Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тижорат банклари томонидан кўчмас мулкни ва бошқа мол-мулкни сотиб олишга ҳамда унга эгалик қилишга, шунингдек юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини ёки акцияларини сотиб олишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 08.06.2023 й. 3441-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 05.05.2023 й. 10/5-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 8 июнда 3441-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2023 йил 5 майдаги

10/5-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тижорат банклари томонидан кўчмас мулкни ва бошқа

мол-мулкни сотиб олишга ҳамда унга эгалик қилишга,

шунингдек юридик шахсларнинг устав фондидаги

(устав капиталидаги) улушларини ёки акцияларини

сотиб олишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом тижорат банклари (бундан буён матнда банк деб юритилади) томонидан кўчмас мулкни ва бошқа мол-мулкни сотиб олишга ҳамда унга эгалик қилишга, шунингдек юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини ёки акцияларини сотиб олишга қўйиладиган талабларни белгилайди.



1-БОБ. БАНК ТОМОНИДАН КЎЧМАС МУЛКНИ ВА

БОШҚА МОЛ-МУЛКНИ СОТИБ ОЛИШГА ҲАМДА

УНГА ЭГАЛИК ҚИЛИШГА ДОИР ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий қоидалар


1. Мазкур Низом талабларига мувофиқ банк фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларга қуйидагилар киради:

банкнинг фаолияти ва тўлиқ иш юритиши учун зарур бўлган, унга тегишли бинолар ва бошқа иншоотлар (хизмат бинолари, омбор, гараж, ошхона, ўқув маркази, ижтимоий инфраструктура объектлари);

банк фаолиятида фойдаланилаётган транспорт воситалари (автомашина, юк машиналари ва бошқа ҳаракатланувчи воситалар);

банк фаолияти учун сотиб олинган мебеллар, компьютерлар, бинолар учун мосламалар, офис учун ва бошқа ускуналар;

тўлов карталари билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш ускуналари, банкоматлар, терминаллар, серверлар ва бошқа ускуналар;

операцион ижарага берилган асосий воситалар;

омбордаги асосий воситалар;

банк томонидан олинган ва омборда сақланаётган кам баҳоли ва тез эскирувчи буюмлар, шунингдек бошқа қимматликлар, шу жумладан банкнинг бино ва бошқа асосий воситаларини таъмирлаш учун мўлжалланган материаллар;

банкнинг тугатилган ёки тугатилиш жараёнида бўлган банклардаги маблағлари.


2. Мазкур Низом талабларига мувофиқ банк фаолиятини амалга ошириш учун зарурияти мавжуд бўлмаган (фойдаланилмайдиган) кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларга қуйидагилар киради:

сотиб олинган ер;

гаров ҳисобидан ундирилган кўчмас мулк ва бошқа мол-мулклар;

кредит ва лизинг бўйича ундирилган тугатилаётган банкрот корхоналар кўчмас мулки ва бошқа мол-мулклари;

ижара даромадини олиш ва капитал ўсиши учун ёки ҳар икки мақсад учун мўлжалланган кўчмас мулклар;

банк фаолиятини амалга ошириш учун сотиб олинган, бироқ банк фаолиятида ва (ёки) мулкка қилинган инвестиция сифатида уч йилдан ортиқ муддатда фойдаланилмаётган кўчмас мулк ва бошқа мол-мулклар.


3. Банк фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ёки зарурияти мавжуд бўлмаган (фойдаланилмайдиган) кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларнинг жами қиймати банкнинг биринчи даражали регулятив капиталининг бир баробаридан ошмаслиги керак.


4. Банк фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ёки зарурияти мавжуд бўлмаган (фойдаланилмайдиган) кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларнинг жами қиймати ҳисоб-китобларида:

асосий воситалар, бино (иншоотлар)ни қурилиши (реконструкцияси) билан боғлиқ бўлган лойиҳа-қидирув ишлари, қурилиш материаллари, меҳнат, харажатлар ҳамда асосий воситалар сотиб олиш билан боғлиқ бўлган бошқа капиталлаштириладиган харажатлар қиймати қўшилган ҳолда;

ушбу кўчмас мулк ва бошқа мол-мулклар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун шакллантирилган захиралар ва йиғилган эскириш суммалари миқдори чегирилган ҳолда ҳисобга олинади.



2-§. Кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкни сотиб

олишга ва эгалик қилишга доир талаблар


5. Банклар банк фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлганда кўчмас мулкни ва бошқа мол-мулкни сотиб олишлари ҳамда уларга эгалик қилишлари мумкин.


6. Банклар банк фаолиятини амалга ошириш учун зарурияти мавжуд бўлмаган (фойдаланилмайдиган) кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкларга вақтинчалик эгалик қилишлари ҳамда уч йил ичида сотиш чораларини кўриши ёки улардан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиши зарур.


7. Банк фаолиятини амалга ошириш учун зарурияти мавжуд бўлмаган (фойдаланилмайдиган) кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкни сотишда сотувчи банк томонидан харидорнинг молияланишини ўз ичига олса, банк ушбу операцияга кредитлаш сифатида ёндашиши лозим. Бунда банк кредитлашга нисбатан белгиланган талабларни бажариши зарур.


8. Кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкни банк фаолиятини амалга ошириш учун зарурияти мавжуд бўлмаган (фойдаланилмайдиган) деб ҳисоблаш қуйидаги санадан бошланади:

банк фаолиятини амалга оширишда фойдаланилмайдиган кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка мулк ҳуқуқи банкка ўтган кундан бошлаб;

банкнинг бир биносидан бошқа биносига кўчиб ўтиши тугалланган кундан бошлаб;

банк фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган сотиб олинган (эгалик қилинаётган) кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкдан фойдаланмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб;

гаров ҳисобидан ундирилган кўчмас мулк ва бошқа мол-мулк банк ихтиёрига ўтган кундан бошлаб.


9. Банкнинг ваколатли бошқарув органи банк фаолиятини амалга ошириш учун зарурияти мавжуд бўлмаган (фойдаланилмайдиган) кўчмас мулкдан ва бошқа мол-мулкдан мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тегишли муддатдан бошлаб уч йилдан сўнг банк фаолиятини амалга оширишда фойдаланишга қарор қилганда ушбу кўчмас мулк ва мол-мулклардан фойдаланишнинг аниқ режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаши зарур.

Бунда, мазкур режа якуний ва оралиқ муддатларда амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олиши ҳамда ушбу режа тасдиқлангандан бошлаб банк фаолиятини амалга ошириш учун зарурияти мавжуд бўлмаган (фойдаланилмайдиган) кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкдан икки йил ичида фойдаланишни бошлаш назарда тутиши лозим.



2-БОБ. БАНКЛАР ТОМОНИДАН ЮРИДИК

ШАХСЛАРНИНГ УСТАВ ФОНДИДАГИ (УСТАВ

КАПИТАЛИДАГИ) УЛУШЛАРИНИ ЁКИ АКЦИЯЛАРИНИ

СОТИБ ОЛИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


10. Банклар Марказий банк томонидан бериладиган банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар боғлиқ билан операцияларни амалга оширишлари мумкин.


11. Банкларга юридик шахсларни ташкил этиш ва (ёки) юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) улушларни ёки акцияларни олиш тақиқланади, бундан қуйидагилар мустасно:

кредит, суғурта ва лизинг операцияларини профессионал асосда амалга оширувчи юридик шахслар;

молия бозори инфратузилмасининг бир қисми бўлган ёки банкларга ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар;

банкнинг кафолати остида қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш мақсадида мазкур банкнинг хорижда ташкил этиладиган шуъба ташкилотлари;

фақат инкассация фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар;

банк операциялари бўйича ҳисоб-китоблар, шу жумладан банк карталари билан операцияларга доир ҳисоб-китоблар иштирокчилари ўртасида ўзаро боғлиқлигини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар;

фонд ва валюта биржалари;

кредит бюролари;

қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозорига жойлаштирилган акцияларнинг йигирма фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда фонд биржаси листингига киритилган акциядорлик жамиятлари.


12. Банк томонидан бир юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини ёки акцияларини олиш банкнинг биринчи даражали регулятив капиталининг ўн беш фоизидан ошмаслиги керак.


13. Банклар томонидан қимматли қоғозлар билан битимларни амалга ошириш, юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини ёки акцияларини сотиб олиш йиғиндиси банкнинг биринчи даражали регулятив капиталининг эллик фоизидан ошмаслиги керак.


14. Қимматли қоғозлар билан битимларни амалга ошириш суммасини ҳисоблашда қарз муносабатларини тасдиқловчи қимматли қоғозлар капитал монандлиги ҳисоб-китобларида банк контрагентига (эмитентга) белгиланган таваккалчилик даражаси асосида таваккалчиликка тортилган қийматда ҳисобга олинади.

Агар банк томонидан юридик шахслар устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига ёки акцияларига эгалик қилиш ушбу Низомнинг 12 ва 13-бандларида кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлса, ушбу ортган қисмни банк бир йил ичида сотиши шарт.


15. Мазкур Низомнинг 12 ва 13-бандларида белгиланган чекловлар банк активлари таъминоти учун қабул қилинган қимматли қоғозларга нисбатан қўлланилмайди.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


16. Банклар сотиб олинган ва эгалигидаги кўчмас мулкни ва бошқа мол-мулкни, шунингдек сотиб олинган юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини ёки акцияларини ҳисобини юритиши ва бу тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар ойнинг ўнинчи санасига қадар Марказий банкка тақдим этиб бориши лозим.


17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 8 июнь