Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 41 "Қишлоқ хўжалиги" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 26-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

26-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 41 "ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ"



Мақсад


Мазкур стандартнинг мақсади қишлоқ хўжалиги фаолиятига оид ҳисобга олиш тартиби ва ёритиб бериладиган маълумотларни белгилашдан иборат.



Қўллаш доираси


1. Мазкур стандарт қуйидагиларни ҳисобга олишга нисбатан, агар улар қишлоқ хўжалиги фаолиятига оид бўлса, қўлланади:

(a) биологик активлар, бундан ҳосилдор ўсимликлар мустасно;

(б) маҳсулотни йиғиш пайтидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари; ва

(в) 34 ва 35-бандларда қайд этилган давлат грантлари.


2. Мазкур стандарт қуйидагиларга нисбатан қўлланмайди:

(a) қишлоқ хўжалиги фаолиятига оид ерлар (16-сон БҲХС "Асосий воситалар" га ва 40-сон БҲХС "Инвестиция кўчмас мулки"га қаранг); ва

(б) қишлоқ хўжалиги фаолиятига оид ҳосилдор ўсимликлар (16-сон БҲХСга қаранг). Бироқ, мазкур стандарт ҳосилдор ўсимликлардан олинган маҳсулотларга нисбатан қўлланади;

(в) ҳосилдор ўсимликларга оид давлат грантлари (20-сон БҲХС "Давлат грантлари ҳисоби ва давлат ёрдами тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш"га қаранг);

(г) қишлоқ хўжалиги фаолиятига оид номоддий активлар (38-сон БҲХС "Номоддий активлар" га қаранг);

(д) қишлоқ хўжалиги фаолиятига оид ерларнинг ижарасидан келиб чиқадиган фойдаланиш ҳуқуқидаги активлар (16-сон МҲХС "Ижара"га қаранг).


3. Мазкур стандарт маҳсулотни йиғиш пайтида ташкилотнинг биологик активларидан олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан қўлланади. Бундан сўнг, 2-сон БҲХС "Заҳиралар" ёки бошқа тегишли стандарт қўлланади. Шунинг учун, мазкур стандарт маҳсулотни йиғишдан сўнг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш жараёнига тадбиқ этилмайди; масалан, узумни етиштирган вино ишлаб чиқарувчилар томонидан узумни қайта ишлашдан вино олиш жараёни. Бундай қайта ишлаш жараёни қишлоқ хўжалиги фаолиятининг мантиқий ва табиий давоми бўлсада ва содир бўлаётган жараёнлар биологик трансформация каби айрим ўхшашликларга эга бўлсада, бундай қайта ишлаш жараёни мазкур стандартдаги қишлоқ хўжалиги фаолиятининг таърифида назарда тутилмаган.


4. Қуйидаги жадвалда биологик активларга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва бундай маҳсулотлар йиғимидан кейин қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотларга тегишли мисоллар келтирилган:

            

Биологик активлар


Қишлоқ хўжалиги

маҳсулоти

       

Маҳсулотлар йиғимидан кейин қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар

   

Қўй


Жун

Тола, гилам

Ўтқазилган дарахт кўчатлари


Кесилган дарахтлар

Ёғоч

Қорамол


Сут

Пишлоқ

Чўчқа


Гўшт

Колбаса маҳсулотлари, консерваланган гўштлар


Пахта ўсимликлари


Йиғилган пахта

Ип, кийим

Шакарқамиш


Йиғилган қамиш

Шакар

Тамаки ўсимликлари


Йиғилган барглар

Қуритилган тамаки

Чой ўсимликлари


Йиғилган барглар

Чой

Ток


Йиғилган узумлар

Вино

Мевали дарахтлар


Йиғилган мевалар

Қайта ишланган мевалар

Ёғли мева дарахтлари


Йиғилган мевалар

Мева ёғи

Каучуксимон дарахтлар


Йиғилган латекс

Каучук махсулотлари

           

Баъзи ўсимликлар, масалан, чой ўсимликлари, ток, ёғли мева дарахтлари ва каучуксимон дарахтлар одатда ҳосилдор ўсимлик таърифига мос келади ва 16-сон БҲХСнинг қўллаш доирасига киради. Аммо, ҳосилдор ўсимликлардан олинадиган маҳсулотлар, масалан, чой барглари, узум, мева ёғи ва латекс 41-сон БҲХСнинг қўллаш доирасига киради.



