Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 26 "Пенсия дастурлари бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 14-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

14-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 26 "ПЕНСИЯ ДАСТУРЛАРИ БЎЙИЧА

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ"



Қўллаш доираси


1. Мазкур cтандарт молиявий ҳисобот тайёрланадиган пенсия дастурлари бўйича молиявий ҳисоботга нисбатан қўлланиши лозим.


2. Пенсия дастурлари баъзида "пенсия тизимлари", "кўп йил ишлаганлик учун мукофот дастури" ёки "пенсия тўловлари тизимлари" каби бошқа турли номлар билан номланади. Мазкур стандартда пенсия дастури дастур иштирокчилари иш берувчиларидан алоҳида бўлган ҳисобот берувчи ташкилот сифатида қаралади. Бошқа барча стандартлар пенсия дастурларининг молиявий ҳисоботига нисбатан, улар мазкур стандарт талабларидан устун бўлмайдиган даражада қўлланади.


3. Мазкур стандарт бутун бир гуруҳ сифатидаги барча иштирокчилар учун пенсия дастурининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботига нисбатан қўлланади. У алоҳида иштирокчилар учун уларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳисоботларга нисбатан қўлланмайди.


4. 19-сон БҲХС "Ходимларнинг даромадлари"да пенсия дастурларига эга бўлган иш берувчиларнинг молиявий ҳисоботидаги пенсия тўловлари бўйича сарфларни аниқлаш масалалари кўриб чиқилади. Шу сабабли, мазкур стандарт 19-сон БҲХСни тўлдиради.


5. Пенсия дастурлари белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари ёки белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларидан иборат бўлиши мумкин. Уларнинг кўпчилиги бадаллар амалга оширилиши ва пенсиялар тўланишини кўзда тутадиган, алоҳида юридик мақомга эга бўлган ёки эга бўлмаган ва ишончли бошқарувчига эга бўлган ёки эга бўлмаган, алоҳида фондларни ташкил этишни талаб этади. Мазкур стандарт бундай фонд ташкил этилишидан ва ишончли бошқарувчилар мавжуд бўлишидан қатъий назар қўлланади.


6. Суғурта ташкилоти орқали инвестиция қилинган активларга эга бўлган пенсия дастурлари хусусий инвестиция қилинган пенсия дастурларига қўйиладиган бухгалтерия ҳисоби ва молиялаштириш талабларига жавоб беради. Шу сабабли, агар суғурта ташкилоти билан тузилган шартнома дастурнинг муайян иштирокчиси ёки иштирокчилар гуруҳи номидан тузилган бўлмаса ва пенсия тўловлар бўйича жавобгарлик фақат суғурта ташкилотининг жавобгарлиги бўлмаса, улар мазкур стандартнинг қўллаш доирасига киради.


7. Мазкур стандарт меҳнат фаолияти даромадларининг бошқа шаклларига, масалан, меҳнат шартномасини тугатиш билан боғлиқ нафақалар, кечиктирилган қоплаш келишувлари, кўп йил ишлаганлик учун пул мукофотлари, махсус муддатидан олдин нафақага чиқиш ёки иш жойларини қисқартириш дастурлари, тиббий ва бахтсиз ҳодисалар бўйича дастурлар ёки рағбатлантириш дастурларига нисбатан қўлланмайди. Давлатнинг ижтимоий ҳимоя шаклидаги келишувлари ҳам мазкур стандартнинг қўллаш доирасига киритилмаган.



Таърифлар


8. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

Пенсия дастурлари - бу ташкилотлар ўзининг ходимларига меҳнат фаолияти тугашида ёки тугагандан кейин нафақаларни (йиллик даромад ёки бир марталик тўлов шаклида) таъминлашини назарда тутадиган келишувлар бўлиб, бундай нафақалар ёки уларга нисбатан бадаллар, нафақага чиқишдан олдин маълум ҳужжатнинг шартлари ёки ташкилотнинг тажрибасидан келиб чиқиб аниқланиши ёки баҳоланиши мумкин.

Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари - бу пенсия сифатида тўланадиган суммалар фондга ўтказиладиган бадаллар ҳамда улардан олинадиган инвестиция даромадлари асосида аниқланадиган пенсия дастурларидир.

Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари - бу пенсиялар сифатида тўланадиган миқдорлар, одатда ходимларнинг даромадларига ва/ёки иш стажига асосланган формула орқали аниқланадиган пенсия дастурларидир.

Молиялаштириш - бу иш берувчи ташкилотдан алоҳида бўлган ташкилотга (фондга) пенсияларни тўлаш бўйича келгуси мажбуриятларни бажариш учун активларнинг ўтказилишидир.

Мазкур стандарт мақсадлари учун қуйидаги атамалардан ҳам фойдаланилади:

Иштирокчилар - бу пенсия дастурининг аъзолари ва мазкур дастур асосида пенсия олишга ҳақли бўлган бошқа шахслардир.

Пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлар - бу пенсия тўловларининг актуар жорий қийматидан ташқари, режалаштирилган мажбуриятлар чегирилган пенсия дастури активларидир.

Режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати - бу пенсия дастури томонидан олдин ишлаган даври учун ҳозирги пайтда ишлаётган ва олдинги даврларда ишлаган ходимларга тўланиши кутилаётган пенсияларнинг жорий қийматидир.

Ҳуқуқий кучга кирган даромадлар - бу пенсия дастурининг шартлари асосида меҳнат фаолиятини давом эттиришга боғлиқ бўлмайдиган ҳуқуқлар берилган тўловлардир.


9. Баъзи пенсия дастурлари иш берувчилардан ташқари ҳомийларга эга бўлади; мазкур стандарт бундай дастурларнинг молиявий ҳисоботига нисбатан ҳам қўлланади.


10. Кўпгина пенсия дастурлари расмий келишувларга асосланади. Баъзи дастурлар норасмий, аммо иш берувчиларда шаклланган тажриба натижасида маълум даражадаги жавобгарликка эга бўлади. Баъзи дастурлар иш берувчиларга ўзларининг дастурлар доирасидаги мажбуриятларини чеклашга рухсат берсада, агар ходимлар сақлаб қолинадиган бўлса, иш берувчи учун дастурни бекор қилиш одатда қийин бўлади. Норасмий дастурларга ҳам расмий дастурлардагидек бир хил бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг асослари қўлланади.


11. Кўпгина пенсия дастурларида бадаллар тўланадиган ва пенсия тўловлари амалга ошириладиган алоҳида фондларни ташкил этиш назарда тутилади. Бундай фондлар фонд активларини бошқаришда мустақил фаолият кўрсатадиган томонлар орқали бошқарилиши мумкин. Бундай томонлар баъзи давлатларда ишончли бошқарувчи деб номланади. Ишончли бошқарувчи ташкил этилганлигидан қатъий назар, мазкур стандартда бундай томонларни акс эттириш учун ишончли бошқарувчи атамасидан фойдаланилади.


12. Пенсия дастурлари одатда ўзларининг фарқланувчи жиҳатларига эга бўлган белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари ёки белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари сифатида акс эттирилади. Баъзида иккаласининг ҳам хусусиятларини қамраб оладиган дастурлар мавжуд бўлади. Бундай гибрид дастурлар мазкур стандарт мақсадлари учун белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари сифатида ҳисобга олинади.



Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари


13. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурининг молиявий ҳисоботи пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлар тўғрисидаги ҳисоботни ва молиялаштириш сиёсатининг тавсифини ўз ичига олиши лозим.


14. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурига асосан иштирокчининг келгуси тўловлар миқдори иш берувчи, иштирокчи ёки ҳар иккаласи томонидан тўланган бадаллар ҳамда фонднинг фаолият самарадорлиги ва инвестиция даромади орқали аниқланади. Иш берувчининг мажбурияти одатда фондга бадаллар тўланиши билан чекланади. Жорий бадаллар ва келгуси бадалларнинг ўзгарувчан даражалари ҳамда инвестиция даромадларига асосланиб аниқланиши мумкин бўлган келгуси пенсия тўловларини баҳолашда баъзида актуарий маслаҳатидан фойдаланилишига қарамасдан, бундай маслаҳат одатда талаб этилмайди.


15. Иштирокчиларни дастурнинг фаолияти қизиқтиради, чунки бу фаолият уларнинг келгуси пенсия тўловлари даражасига бевосита таъсир кўрсатади. Иштирокчиларни бадаллар тўланганлиги ва бенефициарларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тўғри назорат ўрнатилганлиги қизиқтиради. Иш берувчини дастурнинг самарали ва ҳаққоний фаолият юритиши қизиқтиради.


16. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури томонидан тақдим этиладиган ҳисоботнинг мақсади даврий тарзда дастур ва унинг инвестиция фаолияти натижалари тўғрисидаги маълумотларни таъминлашдир. Ушбу мақсадга одатда қуйидагиларни ўз ичига оладиган молиявий ҳисоботни таъминлаш орқали эришилади:

(a) давр учун муҳим фаолиятнинг тавсифи ва дастурга, унинг аъзолигига ва муддати ва шартларига тегишли ҳар қандай ўзгаришларнинг таъсири;

(б) давр учун операциялар ва инвестиция фаолияти натижаси тўғрисидаги ҳамда дастурнинг давр охиридаги молиявий ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлар; ва

(в) инвестиция сиёсатининг тавсифи.



Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари


17. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурининг молиявий ҳисоботи қуйидагилардан бирини ўз ичига олади:

(a) қуйидагиларни акс эттирадиган ҳисоботни:

(i) пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлар;

(ii) ҳуқуқий кучга кирган даромадлар ва ҳуқуқий кучга кирмаган даромадларни фарқлаган ҳолда режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати; ва

(iii) ҳосил бўлган профицит ёки дефицит; ёки

(б) қуйидагилардан бирини ўз ичига олган пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлар тўғрисидаги ҳисобот:

(i) ҳуқуқий кучга кирган даромадлар ва ҳуқуқий кучга кирмаган даромадларни фарқлаган ҳолда режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати тўғрисидаги маълумотларни ёритиб берувчи изоҳ; ёки

(ii) илова қилинадиган актуар ҳисоботда ушбу маълумотга ҳавола.

Агар актуар баҳолаш молиявий ҳисобот санасига тайёрланмаган бўлса, энг яқин баҳолаш асос сифатида фойдаланилиши ва баҳолаш санаси тўғрисида маълумот ёритиб берилиши лозим.


18. 17-банд мақсадларида режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати ҳисобот санасига қадар меҳнат фаолияти бўйича дастур шартлари асосида тўланиши лозим бўлган пенсияларга асосланиши лозим, бунда жорий иш ҳақи даражалари ёки режалаштирилган иш ҳақи даражаларидан фойдаланилади ва фойдаланилган усул тўғрисида маълумот ёритиб берилади. Режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматига сезиларли таъсир кўрсатган актуар фаразлардаги ҳар қандай ўзгаришларнинг таъсири ҳам ёритиб берилиши лозим.


19. Молиявий ҳисобот режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати билан пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлар ўртасидаги боғлиқликни ҳамда режалаштирилган пенсия тўловларини молиялаштириш сиёсатини тушунтириб бериши лозим.


20. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларида, режалаштирилган пенсия тўловларини тўлаш дастурининг молиявий ҳолатга ва бадал тўловчиларнинг дастурга келгуси бадалларни тўлаш қобилиятига ҳамда дастурнинг инвестиция фаолияти натижаси ва фаолият кўрсатиш самарадорлигига боғлиқ бўлади.


21. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида дастурнинг молиявий ҳолатини баҳолаш, фаразларни кўриб чиқиш ва келгуси бадал даражаларини тавсия этиш учун актуарийнинг даврий маслаҳати зарур бўлади.


22. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури ҳисоботининг мақсади давр мобайнида ресурсларнинг жамланиши билан дастур тўловлари ўртасидаги боғлиқликни баҳолаш учун фойдали бўлган дастурнинг молиявий ресурслари ва фаолиятлари тўғрисидаги маълумотларни даврий тарзда таъминлаш ҳисобланади. Ушбу мақсадга одатда қуйидагиларни қамраб оладиган молиявий ҳисоботларни таъминлаш орқали эришилади:

(a) давр учун муҳим фаолиятнинг тавсифи ва дастурга, унинг аъзолигига ва муддати ва шартларига тегишли ҳар қандай ўзгаришларнинг таъсири;

(б) давр учун операциялар ва инвестиция фаолияти натижаси бўйича ҳамда дастурнинг давр охиридаги молиявий ҳолати бўйича ҳисоботлар;

(в) ҳисоботларнинг бир қисми ёки алоҳида ҳисобот кўринишидаги актуар маълумотлар; ва

(г) инвестиция сиёсатининг тавсифи.



Режалаштирилган пенсия тўловларининг

актуар жорий қиймати


23. Пенсия дастури томонидан режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати жорий иш ҳақи даражалари ёки иштирокчиларнинг нафақага чиқиш муддатига қадар режалаштирилган иш ҳақи даражаларидан фойдаланиб ҳисобланиши ва ҳисобот берилиши мумкин.


24. Жорий иш ҳақи ёндашувини қўллаш учун сабаблар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) жорий пайтда дастурдаги ҳар бир иштирокчига тўланадиган тўловлар суммаси бўлган режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати режалаштирилган иш ҳақи даражалари ёндашувига нисбатан холисона ҳисобланиши мумкин, чунки у камроқ фаразларни қамраб олади;

(б) иш ҳақининг кўпайиши билан боғлиқ пенсия тўловларининг ошиши иш ҳақи ошган пайтда дастурнинг мажбуриятига айланади; ва

(в) жорий иш ҳақи даражаларига асосланган режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматининг суммаси умуман олганда дастур тугатилиши ёки тўхтатилиши ҳолатида тўланадиган суммага узвий боғлиқдир.


25. Режалаштирилган иш ҳақи ёндашувини қўллаш учун сабаблар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) қилиниши лозим бўлган фаразлар ва баҳолашлардан қатъий назар, молиявий маълумотлар фаолиятнинг узлуксизлиги тамойилига асосланиб тайёрланиши зарур;

(б) якуний тўлов дастурларида, пенсиялар нафақага чиқиш санаси ёки унга яқин санадаги иш ҳақиларга нисбатан аниқланади; шу сабабли, маошлар, бадаллар даражалари ва даромадлилик даражаси режалаштирилиши зарур; ва

(в) молиялаштиришнинг кўпгина қисми иш ҳақини режалаштиришларга асосланган пайтда, режалаштирилган иш ҳақи миқдорларини тақдим эта олмаслик дастур ортиқча молиялаштирилмаган пайтда ортиқча молиялаштирилган деб ҳисобот беришга ёки дастур етарли молиялаштирилмаган ҳолатда етарли молиялаштирилган деб ҳисобот беришга олиб келиши мумкин.


26. Жорий иш ҳақларига асосланган режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати дастурнинг молиявий ҳисоботида молиявий ҳисобот санасига қадар пенсиялар бўйича юзага келган мажбуриятни акс эттириш учун ёритиб берилади. Режалаштирилган иш ҳақларига асосланган режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати умуман олганда молиялаштириш учун асос ҳисобланадиган фаолиятнинг узлуксизлиги тамойили асосида потенциал мажбуриятнинг кўламини акс эттириш учун ёритиб берилади. Режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматини ёритиб беришга қўшимча тарзда, режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати ўқилиши лозим бўлган маълумотни аниқ кўрсатиш учун етарли тушунтириш берилиши зарур. Бундай тушунтириш режалаштирилган келгуси молиялаштиришнинг ва режалаштирилган иш ҳақи даражаларига асосланган молиялаштириш сиёсатининг етарлилиги тўғрисидаги маълумот шаклида бўлиши мумкин. Бу молиявий ҳисоботларда ёки актуарий ҳисоботида акс эттирилиши мумкин.



