Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.06.2023 й. ПҚ-181-сон "Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.06.2023 й.

N ПҚ-181



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЖАҲОН САВДО ТАШКИЛОТИГА АЪЗО БЎЛИШ

ЖАРАЁНИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (кейинги ўринларда - ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш ва сифатли амалга оширишни таъминлаш мақсадида:


1. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиянинг (кейинги ўринларда - Комиссия) янгиланган таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комиссияга (Ж.А. Ходжаев) қуйидаги асосий вазифалар юклансин:

ЖСТга аъзо мамлакатлар билан бозорга кириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг позициясини аниқ белгилаб бериш ҳамда икки ва кўп томонлама музокаралар жараёнида ташқи савдо режимини тариф ва нотариф чоралар орқали ўзгартириш бўйича қарорлар қабул қилиш;

миллий қонунчиликни ЖСТ битим, қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича Адлия вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган таклифларни кўриб чиқиш ва миллий қонунчиликка имплементация қилиш юзасидан қарорлар қабул қилиш;

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида юқори профессионал маҳорат билан материалларни сифатли ва ўз вақтида тайёрлаш ҳамда музокаралар натижадорлигини таъминлашда фаоллик кўрсатган вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул ходимларини моддий рағбатлантириш;

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига жалб қилиниб, вазифасига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашган вазирлик ва идоралар раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар кўриш бўйича, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазирига тақдимномалар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан тезкор тарзда келишган ҳолда Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳининг (кейинги ўринларда - музокаралар гуруҳи) хорижий мамлакатларда икки ва кўп томонлама музокаралар ўтказишини таъминлаш.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили (кейинги ўринларда - махсус вакил) лавозими киритилсин.

Белгилансинки, махсус вакил:

бир пайтнинг ўзида Комиссия раисининг ўринбосари ҳамда музокаралар гуруҳи раҳбари - бош музокарачи ҳисобланади;

мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг шўъбаси мудирига тенглаштирилади.


3. Махсус вакилнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятининг натижадорлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

ЖСТга аъзо бўлиш шартлари, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар билан музокаралар ўтказишда ҳар бир масала бўйича аниқ позиция ишлаб чиқилиши ва таклифларнинг Комиссияга кўриб чиқиш учун киритилишини таъминлаш;

ЖСТга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокараларни ўтказишга пухта ва ҳар томонлама тайёргарлик кўриш ҳамда уларнинг самарали ўтказилишини таъминлаш;

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси позициясини етказиш мақсадида ЖСТ Котибияти ва аъзо давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари билан доимий ишчи алоқаларни ўрнатиш;

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида донорларнинг техник кўмаги ва улар томонидан ажратиладиган грант маблағларидан самарали фойдаланишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш.


4. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳининг янгиланган таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Комиссия томонидан белгилаб берилган позиция асосида ЖСТга аъзо мамлакатлар билан бозорга кириш бўйича самарали музокаралар олиб бориш;

музокаралар ҳолатидан келиб чиқиб ва келишувларда олдинга илдамлаш мақсадида, зарур ҳолларда, бозорга кириш бўйича музокаралар жараёнида таклифлар ишлаб чиқиш ва тезкор келишиш.


5. Комиссиянинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

Адлия вазирлигига маъмурий ислоҳотлар доирасида илгари мақбуллаштирилган штат бирликлари ҳисобидан қўшимча 5 та штат бирлигини ажратган ҳолда вазирликка миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш функциясини юклаш;

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги марказий аппарати тузилмасида мавжуд штат бирликлари доирасида ЖСТ билан ҳамкорлик қилиш, МДҲ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш ҳамда Тариф ва нотариф тартибга солиш чоралари бошқармалари негизида Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш ва савдо музокаралари департаментини ташкил этиш;

мазкур қарорнинг 3-иловасида келтирилган вазирлик ва идоралар марказий аппарати тузилмасида белгиланган умумий штат бирлиги доирасида ЖСТ масалалари бўйича бўлинмаларни ташкил қилиш;

Ташқи ишлар вазирлиги хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарнинг мавжуд вакант штатларни мақбуллаштириш ҳисобидан Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхонасида қўшимча 1 та штат бирлигида - ЖСТ масалалари бўйича биринчи котиб лавозимини киритиш.

Белгилаб қўйилсинки, вазирлик ва идораларнинг ЖСТ масалаларига масъул бўлган ходимларини бошқа ишга ўтказиш ёки лавозимидан озод этиш Комиссия билан келишилган ҳолдагина амалга оширилади.


6. Белгилансинки:

2023 йил 1 июлдан бошлаб ЖСТ қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланади;

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун 2023 йилда жами 30 млрд сўм, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси ҳисобидан 10 млрд сўм ва Экспортни рағбатлантириш агентлигига кўзда тутилган маблағлар доирасида 20 млрд сўм ҳамда 2024 йилдан бошлаб ушбу тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджети параметрларида зарур маблағлар кўзда тутилади.

