркибида тан олинади, бунда унинг таъсирини аниқ тушуниш учун маълумотлар ёритиб берилади.



Номонетар давлат грантлари


23. Давлат гранти ташкилот фойдаланиши учун ер ёки бошқа ресурслар каби номонетар активни ўтказиб бериш шаклида бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда, одатда, номонетар актив ҳаққоний қийматда баҳоланади ва грант ҳам, актив ҳам ушбу ҳаққоний қиймат бўйича ҳисобга олинади. Баъзида муқобил ёндашув сифатида актив ҳам, грант ҳам номинал қийматда ҳисобга олинади.



Активларга оид грантларни акс эттириш


24. Активларга оид давлат грантлари, жумладан ҳаққоний қийматдаги номонетар грантлар, молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда кечиктирилган даромад сифатида ёки активнинг баланс қийматини аниқлашда грант қийматини чегириш орқали акс эттирилиши лозим.


25. Активларга оид грантларни (ёки грантларнинг тегишли қисмларини) молиявий ҳисоботда тақдим этишнинг икки усули ҳам муқобил қабул қилинади.


26. Биринчи усулга кўра, грант активнинг фойдали хизмат муддати мобайнида тизимли асосда фойда ёки зарар таркибида тан олинадиган кечиктирилган даромад сифатида тан олинади.


27. Иккинчи усулга кўра, грант суммаси активнинг баланс қийматини ҳисоблашда чегириб ташланади. Грант эскириш ҳисобланадиган активнинг фойдали хизмат муддати мобайнида фойда ёки зарар таркибида эскириш харажатининг камайиши тарзида тан олинади.


28. Активлар харид қилиниши ва тегишли грантлар олиниши ташкилот пул оқимидаги аҳамиятли ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабга кўра ва активларга жами инвестициялар қийматини акс эттириш мақсадида, бундай ўзгаришлар кўп ҳолларда молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этиш мақсадларида грант қиймати тегишли активдан чегирилган ёки чегирилмаган бўлишидан қатъий назар, пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда алоҳида моддалар сифатида ёритиб берилади.



Даромадга оид грантларни акс эттириш


29. Даромадга оид грантлар фойда ёки зарарнинг бир қисми сифатида алоҳида-алоҳида ёки "Бошқа даромадлар" каби умумий модда таркибида акс эттирилади; муқобил тарзда, улар ҳисоботда акс эттириладиган тегишли харажатлардан чегирилади.


29A. [Чиқариб ташланган]


30. Биринчи усул тарафдорлари даромад ва харажат моддаларини ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши ноўрин эканлигини ва грантни харажатдан ажратиш грант таъсир кўрсатмайдиган бошқа харажатлар билан қиёслашни осонлаштиришини таъкидлайдилар. Иккинчи усул бўйича, агар грант мавжуд бўлмаганда, ташкилот томонидан харажатлар амалга оширилмаган бўлар эди ва шу сабабли харажатни грант билан ўзаро ҳисоб-китоб қилмасдан тақдим этиш фойдаланувчини чалғитиши мумкин деган далиллар келтирилади.


31. Иккала усуллар ҳам даромадга оид грантларни тақдим этишда муносиб усуллар ҳисобланади. Грант тўғрисидаги маълумотларни ёритиб берилиши молиявий ҳисоботни тўғри тушуниш учун зарур бўлиши мумкин. Грантларнинг алоҳида ёритиб берилиши талаб этиладиган даромад ёки харажатнинг ҳар қандай моддасига таъсирини ёритиб бериш одатда ўринлидир.



Давлат грантларини қайтарилиши


32. Давлат грантининг қайтариладиган бўлиши ҳисоб баҳосидаги ўзгариш тарзида ҳисобга олиниши лозим (8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га қаранг). Даромадга оид грантни қайтарилиши биринчи навбатда грант бўйича тан олинган ҳар қандай амортизацияланмаган кечиктирилган даромадни камайтириш орқали амалга оширилиши лозим. Қайтариладиган сумманинг бундай кечиктирилган даромаддан ошган қисми ёки кечиктирилган даромад мавжуд бўлмаса, қайтариш суммаси бевосита фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим. Активга оид грантни қайтариш қайтариладиган суммага активнинг баланс қийматини ошириш ёки кечиктирилган даромад қолдиғини камайтириш орқали тан олиниши лозим. Грант олинмаган тақдирда қайтариш санасигача ҳисобланиши мумкин бўлган жамғарилган қўшимча эскириш суммаси бевосита фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим.


33. Активга оид грантни қайтаришни юзага келтирадиган ҳолатлар актив янги баланс қийматининг мумкин бўлган қадрсизланишини кўриб чиқишни талаб этиши мумкин.



Давлат ёрдами


34. Мазкур стандартнинг 3-бандидаги давлат грантлари таърифидан асосланган тарзда баҳолана олмайдиган давлат ёрдамининг муайян шакллари ва ташкилотнинг одатдаги тижорат операцияларидан фарқланмайдиган, давлат билан боғлиқ операциялар истисно қилинган.