Актуар баҳолашларнинг даврийлиги


27. Кўпгина давлатларда актуар баҳолашлар ҳар уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган даврийликда амалга оширилади. Агар актуар баҳолаш молиявий ҳисобот санасида тайёрланмаган бўлса, энг охирги баҳолаш асос сифатида қўлланади ва баҳолаш санаси тўғрисида маълумот ёритиб берилади.



Молиявий ҳисоботнинг таркиби


28. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари учун маълумотлар актуар маълумотларни ёритиб берилиши ва тақдим этилишида турли амалиётларни акс эттирадиган қуйидаги шаклларнинг бирида тақдим этилади:

(a) молиявий ҳисоботда пенсиялар тўланиши учун мавжуд бўлган соф активларни, тўланиши лозим бўлган пенсияларнинг актуар дисконтланган қийматини ва ҳосил бўлган ортиқча ёки камомадни акс эттирадиган ҳисобот киритилади. Дастурнинг молиявий ҳисоботи пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлардаги ўзгаришлар ва режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматидаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисоботларни ҳам ўз ичига олади. Молиявий ҳисоботга режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматини тасдиқлайдиган алоҳида актуарий ҳисоботи илова қилиниши мумкин;

(б) пенсия тўловлари тўланиши учун мавжуд бўлган соф активлар тўғрисидаги ҳисоботни ва пенсиялар тўланиши учун мавжуд бўлган соф активлардаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисоботни қамраб оладиган молиявий ҳисоботлар. Режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати ҳисоботларга изоҳларда ёритиб берилади. Молиявий ҳисоботга режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматини тасдиқлайдиган актуарийнинг ҳисоботи илова қилиниши мумкин; ва

(в) пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлар тўғрисидаги ҳисоботни ва режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати акс эттирилган алоҳида актуарий ҳисоботи билан бирга пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлардаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисоботни ўз ичига оладиган молиявий ҳисоботлар.

Юқорида қайд қилинган ҳар бир шаклда раҳбарият ёки директорларнинг ҳисоботи кўринишидаги ишончли бошқарувчиларнинг ҳисоботи ва инвестиция ҳисоботи молиявий ҳисобот билан бирга тақдим этилиши мумкин.


29. 28(а) ва (б)-бандларда тавсифланган шаклларнинг тарафдорлари режалаштирилган пенсия тўловларининг суммаси ва бундай ёндошувлар бўйича тақдим этиладиган бошқа маълумотлар фойдаланувчиларга дастурнинг жорий ҳолатини ва дастур мажбуриятларининг бажарилиш эҳтимолини баҳолашда ёрдам беради деб ишонади. Шунингдек, улар молиявий ҳисоботнинг ўзи тўлиқ бўлиши ва илова қилинадиган ҳисоботларга асосланмаслиги лозим деб ҳисоблашади. Лекин, баъзилар 28(а) бандда тавсифланган шакл мажбурият мавжудлиги тўғрисида таассурот қолдириши мумкин деб ҳисоблайдилар, аммо режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати, уларнинг фикрига кўра, мажбуриятнинг барча хусусиятларига эга эмас.


