Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал" танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.06.2023 й. 262-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 26 июндаги

262-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган

энг яхши материал" танловини ташкил этиш

ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал" танловини (кейинги ўринларда - Танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Танлов оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган ва юқори профессионал даражада тайёрланган энг яхши материалларни аниқлаш ҳамда уларнинг муаллифларини тақдирлаш мақсадида ташкил этилади.


3. Танлов ҳар йили чорак якуни бўйича ўтказилади.


4. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


иштирокчи - Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган оммавий ахборот воситалари, шунингдек, танловда қатнашиш учун ариза берган муаллифлар (ижодий гуруҳ аъзолари);


материал - оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақола, шарҳ, журналистик суриштирув, интервью, видео-, аудио-, фото- ва бошқа маҳсулотлар;


махсус электрон платформа - танлов ташкилотчиси томонидан ишлаб чиқилган ва энг яхши материалларни кенг жамоатчилик ва малакали мустақил экспертлар муҳокамасига тақдим этишга мўлжалланган электрон тизим;


оммавий ахборот воситаси - оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган, қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари;


ташкилотчи - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси;


ташкилий қўмита - танловни ташкил этиш ва ўтказишда танлов учун тақдим этилган материалларни баҳолаш мезонларини ва ҳакамлар ҳайъати таркибини тасдиқлаш, ғолиб ва совриндорлар ҳамда рағбатлантирувчи ўринлар миқдорларини белгилаш, шунингдек танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилиш вазифаларини амалга оширувчи коллегиал орган;


фойдаланувчи - махсус электрон платформадан рўйхатдан ўтган ҳамда танловда иштирок этаётган материалларни муҳокама қилиб, баҳо берувчи жисмоний шахс;


ҳакамлар ҳайъати - танлов иштирокчиларининг аризалари билан тақдим этилган материалларни баҳоловчи экспертлар гуруҳи.


5. Танлов қуйидаги йўналишларда ўтказилади:

газеталар ва журнал (ахборотнома-бюллетень)ларда чоп этилган материаллар;

телеканалларда эфирга узатилган материаллар;

радиоканалларда эфирга узатилган материаллар;

веб-сайтларда эълон қилинган материаллар.


6. Ташкилий қўмитанинг таркиби ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ тузилади.


7. Ташкилий қўмитанинг мажлислари заруратга қараб, лекин уч ойда камида бир марта ўтказилади.


8. Ҳакамлар ҳайъати ташкилотчи, шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, нодавлат нотижорат ташкилотлар, олий таълим ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг тажрибали вакилларидан иборат таркибда Ташкилий қўмита томонидан тузилади.


9. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг танлов материалларини ўрганиш ва баҳолаш жараёнига аралашишга йўл қўйилмайди.



2-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


10. "Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал" танлови ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.


11. Фойдаланувчи жойлаштирилган материалларни "5" баллик тизим асосида баҳолайди ва ушбу баҳолар ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов материалларини кўриб чиқиш ва баҳолашда инобатга олинади.


12. Ташкилотчи ҳар йили март, июнь, сентябрь, декабрь ойининг 20-санасидан кейинги ойнинг 1-санасига қадар танловни ўтказиш ҳақидаги эълонларни ўз расмий веб-сайти ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифаларида жойлаштиради.


13. Иштирокчи ҳар йили апрель, июль, октябрь, январь ойининг 1-10-саналарида (10 кун муддатда) оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 5 тагача материални Ташкилий қўмитага (шу жумладан, электрон тарзда) танловда иштирок этиш учун ариза билан бирга тақдим этади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

танловга тақдим этилаётган материаллар рўйхати ва уларнинг қачон ва қайси оммавий ахборот воситасида эълон қилинганлиги ҳақидаги маълумот;

веб-сайтларда эълон қилинган материалларнинг фаол гиперҳаволаси;

газета, журнал (ахборотнома-бюллетень)ларда чоп этилган материалларнинг электрон (pdf) шакли;

радиоканалларда эълон қилинган материалларнинг электрон (mp3) шакли;

телеканалларда эълон қилинган материалларни видеохостингга жойлаштирган ҳолда, уларнинг фаол гиперҳаволаси.


14. Ташкилий қўмита танловга келиб тушган материалларни умумлаштиради ва энг яхши материалларни кенг жамоатчилик ва малакали мустақил экспертлар томонидан очиқ ва шаффоф усулда муҳокамаси учун платформага жойлаштиради.


15. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳамда бошқа интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилиши, ушбу Низомда белгиланган тартибларга риоя қилмаслик билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, Ташкилий қўмита иштирокчиларни танловда қатнашиш имкониятидан маҳрум қилиш ҳуқуқига эга, бу ҳолат тегишли баённома билан расмийлаштирилади.


16. Ҳакамлар ҳайъати:

тақдим этилган материалларни ҳар йили апрель, июль, октябрь, январь ойининг 11-30-санасига қадар (20 кун муддатда) Ташкилий қўмита томонидан белгиланадиган талаблар (мезонлар) асосида баҳолайди;

ҳар йили май, август, ноябрь, февраль ойининг 5-санасига қадар баҳолаш якунлари бўйича ғолиб ва совриндор деб топилган фаол журналистлар ва муаллифларни аниқлайди.


17. Ташкилотчи ҳар йили май, август, ноябрь, февраль ойининг 10-санасига қадар танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлайди ҳамда уларнинг номларини ўз расмий веб-сайти ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифаларида эълон қилади.


18. Танловда илмий-услубий мақолалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга изоҳли шарҳлар, илмий муаллифлик тадқиқотлари, услубий ишланмалар, шунингдек реклама сифатида чоп этилган материаллар иштирок этиши мумкин эмас.


19. Топширилган материаллар танлов ўтказилаётган чоракда биринчи маротаба эълон қилинган бўлиши зарур.



3-БОБ. ТАШКИЛОТЧИ, ТАШКИЛИЙ ҚЎМИТА

ВА ҲАКАМЛАР ҲАЙЪАТИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


20. Ташкилотчи:

танловни ташкил этади ва ўтказади;

Ташкилий қўмита фаолиятига кўмаклашади;

танлов эълони, жараёнлари ва якунлари ҳақидаги ахборотларни махсус электрон платформа ҳамда ўз расмий веб-сайти ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифаларида эълон қилиб боради;

танлов ғолиб ва совриндорларини рағбатлантиради;

ҳакамлар ҳайъати аъзолари меҳнатига ҳақ тўлайди.


21. Ташкилий қўмита:

ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди, заруратга кўра, ҳакамлар ҳайъати таркибига ўзгартиришлар киритади;

нохолис ёндашув, манфаатлар тўқнашуви, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик, шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўради;

танлов бўйича келиб тушган мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқади;

ғолиб ва совриндорларни саралашда ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатлилик, шаффофлик мезонларига риоя қилинишини таъминлайди;

танловга келиб тушган материалларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

танлов иштирокчиларининг ҳакамлар ҳайъати қарорлари устидан шикоятларини кўриб чиқади.


22. Ҳакамлар ҳайъати:

материалларни адолатлилик, шаффофлик мезонларига риоя қилган ҳолда профессионал талаблар асосида кўриб чиқади ва баҳолайди;

ғолиб ва совриндорларни аниқлайди ҳамда тегишли қарор қабул қилади;

нохолис ёндашув, манфаатлар тўқнашуви, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик, шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслик, натижалар эълон қилингунга қадар унинг сир сақланишини таъминлаш чораларини кўради.



4-БОБ. ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ВА СОВРИНДОРЛАРИНИ

МУКОФОТЛАШ ТАРТИБИ


23. Танлов ғолиб ва совриндорлари ҳар бир йўналиш бўйича биттадан 1, 2 ва 3-ўринлар ҳамда ҳар бир йўналиш бўйича 5 тадан 22 тагача рағбатлантирувчи ўринларни баҳолаш мезонлари асосида аниқлаш орқали белгиланади.

Бунда, рағбатлантирувчи ўринларнинг энг кўп сони (бироқ 22 тадан ошмаган миқдорда) ҳакамлар ҳайъати томонидан танловга тақдим этилган материалларни кўриб чиқиш натижалари асосида аниқланади.


24. Ғолиблар ва совриндорлар қуйидагича рағбатлантирилади:

ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўринга - базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида;

ҳар бир йўналиш бўйича 2-ўринга - базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида;

ҳар бир йўналиш бўйича 3-ўринга - базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида;

ҳар бир йўналиш бўйича рағбатлантирувчи ўринга - базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида.


25. Танловни ташкил этиш, ўтказиш, ғолиб ва совриндорларни мукофотлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси орқали қопланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Танловга тақдим этилган материаллар тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига иштирокчи жавобгар ҳисобланади.


27. Танлов натижаларидан норози бўлган иштирокчилар Ташкилий қўмитага шикоят қилишлари мумкин.


28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



"Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган

энг яхши материал" танловини ташкил этиш

ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита

ТАРКИБИ

1. А.А. Ходжаев

-

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори, Ташкилий қўмита раиси


2. А. Кўчимов

-

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори


3. А.Д. Хаджаев

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси


4. Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси


5. Ш.Т. Қудратхўжа

-

Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси (келишув асосида)


6. О.Н. Ҳусанов

-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижрочи директори (келишув асосида)


7. Г.К. Хатамова

-

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи, Ташкилий қўмита котиби

         

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган ходимлар Ташкилий қўмита таркибига киритилади.






Низомга

2-ИЛОВА



"Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган

энг яхши материал" танловини ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқич

Субъект


Тадбирлар


Бажариш муддати

1-босқич

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси


Танловни ўтказиш ҳақидаги эълонларни ўз расмий веб-сайти ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифаларида жойлаштиради.


Ҳар йили март, июнь, сентябрь, декабрь ойининг 20-санасидан кейинги ойнинг 1-санасига қадар







2-босқич

Иштирокчи




Ташкилий қўмита


Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 5 тагача материални Ташкилий қўмитага тақдим этади.

Танловга келиб тушган материалларни умумлаштиради ва кенг жамоатчилик муҳокамаси учун платформаган ҳамда баҳолаш учун Ҳакамлар ҳайъатига тақдим этади.


Ҳар йили апрель, июль, октябрь, январь ойининг 1-10-саналарида (10 кун муддатда)







3-босқич

Ҳакамлар ҳайъати


Ташкилий қўмита томонидан тақдим этилган материалларни белгиланган талаблар асосида баҳолайди.


Ҳар йили апрель, июль, октябрь, январь ойининг 11-30-санасига қадар (20 кун муддатда)







4-босқич

Ҳакамлар ҳайъати


Баҳолаш якунлари бўйича ғолиб ва совриндор деб топилган фаол журналистлар ва муаллифларни аниқлайди.


Ҳар йили май, август, ноябрь, февраль ойининг 5-санасига қадар







5-босқич

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси


Танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлайди ҳамда уларнинг номларини ўз расмий веб-сайти ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифаларида эълон қилади.


Ҳар йили май, август, ноябрь, февраль ойининг 10-санасига қадар


         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 июнь