Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.2023 й. 169-сон "Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш ва ундан оқилона фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.04.2023 й.

N 169




БУЗИЛГАН ЕРЛАРНИ РЕКУЛЬТИВАЦИЯ

ҚИЛИШ, ТУПРОҚНИНГ УНУМДОР ҚАТЛАМИНИ

САҚЛАШ ВА УНДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

      

      

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ республика ҳудудида ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш ишларини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

бузилган ерларни рекультивация қилиш, бузилган ерларни аниқлаш ҳамда рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссиясини ташкил этиш тартиби ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

тупроқ қатламининг бузилиши билан боғлиқ саноат, қурилиш, шунингдек, бошқа ишларни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан ерларнинг унумдор қатламини сидириб олиш ва сақлаш тартиби;

жисмоний ва юридик шахслардан рекультивация қилиш ишлари якунланганлиги тўғрисида ёзма хабарнома келиб тушгандан кейин рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш-топшириш ишларини амалга ошириш тартиби;

бузилган ерларни рекультивация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва рекультивация қилиш тадбирини ернинг бузилишига сабабчи бўлган жисмоний ёки юридик шахснинг маблағи ҳисобидан амалга ошириш тартиби.


2. Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ўз ваколатлари доирасида бузилган ерларни рекультивация қилиш ҳамда уларнинг унумдорлигини тиклаш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш ишларининг сифати ва ўз вақтида бажарилиши бўйича таъсирчан назорат ўрнатсин ва мониторингини таъминласин.


3. Белгилансинки, 2023 йил 1 майдан бошлаб:

Тошкент шаҳрини ва бошқа ҳудудлардаги шаҳарларни кенгайтириш ҳамда ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар ушбу ер участкаларида тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиб, фойдаланишга киритиладиган ва рекультивация ишлари амалга ошириладиган ер майдонларига етказиб берилишини таъминлайди;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бузилган ерларни рекультивация қилиш, инфратузилма объектларининг муҳофаза ҳудудларини белгилаш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва лойиҳани жойига кўчириш даврида муаллифлик назорати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаш институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади;

тоғ-кон қазилмаларининг ағдармалари ҳисобига, шунингдек, инфратузилма объектларини (йўллар, қувурлар, электр тармоқлари) қуриш натижасида бузилган қишлоқ хўжалиги ерларини рекультивация қилиш тадбирлари ва лойиҳалаш ишлари ушбу инфратузилма объектларини барпо этган жисмоний ва юридик шахслар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 августга қадар ер фондининг барча тоифаларидаги қишлоқ хўжалиги ерлари ҳолати, шу жумладан, бузилган ва рекультивация қилинган ерлар тўғрисидаги маълумотлар базаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Геоахборот" тизимида юритилишини таъминласин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

         

        

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                          А. Арипов

      

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 1 май