Таърифлар


Қишлоқ хўжалигига оид таърифлар


5. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:


Қишлоқ хўжалиги фаолияти - бу ташкилот томонидан сотиш ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотига ёки қўшимча биологик активларга айлантириш учун биологик активларнинг биологик трансформациясини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотини йиғишни бошқарилишидир.


Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти - бу ташкилотнинг биологик активларидан йиғилган маҳсулотдир.


Ҳосилдор ўсимлик - бу жонли ўсимлик бўлиб:

(а) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ёки етказиб беришда ишлатилади;

(б) бир ҳисобот давридан ортиқ муддатда маҳсулот бериши кутилади; ва

(в) чиқинди шаклида қўшимча сотилишини истисно қилганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатида сотилиши эҳтимоли кам бўлади.


Биологик актив - бу жонли ҳайвон ёки ўсимликдир.


Биологик трансформация - биологик активдаги сифат ва миқдор жиҳатдан ўзгаришларга сабаб бўладиган ўсиш, дегенерация, ишлаб чиқариш ҳамда кўпайиш жараёнларини ўз ичига олади.


Сотиш сарфлари - бу молиявий сарфлар ва фойда солиғини истисно қилган ҳолда, активни ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ қўшимча бевосита сарфлардир.


Биологик активлар гуруҳи - бу ўхшаш жонли ҳайвонлар ёки ўсимликларнинг жамланмасидир.


Маҳсулотларни йиғиш - бу маҳсулотни биологик активдан ажратиб олиш ёки биологик активнинг ҳаётий фаолияти тугатилишидир.


5A. Қуйидагилар ҳосилдор ўсимликлар ҳисобланмайди:

(а) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатида етиштирилган ўсимликлар (масалан, ёғоч сифатида ишлатиш учун ўстирилган дарахтлар);

(б) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун етиштирилган, лекин ташкилот томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатида йиғилиши ва сотилиши эҳтимоли кўпроқ бўлган ўсимликлар, бундан уларнинг чиқинди шаклида қўшимча сотилиши мустасно (масалан, ҳам ўз мевалари учун ҳам ёғоч сифатида ишлатиш учун этиштирилган дарахтлар); ва

(в) бир йиллик экинлар (масалан, маккажўхори ва буғдой).


5Б. Ҳосилдор ўсимликлар ҳосил беришга яроқсиз бўлганда, улар кесиб ташланиши ва чиқинди сифатида сотилиши мумкин, масалан ўтин сифатида ишлатиш учун. Чиқиндиларнинг бундай қўшимча сотилиши ўсимликнинг ҳосилдор ўсимлик таърифини қаноатлантиришига тўсқинлик қилмайди.


5В. Ҳосилдор ўсимликларда етиштирилган маҳсулотлар биологик активдир.


6. Қишлоқ хўжалиги фаолияти турли хил фаолиятларни қамраб олади: масалан, чорвачилик, ўрмончилик, бир йиллик ёки кўп йиллик экинларни етиштириш, боғлар ва плантацияларни парваришлаш, гулчилик ва акваэкинлар хўжалиги(шу жумладан, балиқчилик). Ушбу хилма-хилликда муайян умумий жиҳатлар мавжуд:

(a) Ўзгариш қобилияти. Жонли ҳайвонлар ёки ўсимликлар биологик трансформация қобилиятига эга бўлади;

