Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.01.2023 й. ПҚ-2-сон "Ургут" эркин иқтисодий зонасининг ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.01.2023 й.

N ПҚ-2



"УРГУТ" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ

ЗОНАСИНИНГ ҲУДУДИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"Ургут" эркин иқтисодий зонасининг муваффақиятли тажрибаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:


1. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг:

иловага мувофиқ Беруний туманидаги 22,3 гектар, Китоб туманидаги 37,4 гектар бўш турган яйлов ва лалми ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги 22,3 гектар ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 37,4 гектар ер участкаларини ажратиш ҳисобига "Ургут" эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, давлат ер кадастри маълумотларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда "Ургут" эркин иқтисодий зонасининг Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги ва Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги ҳудудлари (кейинги ўринларда - "Ургут" ЭИЗнинг Беруний ва Китоб туманидаги ҳудудлари) бош режалари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.

Бунда:

бош режалар лойиҳасини ишлаб чиқиш Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

бош режалар лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа ташкилоти тендер (танлов) савдолари асосида аниқланади.


4. Белгилансинки, "Ургут" ЭИЗнинг Беруний ва Китоб туманидаги ҳудудларида:

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5600-сон Фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион савдолари орқали амалга оширилади;

инфратузилма объектларини қуриш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 декабрдаги "Ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4929-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;

инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги "Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5101-сон қарорида белгиланган ташкилотлар томонидан амалга оширилади;

қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун ажратиладиган ерларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилигининг ўрнини қоплаш учун компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.


5. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва "Ўзсувтаъминот" АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда "Ургут" ЭИЗнинг Беруний ва Китоб туманидаги ҳудудлари тасдиқланган бош режасига асосан:

уч ой муддатда 2023-2024 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси билан таъминлаш лозим бўлган объектлар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин;

2023 йил 1 апрелга қадар амалга ошириладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда келишиш ишларини якунласин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Қудратов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.У. Эрманов ва Қашқадарё вилояти ҳокими М.Б. Азимов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 11 январдаги

ПҚ-2-сон қарорига

ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний

тумани ва Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани

ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар

тоифасидан саноат, транспорт, алоқа ва бошқа мақсадларга

мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиладиган ер участкалари

РЎЙХАТИ

Т/р

Ҳудудлар номи


Ердан фойдаланувчи

номи


Контур

рақами


Жами ер

участкаси,

га


Шундан:


Тупроқ

бонитет

бали


лалми

ерлар, га


яйлов

ерлар, га


бошқа

ерлар, га


Беруний туманидан танланган ерлар


22,3


22,3



1.

"Абай" МФЙ


Туман захира ерлари


Рақамлан-

маган


22,3


22,3


Баҳолан-

маган


Китоб туманидан танланган ерлар


37,4

37,4




2.

"Макрид" МФЙ


Туман захира ерлари


104

4,4

4,4



23

3.

"Шуробсой" МФЙ


Туман захира ерлари


33,0

33,0



23

ЖАМИ:


59,7

37,4

22,3



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 13 январь