35. Асосланган тарзда баҳолана олмайдиган ёрдамга мисол тариқасида бепул техник ёки маркетинг маслаҳати ва кафолатларнинг тақдим этилишини келтириш мумкин. Ташкилотнинг одатдаги тижорат операцияларидан фарқланмайдиган ёрдамга мисол тариқасида ташкилот савдосини бир қисмини таъминлайдиган, давлатнинг харид сиёсатини келтириш мумкин. Нафнинг мавжудлигига шубҳа бўлмаслиги мумкин, аммо тижорат операцияларини давлат ёрдамидан ажратиш бўйича ҳар қандай уриниш шартли асосда бўлиши мумкин.


36. Юқоридаги мисолларда таъкидланган наф молиявий ҳисобот фойдаланувчиларини чалғитмаслиги учун давлат ёрдамининг хусусияти, даражаси ва давомийлиги ёритиб берилиши зарурлиги юзасидан аҳамиятли бўлиши мумкин.


37. [Чиқариб ташланган]


38. Мазкур стандартда давлат ёрдами умумий транспорт ва алоқа тармоғини такомиллаштириш орқали инфратузилмани таъминлашни ва бутун маҳаллий ҳамжамият манфаати учун узлуксиз асосда мавжуд бўладиган ирригация ёки сув таъминоти каби такомиллаштирилган тизимларни таъминлашни ўз ичига олмайди.



Маълумотларни ёритиб бериш


39. Қуйидаги маълумотлар ёритиб берилиши лозим:

(a) давлат грантлари бўйича қабул қилинган ҳисоб сиёсати, жумладан уларни молиявий ҳисоботда акс эттиришнинг қабул қилинган усуллари;

(б) молиявий ҳисоботда тан олинган давлат грантларининг характери ва миқдори ҳамда ташкилот бевосита наф олган давлат ёрдамининг бошқа шаклларини кўрсатиш; ва

(в) тан олинган давлат ёрдамига боғлиқ бажарилмаган шартлар ва бошқа шартли ҳолатлар.



Ўтиш қоидалари


40. Мазкур стандартни биринчи марта қабул қилаётган ташкилот:

(a) ўринли бўлганда, маълумотларни ёритиб бериш талабларига риоя этиши лозим; ва

(б) ёки:

(i) 8-сон БҲХСга мувофиқ ўзининг молиявий ҳисоботини ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш бўйича тузатиши лозим; ёки

(ii) мазкур стандартнинг бухгалтерия ҳисоби шартларини фақатгина стандартнинг кучга кириш санасидан кейин олинадиган ёки қайтариладиган грантларга ёки грантлар қисмларига нисбатан қўллаши лозим.



Кучга кириш санаси


41. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 1984 йил 1 январдан бошланадиган ёки ундан кейинги даврлар учун қўлланиши лозим.


42. 1-сон БҲХС (2007 йил таҳрири) бўйича МҲҲСларда фойдаланилган атамалар ўзгартирилган. Шу билан бирга, унга асосан 29А банд киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2009 йил 1 январь ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2007 йил таҳрири)ни олдинги давр учун қўлласа, ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


43. 2008 йил май ойида эълон қилинган "МҲХСларга такомиллаштиришлар"га асосан 37 банд чиқариб ташланган ва 10А банд киритилган. Ташкилотлар мазкур ўзгартиришларни 2009 йил 1 январдан бошланадиган ёки ундан кейинги даврларда олинган давлат томонидан берилган қарзларга нисбатан перспектив тарзда қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


44. [Чиқариб ташланган]


45. 2011 йил май ойида эълон қилинган 13-сон МҲХС бўйича 3 банддаги ҳаққоний қиймат таърифи ўзгартирилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


46. 2011 йил июн ойида эълон қилинган "Бошқа умумлашган даромад моддаларини тақдим этиш" (1-сон БҲХСга ўзгартиришлар)га асосан 29-банд ўзгартирилган ва 29А банд чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2011 йил июнда ўзгартирилган 1-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


47. [Чиқариб ташланган]


48. 2014 йил июл ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС бўйича 10A банд ўзгартирилган ва 44 ҳамда 47 бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.



---------------------------------------------

*) 2008 йил май ойида эълон қилинган "МҲХСларга такомиллаштириш"нинг бир қисми сифатида Кенгаш томонидан мазкур стандартдаги атамаларни бошқа МҲХСлар билан мос бўлиши учун қуйидагича ўзгартирилган:

(а) "солиқ солинадиган даромад" атамаси "солиқ солинадиган фойда ёки зарар" атамасига ўзгартирилган;

(б) "даромад/харажат сифатида тан олинган" атамаси "фойда ёки зарарда тан олинган" атамасига ўзгартирилган;

(в) "акциядорлар улушига/хусусий капиталга бевосита кредитланган" атамаси "фойда ёки зарар таркибидан ташқарида тан олинган" атамасига ўзгартирилган ва

(г) "ҳисоб баҳосини қайта кўриб чиқиш" атамаси "ҳисоб баҳосидаги ўзгариш" атамасига ўзгартирилган.


**) 10-сон ШДҚ "Давлат ёрдами-операцион фаолиятга аниқ боғлиқлик йўқлиги"га ҳам қаранг.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь