Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 31.05.2023 й. 3438-сон билан рўйхатга олинган соғлиқни сақлаш вазирининг 30.05.2023 й. 15-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 31 майда 3438-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2023 йил 30 майдаги

15-сон буйруғига

ИЛОВА



Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали

молиялаштириладиган республика даражасидаги

давлат стационар тиббиёт муассасаларида беморларни

дори воситалари ва тиббий буюмлар билан

таъминлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5199-сон қарорига мувофиқ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириш тизимига ўтказилган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида (бундан буён матнда тиббиёт муассасаси деб юритилади) беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тиббиёт муассасаси орқали таъминлашга нисбатан татбиқ этилади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


дори воситалари - касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори моддалари (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар асосида олинган воситалар, дори моддалари (субстанциялар), дори препаратлари;


ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар - ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволаш учун талаб юқори бўлган ва аҳоли, тиббиёт ташкилотлари томонидан кўп фойдаланиладиган, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларнинг рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббий буюмлар;


тиббий буюмлар - касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган буюмлар;


тиббиёт муассасасининг Доимий фаолият кўрсатадиган комиссияси (бундан буён матнда Доимий фаолият кўрсатадиган комиссия деб юритилади) - тиббиёт муассасасида ташкил этиладиган ва ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ҳамда тиббий буюмларига бўлган эҳтиёжни ҳисоблаб чиқадиган ва тасдиқлайдиган, уларни харид қилиш, ҳисобга олиш, тақсимлаш ҳамда қўллашни назорат қиладиган комиссия.


3. Доимий фаолият кўрсатадиган комиссия тиббиёт муассасаси раҳбарининг буйруғи билан мазкур тиббиёт муассасасининг малакали мутахассисларидан камида беш кишидан иборат таркибда шакллантирилади.


4. Тиббиёт муассасасида беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш харажатлар сметаси бўйича ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети доирасида бепул, қолган ҳолларда пуллик асосда тиббиёт муассасасига кирим қилинган нархларда амалга оширилади.



2-БОБ. ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА ДОРИ

ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЙ БУЮМЛАРГА

БЎЛГАН ЭҲТИЁЖНИ АНИҚЛАШ


5. Тиббиёт муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёж ҳар йил учун алоҳида ҳар бир дори воситаси ва тиббий буюм бўйича шакллантирилади.


6. Дори воситалари ва тиббий буюмларга (бундан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар мустасно) бўлган эҳтиёжни аниқлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

а) биринчи босқич - тиббиёт муассасасининг ҳар бир бўлими ўз фаолият туридан ҳамда ўтган давр учун беморларни таъминлаш мақсадида сарфланган дори воситалари ва тиббий буюмлар миқдоридан келиб чиқиб, ўзининг келгуси йил учун эҳтиёжини аниқлайди ҳамда ҳар йили 30 ноябрга қадар тегишли тиббиёт муассасасининг Доимий фаолият кўрсатадиган комиссиясига тақдим этади;

б) иккинчи босқич - Доимий фаолият кўрсатадиган комиссия ҳар йили 20 декабрга қадар бўлимлардан олинган эҳтиёж тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ҳамда тиббиёт муассасасидаги шифо ўрни, даволанган беморлар ҳамда уларнинг ўртача даволаниш кунлари, даволаш стандартлари, клиник қўлланмалар, шунингдек кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт муассасасининг йиғма эҳтиёжини шакллантиради.

Тиббиёт муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган йиғма эҳтиёж ҳар йили 25 декабрга қадар тиббиёт муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади.


7. Тиббиёт муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга (бундан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар мустасно) бўлган эҳтиёж қуйидаги формула бўйича аниқланади:


Э = С х Б х В


бунда:

Э - дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган йиллик эҳтиёж;

С - бир нафар беморга бир кунлик даволаш учун сарфланадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар миқдори;

Б - бир нафар беморда ўтказиладиган даволаш курслари давомийлиги;

В - даволаш учун дори воситаси ва тиббий буюм қўлланиладиган беморларнинг йиллик сони (касалланиш).


8. Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёж Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 741-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларга эҳтиёжни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.

Бунда, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари таркибига кирадиган наркотик ва психотроп моддаларга бўлган эҳтиёж Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 472-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.



3-БОБ. ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА ДОРИ

ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЙ БУЮМЛАРНИ

ХАРИД ҚИЛИШ ВА САҚЛАШ


9. Тиббиёт муассасалари томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар мазкур тиббиёт муассасаларида аниқланган йиллик эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ харид қилинади.


10. Тиббиёт муассасаси томонидан яроқлилик муддати 12 ойдан кам бўлмаган дори воситалар ва тиббий буюмлар харид қилинади.

Бунда, харид қилинадиган дори воситаларининг нархи белгиланган улгуржи референт нархларидан юқори бўлмаслиги лозим.


11. Харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар тиббиёт муассассанинг дорихонасида СанҚваН-0337-16 "Дорихоналар тузилмаси, жиҳозлари ва фаолият юритиши учун санитария қоидалари ва меъёрлари" талабларига мувофиқ сақланади.



4-БОБ. ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА

БЕМОРЛАРНИ ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА

ТИББИЙ БУЮМЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


12. Тиббиёт муассасасининг дорихонасидан дори воситалари ва тиббий буюмлар тиббиёт муассасининг бўлимларига мазкур бўлимларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг талабномаси асосида уч кунлик ҳажмда берилади.


13. Тиббиёт муассасининг бўлимларига дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тақсимланиши бўйича ҳар бир ҳолат Доимий фаолият кўрсатадиган комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади.


14. Беморларга Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилмаган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг қиймати беморнинг ўз маблағлари ҳисобидан тиббиёт муассасасининг ғазнасига тўлов қилиш орқали қопланади.


15. Тиббиёт муассасасининг дорихонасидан тиббиёт муассасаси бўлимлари эҳтиёжи учун олинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг кирим-чиқими ва ҳисоби бўлим катта ҳамшираси томонидан компьютерда махсус электрон дастур ёрдамида юритилади.


16. Бўлим ҳамширалари шифокор тавсияси бўйича бемор учун сарфланган дори воситаси ва тиббий буюмлар миқдорини ушбу дори воситалари ва тиббий буюмлар беморга қўлланилган вақтнинг ўзида беморнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда касаллик тарихининг тартиб рақами бўйича махсус электрон дастурга киритиб қўяди.


17. Дори воситалари ва тиббий буюмларнинг кирим-чиқими ва сарфланиши бўйича маълумотларнинг махсус электрон дастурга ўз вақтида киритилиши учун бўлим мудири шахсан жавобгар ҳисобланади.


18. Тиббиёт муассасаларида харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг кунлик қолдиғи ҳамда нархлари манбалар кесимида тиббиёт муассасаларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади ҳамда мунтазам янгилаб борилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Тиббиёт муассасаларида беморларга белгиланган тартибда тиббий ёрдамни ташкил этиш, уларни тиббиёт муассасаси томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар билан талаб даражасида таъминлаш учун тиббиёт муассасасининг раҳбари ва ушбу муассаса дорихонасининг мудири жавобгар ҳисобланади.


20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 1 июнь