Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2023 й. 376-сон "Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.08.2023 й.

N 376




ОЛИЙ ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИ ТАЛАБАЛАРИНИ

ТУРАР   ЖОЙ   БИЛАН   ТАЪМИНЛАШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Талабаларни турар жой билан таъминлашнинг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

давлат олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойига жойлашиш фақат давлат хизмати марказлари ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади ҳамда талабаларга навбатни онлайн кузатиш ва тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади;

талабалар билан тузиладиган турар жой ижара шартномалари давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) технологияси орқали электрон шаклда реал вақт режимида ҳисобга қўйилади.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат олий таълим муассасаларининг талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки:

а) 2023/2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг:

1-курс талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламент талаблари асосида амалга оширилади;

2-курс ва ундан юқори курс талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш анъанавий тарзда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза олий таълим муассасаси талабалар турар жойларига жойлаштириш комиссиясига 2023 йил 25 августга қадар топширилади;

б) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади;

в) қуйидаги тоифадаги талабалар устуворлик асосида талабалар турар жойларига қабул қилинади:

"Меҳрибонлик уйлари" тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри", "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда "Ёшлар дафтари"да турадиган талабалар;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;

бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;

халқаро фан олимпиадалари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар;

"Йил талабаси" ва "Талабалар театр студиялари" кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиби бўлган талабалар;

олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган "Заковат" интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган талабалар;

талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар;

г) давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон ариза бериш ва тўловларни амалга оширишда давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

а) 2023 йил 20 августга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан талабаларни талабалар турар жойига онлайн жойлаштириш имкониятини берувчи ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва кейинчалик қўллаб-қувватланишини;

Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда "Электрон ҳукумат" идоралараро интеграциялашув платформаси орқали 2023 йил 20 августга қадар тегишли электрон маълумотлар базаларининг ўзаро интеграция қилинишини;

олий таълим муассасалари ҳамда давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи бошқа тузилмаларнинг ЯИДХПга уланишини таъминласин;

б) ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу қарор талабларининг бажарилиши бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий мониторинг олиб борсин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 14 августдаги

376-сон қарорига

2-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг

"Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар

томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб

бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"

2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар


1. 2-бандда:

иккинчи хатбошидан "белгиланган мезонлар асосида" сўзлари чиқариб ташлансин;

тўртинчи хатбошидаги "талабани ижтимоий мезонлар бўйича ўрганиш ва талабага ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб беришни кўриб чиқиш" сўзлари "талабалар аризасини кўриб чиқиш, ўрганиш ва ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилиш" сўзлари билан алмаштирилсин;


2. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

талабалар сафига қабул қилинган ва талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган олий таълим муассасасидан узоқ жойлашган ҳудудлардан келган биринчи босқич талабалари (доимий яшаш жойи бошқа туманда (шаҳарда) бўлган ижара асосида яшайдиган талабалар)га, олий таълим муассасаларига ушбу мақсадларда ажратилган маблағлар доирасида сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этмасдан ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилади ҳамда белгиланган тартибда ижара шартномаси тақдим этган талабаларга ноябрь ойидан тўловлар давом эттирилади;

давлат олий таълим муассасалари томонидан ижара ҳуқуқи асосида яшаётган, бироқ ижара тўловлари ушбу қарорда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган талабаларнинг 60 фоизидан ортган қисми учун ойлик ижара тўлови бир қисмини ушбу олий таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мезонлар ва тартиб асосида молиявий имкониятидан келиб чиқиб бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши мумкин";


3. Илова (Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом)да:


а) 2-бандда:

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишинча учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича талабгорларни танлаб олиш комиссияси (кейинги ўринларда - комиссия) - талабалар аризасини кўриб чиқиш, ўрганиш ва ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилишга масъул бўлган мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ таркибда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан тасдиқланадиган доимий ва жамоатчилик асосида ишлайдиган тузилма";


б) 4-7-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4. Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт.

Бунда талабгорларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда - базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўланади.

5. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида талабгорлар комиссия томонидан аниқланади.

6. Давлат олий таълим муассасаларининг фақат кундузги таълим шаклида (хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида ва факультетларида таълим олаётган талабалардан ташқари), давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таҳсил олишидан қатъи назар, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг 60 фоизига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

7. Ариза берувчи мустақил равишда ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги анкета-аризани икки нусхада тўлдириб, ижара шартномаси нусхаси билан ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари ёки олий таълим муассасасининг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига (кейинги ўринларда - масъуллар) топширади.

Бунда ариза берувчи мазкур бандда келтирилган ҳужжатларга қўшимча равишда ўзининг ижтимоий ҳолати тўғрисдаги маълумотномаларни (агар мавжуд бўлса) илова қилиши лозим";


в) 3-бобнинг номидан "ижтимоий мезонлар бўйича" сўзлари чиқариб ташлансин;


г) 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. Масъуллар бир ҳафта давомида тьюторлар билан биргаликда ариза берувчиларнинг маълумотларини комиссияга тақдим этиш учун ҳар томонлама ўрганади";


д) 11-банддаги "хулоса бериш" сўзлари "қарор қабул қилиш" сўзлари билан алмаштирилсин;


е) 12-банддаги "талабгорлар" сўзи "ариза берувчилар" сўзлари билан алмаштирилсин;


ж) 13-банддаги "талабгор" сўзи "ариза берувчи" сўзлари билан алмаштирилсин;


з) 22-банднинг биринчи хатбошисидан "ҳамда ижтимоий мезонларга кўра" сўзлари чиқариб ташлансин;


и) 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"24. Комиссия томонидан доимий равишда ижара шартномасини қалбакилаштирган ва нотўғри маълумотлар тақдим этган талабалар рўйхати шакллантирилиб борилади.

Ушбу талабалар рўйхатига тушган талабаларга комиссия қарори асосида ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тўхтатилиши мумкин";


к) 25-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"25. Қуйидаги ҳолатларда ариза берувчига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш рад этилиши мумкин:

ариза берувчи ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатилган талабалар рўйхатида мавжуд бўлганда;

ариза берувчининг ижара шартномасида кўрсатилган манзилда яшамаслиги, ижарада яшаётган манзил ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли эканлиги, ижара шартномаси тегишли тартибда расмийлаштирилмаганлиги;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки сохта маълумотлар мавжуд бўлганда;

ариза ва тегишли ҳужжатлар қабул қилишнинг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этилганда";


л) 2-илова (Анкета-ариза)нинг 10-банди учинчи хатбошисидаги "ижтимоий мезонларга мувофиқлигимни" сўзлари "ижтимоий ҳолатимни" сўзлари билан алмаштирилсин.

          

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 15 август