30. 28(в) бандда келтирилган шаклнинг тарафдорлари 28(а) бандда келтирилган шаклдагидек тўланиши лозим бўлган пенсияларнинг актуар дисконтланган қиймати пенсиялар тўланиши учун мавжуд бўлган соф активлар тўғрисидаги ҳисоботда киритилмаслиги лозим ёки 28(б) банддагидек изоҳда ёритиб берилмаслиги лозим, чунки у бевосита тизим активлари билан қиёсланади ва бундай қиёслаш асоссиз бўлиши мумкин деб таъкидлайдилар. Улар актуарийлар тўланиши лозим бўлган пенсияларнинг актуар дисконтланган қийматини инвестицияларнинг бозор қийматлари билан қиёсламаслиги мумкин, аммо бунинг ўрнига инвестициялардан кутилган пул оқимларининг дисконтланган қийматини баҳолаши мумкинлигини таъкидлайдилар. Шу сабабли, мазкур шакл тарафдорлари бундай қиёслаш дастур бўйича актуарийнинг умумий баҳосини акс эттирмаслиги ва у нотўғри тушунилиши мумкин деб ҳисоблашади. Шунингдек, баъзи мутахассислар, миқдорий жиҳатдан тақдим этиладими ёки йўқлигидан қатъий назар, режалаштирилган пенсия тўловлари тўғрисидаги маълумотлар фақатгина ўринли тушунтириш таъминланадиган алоҳида актуарий ҳисоботида акс эттирилиши лозим деб ҳисоблашади.


31. Мазкур стандарт алоҳида актуарий ҳисоботида режалаштирилган пенсия тўловларига доир маълумотларнинг ёритиб берилишига рухсат берадиган қарашларни қабул қилади. У режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматининг миқдорига қарши далилларни инкор этади. Шу сабабли, агар молиявий ҳисоботда режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматини ўз ичига оладиган актуарий ҳисоботига ҳаволани ўз ичига олса ва уларга актуарий ҳисоботи илова қилинса, 28(в) бандда тавсифланган шакл каби 28(а) ва (б) бандларда тавсифланган шакллар мазкур стандартда ўринли ҳисобланади.



Барча тизимлар


Тизим активларининг баҳоланиши


32. Пенсия дастурининг инвестициялари ҳаққоний қийматда ҳисобга олиниши лозим. Бозорда савдо қилинадиган қимматли қоғозлар учун ҳаққоний қиймат уларнинг бозор қийматидир. Ҳаққоний қийматини баҳолаш имконсиз бўлган дастур инвестициялари мавжуд бўлганда, ҳаққоний қийматдан фойдаланмаслик сабаби ёритиб берилиши лозим.


33. Савдо қилинадиган қимматли қоғозлар учун ҳаққоний қиймат одатда бозор қиймати бўлади, чунки у ҳисобот санасида қимматли қоғозларнинг ва давр учун инвестиция фаолияти натижасининг энг самарали ўлчови ҳисобланади. Белгиланган сўндириш қийматига эга ва дастурнинг мажбуриятларига ёки уларнинг муайян қисмларига мос келиши учун харид қилинган қимматли қоғозлар уларнинг муддати тугагунига қадар ўзгармас даромадлилик даражасини фараз қилган ҳолда уларнинг якуний сўндириш қийматига асосланган миқдорларда ҳисобга олиниши мумкин. Ташкилотнинг тўлиқ эгалигидан бўлган, ҳаққоний қийматини баҳолаш имконсиз бўлган дастур инвестициялари мавжуд бўлганда, ҳаққоний қийматдан фойдаланмаслик сабаби ёритиб берилиши лозим. Бозор қиймати ёки ҳаққоний қийматдан бошқа қийматларда ҳисобга олинган инвестициялар учун, умуман олганда, ҳаққоний қиймат ҳам ёритиб берилади. Фонднинг фаолиятида фойдаланиладиган активлар тегишли стандартларга мувофиқ ҳисобга олинади.



Маълумотларни ёритиб бериш


34. Белгиланган тўловлар бўйича ёки белгиланган бадаллар бўйича бўлишидан қатъий назар, пенсия дастурининг молиявий ҳисоботи қуйидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олиши лозим:

(a) пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлардаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисобот;

(б) аҳамиятли ҳисоб сиёсатининг қисқа баёни; ва

(в) дастурнинг ва давр мобайнида дастурдаги ҳар қандай ўзгаришлар таъсирининг тавсифи.


