Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.02.2023 й. ПФ-21-сон "Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

10.02.2023 й.

N ПФ-21



ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ

ТОИФАЛАРГА АЖРАТИШ МЕЗОНЛАРИ

ҲАМДА СОЛИҚ СИЁСАТИ ВА СОЛИҚ

МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган солиқ ислоҳотларини изчил давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ҳамда 2022 йилнинг 22 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:


1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасининг тадбиркорлик субъектларини қуйидаги мезонлар асосида тоифаларга ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

а) кичик тадбиркорлик субъектлари:

якка тартибдаги тадбиркорлар;

микрофирмалар - таъсисчилари (иштирокчилари) жисмоний шахслар бўлган ҳамда жами даромади календарь йил давомида 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;

кичик корхоналар - жами даромади календарь йил давомида 1 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган ҳамда ушбу кичик банднинг учинчи хатбошисидаги таъсисчилари (иштирокчилари) юридик шахслар бўлган тадбиркорлик субъектлари;

б) ўрта тадбиркорлик субъектлари - жами даромади календарь йил давомида 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;

в) йирик тадбиркорлик субъектлари - жами даромади календарь йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари.

Тадбиркорлик субъектларини солиққа тортиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

б) жами даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.

Бунда, солиқ органлари томонидан жами даромади 10 миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади ва махсус ахборот портали билан маълумот алмашинуви таъминланади;

в) давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда қўшилган қиймат солиғи суммаси инобатга олинмайди;

г) юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда ишончли солиқ тўловчиларни инсон омилисиз аниқлаш ва уларга давлат харидларида устунлик берилишини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


3. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратмалар суммаларини "Навоий кон-металлургия комбинати" АЖ ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ учун 10 миллиард сўм этиб қатъий белгиланган миқдорда ўрнатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


4. Дори воситаларининг давлат соғлиқни сақлаш муассасаларига бепул берилиши ёки амал қилиш муддати қисқалиги сабабли нархи пасайтирилган қиймат бўйича реализация қилиниши иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган харажатлар (зарарлар) деб эътироф этилиши ва мос равишда фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланиши маълумот учун қабул қилинсин.


5. Рақамли технологиялар вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги хизматлар турларини аниқ белгилашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Қўшилган қиймат солиғини қоплаш тартибини янада такомиллаштириш, шунингдек, солиқни ноқонуний қоплаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2023 йил 1 октябрга қадар тажриба тариқасида товарларни (хизматларни) сотиб олиш ва (ёки) реализация қилиш билан боғлиқ битимларда иштирок этган контрагентлар - сотувчилар (харидорлар) томонидан қўшилган қиймат солиғининг кам тўланганлиги (солиқ узилиши) аниқланганда, Солиқ қўмитасига мазкур контрагентларга нисбатан солиқ назорати тадбирларини тайинлаш ҳуқуқи берилсин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йил 1 апрелга қадар тажриба доирасида қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ узилишини аниқлаш ва қўллаш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. 2023 йил 1 майдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камераларини ўрнатиш ҳамда уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш мажбурий ҳисобланади;

пахта хомашёси, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимларининг операторлари ўз тизимларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишлари мажбурий ҳисобланади.

8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.


10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 10 февралдаги

ПФ-21-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

ҳужжатларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6098-сон Фармони билан тасдиқланган Реал вақт режимида идоралараро электрон алоқа орқали солиқ органларига тақдим этиладиган қўшимча маълумотлар рўйхати қуйидаги мазмундаги 16-19-позициялар билан тўлдирилсин:

"

16.

Реализация қилинган ёки ижарага берилган давлат мулки объектлари тўғрисида, шунингдек, давлат улушига тегишли соф фойдадан ҳисобланган дивидендлар ва ажратмалар тўғрисида маълумот


Давлат активларини бошқариш агентлиги




17.

Солиқ имтиёзларини қўлловчи иштирокчилар ва резидентлар тўғрисида маълумот


Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши назарда тутилган бирлашмалар, махсус иқтисодий зоналарнинг дирекциялари ва бошқа ташкилотлар




18.

Шахсларнинг пенсияга чиқиши тўғрисидаги маълумот


Пенсия жамғармаси




19.

Биллинг тизими орқали мижозлардан олинган тўловлар ҳақида маълумот


Электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматларини реализация қилувчи корхоналар


".

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги "2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги ПФ-60-сон Фармони 7-банди "б" кичик бандининг биринчи хатбошиси "12 фоизгача ҳамда" сўзларидан кейин "2025 йилдан" сўзлари билан тўлдирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июлдаги "2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-165-сон Фармони 6-банди "а" кичик бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"устав фондида 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларида фойда солиғини тўлагунга қадар фойданинг 10 фоизгача миқдоридаги ("Навоий кон-металлургия комбинати" АЖ ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖда 10 миллиард сўм қатъий белгиланган миқдордаги) ажратмалари ҳисобидан корхоналарнинг алоҳида ҳисоб рақамида шакллантириладиган Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари (кейинги ўринда - Жамғарма) ташкил этилади. Бунда:".


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги "Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4348-сон қарорининг 6-бандида:

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи-ўнинчи хатбошилар тегишинча учинчи-тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 мартдаги "Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5011-сон қарорида:


а) 9-бандда:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи-олтинчи хатбошилар тегишинча иккинчи-бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) 2-илованинг 2-банди "в" кичик бандида:

тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

бешинчи-ўн биринчи хатбошилар тегишинча тўртинчи-ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 октябрдаги "Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5252-сон қарори 1-банди "а" кичик бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади, бундан автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов ҳамда ўзини-ўзи банд қилган шахслар томонидан берилган харид чеклари мустасно".


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги "2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-357-сон қарори 11-бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Бунда, солиқ ва кадастр органларининг ахборот тизимлари ва ресурсларида мавжуд бўлган маълумотларнинг учинчи шахсларга тақдим этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 августдаги "Учинчи шахсларга солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш чора-тадбирлари ҳақида"ги 529-сон қарорида назарда тутилган тартибда амалга оширилади".


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг "2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-471-сон қарори 16-бандининг иккинчи хатбошисидаги "20" рақами "30" рақами билан алмаштирилсин.


9. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги "Электр энергетика тармоғида тариф сиёсатини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 310-сон қарорига 3-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг

ТАРКИБИ


1. Ш.Д. Кудбиев

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири, Комиссия раиси


2. А.И. Ахмедхаджаев

-

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия раиси ўринбосари


3. Ш.С. Хидоятов

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари


4. А.А. Муминов

-

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари


5. А.Н. Каримов

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари


6. Ш.Ш. Шарахметов

-

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг раиси


7. Лавозимига кўра

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари


             

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.".


10. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 октябрдаги 877-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-банди " кичик банди ва Низомга 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарори билан тасдиқланган Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"жисмоний шахслар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахслардан харид қилинган товарлар (хизматлар) чеклари".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 10 февраль