(б) Ўзгаришни бошқариш. Бошқариш биологик трансформация содир бўлишига зарур бўлган шароитларни (масалан, озуқа моддалари даражаси, намлик, ҳарорат, ҳосилдорлик ва ёруғлик) яхшилаш ёки ҳеч бўлмаганда барқарорлаштириш орқали ушбу жараённи енгиллаштиради. Бундай бошқариш қишлоқ хўжалиги фаолиятини бошқа фаолиятлардан ажратиб туради. Масалан, бошқарилмайдиган манбалардан (океандаги балиқчилик ва ўрмонларни кесиш каби) маҳсулотлар йиғиш қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳисобланмайди; ва

(в) Ўзгаришни баҳолаш. Биологик трансформация ёки маҳсулотларни йиғишдан юзага келадиган сифат ўзгариши (масалан, генетик жиҳати, зичлик, етилганлик, ёғ миқдори, оқсил миқдори ва толанинг мустаҳкамлиги) ёки миқдор ўзгариши (насллик, оғирлик, куб метр, толанинг узунлиги ёки диаметри ва куртакларнинг сони) одатдаги бошқариш функцияси тарзида баҳоланади ва назорат қилинади.


7. Биологик трансформация қуйидаги турдаги натижаларни келтириб чиқаради:

(a) Активнинг (i) ўсиш (ҳайвон ёки ўсимлик сифатининг яхшиланиши ёки миқдорининг ошиши), (ii) насл бузилиши (ҳайвон ёки ўсимлик сифатининг ёмонлашуви ёки миқдорининг камайиши) ёки (iii) кўпайиш (қўшимча тирик ҳайвонлар ёки ўсимликларнинг пайдо бўлиши) орқали ўзгариши; ёки

(б) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини, масалан, латекс, чой барги, жун газлама ёки сут етиштирилиши.



Умумий таърифлар


8. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:


Баланс қиймати - бу активнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тан олинадиган қийматидир.


Хаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нархдир. (13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"га қаранг.)


Давлат грантлари - 20-сон БҲХСда белгиланган таърифга эга.


9. [Чиқариб ташланган]



Тан олиш ва баҳолаш


10. Ташкилот биологик активни ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотини фақат ва фақат қуйидаги шартлар бажарилганда тан олиши лозим:

(a) ташкилот активни ўтган ҳодисалар натижасида назорат қилса;

(б) ташкилотга актив билан боғлиқ келгуси иқтисодий нафлар келиши эҳтимоли мавжуд бўлса; ва

(в) активнинг ҳаққоний қиймати ёки бошланғич қиймати ишончли баҳоланса.


11. Қишлоқ хўжалиги фаолиятида назоратни масалан, қорамолга юридик эгалик ҳуқуқи орқали ва харид қилишда, туғилишида ёки сутдан ажратилишида қорамолни тамғалаш ёки бошқа ҳолларда маркалаш орқали тасдиқлаш мумкин. Келгуси иқтисодий нафлар одатда аҳамиятли жисмоний жиҳатларга кўра баҳоланиши мумкин.


12. Биологик актив дастлабки тан олишда ва ҳар бир ҳисобот даврининг охирида сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳоланиши лозим, бундан 30-бандда келтирилган ҳаққоний қийматни ишончли баҳолаш имкони бўлмаган ҳолат мустасно.


13. Ташкилотнинг биологик активларидан олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти уни йиғиш пайтида сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳоланиши лозим. Бундай баҳолаш ушбу маҳсулотнинг 2-сон БҲХС "Захиралар" ёки бошқа тегишли стандартни қўллаш санасидаги бошланғич қийматидир.


14. [Чиқариб ташланган]


15. Биологик активлар ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳаққоний қийматини баҳолаш биологик активлар ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотини уларнинг аҳамиятли хусусиятларига кўра гуруҳлаш орқали осонлашиши мумкин; масалан ёш ёки сифат жиҳатидан. Ташкилот бундай хусусиятларни бозорда нархлаш асоси сифатида ишлатиладиган хусусиятлардан танлайди.


