Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.09.2023 й. 452-сон "Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.09.2023 й.

N 452



МАХСУС ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР

ҲУДУДИДА ИНВЕСТОРЛАРГА ДАВЛАТ

ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШНИНГ МАЪМУРИЙ

РЕГЛАМЕНТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 13 июндаги ПФ-153-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолият юритиш истагини билдирган инвесторларга қулайликлар яратиш, уларнинг махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнларини автоматлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 13 июндаги ПФ-153-сон Фармонига мувофиқ инвесторларнинг махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнларида "ягона дарча" тамойили асосида хизмат кўрсатиш тизимини жорий қилиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. 2023 йил 1 декабрдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш, улар билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим ва ижара шартномаларини тузиш бўйича давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП), Давлат хизматлари марказлари ёки махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.


3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:

махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун инвестиция буюртманомасини тақдим этиш тартиби;

инвестиция буюртманомасини махсус иқтисодий зоналар дирекцияси томонидан кўриб чиқиш тартиби;

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим тузиш ва махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби.


4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга кўрсатиладиган давлат хизматлари турини кўпайтириш чораларини кўрсин.


5. Рақамли технологиялар вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга давлат хизматлари ЯИДХП ва Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилишини таъминласин;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;

давлат хизматларини кўрсатиш учун тўловлар Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилишини йўлга қўйсин.


6. Адлия вазирлиги:

махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ҳамда давлат ташкилотлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан уларнинг фаолияти бўйича, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентнинг талабларини бузганлик учун махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ҳамда давлат ташкилотлари мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик чораларини қўлласин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 8 сентябрь