Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"20 минг тадбиркор - 500 минг малакали мутахассис" дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларни қўллаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.07.2023 й. 279-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 7 июлдаги

279-сон қарорига

3-ИЛОВА



"20 минг тадбиркор - 500 минг малакали мутахассис"

дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига солиқ

ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларни

қўллаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 12 июндаги ПФ-93-сон Фармонига мувофиқ "20 минг тадбиркор - 500 минг малакали мутахассис" дастури (кейинги ўринларда - Дастур) доирасида тадбиркорлик субъектларига солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларни қўллаш тартибини белгилайди.

Дастурда камида икки йил фаолият кўрсатаётган ва устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлмаган тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар иштирок этиши мумкин.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


янги иш ўринлари - тадбиркорлик субъектларида яратилган янги иш ўринларига ишга қабул қилинган, қонунчилик ҳужжатлари асосида меҳнат шартномаси тузилган ходимга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда иш хақи ҳисобланган, солиқ ҳисоботида яратилган янги иш ўринлари сифатида кўрсатилган ва 2023 йил 1 июнь ҳолатига нисбатан кўпайган ходимларнинг иш ўринлари;


автоматлаштирилган дастур - иш берувчиларга улар томонидан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга тўлаб бериладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариб бериш ёки қайтариб беришни рад этиш асосларини текширадиган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимига (кейинги ўринларда - ДМБАТ) интеграция қилинган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган дастури;


иш берувчининг аризаси - иш берувчиларга улар томонидан ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга тўлаб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини Давлат бюджетидан қайтариб бериш тўғрисидаги ушбу Низомга 1-иловада келтирилган намунага мувофиқ аризаси.



2-БОБ. МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҒИ БЎЙИЧА

СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


3. "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га (кейинги ўринларда - Ижтимоий реестр) киритилган фуқаролар камида бир йил давомида иш билан таъминланган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари мол-мулк ва ер солиғи бўйича солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунда 51 тадан 100 тагача янги иш ўринлари яратадиган тадбиркорлик субъектлари учун мол-мулк ва ер солиғининг амалдаги солиқ ставкаси 50 фоизга, 101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиганлар учун 75 фоизга камайтирилади, 200 тадан ортиқ иш ўринлари яратадиганлар мазкур солиқларни тўлашдан озод этилади.


4. Мол-мулк ва ер солиғи бўйича солиқ имтиёзлари бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берганда тадбиркорлик субъектларига қўлланилади:

Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга бир йил давомида узлуксиз меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда иш хақи тўлаб, бандликни таъминлаганда;

Ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар жами ходимлар сонининг камида 20 фоизини ташкил қилганда;

тадбиркорлик субъектлари камида икки йил фаолият кўрсатаётган ва устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлмаганда.

Мазкур имтиёзлар Тошкент шаҳридан рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилмайди.


5. Солиқ органларига тақдим этилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботи орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасида янги иш ўринларига қабул қилинган ходимлар сони, шунингдек, уларнинг камида 20 фоизи Ижтимоий реестрга киритилганлиги ва ҳисобланган иш ҳақи миқдори аниқланади.


6. Ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган шартларни тўлиқ бажарган тадбиркорлик субъекти ўзининг шахсий кабинети орқали "Юридик шахсларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат интерактив хизмати" орқали мурожаат қилиш йўли билан солиқ имтиёзидан фойдаланади.

Бунда янги иш ўринлари яратилган ойдан бошлаб тегишли давр учун мол-мулк ва ер солиғи ҳисоботини қайта тақдим этиш орқали солиқ имтиёзидан фойдаланилади.


7. Агар мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган шартлар кетма-кет 12 ой давомида бажарилмаса, қўлланилган имтиёз жорий этилган даврдан бошлаб бекор қилинади ва солиқ суммаси қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилади.



3-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД

СОЛИҒИНИ ҚАЙТАРИБ БЕРИШ ВА ИЖТИМОИЙ СОЛИҚ

ИМТИЁЗИДАН ФОЙДАЛАНИШ


8. Ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар ишга қабул қилиниб, уларга ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан ошмаган миқдорда) автоматлаштирилган дастур орқали қайтариб берилади.


9. Янги иш ўрни яратилган ойдан бошлаб ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар тақдим этилган солиқ ҳисоботи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси қайтарилади.


10. Иш берувчиларга улар томонидан Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга тўлаб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси Давлат бюджетидан ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ тўлиқ қайтариб берилади.

Бунда иш берувчи томонидан ариза у солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботи тақдим этилганидан сўнг солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.

Иш берувчининг аризаси келиб тушган санадан бошлаб уч кун муддатда солиқ органи томонидан автоматлаштирилган дастур орқали ушбу Низом талабларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ўрганилади. Бунда иш берувчининг аризасидаги маълумотлар ва тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси қайтариб берилиши сўралаётган ҳисобот ойидаги маълумотлари ўртасида фарқ аниқланса, солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига иш берувчининг аризаси кўрилмасдан қолдирилганлиги ҳақида хабарнома юборади.

Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга тўлаб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариб бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда, автоматлаштирилган дастурда бир кун муддатда солиқ органининг хулосаси шакллантирилади, шаклланган хулоса билан иш берувчининг аризаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасига (кейинги ўринларда - Ғазначилик хизмати қўмитаси) юборилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.

Солиқ органи тўлаб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариб беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилганда, ушбу қарор автоматлаштирилган дастур орқали солиқ тўловчининг шахсий кабинетига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариб беришни рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилади.

Солиқ органи тўлаб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариб беришни қуйидаги ҳолларда рад қилади:

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлса;

ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлган миқдорда ҳисобланганда;

Ижтимоий реестрга киритилмаган фуқаролар аризада кўрсатилганда.

Иш берувчи жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариб беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

Иш берувчининг аризаси келиб тушганда, аризани рад этиш асослари бартараф этилгандан сўнг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушбу Низом талаблари доирасида иш берувчига қайтариб берилади.

Ғазначилик хизмати қўмитаси автоматлаштирилган дастур орқали ДМБАТга келиб тушган ҳужжатларга асосан уч кун муддатда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб беради.

Ғазначилик хизмати қўмитаси иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотларни бир кун муддатда ДМБАТ орқали автоматлаштирилган дастурга юборади.


11. Солиқ органи иш берувчиларга Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг ҳисоби ва ҳисоботини юритади.


12. Белгилаб қуйилсинки:

a) иш берувчи томонидан қайта ҳисобот бериш орқали умумий иш ҳақи фонди доирасида ходимларга ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар қайта тақсимланган тақдирда, қайтариб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси иш берувчи ёки солиқ органининг ташаббусига кўра белгиланган тартибда ўзаро қайта ҳисоб-китоб қилинади;

б) "ҳамкорлик шартномаси" бўйича белгиланган янги иш ўринларини яратмаган, иш хақи тўлаб бермаган ва бандликни таъминламаган иш берувчига қайтарилган даромад солиғи суммаси Давлат бюджетига қайтариб ундириб олинади.


13. Иш берувчи томонидан қайта ҳисобот бериш орқали умумий иш ҳақи фонди доирасида ходимларга ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар қайта тақсимланган тақдирда, қайтариб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси иш берувчи ёки солиқ органининг ташаббусига кўра белгиланган тартибда ўзаро қайта ҳисоб-китоб қилинади.


14. Ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар ишга қабул қилиниб, уларга ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ижтимоий солиқни амалдаги солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлайди.



4-БОБ. СОЛИҚЛАР БЎЙИЧА ОРТИҚЧА

ТЎЛОВЛАРНИ ҚАЙТАРИБ БЕРИШ


15. Солиқ кодексининг 104-моддасига мувофиқ ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг тегишли аризаси олинган кундан эътиборан қуйидаги муддатларда қайтарилади:

51 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлар учун - беш кунда;

200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлар учун - бир кунда.

Бунда солиқ органи томонидан ортиқча тўловни қайтариш тўғрисида қарор чиқарилади ва тегишли хулоса Ғазначилик хизмати бўлимига юборилади.


16. Қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси қуйидаги муддатларда қайтарилади:

51 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлар учун тезлаштирилган тартибда - уч кун муддатда ва умумий тартибда - ўн беш кун муддатда;

200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлар учун - бир кун муддатда.



5-БОБ. ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ

СУММАЛАРИНИ ЎЗАРО ҲИСОБГА ОЛИШ


17. Дастурда иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларига товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади.

Бунда товарларни импорт қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғига ўтказиб берилиши учун тасдиқланган солиқ суммасини божхона органлари ғазначилик ҳисобварағига ўтказишда, солиқ органларининг электрон ахборот тизими орқали шакллантириладиган хулоса реал вақт режимида расмийлаштирилади ва электрон шаклда Ғазначилик хизмати қўмитасига юборилади.

Ғазначилик хизмати қўмитаси солиқ органларининг электрон ахборот тизими орқали солиқ органининг хулосасини олгандан сўнг Давлат бюджети маблағлари доирасида автоматик равишда солиқ суммасини божхона органларининг ғазначилик ҳисобварағига ўтказади.



6-БОБ. ҲИСОБЛАНГАН СОЛИҚЛАРНИ БЎЛИБ

ТЎЛАШ ҲАМДА СОЛИҚ ТЕКШИРУВИ

ЎТКАЗИЛМАЙДИГАН ҲОЛАТЛАР


18. Солиқ кодексининг 97-102-моддаларида белгиланган тартибда Дастурда иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларига барча солиқларни (қўшилган қиймат солиғи ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) таъминотсиз ва фоизсиз қуйидаги муддатларга бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади:

51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектлари учун - уч ой муддатда;

101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектлари учун - олти ой муддатда;

200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектлари учун - ўн икки ой муддатда.

Бунда тадбиркорлик субъекти томонидан шахсий кабинет орқали солиқ органига ёзма ёки электрон шаклда солиқларни таъминотсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш юзасидан ариза юборади.

Солиқ органлари ахборот тизимлари орқали солиқларнинг белгиланган муддатларда бўлиб тўланаётганлигини мониторинг қилиб боради.

Агар солиқларни бўлиб тўлаш жадвалининг кейинги белгиланган муддатлари бузилса, барча тўлаш муддатининг узайтирилган солиқ суммалари тикланиб, уларни ундириш чоралари кўрилади.

Мазкур имтиёзлар Тошкент шаҳридан рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилмайди.


19. Агар тадбиркорлик субъекти томонидан мазкур Низомнинг 18-бандида белгиланган янги иш ўринлари яратилган тақдирда уларга нисбатан қуйидаги тартибда солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасидаги текширувлар бундан мустасно):

51 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилмайди;

200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектларида барча турдаги солиқ текширувлари ўтказилмайди.



7-БОБ. ДАСТУРДА ИШТИРОК ЭТАДИГАН ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТЛАРИГА "ЯШИЛ ЙЎЛАК"НИ ҚЎЛЛАШ


20. Дастурга киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан божхона тартиб-таомилларига риоя этилган ҳолатларда уларга нисбатан "яшил йўлак" тартиби қўлланилади ("Хавфни бошқариш тизими" томонидан топшириқ берилган ҳолатлар бундан мустасно).


21. Дастурда иштирок этиши давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан божхона қонунчилиги бузилиши ёки улар тақдим этган маълумотларда тафовутли ҳолатларнинг аниқланиши мазкур ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига нисбатан божхона назоратининг барча шакллари ва умумий қоидалари қўлланилишига сабаб бўлади.


22. Божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари билан боғлиқ асосли шубҳалар пайдо бўлганда, божхона ходимлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тақдим этилган "яшил йўлак" божхона органлари фаолиятида мавжуд бошқа йўлакларга ўзгартирилиши мумкин.



