Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2023 й. 131-сон "Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар таъсирида бўлганлигини аниқлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2023 й.

N 131



ЙЎЛ-ПАТРУЛЬ ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИНИНГ

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚАТНАШЧИЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО

МУНОСАБАТЛАРИ ҲАМДА МАХСУС МОСЛАМАЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШИ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА

ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ҲАЙДОВЧИЛАРИНИНГ

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ ЁКИ ПСИХОТРОП

МОДДАЛАР ТАЪСИРИДА БЎЛГАНЛИГИНИ

АНИҚЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА



Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларида вужудга келиши мумкин бўлган баҳсли ва зиддиятли ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлиги ҳолатини махсус мосламадан фойдаланган ҳолда тезкорлик билан текширишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлиги ҳолатини аниқлашда наркотестер махсус мосламасидан фойдаланиш;

наркотестер махсус мосламаси ёрдамида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлиги аниқланган ҳолларда йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар;

наркотестер махсус мосламаси ёрдамида аниқланган ҳолатлар бўйича транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан чоралар кўриш.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

2024 йил якунига қадар давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ босқичма-босқич йўл-патрул хизмати инспекторларини Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси ҳисобидан наркотестер махсус мосламалари билан таъминласин;

икки ой муддатда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлиги ҳолатини наркотестер махсус мосламасидан фойдаланган ҳолда аниқлаш бўйича йўл-патруль хизмати ходимларининг малакасини оширишга қаратилган ўқув машғулотларини ташкил этсин;

бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан икки ой ўтгач кучга киради.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 25 мартдаги

131-сон қарорига

ИЛОВА



Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати

қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус

мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 2-банднинг еттинчи хатбошиси "мобил комплекслар, алкотестер" сўзларидан кейин "наркотестер" сўзи билан тўлдирилсин.


2. 2-параграфнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2-§. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлигини аниқлаш учун махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби".


3. 36-1 ва 36-2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"36-1. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолда эканлигини ва гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлигини аниқлаш ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.

36-2. Текширув олдидан ЙПХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини махсус мослама (алкотестер, наркотестер)нинг ишлаш тартиби билан таништиради, унинг талабига асосан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатади".


4. 36-5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"36-5. Текширув ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида белгиланган тартибда транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси миқдорини ёхуд биологик суюқлик (сўлак)да гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар борлигини аниқлаш орқали ўтказилади".


5. 36-7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

36-7. Транспорт воситаси ҳайдовчиси махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда, шунингдек, транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган биологик суюқлик (сўлак) наркотестер ёрдамида текширилганда унинг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилганлиги аниқланган тақдирда, ЙПХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига олиб боради".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 март