Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш ҳамда мослаштирилаётган ҳар бир иш жойи харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.07.2023 й. 307-сон қарорига 5-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 22 июлдаги

307-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш

жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига

касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган

ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш ҳамда

мослаштирилаётган ҳар бир иш жойи харажатларини қоплаш

учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига (кейинги ўринларда - талабгор) касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг (кейинги ўринларда - ногиронлиги бўлган шахс) иш жойини мослаштириш ҳамда мослаштирилаётган ҳар бир иш жойи харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартибини белгилайди.


2. Талабгорга ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойини мослаштириш учун мослаштирилаётган ҳар бир иш жойи бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.


3. Талабгорга субсидия туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (кейинги ўринларда - маҳаллий меҳнат органи) томонидан мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича ажратилади.



2-БОБ. СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


4. Талабгор ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойини мослаштиргандан сўнг субсидия олиш учун маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларининг (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчиси) тавсияси асосида тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.


5. Талабгорнинг мурожаатида ногиронлиги бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойларини мослаштириш учун сарфланган харажатларнинг асосли ҳисоб-китоби тўғрисидаги маълумот, талабгорнинг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварағи (реквизитлари) ва манзили кўрсатилиши, шунингдек, мурожаатга ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёҳуд пудрат шартномаси, ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги, "Ҳунарманд" уюшмасига аъзолиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилиниши шарт.


6. Маҳаллий меҳнат органи талабгорнинг мурожаатини ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ илова қилинган тегишли ҳужжатлар билан бирга 3 иш куни ичида ўрганиб чиқади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида (кейинги ўринларда - Солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари) субсидия бериш учун талабгор ва ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёхуд пудрат шартномаси рўйхатдан ўтказилганлиги ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳамда иш жойини ногиронлиги бўлган шахсга мослаштириш учун сарфланган харажатларнинг асосли ҳисоб-китоби тўғрисидаги маълумот.


7. Маҳаллий меҳнат органи томонидан ўрганиш натижаларига кўра мурожаатда кўрсатилган маълумотлар тўғри ва асосли деб топилганда, талабгорга ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойини мослаштириш харажатларини қоплаш учун мослаштирилаётган ҳар бир иш жойи бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш (ёки ажратишни рад этиш) тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилинади. Қарорда субсидия миқдори кўрсатилиши лозим.


8. Маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг беш иш куни ичида талабгорга ҳар бир иш жойи бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.


9. Субсидия ажратиш қуйидагиларга кўра рад этилади:

ҳужжатлар ушбу Низомнинг 5-бандларига мувофиқ талабгор томонидан тўлиқ тақдим этилмаганда;

ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ёхуд пудрат шартномаси, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида мавжуд бўлмаганда;

ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойини мослаштириш тўғрисидаги маълумотлар ўз тасдиғини топмаса.

Маҳаллий меҳнат органи субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, талабгорга ушбу қарор нусхасини бир кун муддатда юборади.


10. Талабгор маҳаллий меҳнат органининг субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлса, юқори турувчи органга ёки суд органларига шикоят қилиши мумкин.



3-БОБ. КАСАНАЧИЛИК ВА ҲУНАРМАНДЧИЛИК

ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ МОНИТОРИНГ

ҚИЛИШ ҲАМДА НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН

ШАХСЛАРНИНГ ИШ ЖОЙИНИ МОСЛАШТИРИШ

УЧУН АЖРАТИЛГАН СУБСИДИЯЛАРНИ

ҚАЙТАРИБ ОЛИШ ТАРТИБИ


11. Ҳоким ёрдамчиси:

ажратилган субсидия ҳисобидан касаначилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойи мослаштирилганлиги ҳамда талабгор ва касаначи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ёки ишларни бажариш (товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага асосан фаолияти олиб бораётганлигини;

ажратилган субсидия ҳисобидан ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойи мослаштирилганлиги ҳамда якка тартибда тадбиркор сифатида фаолият олиб бораётганлигини олти ой давомида мониторинг қилади.


12. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра талабгор томонидан белгиланган мажбуриятлар бажарилмаганлиги аниқланса, ҳоким ёрдамчиси томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади ва ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича субсидия ажратилган талабгорга хабарнома юборилади.


13. Субсидия ажратилган талабгор хабарномани олган кундан эътиборан бир ой ичида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради ва амалга оширилган ишлар юзасидан маҳаллий меҳнат органига хабарнома юборади.


14. Маҳаллий меҳнат органига хабарнома келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида (ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш учун бир ой муддатдан сўнг) ҳоким ёрдамчиси томонидан қайта мониторинг ўтказилади.

Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра дастлабки мониторингда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги аниқланса, маҳаллий меҳнат органи талабгордан субсидияни қайтариш юзасидан қарор қабул қилади ва субсидия ажратилган талабгорга хабарнома юборади.

Хабарномада субсидия ажратилган талабгор томонидан субсидияни қайтариш учун маҳаллий меҳнат органига тегишли бўлган банк реквизитлари кўрсатилиши лозим.


15. Субсидия ажратилган талабгор хабарнома тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ажратилган субсидияни хабарномада кўрсатилган маҳаллий меҳнат органига тегишли бўлган банк реквизитларига (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида фоиз тўловлари билан бирга) тўлиқ миқдорда қайтариши шарт.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Мазкур Низомда ажратилиши белгиланган субсидияни олаётган талабгор бир вақтнинг ўзида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ишсиз шахслар бандлигига кўмаклашишга қаратилган бошқа турдаги субсидияларни ҳам белгиланган тартибда олишга ҳақли.


17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш

жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига

касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган

ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш ҳамда

ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи харажатларини қоплаш

учун субсидия ажратиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Бажариш муддатлари









1-босқич

Тадбиркорлик субъекти (талабгор)


Касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштиргандан сўнг субсидия олиш учун маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларининг (ҳоким ёрдамчиси) тавсияси асосида тегишли маҳаллий меҳнат органига ёзма равишда мурожаат қилади.


Ўз хоҳишига кўра









2-босқич

Туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими


1. Талабгор томонидан субсидия олишни сўраб тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади.


2. Талабгорга субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


3. Ўрганиш натижаларига кўра субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, талабгорга ушбу қарор нусхасини юборади.


3 иш куни ичида






1 кун муддатда









3-босқич

Туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими


Талабгорга ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойини мослаштириш харажатларини қоплаш учун мослаштирилаётган ҳар бир иш жойи бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратади.


Қарор қабул қилингандан сўнг 5 иш куни ичида









4-босқич

Туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими


Ажратилган субсидия ҳисобидан касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойи мослаштирилганлиги ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиб боради. Камчиликлар аниқланса, талабгорга уларни бартараф этиш бўйича хабарнома юборади.


6 ой давомида

ҳар ойда бир маротаба









5-босқич

Субсидия ажратилган талабгор


Хабарнома олинган кундан эътиборан кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради ва амалга оширилган ишлар юзасидан маҳаллий меҳнат органига хабарнома юборади.


Бир ой ичида









6-босқич

Туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими


1. Хабарнома тушган кундан эътиборан субсидия ҳисобидан касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахснинг иш жойи мослаштирилганлиги ҳамда унинг фаолияти самарадорлигини қайта мониторинг қилади.


2. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра дастлабки мониторингда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаганлиги аниқланса, ажратилган субсидияни қайтариш бўйича қарор қабул қилади ва талабгорга хабарнома юборади.


3 иш куни ичида

(ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш учун бир ой муддатдан сўнг)



7-босқич

Субсидия ажратилган талабгор


Хабарнома тушган кундан эътиборан ажратилган субсидияни хабарномада кўрсатилган маҳаллий меҳнат органига тегишли бўлган банк реквизитларига тўлиқ миқдорда қайтаради.


5 иш куни ичида



             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 июль