8-БОБ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ БЎЛИБ

ТЎЛАШ ИМКОНИЯТИДАН ФОЙДАЛАНИШ


23. Божхона кодексининг 329-333-моддаларида белгиланган тартибда божхона тўловларини таъминотсиз ва фоизсиз қуйидаги муддатларга бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади:

51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектлари учун - уч ой муддатда;

101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектлари учун - олти ой;

200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлик субъектлари учун - ўн икки ой.


24. Божхона тўловларини бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлиш учун тўловчи божхона органига "Ҳамкор тадбиркор" ахборот тизими ёки Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган "Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб тўлашга рухсат бериш" интерактив хизмати орқали божхона тўловлари суммаларини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган электрон аризани тақдим этади.


25. Божхона тўловларини бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор электрон ариза тақдим этилган кундан эътиборан уч иш куни ичида божхона органи томонидан қабул қилинади.

Божхона органининг қарорида божхона тўловларини бўлиб тўлаш имконияти берилаётган муддат, бундай имконият бериш рад этилган тақдирда эса рад этиш сабаблари кўрсатилади.

Божхона тўловларини бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Низомга асосан сертификат тақдим этмаслик;

муқаддам божхона тўловларини бўлиб тўлашда белгиланган муддатни бузиш ҳолатларининг мавжудлиги.

Божхона тўловларини бўлиб тўлаш даврида мажбурият бажарилмаган тақдирда, қолган давр учун ҳисобланган барча тўловлар мажбурий тарзда ундириб олинади.


26. Божхона тўловларини бўлиб тўлаш божхона органи ва тўловчи томонидан тасдиқланган жадвалда белгиланган муддатларда амалга оширилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Мазкур Низомнинг 2, 4, 5, 6, 7, 8-бобларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилмайди.


28. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Иш берувчиларга улар томонидан ижтимоий реестрга

киритилган фуқароларга тўлаб берилган жисмоний

шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини

Давлат бюджетидан қайтариб бериш тўғрисида

АРИЗА

Иш берувчининг СТИР рақами



        

(иш берувчининг тўлиқ манзили)


манзилда жойлашган,


фаолиятини амалга оширадиган

(асосий фаолият (ихтисослиги) тури)



,

(иш берувчининг тўлиқ номи)


Сиздан ташкилотда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга тўлаб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб беришингизни сўрайман.

Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга тўлаб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотлар.

Ўн икки ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва Ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар сони________ нафар;

Ўн икки ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга 20 ___ йил _____ ойи учун тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқ суммаси _______________ сўм.


Иш берувчининг банк реквизитлари:


Банк номи: __________________________________________________


Банк МФО: __________________________________________________


Банкдаги ҳисобварағи: _________________________________________


Ушбу ариза ва илова қилинган ҳужжатларда келтирилган маълумотлар тўлиқ ва ишончли эканлигини тасдиқлайман.


Илова. Ижтимоий реестрга киритилган ва ўн икки ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёш ходимлар рўйхати.

Ташкилот раҳбари





(имзо)


(Ф.И.О.)

Бош бухгалтер





(имзо)


(Ф.И.О.)

Сана






Низомга

2-ИЛОВА



Иш берувчиларга улар томонидан Ижтимоий реестрга

киритилган фуқароларга тўлаб берилган жисмоний

шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини

Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддати

1-босқич

Иш берувчи


Солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ариза юборади.


Ҳисобот тақдим этилгандан сўнг







2-босқич

Солиқ органи


Иш берувчининг аризаси автоматлаштирилган дастур орқали ушбу Низом талабларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ўрганади.


Уч кун муддатда







3-босқич

Автоматлаштирилган дастур


Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга тўлаб берилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини қайтариб бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда, солиқ органининг хулосасини шакллантиради, шаклланган хулоса билан иш берувчининг аризасини Ғазначилик хизмати қўмитасига юборади ҳамда бу ҳақда иш берувчини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилади.


Бир кун муддатда

4-босқич

Ғазначилик хизмати қўмитаси


Автоматлаштирилган дастур орқали ДМБАТга келиб тушган ҳужжатларга асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб беради.


Уч кун муддатда

                   

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 8 июль