Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 21.08.2023 й. ЎРҚ-864-сон "Ветеринария тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 16.05.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 05.08.2023 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

21.08.2023 й.

N ЎРҚ-864



"ВЕТЕРИНАРИЯ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 16 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 5 августда маъқулланган



Мамлакатимизда ветеринария соҳасидаги кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек самарали ветеринария назоратини таъминлаш ва ветеринария хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан ветеринария соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича замонавий таълим тизимини яратиш, шунингдек мазкур соҳада фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини янада кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан "Ветеринария тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Давлат ветеринария хизмати таркибий бўлинмаларидан бирининг номини аниқлаштирувчи, шунингдек ветеринария назорати объектларига монеликсиз кириш юзасидан бош давлат ветеринария инспекторларининг, улар ўринбосарларининг ва давлат ветеринария инспекторларининг ваколатларини қисқартирувчи ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ветеринария соҳасидаги кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини янада таъминлашга ва давлат ветеринария инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширишларнинг тартибини такомиллаштиришга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган "Ветеринария тўғрисида"ги 935-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-397-сонли Қонуни таҳририда) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 12, 453-модда; 2017 йил, N 10, 605-модда; 2019 йил, N 11, 791-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 10, 968-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:


1) 10-модданинг биринчи қисмидаги "Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва" деган сўзлар "Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети," деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 13-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги "монеликсиз" деган сўз "қонунчиликда белгиланган тартибда" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         Ш. Мирзиёев

        

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 22 август


"Халқ сўзи", 2023 йил 22 август