Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.07.2023 й. 307-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 22 июлдаги

307-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш

жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига

касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган,

шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"

ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга

асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини

қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига (кейинги ўринларда - талабгор) касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга (кейинги ўринларда - касаначи) асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартибини белгилайди.


2. Талабгорга ҳар бир касаначига асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорида субсидия ажратилади.


3. Талабгорга субсидия туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (кейинги ўринларда - маҳаллий меҳнат органи) томонидан мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича ажратилади.



2-БОБ. СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


4. Талабгор касаначиликни ташкил этганидан сўнг субсидия олиш учун маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларининг (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчиси) тавсияси асосида тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

Талабгорнинг мурожаатида касаначининг фамилияси, исми, отасининг исми, талабгорнинг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварағи (реквизитлари) ва манзили кўрсатилиши, шунингдек, мурожаатга касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёки пудрат шартномаси илова қилиниши шарт.

Бунда талабгор мурожаатда касаначига буюртма берилаётган иш турига қараб, субсидия ҳисобидан харид қилинадиган асбоб-ускуналар ва хомашё номи ва тури, аниқ харид нархини кўрсатиши лозим.


5. Маҳаллий меҳнат органи талабгорнинг мурожаатини илова қилинган тегишли ҳужжатлар билан бирга 3 иш куни ичида ўрганиб чиқади.

Бунда субсидия бериш учун талабгор ва касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёхуд пудрат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг Ягона электрон шартномалар ахборот порталида (кейинги ўринларда - Ягона электрон шартномалар ахборот портали) рўйхатдан ўтказилганлиги, шунингдек, касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган фуқаролар, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилганлиги ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да турганлиги асос ҳисобланади.


6. Маҳаллий меҳнат органи томонидан талабгорнинг харид қиладиган асбоб-ускуналар ва хомашё нархи давлат харидларининг электрон тизими ёки бошқа очиқ манбаларнинг маълумотларидан фойдаланиш орқали ўрганиши мумкин. Ўрганиш натижаларига мувофиқ асбоб-ускуналар ва хомашёнинг нархини талабгор томонидан бозордаги ушбу асбоб-ускуналар ёки хомашёнинг ўртача нархи қийматига тенг (ёки ундан юқори) белгиланганлиги маҳаллий меҳнат органи харид комиссияси қарори билан тасдиқланади.


7. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилиб, унда барча зарур маълумотлар кўрсатилган ва касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёхуд пудрат шартномаси Ягона электрон шартномалар ахборот порталида рўйхатдан ўтказилганлиги, касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган фуқаролар, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилганлиги ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да турганлиги тасдиқланганда маҳаллий меҳнат органи ва талабгор ўртасида ижтимоий контракт тузилади.


8. Ижтимоий контракт тузилгандан сўнг касаначига буюртма берилаётган иш турига қараб, асбоб-ускуна ва хомашёни харид қилиш харажатларини қоплаш учун маҳаллий меҳнат органи томонидан талабгорга субсидия ажратиш (ёки ажратишни рад этиш) тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилинади. Қарорда субсидия миқдори ва уни ажратиш муддати (мурожаат тушгандан сўнг 3 иш кунидан ошмаган муддатда) кўрсатилиши лозим.


9. Маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг беш иш куни ичида талабгорга ҳар бир касаначига асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорида субсидия ажратилади.


10. Субсидия ажратилгандан сўнг 10 кун ичида талабгор ҳар бир касаначи учун асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилинганлиги ва касаначига бепул берилганлиги ҳамда асбоб-ускуналар ва хомашёнинг хусусиятидан келиб чиқиб номи, тури, маркаси, кафолат муддатини кўрсатган ҳолда ижтимоий контракт тузилган маҳаллий меҳнат органини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.


11. Субсидия ажратиш қуйидагиларга кўра рад этилади:

ҳужжатлар ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ талабгор томонидан тўлиқ тақдим этилмаганда;

касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёхуд пудрат шартномаси Ягона электрон шартномалар ахборот порталида рўйхатдан ўтказилмаганда;

касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган фуқаролар, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилмаганлиги тасдиқланганда;

харид қилинадиган асбоб-ускуна ва хомашёнинг нархи қасддан юқори қилиб кўрсатилганлиги аниқланса.

Маҳаллий меҳнат органи субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, талабгорга ушбу қарор нусхасини бир кун муддатда юборади.


12. Талабгор маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлса, юқори турувчи органга ёки суд органларига шикоят қилиши мумкин.



3-БОБ. КАСАНАЧИНИНГ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ

ВА ФОЙДАЛАНИЛМАЁТГАН АСБОБ-УСКУНАЛАР

ҲАМДА ХОМАШЁГА АЖРАТИЛГАН СУБСИДИЯНИ

ҚАЙТАРИБ ОЛИШ ТАРТИБИ


13. Маҳаллий меҳнат органи ҳамда ҳоким ёрдамчиси ажратилган субсидия ҳисобидан харид қилинган асбоб-ускуна асосида ишлаётган касаначининг фаолияти самарадорлигини бир ойда бир маротаба олти ой давомида мониторинг қилиб боради.


14. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра ижтимоий контрактда белгиланган мажбуриятлар бажарилмаганлиги ҳамда субсидия асосида харид қилинган асбоб-ускуналар ва хомашёдан фойдаланилмаётганлиги аниқланса, маҳаллий меҳнат органи томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади ва ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича субсидия ажратилган талабгорга хабарнома юборилади.


15. Субсидия ажратилган талабгор хабарнома олинган кундан эътиборан бир ой ичида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради ва амалга оширилган ишлар юзасидан маҳаллий меҳнат органига хабарнома юборади.


16. Хабарнома тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида (ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш учун бир ой муддатдан сўнг) маҳаллий меҳнат органи ва ҳоким ёрдамчиси субсидия ҳисобидан харид қилинган асбоб-ускуна ва хомашё билан фаолият юритаётган касаначилар фаолиятининг самарадорлигини қайта мониторинг қилади.

Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра дастлабки мониторингда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги аниқланса, маҳаллий меҳнат органи субсидия ажратилган талабгордан ажратилган субсидияни қайтариш бўйича қарор қабул қилади, ижтимоий контрактни бир томонлама бекор қилади ва субсидия ажратилган талабгорга хабарнома юборади.

Хабарномада субсидия ажратилган талабгор томонидан ажратилган субсидияни қайтариш учун маҳаллий меҳнат органига тегишли бўлган банк реквизитлари кўрсатилиши лозим.


17. Субсидия ажратилган талабгор хабарнома тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ажратилган субсидияни хабарномада кўрсатилган маҳаллий меҳнат органига тегишли бўлган банк реквизитларига (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида фоиз тўловлари билан бирга) тўлиқ миқдорда қайтариши шарт.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Мазкур Низомда ажратилиши белгиланган субсидияни олаётган талабгор бир вақтнинг ўзида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ишсиз шахслар бандлигига кўмаклашишга қаратилган бошқа турдаги субсидияларни ҳам белгиланган тартибда олишга ҳақли.


19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш

жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига

касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган,

шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"

ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга

асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш учун субсидия ажратиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Бажариш муддатлари









1-босқич

Тадбиркорлик субъекти (талабгор)


Касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш учун субсидия олиш мақсадида туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади.


Ўз хоҳишига кўра









2-босқич

Туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими


1. Талабгор томонидан субсидия олишни сўраб тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади.


2. Маҳаллий меҳнат органи ва талабгор ўртасида ижтимоий контракт тузилади.


3. Талабгорга субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


4. Ўрганиш натижаларига кўра субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, талабгорга ушбу қарор нусхасини юборади.


3 иш куни ичида








1 кун муддатда









3-босқич

Туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими


Талабгорга ҳар бир касаначига асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорида субсидия ажратади.


Қарор қабул қилингандан сўнг 5 иш куни ичида









4-босқич

Субсидия ажратилган талабгор


Субсидия ажратилгандан сўнг талабгор ҳар бир касаначи учун асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилинганлиги ва касаначиларга бепул берилганлигини ҳамда асбоб-ускуналар ва хомашёнинг хусусиятидан келиб чиқиб номи, тури, маркаси, кафолат муддатини кўрсатган ҳолда ижтимоий контракт тузилган маҳаллий меҳнат органини ёзма равишда хабардор қилади.


10 кун ичида









5-босқич

Туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими



Ажратилган субсидия ҳисобидан харид қилинган асбоб-ускуналар ва хомашё асосида ишлаётган касаначининг фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиб боради. Камчиликлар аниқланса, тадбиркорлик субъектига уларни бартараф этиш бўйича хабарнома юборади.


Ҳар ой бир маротаба









6-босқич

Субсидия ажратилган талабгор


Хабарнома олинган кундан эътиборан кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради ва амалга оширилган ишлар юзасидан маҳаллий меҳнат органига хабарнома юборади.


Бир ой ичида









7-босқич

Туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими



1. Хабарнома тушган кундан эътиборан субсидия ҳисобидан харид қилинган асбоб-ускуналар ва хомашё билан фаолият юритаётган касаначининг фаолияти самарадорлигини қайта мониторинг қилади.


2. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра дастлабки мониторингда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги аниқланса, ажратилган субсидияни қайтариш бўйича қарор қабул қилади, ижтимоий контракт бир томонлама бекор қилади ва талабгорга хабарнома юборади.


3 иш куни ичида

(ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш учун бир ой муддатдан сўнг)



8-босқич

Субсидия ажратилган талабгор


Хабарнома тушган кундан эътиборан ажратилган субсидияни хабарномада кўрсатилган маҳаллий меҳнат органига тегишли бўлган банк реквизитларига тўлиқ миқдорда қайтаради.


5 иш куни ичида



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 июль