16. Ташкилотлар кўпинча биологик активларни ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келгуси санада сотиш бўйича шартнома тузадилар. Шартнома нархлари ҳаққоний қийматни аниқлашда унчалик аҳамиятга эга эмас, чунки ҳаққоний қиймат харидор ва сотувчи томонидан битимларни амалга ошириш мумкин бўлган жорий бозор шароитларини акс эттиради. Натижада, биологик актив ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳаққоний қийматига шартнома мавжудлиги сабабидан тузатиш киритилмайди. Баъзи ҳолатларда, биологик активни ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотиш бўйича шартнома 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"да таърифланган зарар келтирувчи шартнома бўлиши мумкин. Зарар келтирувчи шартномаларга нисбатан 37-сон БҲХС қўлланади.


17-21. [Чиқариб ташланган]


22. Ташкилот активларни молиялаштириш, солиқ ёки маҳсулотни йиғишдан сўнг биологик активни қайта тиклаш бўйича пул оқимларини ҳисобга олмайди (масалан, маҳсулотни йиғишдан сўнг дарахтларни ўрмонда қайта экиш сарфлари).


23. [Чиқариб ташланган]


24. Бошланғич қиймат баъзида ҳаққоний қийматга яқинроқ бўлиши мумкин, хусусан:

(a) дастлабки сарфлар амалга оширилгандан бошлаб кичик биологик трансформация содир бўлса (масалан, мевали дарахт кўчатлари бевосита ҳисобот даври тугашидан олдин ўтқазилганда ёки янги қорамол сотиб олинганда); ёки

(б) Биологик трансформациянинг нархга таъсири муҳим бўлиши кутилмаса (масалан, ишлаб чиқариш цикли 30-йил бўлган қарағай плантациясида дастлабки ўсиш).


25. Биологик активлар кўпинча жисмоний жиҳатдан ерга боғлиқ бўлади (масалан, ўрмон плантациясидаги дарахтлар). Жисмоний жиҳатдан ер билан боғлиқ бўлган биологик активлар учун алоҳида бозор бўлмаслиги мумкин, лекин бирлашган активларга нисбатан, яъни биологик активлар, ишлов берилмаган ер ва ерни ободонлаштиришларга нисбатан актив бозор мавжуд бўлиши мумкин. Ташкилот бирлашган активларга оид маълумотлардан биологик активларнинг ҳаққоний қийматини аниқлашда фойдаланиши мумкин. Масалан, бирлашган активларнинг ҳаққоний қийматидан ишлов берилмаган ернинг ва ерни ободонлаштиришнинг ҳаққоний қийматини чегириш орқали биологик активларнинг ҳаққоний қийматини аниқлаш мумкин.



Фойда ва зарарлар


26. Биологик активни сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда дастлабки тан олишда ва сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматнинг ўзгариши натижасида юзага келадиган фойда ёки зарар у юзага келган даврнинг фойда ёки зарари таркибига киритилиши лозим.


27. Биологик активни дастлабки тан олишда зарар вужудга келиши мумкин, чунки сотиш сарфлари биологик активнинг сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматини аниқлашда чегирилади. Биологик активни дастлабки тан олишда фойда вужудга келиши мумкин, масалан бузоқ туғилганда.


28. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда дастлабки тан олиш натижасида вужудга келадиган фойда ёки зарар у юзага келган даврнинг фойда ёки зарари таркибига киритилиши лозим.


29. Маҳсулотни йиғиштириш натижасида олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини дастлабки тан олишда фойда ёки зарар юзага келиши мумкин.