Комиссияга ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ тадбирлар, шу жумладан экспертларни жалб қилиш, таржима хизматларини ташкил этиш, таҳлилий тадқиқот ишларини олиб бориш, илмий асосларни тайёрлаш ва ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида бевосита иштирок этувчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва масъул ходимларининг хизмат сафарлари ҳамда уларни моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни мазкур бандда кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан, зарур ҳолларда тўғридан-тўғри шартномалар асосида, мустақил молиялаштириш ҳуқуқи берилсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилиш, амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар 15 кунда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб бориш Бош вазир ўринбосари Ж.А Ходжаев ҳамда махсус вакил зиммасига юклансин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 2 июндаги

ПҚ-181-сон қарорига

1-ИЛОВА



Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш

бўйича идоралараро комиссия

ТАРКИБИ

        

1. Ж.А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Идоралараро комиссия раиси


2. А.А. Урунов

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили, Идоралараро комиссия раисининг ўринбосари


3. Д.Х. Файзиева

-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати


4. Д.А. Ганиев

-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати


5. Г.Г. Фазилов

-

ташқи ишлар вазири ўринбосари


6. И.И. Норқулов

-

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари


7. Д.Ш. Султанов

-

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари


8. А.Н. Каримов

-

адлия вазири ўринбосари


9. А.Я. Хайдаров

-

қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари


10. Б.Н. Абидов

-

инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари


11. Ж.Э. Чориев

-

транспорт вазири ўринбосари


12. Ж.Т. Максудов

-

рақамли технологиялар вазири ўринбосари


13. У.У. Шарифходжаев

-

мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари


14. С.М. Бузрукхонов

-

олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари


15. О.Р. Фазилкаримов

-

соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари


16. А.А. Икрамов

-

Статистика агентлиги директорининг ўринбосари


17. Б.Ю. Абубакиров

-

Марказий банк раиси ўринбосари


18. И.М. Мухторов

-

Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


19. Ж.И. Абдиев

-

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари


20. Ф.Э. Карабаев

-

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари


21. Б.Ш. Усмонов

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари


22. Д.Н. Саттаров

-

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори


23. Б.Қ. Юсупалиев

-

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси


24. И.К. Эргашев

-

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директори


25. А.А. Акбаров

-

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари


26. Д.А. Ваҳобов

-

Савдо-саноат палатаси раиси


27. Ш.Ф. Озодзода

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими


28. Ф.А. Кадиров

-

Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари


29. Е.С. Каньязов

-

Адлия вазирлиги департаменти бошлиғи


30. Лавозими бўйича

-

Адлия вазирлигининг миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича бўлинмаси бошлиғи


31. А.Э. Мирсаидов

-

Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси - Ўзбекистон Республикасининг ЖСТдаги вакили


32. Лавозими бўйича

-

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ЖСТ билан ишлаш ва савдо музокаралари департаменти директори, Идоралараро комиссия масъул котиби

             





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 2 июндаги

ПҚ-181-сон қарорига

2-ИЛОВА



Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш

бўйича музокаралар гуруҳи

ТАРКИБИ

1. Ж.А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Идоралараро комиссия раиси


2. А.А. Урунов

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили, Музокаралар гуруҳи раҳбари - бош музокарачи


3. И.И. Норқулов

-

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари


4. Д.Ш. Султанов

-

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари


5. А.Н. Каримов

-

адлия вазири ўринбосари


6. А.Я. Хайдаров

-

қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари


7. Б.Н. Абидов

-

инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари


8. И.М. Мухторов

-

Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


9. Ф.Э. Карабаев

-

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари


10. Б.Ш. Усмонов

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари


11. Д.Н. Саттаров

-

Ўзбекистон техник жихатдан тартибга солиш агентлиги директори


12. Б.Қ. Юсупалиев

-

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси


13. И.К. Эргашев

-

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директори


14. А.А. Акбаров

-

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари


15. Е.С. Каньязов

-

Адлия вазирлиги Департаменти директори


16. А.Э. Мирсаидов

-

Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси - Ўзбекистон Республикасининг ЖСТдаги вакили


17. Лавозими бўйича

-

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ЖСТ билан ишлаш ва савдо музокаралари департаменти директори, Музокаралар гуруҳи котиби

       





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 2 июндаги

ПҚ-181-сон қарорига

3-ИЛОВА



Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича бўлинмалар

ташкил этиладиган вазирлик ва идоралар

РЎЙХАТИ


1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;


2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;


3. Сув хўжалиги вазирлиги;


4. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;


5. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;


6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;


7. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;


8. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;


9. Рақамли технологиялар вазирлиги;


10. Транспорт вазирлиги;


11. Маданият ва туризм вазирлиги;


12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги;


13. Марказий банк;


14. Давлат активларини бошқариш агентлиги;


15. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси;


16. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси;


17. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги;


18. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси;


19. Божхона қўмитаси;


20. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 5 июнь