35. Пенсия дастурлари томонидан тақдим этиладиган молиявий ҳисобот, ўринли бўлса, қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) қуйидагиларни ёритиб берган ҳолда, пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлар тўғрисидаги ҳисобот:

(i) давр охиридаги ўринли таснифланган активлар;

(ii) активларни баҳолаш асоси;

(iii) пенсия тўловлари учун мавжуд соф активларнинг 5% дан ёки қимматли қоғознинг ҳар қандай туркумининг ёки турининг 5% дан ошадиган ҳар қандай якка инвестициянинг тафсилотлари;

(iv) иш берувчига қилинган ҳар қандай инвестициянинг тафсилотлари; ва

(v) режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматидан ташқари мажбуриятлар;

(б) қуйидагиларни акс эттирадиган пенсия тўловлари учун мавжуд соф активлардаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисобот:

(i) иш берувчининг бадаллари;

(ii) ходимларнинг бадаллари;

(iii) фоиз ва дивидендлар каби инвестиция даромадлари;

(iv) бошқа даромадлар;

(v) тўланган ёки тўланадиган пенсия тўловлари (масалан, пенсияга чиқиш, ўлим ва меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ҳамда бир марталик тўловлар жиҳатидан таҳлил қилинган);

(vi) маъмурий харажатлар;

(vii) бошқа харажатлар;

(viii) фойда солиқлари;

(ix) инвестицияларнинг ҳисобдан чиқарилиши ва инвестициялар қийматидаги ўзгаришлар бўйича фойда ва зарарлар; ва

(x) бошқа дастурлардан ва уларга ўтказмалар;

(в) молиялаштириш сиёсатининг тавсифи;

(г) белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари учун, режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қиймати (ҳуқуқий кучга кирган ва ҳуқуқий кучга кирмаган даромадлар сифатида фарқлаш мумкин бўлган) дастур шартлари остидаги режалаштирилган пенсия тўловларига, ҳисобот санасига қадар меҳнат фаолиятига асосланган ва жорий иш ҳақи даражалари ёки режалаштирилган иш ҳақи даражаларидан фойдаланган ҳолда ҳисобланади; ушбу маълумот илова қилинадиган ва тегишли молиявий ҳисобот билан бирга ўқиладиган актуарий ҳисоботига киритилиши мумкин; ва

(д) белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари учун қилинган аҳамиятли актуар фаразларнинг ва режалаштирилган пенсия тўловларининг актуар жорий қийматини ҳисоблашда қўлланилган усулнинг тавсифи.


36. Пенсия дастурининг ҳисоботи молиявий ҳисоботнинг қисми сифатида ёки алоҳида ҳисобот сифатида дастурнинг тавсифини ўз ичига олади. У қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

(a) ўз ичига олган иш берувчилар ва ходимлар гуруҳларининг номлари;

(б) пенсия тўловларини оладиган иштирокчилар сони ва ўринли тарзда таснифланган бошқа иштирокчилар сони;

(в) дастур тури - белгиланган бадаллар бўйича ёки белгиланган тўловлар бўйича;

(г) иштирокчилар дастурга бадал тўлаши ёки тўламаслигига тегишли изоҳ;

(д) иштирокчиларга тўланиши режалаштирилган пенсия тўловларининг тавсифи;

(е) дастурни тугатишнинг ҳар қандай шартларининг тавсифи; ва

(ё) ҳисобот қамраб оладиган давр мобайнида (a) дан (е) гача моддалардаги ўзгаришлар.

Фойдаланувчилар учун очиқ бўлган ва унда дастур тавсифланган бошқа ҳужжатларга мурожаат қилиш ва фақатгина кейинги ўзгаришлар бўйича маълумотларни киритиш одатий амалиёт ҳисобланади.



Кучга кириш санаси


37. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 1988 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврларни қамраб оладиган молиявий ҳисобот учун қўлланиши лозим.


38. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]

          

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь