Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.08.2023 й. ПФ-140-сон "Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

15.08.2023 й.

N ПФ-140



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИГИ ЖАҲОН САВДО

ТАШКИЛОТИ БИТИМЛАРИГА УЙҒУНЛАШТИРИЛИШИ

МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилсин:

2024 йил 1 январдан бошлаб алоҳида давлатлардан олиб кириладиган маҳсулотларнинг мувофиқлигини мажбурий баҳолашдан озод этиш тартибини бекор қилиш;

2024 йил 1 январдан бошлаб импорт товарларни давлат тилида маркировка қилиш тартибига ўзгартириш киритиш;

2025 йил 1 январдан бошлаб дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини импорт қилишда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғимни бекор қилиш.


2. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

2023 йил 1 октябрга қадар товарларни импорт қилиш учун лицензия бериш жараёнини автоматлаштириш (рақамлаштириш) бўйича;

2024 йил 1 январга қадар дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини импорт қилишда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим бекор қилиниши муносабати билан тегишли вазифаларни амалга оширишни молиялаштиришнинг муқобил манбалари юзасидан;

2024 йил 1 январга қадар транспорт харажатларини компенсация қилиш учун субсидия бериш тизимини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Божхона қўмитаси 2023 йил 1 ноябрга қадар товарларни "экспорт" ва "импорт" божхона режимларига расмийлаштириш учун ундириладиган божхона йиғимлари ставкаларини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқ бирхиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Белгилансинки:

мазкур Фармон 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради;

мазкур Фармонга илованинг 1-банди 2025 йил 1 январдан амалга киритилади.


5. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 15 августдаги

ПФ-140-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги "2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5707-сон Фармонида:


а) 3-банднинг еттинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;


б) 7-бандда:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишинча иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 сентябрдаги "Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6306-сон Фармонида:


а) 3-бандда:

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


б) 4-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 7 ноябрдаги "Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-505-сон қарори 1-бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ишлаб чиқарувчиларга алкоголли маҳсулотни маркировка қилиш учун акциз маркалар фақат улар томонидан акциз маркалар номинал қийматининг 50 фоизи тўлангач берилади".


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3818-сон қарори 3-бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"товарларнинг "эркин муомалага чиқариш (импорт)" режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди. Бунда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари (истеъмол қадоқларига эга бўлмаган ҳамда ўз эҳтиёжи учун олиб келинган товарлардан ташқари) ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ва импорт қилувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида (лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида) маркировка қилинмаган тақдирда, мазкур товарларга мувофиқлик сертификатини ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш тақиқланади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно".


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги "Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4059-сон қарорида:


1-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;


3-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 октябрдаги "Саноат ишлаб чиқаришида хомашё узлуксизлигини таъминлаш бўйича қўшимча қулайликларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-392-сон қарорининг 5-бандида:

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 16 август