Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.07.2023 й. 307-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 22 июлдаги

307-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳунармандчилик ва касаначиликни

қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари

ҳисобидан маҳаллаларда касаначиликни ташкил

этган тадбиркорлик субъектларига субсидия

ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига (кейинги ўринларда - талабгор) субсидия ажратиш тартибини белгилайди.


2. Касаначиликни ташкил этган талабгорга ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.


3. Талабгорга субсидия туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари (кейинги ўринларда - маҳаллий меҳнат органи) томонидан мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича ажратилади.



2-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


4. Талабгор касаначиликни ташкил этганидан сўнг субсидия олиш учун маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчиси) тавсияси асосида тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

Талабгорнинг мурожаатида касаначининг фамилияси, исми, отасининг исми, талабгорнинг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварағи (реквизитлари) ва манзили кўрсатилади, шунингдек, мурожаатга касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёхуд пудрат шартномаси, касаначининг дастлабки уч ой давомидаги даромади миқдори тўғрисидаги маълумотнома (ёки касаначининг дастлабки уч ой давомидаги фаолияти учун тўловлар банк орқали тўланганлигини тасдиқловчи маълумотнома) илова қилинади.



3-БОБ. СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


5. Маҳаллий меҳнат органи талабгор томонидан субсидия олишни сўраб тақдим этилган ҳужжатларни 3 иш куни ичида ўрганиб чиқади. Бунда субсидия бериш учун талабгор ва касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёки пудрат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг Ягона электрон шартномалар ахборот порталида (кейинги ўринларда - Ягона электрон шартномалар ахборот портали) рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда расмийлаштирилганлигига камида 3 ой ўтганлиги асос ҳисобланади.


6. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилиб, унда барча зарур маълумотлар кўрсатилганлиги, касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёки пудрат шартномаси расмийлаштирилганлигига камида уч ой ўтганлиги, Ягона электрон шартномалар ахборот порталида рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда касаначининг дастлабки уч ой давомидаги даромади миқдори ҳаққонийлиги тасдиқланганда, маҳаллий меҳнат органи талабгорга касаначиликни ташкил этганлиги учун субсидия ажратиш (ёки ажратишни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади. Қарорда субсидия миқдори ва уни ажратиш муддати (мурожаат тушгандан сўнг 3 иш кунидан ошмаган муддатда) кўрсатилиши лозим.

Бунда маҳаллий меҳнат органи томонидан касаначининг дастлабки уч ой давомидаги даромади миқдорининг ҳаққонийлиги туман (шаҳар) Солиқ инспекциясидан маълумот олиш йўли билан ёки "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали текширилади.


7. Субсидия ажратиш қуйидагиларга кўра рад этилади:

ҳужжатлар ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ талабгор томонидан тўлиқ тақдим этилмаганда;

касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёхуд пудрат шартномаси Ягона электрон шартномалар ахборот порталида рўйхатдан ўтказилмаганда;

касаначининг дастлабки уч ой давомидаги даромади миқдори тўғрисидаги маълумот ҳаққонийлиги тасдиқланмаса.

Маҳаллий меҳнат органи субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, талабгорга ушбу қарор нусхасини бир кун муддатда юборади.


8. Талабгор маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлса, юқори турувчи органга ёки суд органларига шикоят қилиши мумкин.


9. Маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг беш иш куни ичида ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


10. Мазкур Низомда ажратилиши белгиланган субсидияни олаётган талабгор бир вақтнинг ўзида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ишсиз шахслар бандлигига кўмаклашишга қаратилган бошқа турдаги субсидияларни ҳам белгиланган тартибда олишга ҳақли.


11. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ҳунармандчилик ва касаначиликни

қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари

ҳисобидан маҳаллаларда касаначиликни ташкил

этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Бажариш муддатлари









1-босқич

Касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъекти (талабгор)


Маҳаллаларда касаначиликни ташкил этганлиги учун субсидия олиш мақсадида туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда ёзма равишда мурожаат қилади.


Ўз хоҳишига кўра









2-босқич

туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими


1. Талабгор мурожаатини илова қилинган ҳужжатлар билан бирга ўрганиб чиқади.


2. Талабгорга субсидия ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


3. Ўрганиш натижаларига кўра субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, талабгорга ушбу қарор нусхасини юборади.


3 иш куни ичида





1 кун муддатда





3-босқич

туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими


Субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг талабгорга ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратади.


Қарор қабул қилингандан сўнг 5 иш куни ичида



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 июль