Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлатга тегишли сув ҳавзаларини тадбиркорлик субъектларига "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.09.2023 й. 441-сон карорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 2 сентябрдаги

441-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлатга тегишли сув ҳавзаларини

тадбиркорлик субъектларига "E-auksion"

электрон савдо платформаси орқали

ижарага бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлатга тегишли сув ҳавзаларини тадбиркорлик субъектларига "E-auksion" электрон савдо платформасида (кейинги ўринларда - электрон савдо платформаси) электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш тартибини белгилайди.


2. Давлатга тегишли сув ҳавзалари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилган ҳолда фойдаланиш шарти билан қуйидаги фаолият турларини ташкил этиш учун электрон савдо платформасида онлайн-аукцион орқали ижарага берилади:

давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) - балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш учун;

табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари - сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан, балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун.

Бунда табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерлар) ўрнатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Давлатга тегишли сув ҳавзалари тадбиркорлик субъектларига "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ижарага берилади.


3. Мазкур Низом:

Айдар-Арнасой кўллар тизимига;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ижарага бериш белгиланган бошқа давлат мулкларига нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


сув ҳавзаси - давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари);


ер участкаси - табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари;


тадбиркорлик субъекти - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар;


ижарага берувчи - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;


балансда сақловчи - сув ҳавзаси ҳамда ер участкалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бириктирилган давлат ташкилоти, давлат иштирокидаги корхона ҳамда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси;


ижарага олувчи - ушбу Низомда белгиланган тартиб ва шартларда сув ҳавзасини электрон савдо платформаси орқали ижарага оладиган тадбиркорлик субъекти.


5. Сув ҳавзасининг (ер участкасининг) ушбу Низомнинг 2-бандида келтирилган фаолият турларини ташкил этиш учун камида 10 йил муддатга ушбу Низомнинг 37-бандига мувофиқ қўшимча яна 10 йил муддатга узайтириш ҳуқуқи билан очиқ электрон онлайн-аукцион савдоси орқали ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчи ўртасида тузиладиган ижара шартномаси асосида ижарага берилади.

Сув ҳавзалари (ер участкалари) ижарага берилиши ушбу сув ҳавзаларидаги (ер участкаларидаги) вазият, уларнинг ҳудудларида қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилиши сув ҳавзаларининг ўзанлари ўзгаришига, оқим йўналиши, ҳажми ва тезлиги ўзгаришига, экологик вазият ёмонлашишига, биохилма-хиллик, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказмаслиги керак.



2-БОБ. СУВ ҲАВЗАСИ ВА ЕР УЧАСТКАСИНИ ИЖАРАГА

БЕРИШ ЮЗАСИДАН ТАШАББУС КЎРСАТИШ


6. Сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан ижарага берувчига тегишли таклифлар бериш йўли билан ташаббус кўрсатилиши мумкин.


7. Ижарага берувчи тадбиркорлик субъектининг таклифи асосида икки кун муддатда балансда сақловчига сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш бўйича муносабат билдириш юзасидан сўров юборади.

Ижарага берувчи фойдаланилмаётган сув ҳавзасини (ер участкасини) аниқлаган тақдирда, ушбу сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш бўйича ўз ташаббуси билан балансда сақловчига сўров юбориши мумкин.

Бунда балансда сақловчи сўровнома тушгандан кейин икки кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги "Хавфсиз дарё бошқармаси" давлат муассасасининг (кейинги ўринларда - "Хавфсиз дарё бошқармаси" давлат муассасаси) сув ҳавзасининг (ер участкасининг) ижарага берилиши юзасидан тегишли хулосаси олинишини таъминлайди.

Қуйидаги ҳолларда балансда сақловчи сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш таклифини рад этади:

"Хавфсиз дарё бошқармаси" давлат муассасасининг сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосаси берилганда;

сув ҳавзаси стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлар тоифасига кирган тақдирда;

сув ҳавзаси амалда ижарага берилган бўлса.


8. Сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага беришни рад этишга ушбу Низомнинг 7-бандида келтирилган асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, балансда сақловчи фойдаланишидаги сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш учун ижарага берувчига қуйидаги маълумотларни кўрсатиб, беш кун ичида ариза тақдим этади:

ижарага берилаётган сув ҳавзасининг (ер участкасининг) номи, тавсифи, жойлашган жойи (манзили);

сув ҳавзасининг (ер участкасининг) умумий майдони, чегаралари кўрсатилган чизмаси ва фотосурати;

ижарага бериладиган сув ҳавзаси (ер участкаси) бўйича ушбу Низомнинг 35 ва 36-бандларида келтирилган формула асосида ҳисобланган йиллик ижара ҳақи миқдори;

"Хавфсиз дарё бошқармаси" давлат муассасасининг сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

сув ҳавзасидан (ер участкасидан) фойдаланиш мақсади ва қўшимча шартлари.


9. Балансда сақловчи томонидан бир ер участкаси унинг аниқ чегаралари кўрсатилган қисмларга (лотларга) ажратилган ҳолда, бир неча тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш бўйича ариза берилиши мумкин.


10. Балансда сақловчининг аризасида ушбу Низомнинг 8-бандидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган бўлса, ижарага берувчи аризани бир кун муддатда маълумотларни тўлиқ кўрсатган ҳолда тақдим этиш учун балансда сақловчига қайтаради.


11. Ижарага берувчи тадбиркорлик субъектининг таклифини кўриб чиқиш натижаси бўйича ва қабул қилинган қарор ҳақида таклиф олинган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда тадбиркорлик субъектига хабар юборади.


12. Балансда сақловчи томонидан сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш юзасидан ташаббус ижарага берувчига ушбу Низомнинг 8-бандида белгиланган маълумотларни кўрсатган ҳолда ариза тақдим этиш орқали кўрсатилади.



3-БОБ. СУВ ҲАВЗАСИ ВА ЕР УЧАСТКАСИНИ

ИЖАРАГА БЕРИШ ТАРТИБИ


13. Cув ҳавзаси (ер участкаси) ижарага берувчи томонидан балансда сақловчининг аризасига асосан электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдоси орқали ижарага берилади.


14. Сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш бўйича электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдоларини ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган "E-auksion" электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


15. Ижарага берувчи сув ҳавзаси (ер участкаси) ижарага берилишини ташкил этишда:

ижара шартномаси лойиҳасини муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда тайёрлайди;

балансда сақловчининг аризасига асосан ижарага бериладиган сув ҳавзаси (ер участкаси) тўғрисидаги маълумотларни ва ижара шартномаси лойиҳасини электрон савдо платформасига жойлаштиради;

ижарага бериладиган сув ҳавзасининг (ер участкасининг) номи, тавсифи, жойлашган жойи (манзили), майдони, чегаралари кўрсатилган чизмаси ва фотосурати, йиллик ижара ҳақи миқдори, улардан фойдаланиш мақсади ва қўшимча шартларини Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш" АЖнинг расмий веб-сайтлари орқали тадбиркорларга етказади;

аукцион савдоси натижасига кўра ғолиб бўлган ижарага олувчи билан белгиланган тартибда ижара шартномасини расмийлаштиради;

ижарага олувчи томонидан ижара ҳақи белгиланган миқдор, тартиб ва муддатларда тўланишини мониторинг қилиб боради.


16. Табиий ва сунъий сув ҳавзаси (сув омборлари) атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари мазкур сув ҳавзасида ижара шартномаси асосида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектларининг балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш бўйича фаолиятига тўсқинлик қилмаган ҳолда ижарага берилади.



4-БОБ. ИЖАРА ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ


17. Электрон онлайн-аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги электрон баённома ижарага берувчи, балансда сақловчи ва аукцион ғолиби ўртасида ижара шартномаси тузиш учун асос ҳисобланади.


18. Электрон онлайн-аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги электрон баённома расмийлаштирилгандан сўнг ўн иш кунидан кечиктирмай, ижарага берувчи, балансда сақловчи ва аукцион ғолиби ўртасида баённома асосида ижара шартномаси тузилади.


19. Ижара шартномасини расмийлаштириш ижарага берувчининг ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади.


20. Ижара шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

ижарага берилаётган сув ҳавзасининг (ер участкасининг) жойлашган жойи, майдони;

ижара муддати;

ижара тўловининг миқдори, уни тўлаш тартиби ва муддатлари;

ижара тўлови миқдорини ўзгартириш тартиби;

сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага олувчига топшириш муддати;

ижарага олувчининг шартнома муддати тугаганда, муддатидан аввал бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда сув ҳавзасини (ер участкасини) балансда сақловчига қайтариш шартлари;

сув ҳавзасининг (ер участкасининг) санитария-гигиеник ҳолатини тиклаш шартлари;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

ижарага олувчининг балиқ ресурсларини ва сув ҳавзасини сақлаш бўйича тадбирларни ўтказиши, шунингдек, овланадиган балиқнинг мунтазам ҳисобини юритиш (турлари бўйича), сув ҳавзасини ҳар йили балиқ чавоқлари билан балиқлантириб бориш, маҳсулотни сотиш ва етиштириш бўйича шартномалар тузиш, ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этиш мажбуриятлари;

ижарага берилган сув ҳавзасида балиқ захираларини кўпайтириш, балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириб бориш ишлари амалга оширилишини мониторинг қилиш шартлари;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар.


21. Сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага бериш шартномаси расмийлаштирилгандан сўнг 5 иш куни ичида балансда сақловчи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бунда шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш харажатлари балансда сақловчи томонидан амалга оширилади.


22. Ижара шартномаси томонларнинг келишувига асосан ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади ва ўзгартирилади.


23. Балансда сақловчи томонидан сув ҳавзасини ривожлантириш бўйича талабгорларга қўйиладиган инвестиция ва бошқа мажбуриятлар (шартлар) ҳар бир сув ҳавзасининг хусусияти, жойлашган жойи ва майдонининг ҳажмини инобатга олган ҳолда қуйидагича белгиланиши мумкин:

сув ҳавзасида балиқчиликни ривожлантириш учун киритиладиган инвестициянинг энг кам миқдори;

сув ҳавзасини балиқ (турлари ва миқдори бўйича) чавоқлари билан ҳар йили балиқлантиришнинг энг кам миқдори;

балиқ овлашнинг йиллик энг кам ва/ёки энг кўп миқдори;

сув ҳавзасига ўрнатилиши шарт бўлган қафас (садок)ларнинг энг кам ва/ёки энг кўп миқдори.

Балансда сақловчи томонидан сув ҳавзасини ривожлантириш имкониятларига кўра қўшимча мажбуриятлар белгиланиши мумкин.



5-БОБ. ИЖАРАГА БЕРУВЧИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


24. Ижарага берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижарага олувчининг сув ҳавзасидан (ер участкасидан) белгиланган йўналишда мақсадли фойдаланиши, ижара ҳақини белгиланган миқдор, тартиб ва муддатларда тўлашини мониторинг қилиш;

шартноманинг амал қилиш муддати узайтирилишида ижарага олувчи кейинги муддатга белгиланаётган ижара ҳақи тўлов ставкасидан норози бўлган тақдирда, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги шартномани (келишувни) имзолашни рад этиш;

ижарага олувчи томонидан сув ҳавзасидан (ер участкасидан) фойдаланиш даврида табиатни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш учун тегишли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш;

ижарага олувчидан шартнома муносабатларига оид маълумотлар ва ахборотларни сўраб олиш;

зарурат туғилганда, ижарага олувчига шартномани муддатидан олдин ўзаро келишиб бекор қилиш ёки уни ўзгартириш ҳақида таклиф киритиш;

ижарага олувчи томонидан балансда сақловчининг сув ҳавзасига (ер участкасига) нисбатан эгалик ҳуқуқи бузилмаслигини таъминлаш.


25. Ижарага берувчи қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

балансда сақловчининг сув ҳавзасини (ер участкасини) шартномада белгиланган муддат ва тартибда ижарага олувчига топширишини, шартнома муддати тугаганда, муддатидан аввал бекор қилинганда, ўз кучини йўқотганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, ижарага олувчи сув ҳавзасини (ер участкасини) балансда сақловчига муддатида қайтариб топширишини ташкил этиш ва амалга ошириш;

ижарага олувчи томонидан сув ҳавзасига (ер участкасига) ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказилганда, чора кўриш мақсадида ваколатли давлат органларини хабардор қилиш;

ижарага олувчидан транзит ҳисобрақамига тушган ижара тўлови маблағларини белгиланган муддат ва тартибларда тақсимлаш;

ижарага олувчининг шартнома амал қилиш муддати тугаши муносабати билан унинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги сўровини балансда сақловчи билан биргаликда ушбу Низомнинг 37-банди талабига мувофиқ кўриб чиқиш;

балансда сақловчи билан биргаликда ижарага олувчи томонидан шартнома шартлари, жумладан, ижара тўлови муддатлари бузилганда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномани муддатидан олдин бекор қилиш, ижарага олувчини сув ҳавзасидан (ер участкасидан) мажбурий чиқариш ва қарздорликни ҳамда ҳисобланган пеня суммаларини мажбурий ундириш чораларини кўриш.



6-БОБ. БАЛАНСДА САҚЛОВЧИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


26. Балансда сақловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижарага олувчидан ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда ва миқдорда ижара тўловини амалга оширишни талаб қилиш;

сув ҳавзаси (ер участкаси) ҳолатини ижарага олувчининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда кўздан кечириш;

ижарага олувчи билан коммунал ва фойдаланиш хизматларини кўрсатиш бўйича битимлар тузиш ҳамда унга мувофиқ ижарага олувчи томонидан унга кўрсатилган коммунал ва фойдаланиш хизматлари ҳақини, шу жумладан, амортизация ажратмалари (мавжуд бўлганда) ўз вақтида тўланишини талаб қилиш;

ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари лозим даражада бажарилмасдан келинаётганлиги аниқланган тақдирда, тузилган ижара шартномасини бекор қилиш чораларини кўриш.


27. Балансда сақловчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ижарага беришга таклиф этилаётган сув ҳавзаси (ер участкаси) бўйича ушбу Низомда кўрсатилган маълумотларни ижарага берувчига тўлиқ тақдим этиш;

ижарага берувчи иштирокида сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага олувчига шартнома имзоланган кундан бошлаб беш кун ичида топшириш;

сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага олувчига топшириш-қабул қилиш далолатномаси имзоланиб, тасдиқланган санадан ижарага олувчини ижара объектига ҳеч қандай тўсиқсиз кириб чиқишига (фойдаланишига) рухсат бериш;

сув ҳавзасида балиқ захираларини кўпайтириш, ҳар йили сув ҳавзаларини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириб бориш ишлари амалга оширилиши, шартномавий мажбуриятлар бажарилишини мониторинг қилиш;

шартнома муддати тугаганда, амал қилиши муддатидан олдин бекор қилинганда ёки шартнома ҳақиқий эмас деб топилганда ўн кун муддат ичида ижарага берилган сув ҳавзаси (ер участкаси) ижарага олувчи томонидан топширилишини таъминлаш.


28. Томонлар шартномада белгиланган мажбуриятлар бажарилмагани оқибатида шартноманинг бошқа томонларига етказган зарарларни ихтиёрийлик асосида қоплайди. Ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда, зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд орқали қопланади.


29. Балансда сақловчи доимий равишда ижарага берувчига фойдаланилмасдан бўш турган сув ҳавзасининг (ер участкасининг) жойлашган жойи, майдони ва бошқа умумий тавсифлари кўрсатилган маълумотларни тақдим этиб боради.

Балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилотлари (агар мавжуд бўлса) ушбу маълумотлар ижарага берувчига тақдим этилиши устидан идоравий назоратни таъминлайди.


30. Сув ҳавзасини (ер участкасини) белгиланган тартибда ижара шартномаси тузилмасдан ижарага бериш ҳолати аниқланганда, ижарага берувчи 10 кун муддатда ушбу ер участкаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага берилишини ташкил этади.



7-БОБ. ИЖАРАГА ОЛУВЧИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Ижарага олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сув ҳавзасини (ер участкасини) муддатида қабул қилиб олиш ва ундан ҳеч қандай аралашув ва тўсиқларсиз фойдаланиш;

шартнома тузишдан, сув ҳавзасини (ер участкасини) қабул қилиб олишдан, шартноманинг амал қилиш муддатини имтиёзли узайтиришдан воз кечиш;

шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ташаббуси билан чиқиш;

шартнома шартларига мувофиқ сув ҳавзасини (ер участкасини) балансда сақловчидан қабул қилиб олиш;

ушбу Низомнинг 37-бандига мувофиқ шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳуқуқидан фойдаланиш;

ижарага олинган сув ҳавзасининг майдонида ўзгариш бўлганда, шу жумладан, сув ҳавзасининг сув ҳажми камайган ёки кўпайган тақдирда, тегишли ваколатли ташкилотлар қайта ўлчов ишларини ўтказиши ва ушбу ташкилотларнинг хулосалари (далолатномалари) асосида календарь йил учун белгиланган ижара ҳақи ва чора-тадбирлар режасига ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиқиш.

Қайта ўлчов ишларини ўтказиш харажатлари ижарага олувчи ҳисобидан амалга оширилади.


32. Ижарага олувчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

электрон-онлайн аукцион баённомаси расмийлаштирилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида ижара шартномасини электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш;

ижара шартномасида белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

сув ҳавзасидан (ер участкасидан) фойдаланишда амалдаги санитария-гигиена, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда ишни ташкил этиш;

сув ҳавзасининг (ер участкасининг) ифлосланишига йўл қўймаслик, уларда экология мувозанатини сақлаш ва сув ҳавзасига ландшафт элементи сифатида зиён етказмаслик;

сув ҳавзасидан (ер участкасидан) фақат белгиланган мақсадларда фойдаланиш;

сув ҳавзаси (ер участкаси) гаровга қўйилмаслигини ва улардан бошқача тарзда учинчи шахслар томонидан фойдаланилмаслигини таъминлаш;

шартномада белгиланган тартиб ва муддатларда ижара тўловини бевосита ижарага берувчининг транзит ҳисобварағига 100 фоиз олдиндан тўлаш тартибида амалга ошириш;

шартномани муддатидан олдин бекор қилиш истаги ҳақида камида 10 кун олдин ижарага берувчи ва балансда сақловчини ёзма равишда огоҳлантириш;

ижара муддати тугагач, узоғи билан 10 кун ичида сув ҳавзасини (ер участкасини) балансда сақловчига қайтариб топшириш;

Ўзбекистон Республикаси "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунининг 25, 26, 35, 35-1, 60, 61, 62, 63 ва 64-моддалари талабларига, шунингдек, "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги Қонунининг 41-моддасида белгиланган режимга қатъий риоя этиш;

ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида белгиланган қоидалар, нормалар ва нормативларга риоя этиш;

ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаш;

сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирларни амалга ошириб бориш;

сув ҳавзаларида балиқ ресурсларини овлаш ва балиқ чавоқлари билан балиқлантириш бўйича маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5-кунига қадар умумлаштириб, балансда сақловчига тақдим этиш;

банк ҳисоб реквизитлари, почта (яшаш) манзили, телефон рақамлари ва фаолияти турлари ўзгарганда, бу ҳақда дарҳол ижарага берувчини хабардор қилиш;

шартнома муддати тугаганда, бекор қилинганда, ўз кучини йўқотган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, 10 кун муддат ичида сув ҳавзасини (ер участкасини) балансда сақловчига топшириш;

ҳар йили 15 январга қадар ўтган йилда бир гектар сув ҳавзасидан овланган (сотилган) балиқнинг (турлари бўйича) ўртача миқдори ва балиқ овлаш хўжалиги томонидан ўтган йилда бир гектар сув ҳавзасини ўртача балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш миқдори тўғрисидаги маълумотларни балансда сақловчига тақдим этиш.



8-БОБ. СУВ ҲАВЗАСИ ВА ЕР УЧАСТКАСИДАН

ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН ИЖАРА ТЎЛОВИНИ

ҲИСОБЛАШ ҲАМДА УНДИРИШ ТАРТИБИ


33. Ижарага берилган сув ҳавзаси учун бир йиллик ижара ҳақи тўловининг бошланғич нархи балансда сақловчи томонидан ушбу Низомда белгиланган тартибда ҳисобланади.


34. Балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш учун ижарага бериладиган сув ҳавзаси учун бир йиллик ижара ҳақи тўловининг бошланғич нархи қуйидаги формула бўйича белгиланади:

       

Иҳ =Ҳ1* Мс* Бс/100, бунда:

        

Иҳ - ижара ҳақи;

Ҳ1 - бир гектарнинг ўртача балиқ маҳсулдорлиги (10 кг белгиланган ўзгармас коэффициент);

Мс - сув ҳавзасининг сувли майдони, га;

Бс - мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг фоиз ставкаси, сўмда;

100 - ўзгармас коэффициент.

Бунда сув ҳавзасини ижарага беришда ҳисобланадиган ижара ҳақининг энг кам миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан кам бўлмаслиги керак.

Ижара муддатининг иккинчи календарь йилидан бошлаб ҳар бир календарь йил учун ижара ҳақи тўловининг миқдори сув ҳавзасининг бир гектари учун ўртача балиқ маҳсулдорлигидан келиб чиққан ҳолда қуйидагича белгиланади:

         

Ўртача балиқ маҳсулдорлиги,

га/кг

      

Бир календарь йил учун ижара

ҳақи тўловининг миқдори

         

10 гача

Аукцион натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдори ўзгартирилмайди


10,1-30 гача

Аукцион натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорининг 90 фоизи


30,1-70 гача

Аукцион натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорининг 80 фоизи


70 дан юқори

Аукцион натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорининг 70 фоизи


         

Бунда ижарага берилган сув ҳавзаси бўйича ижара ҳақи миқдорини ҳисоблаш учун ижарага олувчи томонидан 15 январга қадар қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

а) ўтган йилда бир гектар табиий сув ҳавзасидан овланган (сотилган) балиқнинг (турлари бўйича) миқдори.

б) ижарага олувчи томонидан ўтган йилда бир гектар сув ҳавзасини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш миқдори.


35. Жорий календарь йилининг 15 февралига қадар ушбу календарь йил учун ижара ҳақи тўловининг миқдори балансда сақловчи томонидан аниқланади ва ижара шартномасига қўшимча шартнома (келишув) тузиш орқали ижара ҳақи тўловининг миқдори, балиқлантириш ва балиқ овлаш режаларига ўзгартириш киритилади.


36. Ижарага бериладиган ер участкаси учун бир йиллик ижара ҳақи тўловининг бошланғич нархи қуйидаги формула бўйича белгиланади:

       

Тс=Эс*Кз*(Кҳ+Ко), бунда:

            

Тс - бир йилга бир кв. метр учун ижара тўловининг таянч ставкаси;

Эс - бир йилга бир кв. метр учун энг кам ставка;

Кз - ҳудудий зоналар коэффициенти;

Кҳ - туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти;

Ко - тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашиш, иккинчи даражали автотранспорт йўлларига чиқишда жойлашиш ва бошқалар).

Бунда:

ижара тўловининг энг кам ставкалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат кўчмас мулки ижараси тўловининг энг кам ставкалари билан биргаликда ҳар йили 31 декабргача тасдиқланади;

амал қилиш муддати келгуси йил даврига ўтадиган ёки узайтириладиган ижара шартномаси бўйича келгуси йил даври учун ижара тўловининг миқдори қўшимча шартнома (келишув) билан келгуси йилга тасдиқланган ижара тўловининг энг кам ставкаларига мутаносиб тарзда ўзгартирилиб, қуйидаги тартибда ҳисобланади:

       

Тс2=(Эс2/Эс1)*(Ас/Им), бунда:

         

Тс2 - келгуси бир йилга бир кв. метр учун ижара тўловининг таянч ставкаси;

Эс1 - аввалги йилга бир кв. метр учун энг кам ставка;

Эс2 - келгуси йилга бир кв. метр учун энг кам ставка;

Ас - аукцион натижалари бўйича белгиланган йиллик ижара тўлови;

Им - шартнома бўйича ижарага олинган майдон.


37. Ижара шартномасининг муддатини келгуси давр учун узайтиришга ижарага олувчи ижара шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарганда ва ижара тўловидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳолатда йўл қўйилади.


38. Ижара ҳақи ижарага олувчи томонидан ижара тўловининг охирги белгиланган миқдори ва ижаранинг қолган муддатидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган даврлар (ҳар чоракда, ҳар ойда ва шу каби) бўйича тенг миқдордаги тўловлар билан ҳисобланади.

Ижара ҳақи тўлови шартномада кўрсатилган муддатларда навбатдаги давр (чорак, ой ва шу кабилар) учун 100 фоиз олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилади.


39. Сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага беришдан ижарага берувчининг белгиланган транзит ҳисобварағига тушган маблағлар электрон савдо платформасида савдоларни ташкил этиш харажатларини чегирган ҳолда қуйидагича тақсимланади:

"Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасига танҳо фойдаланишга берилган табиий сув ҳавзаларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 50 фоизи Экология жамғармасига, 40 фоизи Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига, 10 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказига;

"Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасига танҳо фойдаланишга берилган сунъий сув ҳавзаларини (сув омборларини) ижарага беришдан тушган маблағларнинг 90 фоизи Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига, 10 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказига;

балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш мақсадларидан бошқа мақсадларда табиий сув ҳавзаларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 90 фоизи Экология жамғармасига, 10 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказига йўналтирилади.


40. Ижарага олувчининг ижара асосида фойдаланишдаги сув ҳавзасини (ер участкасини) ёки унинг бир қисмини ўзга шахсларга фойдаланишга бериши, гаровга қўйиши ёки бошқача тарзда (вақтинча) учинчи шахсга ўтказиши тақиқланади.



9-БОБ. СУВ ҲАВЗАСИДА БАЛИҚ

РЕСУРСЛАРИНИ ҚАЙТА ТИКЛАШГА

ДОИР ТАДБИРЛАРНИ ЎТКАЗИШ


41. Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирлар ижарага бериладиган сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклаш ҳамда унда балиқ захираларини кўпайтириш мақсадида ўтказилади.

Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирлар қуйидагилардан иборат:

сув ҳавзасини балиқ чавоқлари билан ҳар йили балиқлантириш ишларини амалга ошириш;

овланадиган балиқлар захирасини аниқлаш бўйича янги технологияларни ишлаб чиқиш ва илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш;

сув ҳавзасида балиқларни қафас усулида етиштириш технологияларини татбиқ қилиш ишларини амалга ошириш;

сув ҳавзасида балиқ захираларини кўпайтириш мақсадида балиқ чавоқлари етиштириш, инкубация цехлари, балиқ парваришхоналари, балиқ озиқасини ишлаб чиқариш корхоналари, қайта ишлаш цехларини, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совитиш ускуналарини барпо этиш.


42. Сув ҳавзаларини балиқлантириш меъёри бир йилга сув ҳавзасининг бир гектарига камида 50 дона балиқ чавоқлари - бир ёзги ёки бир йиллик балиқлар ҳисобида белгиланади.

Сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш тадбирлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда сув хўжалиги бошқармалари ходимлари ва ижарага олувчиларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.



10-БОБ. СУВ ҲАВЗАСИ ВА ЕР УЧАСТКАСИНИ

ИЖАРАГА БЕРИШ ВА ҚАЙТАРИБ ОЛИШ


43. Ижара шартномасига мувофиқ балансда сақловчи ижарага берувчи орқали сув ҳавзасини (ер участкасини) шартнома шартларига мувофиқ ижарага олувчига белгиланган муддат ва тартибда топшириши, ижарага олувчи эса ижара муддати тугаган ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ёхуд суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилганда, балансда сақловчига 10 кун муддат ичида қайтариб топшириши шарт.


44. Сув ҳавзасини (ер участкасини) топшириш - қабул қилиш ва қайтариш - қабул қилиш ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчиларнинг ваколатли вакиллари иштирокида уч томонлама тузилган далолатнома асосида амалга оширилади.

Далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган санаси, тартиб рақами);

сув ҳавзаси (ер участкаси) жойлашган жойи (манзили) ва майдони.

Топшириш - қабул, қайтариш - қабул қилиш далолатномалари томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади ва муҳр (мавжуд бўлса) билан тасдиқланади.


45. Ижара мулки балансда сақловчига қайтарилаётганда, унда камчиликлар аниқланган тақдирда, қайтариш - қабул қилиш далолатномаси ижарага олувчи томонидан сув ҳавзасини (ер участкасини) шартномада белгиланган муддатларда ижара шартномаси шартларига мувофиқ ҳолатга келтирганидан ёки етказилган зарар тўлиқ қоплаганидан сўнг тузилади. Бунда ижарага олувчи билан тузилган ижара шартномаси амалда бўлади ва ижарага олинган мулкдаги камчиликлар бартараф этилиб, сув ҳавзаси (ер участкаси) балансда сақловчи томонидан қабул қилиб олингунига қадар ижара хақи ҳисоблаб борилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46. Ижарага берувчи ижара шартномаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлашга масъул ҳисобланади.


47. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


48. Сув ҳавзаси (ер участкаси) ижарага берилишида юзага келган низолар қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

       

         




Низомга

1-ИЛОВА



Давлатга тегишли сув ҳавзаларини тадбиркорлик

субъектларига "E-auksion" электрон савдо

платформаси орқали ижарага бериш

СХЕМАСИ

        

     

Босқичлар

       


     

Субъектлар

    


   

Тадбирлар

     


    

Муддатлар

       








1-босқич


       

Ижарага берувчи (Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази)

       


Балансда сақловчининг аризасига асосан ижарага бериладиган сув ҳавзаларини аниқлайди.


Доимий





           



2-босқич


Тадбиркорлик субъекти


         

Ижарага берувчига:

сув ҳавзасининг тавсифи ва жойлашган жойини;

сув ҳавзасининг балансда сақловчисини (бундай маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда) кўрсатган ҳолда ўз таклифини тақдим этади.

         


Ўз хоҳишига кўра








3-босқич


Ижарага берувчи (Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази)


      

Тадбиркорлик субъектининг таклифи асосида сув ҳавзасининг балансда сақловчисига сув ҳавзасини ижарага бериш бўйича муносабат билдириш юзасидан сўровнома юборади.

         


2 кун муддатда





     



4-босқич


Балансда сақловчи


         

Сўровнома тушганидан сўнг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги "Хавфсиз дарё бошқармаси" давлат муассасасининг сув ҳавзасининг ижарага берилиши юзасидан тегишли хулосаси олинишини таъминлайди.

          


2 кун муддатда








5-босқич


Балансда сақловчи


Ижарага берувчи (Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази)


         

Сув ҳавзасини ижарага беришни рад этишга асослар бўлмаса, сув ҳавзасини ижарага бериш учун ижарага берувчига қуйидаги маълумотларни кўрсатиб, ариза тақдим этади:

ижарага берилаётган сув ҳавзасининг номи, тавсифи, жойлашган жойи (манзили);

сув ҳавзасининг умумий майдони, чегаралари кўрсатилган чизмаси ва фотосурати;

ижарага бериладиган сув ҳавзаси бўйича ушбу Низомнинг 35 ва 36-бандларида келтирилган формула асосида ҳисобланган йиллик ижара ҳақи миқдори;

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги "Хавфсиз дарё бошқармаси" давлат муассасасининг сув ҳавзаси ижарага берилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

сув ҳавзасидан фойдаланиш мақсади ва қўшимча шартлари.

            


5 кун муддатда








6-босқич


      

Ижарага берувчи (Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази)

        


Тадбиркорлик субъектининг таклифини кўриб чиқиш натижаси бўйича ва қабул қилинган қарор ҳақида тадбиркорлик субъектига хабар юборади.


Таклиф олинган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда








7-босқич


        

Ижарага берувчи (Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази)

         


Балансда сақловчининг аризасига асосан ижарага бериладиган сув ҳавзасини электрон савдо платформасига жойлаштиради.



2 иш куни ичида








8-босқич


       

Ижарага берувчи (Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази)


Тадбиркорлик субъекти

     


Аукцион савдоси натижасига кўра ғолиб бўлган ижарага олувчи билан электрон ижара шартномасини имзолайди.


Электрон онлайн-аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги электрон баённома имзолангандан

сўнг 10 иш куни ичида








9-босқич


        

Балансда сақловчи


Ижарага берувчи (Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази)


Тадбиркорлик субъекти

         


Ижара шартномаси имзолангандан сўнг сув ҳавзаси ижарага олувчига топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида топширилади ва ижарага олувчи томонидан қабул қилиб олинади.


Ижара шартномаси имзолангандан сўнг 5 кун ичида

       

          




Низомга

2-ИЛОВА



Сув ҳавзалари бўйича ижара ҳақи тўловини

ҳисоблашда сув ҳавзалари маҳсулдорлигига

боғлиқ ҳолда қўлланиладиган ставкалар

МИҚДОРИ

       

Маҳсулдорлик, га/кг

         

Базавий ҳисоблаш миқдори, фоиз

     

Ижара ҳақини ҳисоблаш

формуласи

       

10 кг гача


100,0

(10 х 1 х 100% БҲМ/ 100)

10,1-30 кг гача


90,0

(10 х 1 х 90% БҲМ/ 100)

30,1-50 кг гача


80,0

(10 х 1 х 80% БҲМ/ 100)

50,1-70 кг гача


70,0

(10 х 1 х 70% БҲМ/ 100)

70,1-80 кг гача


60,0

(10 х 1 х 60% БҲМ/ 100)

80,1-90 кг гача


50,0

(10 х 1 х 50% БҲМ/ 100)

90,1-100 кг гача


40,0

(10 х 1 х 40% БҲМ/ 100)

100,1 кг дан юқори


30,0

(10 х 1 х 30% БҲМ/ 100)

          

Изоҳ.


1) бир гектарнинг ўртача маҳсулдорлиги, кг (10 кг белгиланган ўзгармас коэффициент);


2) сув ҳавзаси участкасининг сувли майдони, га;


3) 1 га сув ҳавзасига қўлланиладиган базавий ҳисоблаш миқдорининг фоиз ставкаси;


4) базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бир баравари миқдорида.

Бунда: 1 га сув ҳавзасига энг юқори 100 фоизли ставка бўйича ҳисобланган ижара ҳақи энг кам ойлик ижара ҳақининг 10 фоизи миқдорида.

1) 10 х 1 х 100% х 330 000 / 100 - 33 000 сўм - 10 кг.

2) 10 х 1 х 90% х 330 000 / 100 - 29 700 сўм - 30 кг.

3) 10 х 1 х 80% х 330 000 / 100 - 26 400 сўм - 50 кг.

4) 10 х 1 х 70% х 330 000 / 100 - 23 100 сўм - 70 кг.

5) 10 х 1 х 60% х 330 000 / 100 - 19 800 сўм - 80 кг.

6) 10 х 1 х 50% х 330 000 / 100 - 16 500 сўм - 90 кг.

7) 10 х 1 х 40% х 330 000 / 100 - 13 200 сўм - 100 кг.

8) 10 х 1 х 30% х 330 000 / 100 - 9 900 сўм - 100.1 кг. дан юқори.

1 га сув ҳавзасига энг паст 30 фоизли ставка бўйича ҳисобланган ижара ҳақи - 9 00 сўм. (10 х 1 х 30% БҲМ/ 100) - 9 900.

Базавий ҳисоблаш миқдори ўзгариши билан бирга ижара ҳақи суммасининг миқдори ҳам ўзгаради.

         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 4 сентябрь