Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.06.2023 й. ПҚ-192-сон "Фаол ишбилармонлик муҳитини шакллантиришни янада рағбатлантириш, солиқ мажбуриятини бажаришда аҳоли томонидан ортиқча харажатларга йўл қўймаслик ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.06.2023 й.

N ПҚ-192



ФАОЛ ИШБИЛАРМОНЛИК МУҲИТИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШНИ ЯНАДА РАҒБАТЛАНТИРИШ,

СОЛИҚ МАЖБУРИЯТИНИ БАЖАРИШДА АҲОЛИ

ТОМОНИДАН ОРТИҚЧА ХАРАЖАТЛАРГА

ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК ҲАМДА ҚЎШИМЧА

ИШ ЎРИНЛАРИНИ ЯРАТИШГА ДОИР

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

        

          

Тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли билан ўтказилган очиқ мулоқотларда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда фаол ишбилармонлик муҳитини шакллантиришни янада рағбатлантириш, солиқ мажбуриятини бажаришда аҳоли томонидан ортиқча харажатларга йўл қўймаслик, шунингдек, қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида:


1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг қуйидагиларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

2023 йил 1 июнь ҳолатига жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (нотурар кўчмас мулк объектлари бундан мустасно) бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня суммалари;

2023 йил 1 июнь ҳолатига охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи, ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси;

2023 йил 1 июнь ҳолатига хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилган жарималар суммаси.

Белгилансинки, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликнинг вужудга келиш муддати 2023 йил 1 июндан бошлаб янгидан ҳисобланади.


2. Солиқ қўмитаси ва Мажбурий ижро бюроси икки ҳафта муддатда ушбу қарорнинг 1-бандидаги солиқ қарзи, пеня ва жарималарни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилишини таъминласин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган тадбиркорлик субъектларига берилган имкониятдан фойдаланиш ва кейинги фаолиятларини йўлга қўйишда шарт-шароит яратиш чораларини кўрсин.


4. Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда мазкур қарорнинг 1-бандига асосан ҳисобдан чиқарилган тўловлар (солиқ қарзи, пеня ва жарималар) тўғрисида жисмоний шахсларга уяли алоқа каналлари ҳамда юридик шахсларга солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали хабарнома юборилишини таъминласин.


5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг 2024 йил 1 июнга қадар ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланаётган жисмоний шахсларга ер солиғининг уч карра оширилган ставкасида солиқ ҳисоблаш тартибини тўхтатиб туриш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур банддан келиб чиқиб, "Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Фермер хўжаликларига 2023 йил 1 июнь ҳолатига шаклланган сув солиғидан қарзини ўн икки ой мобайнида тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилсин.

Солиқ қўмитаси солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризаларни электрон тарзда қабул қилиб, уларнинг Солиқ кодексида белгиланган шартларсиз беш кунгача муддатда кўриб чиқилишини таъминласин.


7. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни солиқ органларининг "Е-актив" ахборот тизимида ихтиёрий акс эттириш тартибининг амал қилиш муддати 2024 йил 1 апрелга қадар узайтирилсин.


8. 2023 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлга қадар иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда республика бюджетидан тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилсин:

ҳар бир беш сотих ер майдони учун ойига камида бир нафар ишчининг бандлигини таъминлаш;

ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш;

иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши.


9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Д. Кудбиев белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

          

        

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев

        

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 16 июнь