Ҳаққоний қийматни ишончли

баҳолашнинг имконсизлиги


30. Биологик актив учун ҳаққоний қиймат ишончли баҳоланиши мумкин деган тахмин мавжуд. Лекин, бундай тахминни фақат биологик актив учун бозор нархининг дастлабки тан олиниши ва улар учун ҳаққоний қийматнинг муқобил баҳолари аниқланиши аниқ ишончли бўлмаганда рад этилиши мумкин. Бундай ҳолатда, биологик актив жамғарилган эскириш ва жамғарилган қадрсизланишдан зарарлар чегирилган бошланғич қийматда баҳоланиши лозим. Бундай биологик активнинг ҳаққоний қийматини ишончли баҳолаш имкони бўлиши билан, ташкилот уни сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳолаши лозим. Узоқ муддатли биологик актив 5-сон МҲХС "Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва тугатилган фаолият"га мувофиқ сотиш учун мўлжалланганлик мезонларига жавоб берса (ёки сотиш учун мўлжалланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳга киритилса), у ҳолда ҳаққоний қиймат ишончли баҳоланиши мумкин деб тахмин қилинади.


31. 30-банддаги тахмин фақатгина дастлабки тан олишда инкор этилиши мумкин. Биологик активни илгари сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳолаган ташкилот уни ҳисобдан чиқаргунга қадар сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳолашни давом эттиради.


32. Барча ҳолатларда, ташкилот маҳсулотни йиғиш пайтида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳолайди. Мазкур стандарт маҳсулотни йиғиш пайтида қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳаққоний қиймати доимо ишончли баҳоланиши мумкинлигини акс эттиради.


33. Бошланғич қиймат, жамғарилган эскириш ва жамғарилган қадрсизланишдан зарарларни аниқлашда ташкилот 2-сон БҲХС, 16-сон БҲХС ва 36-сон БҲХС "Активларнинг қадрсизланиши"ни эътиборга олади.



Давлат грантлари


34. Сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳоланган биологик активга оид шартсиз давлат гранти фақат ва фақат бундай давлат гранти олинадиган бўлса, фойда ёки зарарда тан олиниши лозим.


35. Агар сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳоланган биологик активга оид давлат гранти шартли бўлса, жумладан давлат гранти ташкилотдан муайян қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланмасликни талаб этганда, ташкилот давлат грантини фақат ва фақат давлат гранти бўйича шартлар бажарилганда, фойда ёки зарарда тан олиши лозим.


36. Давлат грантлари турли шартларда тақдим этилади. Масалан, грант ташкилотдан маълум бир жойда беш йил давомида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишни талаб этиши мумкин ва агарда ташкилот беш йилдан кам муддатда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланса, барча грантни қайтаришни талаб этиши мумкин. Бундай ҳолатда, давлат гранти беш йил ўтмагунча фойда ёки зарарда тан олинмайди. Лекин, грант шартлари маълум вақт ўтгандан сўнг унинг маълум қисми қайтарилмаслигига рухсат берса, ташкилот грантнинг ушбу қисмини вақт ўтиши билан фойда ёки зарарда тан олади.


37. Агар давлат гранти жамғарилган эскириш ва жамғарилган қадрсизланишдан зарарлар чегирилган бошланғич қийматда баҳоланган биологик активга оид бўлса (30 бандга қаранг), 20-сон БҲХС қўлланади.


38. Агар давлат гранти сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматда баҳоланган биологик активга оид бўлса ёки давлат гранти ташкилотдан муайян қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланмасликни талаб этса, мазкур стандарт 20-сон БҲХСдан фарқли ёндашувни талаб этади. 20-сон БҲХС фақатгина жамғарилган эскириш ва жамғарилган қадрсизланишдан зарарлар чегирилган бошланғич қийматда баҳоланган биологик активга оид давлат грантига нисбатан қўлланади



Маълумотларни ёритиб бериш


39. [Чиқариб ташланган]



Умумий қоидалар


40. Ташкилот жорий ҳисобот даври мобайнида биологик активлар ва қишлок хўжалиги маҳсулотини дастлабки тан олишда ҳамда биологик активларнинг сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматидаги ўзгариш натижасида вужудга келадиган жами фойда ёки зарарни ёритиб бериши лозим.


41. Ташкилот биологик активларнинг ҳар бир гуруҳининг таснифини таъминлаши лозим.


42. 41-бандда ёритиб бериш талаб этилган маълумотлар шарҳда ёки миқдорий тасниф шаклида бўлиши мумкин.


43. Ташкилот томонидан истеъмолга мўлжалланган ва ҳосилдор биологик активлар ёки етилган ва етилмаган биологик активларни тегишли тарзда фарқлаган ҳолда биологик активларнинг ҳар бир гуруҳининг миқдорий таснифи таъминланиши маъқулланади. Масалан, ташкилот истеъмолга мўлжалланган ва ҳосилдор биологик активларнинг баланс қийматларини гуруҳ бўйича ёритиб бериши мумкин. Ташкилот ушбу баланс қийматларини яна етилган ва етилмаган активларга ажратиши ҳам мумкин. Ушбу фарқлар келгуси пул оқимларининг муддатини баҳолашда фойдали бўладиган маълумотларни таъминлайди. Ташкилот бундай фарқларни амалга ошириш бўйича асосни ёритиб беради.


44. Истеъмолга мўлжалланган биологик активлар бу қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатида йиғиштириладиган ёки биологик активлар сифатида сотиладиган активлардир. Истеъмолга мўлжалланган биологик активларга мисол тариқасида гўшт етиштириш учун мўлжалланган қорамол, сотиш учун мўлжалланган қорамол, балиқ хўжалигидаги балиқлар, маккажўхори ёки буғдойга ўхшаш донли экинлар, ҳосилдор ўсимликлардан маҳсулотлар ва ёғоч етиштиришга мўлжалланган дарахтларни келтириш мумкин. Ҳосилдор биологик активлар бу истеъмолга мўлжалланган биологик активлардан бошқа биологик активлардир; масалан, сут берадиган қорамол, мева берадиган мевали дарахтлар. Ҳосилдор биологик активлар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти эмас, лекин маҳсулот олиш учун сақланади.


45. Биологик активлар етилган биологик активлар ёки етилмаган биологик активлар тарзида таснифланиши мумкин. Етилган биологик активлар бу (истеъмолга мўлжалланган биологик активлар учун) маҳсулот бериш хусусиятларига эга бўлган ёки (ҳосилдор биологик активлар учун) мунтазам маҳсулот бера оладиган активлардир.


46. Агар қуйидаги маълумотлар молиявий ҳисобот билан бирга чоп этиладиган маълумотларда ёритиб берилмаган бўлса, ташкилот қуйидагиларни изоҳлаши лозим:

(a) биологик активларнинг ҳар бир гуруҳини қамраб оладиган фаолиятининг характери; ва

(б) қуйидагилар бўйича моддий миқдорларнинг номолиявий параметрлари ва ҳисоб баҳоларини:

(i) давр охирида ташкилотг биологик активларининг ҳар бир гуруҳи; ва

(ii) давр давомида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти.


47-48. [Чиқариб ташланган]


49. Ташкилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) чекланган биологик активларнинг мавжудлиги ва уларнинг баланс қийматлари ҳамда мажбуриятларни таъминлаш учун гаровга қўйилган биологик активларнинг баланс қийматлари;

(б) биологик активларни етиштириш ва харид қилиш бўйича мажбуриятлар миқдори; ва

(в) қишлоқ хўжалиги фаолияти билан боғлиқ молиявий рискни бошқариш стратегиялари.


50. Ташкилот жорий давр бошидаги ва охиридаги биологик активларнинг баланс қийматидаги ўзгаришлар солиштирмасини тақдим этиши лозим. Солиштирма қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

(a) сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматдаги ўзгариш натижасида юзага келадиган фойда ёки зарар;

(б) харидлар натижасида қиймат ошиши;

(в) сотувлар ва 5-сон МҲХСга мувофиқ сотиш учун мўлжалланган (ёки сотиш учун мўлжалланган ҳисобдан чиқариладиган гуруҳга киритилган) биологик активлар ҳисобига қиймат камайиши;

(г) маҳсулот йиғиш ҳисобига қиймат камайиши;

(д) бизнес бирлашувлари натижасида қиймат ошиши;

(е) молиявий ҳисоботни бошқа тақдим этиладиган валютага ўтказиш натижасида ва ҳисобот берувчи ташкилотнинг чет элдаги бўлинмаси кўрсаткичларини тақдим этиладиган валютага ўтказиш натижасида юзага келадиган соф курс фарқлари; ва

(ё) бошқа ўзгаришлар.


51. Биологик активнинг сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қиймати жисмоний ўзгаришлар ва бозордаги нарх ўзгаришлари ҳисобига ўзгариши мумкин. Жисмоний ва нарх ўзгаришларининг алоҳида ёритиб берилиши жорий даврдаги фаолият натижаларини ҳамда келгуси истиқболларни таҳлил қилишда, айниқса ишлаб чиқариш даври бир йилдан ортиқ бўлса, фойдалидир. Бундай ҳолатларда, жисмоний ўзгаришлар ва нарх ўзгаришлари натижасида фойда ёки зарарда ҳисобга олинган сотиш сарфлари чегирилган ҳаққоний қийматдаги ўзгаришлар ташкилот томонидан гуруҳ ёки бошқа жиҳатдан ёритиб берилиши маъқулланади. Одатда, ишлаб чиқариш даври бир йилдан кам бўлганда (масалан, жўжалар ёки дон экинлари етиштиришда) бундай маълумотлар унчалик аҳамиятли ҳисобланмайди.


52. Биологик трансформация натижасида жисмоний ўзгаришнинг бир қатор турлари содир бўлиши мумкин - ўсиш, дегенерация, ишлаб чиқариш ҳамда кўпайиш бўлиб, уларнинг ҳар бирини кўзатиш ва баҳолаш мумкин. Ушбу жисмоний ўзгаришларнинг ҳар бири келгуси иқтисодий нафлар билан бевосита боғлиқликка эга. Маҳсулотни йиғиштириш натижасида юзага келадиган биологик активнинг ҳаққоний қийматидаги ўзгариш ҳам жисмоний ўзгаришдир.


53. Қишлоқ хўжалиги фаолияти кўпинча иқлим, касаллик ва бошқа табиий рискларга учрайди. Агар даромад ёки харажатнинг муҳим моддасини юзага келтирадиган ҳодиса содир бўлса, 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" га мувофиқ ушбу модданинг характери ва миқдори ёритиб берилади. Бундай ҳодисага мисол тариқасида хавфли касалликни, сув тошқинини, қаттиқ қурғоқчиликни ёки қаҳратон совуқни ва ҳашаротлар касаллигини келтириш мумкин.



Ҳаққоний қийматни ишончли баҳолаш мумкин

бўлмаган биологик активлар бўйича қўшимча

маълумотларни ёритиб бериш


54. Агар ташкилот ҳисобот даври охирида биологик активларни уларнинг жамғарилган эскириши ва жамғарилган қадрсизланишдан зарарлар чегирилган бошланғич қийматида (30 бандга қаранг) баҳоласа, ташкилот ушбу биологик активлар бўйича қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) биологик активларнинг тавсифи;

(б) нима учун ҳаққоний қиймат ишончли баҳолана олмаслигини тушунтириш;

(в) агар мумкин бўлса, ҳаққоний қиймат юқори эҳтимол билан мавжуд бўладиган ҳисоб баҳолари оралиғини;

(г) фойдаланилган эскириш усули;

(д) фойдали хизмат муддати ёки фойдаланилган эскириш меъёрлари; ва

(е) ҳисобот даври боши ва охирида жами баланс қиймати ва жамғарилган эскириш суммаси (жамғарилган қадрсизланишдан зарарлар билан бирга).


55. Агар ташкилот жорий давр мобайнида биологик активларни уларнинг жамғарилган эскириши ва жамғарилган қадрсизланишдан зарарлар чегирилган бошланғич қийматида (30 бандга қаранг) баҳоласа, ташкилот ушбу биологик активларни ҳисобдан чиқаришда тан олинган ҳар қандай фойда ёки зарар ва 50 бандда талаб этилган солиштирмада бундай биологик активларга тегишли қиймат алоҳида ёритиб берилиши лозим. Шу билан бирга, солиштирмада ушбу биологик активларга тегишли фойда ёки зарарга киритилган қуйидаги кўрсаткичлар ҳам қамраб олиниши лозим:

(a) қадрсизланишдан зарарлар;

(б) қадрсизланишдан зарарларнинг қайта тикланиши; ва

(в) эскириш.


56. Агар илгари жамғарилган эскириш ва жамғарилган қадрсизланишдан зарарлар чегирилган бошланғич қийматда баҳоланган биологик активларнинг ҳаққоний қийматини жорий даврда ишончли баҳолаш имконияти пайдо бўлса, ташкилот бундай биологик активлар бўйича қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) биологик активларнинг тавсифи;

(б) нима учун ҳаққоний қийматни ишончли баҳолаш мумкин бўлганлигини тушунтириш; ва

(в) ўзгариш таъсири.



Давлат грантлари


57. Ташкилот мазкур стандарт қамраб олган қишлоқ хўжалиги фаолиятига тегишли қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) молиявий ҳисоботларда тан олинган давлат грантларининг характери ва миқдори;

(б) давлат грантлари бўйича бажарилмаган шартлар ва бошқа кутилмаган ҳолатлар; ва

(в) давлат грантлари ҳажмида кутилаётган аҳамиятли камайишлар.



Кучга кириш санаси ва ўтиш қоидалари


58. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 2003 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот мазкур стандартни 2003 йил 1 январдан олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


59. Мазкур стандарт муайян ўтиш қоидаларини белгиламайди. Мазкур стандартни қабул қилиш 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар" га мувофиқ амалга оширилади.


60. 2008 йилнинг май ойида чоп этилган "МҲХСларга такомиллаштиришлар"га асосан 5, 6, 17, 20 ва 21 бандлар ўзгартирилган ва 14 банд чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2000 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган даврлар учун перспектив қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


61. 2011 йил июл ойида эълон қилинган 13-сон МҲХС бўйича 8, 15, 16, 25 ва 30 бандлар ўзгартирилган ва 9, 17 - 21, 23, 47, 48 бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


62. 2014 йил июн ойида эълон қилинган "Қишлоқ хўжалиги:Ҳосилдор ўсимликлар" (16-сонли БҲХС ва 41-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 1 - 5, 8, 24 ва 44 бандларига ўзгартиришлар киритилган ва - ва 63 бандлар киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2016 йил 1 январь ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 8-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


63. Ҳисобот даврида Ҳосилдор ўсимликлар" (16-сон БҲХС ва 41-сон БҲХСларга киритилган ўзгартиришлар)"ни биринчи марта қўлланганда ташкилотлар 8-сон БҲХСнинг 28(е) банди талаби билан белгиланган миқдорий маълумотларни жорий давр учун ёритиб бериш талаб этилмайди. Лекин, ташкилот 8-сон БҲХСнинг 28(е) банди талаби билан белгиланган миқдорий маълумотларни тақдим этилган хар бир олдинги давр учун тақдим этиши лозим.


64. 2016 йил январ ойида эълон қилинган 16-сон МҲХС бўйича 2 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


65. 2020 йил май ойида эълон қилинган "2018-2020 йилларда МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 22 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2022 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган биринчи йиллик ҳисобот даври бошланганда ёки ундан кейин ҳаққоний қийматни баҳолашга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот мазкур ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.

                  

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь