Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 17.03.2023 й. ЎРҚ-824-сон "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 25.10.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 02.03.2023 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

17.03.2023 й.

N ЎРҚ-824



"ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА

ҚЎШИМЧА КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 2 мартда маъқулланган



Кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кучайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга давлат хизматларини кўрсатиш чоғида жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан фуқаролар томонидан давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга аризалар (шикоятлар) берилган тақдирда, давлат божини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлаш имконияти назарда тутилмоқда.

Мазкур Қонунда таклиф этилаётган норма фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган "Давлат божи тўғрисида"ги ЎРҚ-600-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 201-модда, N 5, 298-модда, N 10, 593-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 13-модда, 4-сонга илова, N 7, 661-модда, N 8, 800, 803-моддалар, N 10, 968-модда; 2022 йил, N 2, 76-модда, N 3, 214, 216-моддалар, N 4, 340-модда, N 5, 463, 464, 467-моддалар) иловаси 3-бандининг изоҳи қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Фуқаролар давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судларга мурожаат қилганда ушбу банднинг "б" кичик бандида кўрсатилган давлат божини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди. Бунда давлат божининг қолган қисми қонунда белгиланган тартибда ишни кўриш натижалари бўйича ундирилади".


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 18 март


"Халқ сўзи", 2023 йил 18 март