Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 07.09.2023 й. 452-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 7 сентябрдаги

452-сон қарорига

ИЛОВА



Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга

давлат хизматларини кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Регламент махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга махсус иқтисодий зоналар дирекциялари (кейинги ўринларда - Дирекция) ҳамда давлат ташкилотлари томонидан давлат хизматини (кейинги ўринларда - давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Регламент қоидалари махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга кўрсатиладиган қуйидаги давлат хизмати турларига нисбатан татбиқ этилади:

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун уларни танлаб олиш (бизнес-режалар бўйича хулосалар бериш, ер майдонлари ҳамда бино ва иншоотларни аукционга чиқариш);

махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш;

махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим ва ижара шартномаларини тузиш.


3. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга Дирекция томонидан давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловадаги схемага мувофиқ кўрсатилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


4. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида янги инвестиция лойиҳасини молиялаштириш ва амалга ошириш истагини билдирган юридик шахслар (кейинги ўринларда - Инвестор) давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан (кейинги ўринларда - ЯИДХП) рўйхатдан ўтади ёхуд бевосита Дирекцияга мурожаат қилади.


5. Инвестор Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, ушбу Регламентга 2-иловадаги шаклга мувофиқ инвестиция буюртманомаси Давлат хизмати маркази ходими томонидан тўлдирилиб, Инвестор томонидан тасдиқланади.

Инвестор ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда, мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги инвестиция буюртманомасини тўлдиради.

Инвестор Дирекцияга мустақил равишда мурожаат қилган ҳолларда инвестиция буюртманомаси қоғоз шаклида ёки почта алоқа воситаси орқали тақдим этилади.

Инвестор инвестиция буюртманомасига "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонуннинг 7-бобига асосан ҳужжатлар тўпламини (кейинги ўринларда - ҳужжатлар тўплами) илова қилади.


6. Инвестиция буюртманомасига илова қилинган ҳужжатлар ва улардаги маълумотларнинг тўғри расмийлаштирилганлиги Давлат хизматлари маркази ходими томонидан текшириб олинади.


7. Инвестор Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилганда, барча ҳужжатлар реал вақт режимида Дирекцияга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, Инвестиция буюртманомаси автоматик тарзда Дирекцияга юборилади.


8. Инвестор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончли бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланиши Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади.

Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


9. Инвестор давлат хизматидан фойдаланишдан инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш натижаси бўйича Дирекция томонидан қарор қабул қилингунга қадар бош тортиш ҳуқуқига эга.

Инвестор давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг мурожаати кўрилмасдан қолдирилади.


10. Дирекцияга келиб тушган инвестиция буюртманомаси шу куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган бўлса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказади.


11. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича инвесторлар томонидан тақдим қилинган инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар Дирекция томонидан ўн иш кунида кўриб чиқилади.


12. Инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонун талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ҳужжатлар тўплами қайтариш сабаблари кўрсатилган ҳолда ЯИДХП орқали ёки Инвестор бевосита мурожаат этган тақдирда, почта алоқа воситаси орқали қайтариб юборилади.

Қайтариш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилганидан кейин инвестиция буюртманомаси Дирекцияга инвестор томонидан такроран ўттиз кун ичида тақдим этилиши мумкин.


13. Инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш муддати беш иш кунини ташкил этади. Бунда илгари кўриб чиқилган ҳужжатларга нисбатан янги мулоҳазалар тақдим этилишига йўл қўйилмайди.



3-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ БУЮРТМАНОМАСИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ НАТИЖАСИ БЎЙИЧА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


14. Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш натижаси бўйича Дирекциянинг қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённома Дирекция директори томонидан QR код билан тасдиқланади.


15. Баённомадан кўчирма инвестиция буюртманомасини берган инвесторга баённома тасдиқланган куннинг ўзида Дирекция томонидан ЯИДХП орқали ёки Инвестор бевосита мурожаат этган тақдирда, почта алоқа воситаси орқали юборилади.


16. Дирекциянинг махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарори қуйидагилар учун асос бўлади:

инвестиция буюртманомасида кўрсатилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаси ёки бино ва иншоотни электрон онлайн-аукционга қўйиш;

электрон онлайн-аукцион ғолиби билан инвестиция битими ва ижара шартномасини тузиш.


17. Инвестиция лойиҳаси махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчилик талабларига тўғри келмаслиги муносабати билан уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги Дирекция қарори устидан инвестиция буюртманомасини берган Инвестор белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ТОМОНИДАН ИШЛАБ ЧИҚИЛГАН

ИНВЕСТИЦИЯ БУЮРТМАНОМАСИНИ ТАСДИҚЛАШ

ВА АМАЛГА ОШИРИШ


18. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларни жойлаштириш ва яратилган инфратузилмадан самарали фойдаланиш мақсадида махсус иқтисодий зоналар ихтисослашуви ва бош режасига асосан Дирекция томонидан (консалтинг компаниялар, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Лойиҳа гуруҳларини жалб этган ҳолда) инвестиция буюртманомалари ишлаб чиқилиши мумкин.


19. Дирекция томонидан ишлаб чиқилган инвестиция буюртманомаси беш иш кунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади ёки асосли эътирозлар билан ишлаш учун Дирекцияга қайтарилади.


20. Тасдиқланган инвестиция буюртманомалари Дирекция томонидан электрон онлайн-аукцион савдоларига уч иш кунида чиқарилади.


21. Дирекция электрон онлайн-аукцион савдоси ғолибини мазкур регламентнинг 5-бобига асосан рўйхатдан ўтказади.



5-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ ТУЗИШ ВА МАХСУС ИҚТИСОДИЙ

ЗОНАЛАР ИШТИРОКЧИЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


22. Дирекция электрон-онлайн аукцион ғолиби бўлган Инвестор билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим ва ижара шартномаси тузади.


23. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим махсус иқтисодий зоналар фаолият кўрсатиш муддатидан ошмайдиган муддатга тузилади.


24. Инвестор томонидан лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъекти (кейинги ўринларда - корхона) ва Дирекция ўртасидаги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради.


25. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши куйидаги ҳолларда якунланади:

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим тузилган муддат тугагандан сўнг;

тадбиркорлик субъекти махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомидан маҳрум этилганда;

махсус иқтисодий зоналар муддатидан олдин тугатилганда;

қонунчиликда ёки инвестиция битимида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


26. Корхона махсус иқтисодий зона иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ беш баравари миқдорида тўлов тўлайди ва тўловлар ундирилганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.


27. Тўловлар суммаси куйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда:

0,5 фоизи (давлат хизмати Ягона биллинг тизими орқали кўрсатилганда) - Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг ғазначиликдаги махсус ҳисобварағига;

18 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;

қолган маблағлар - Дирекциянинг махсус ҳисобварағига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи - давлат хизмати Ягона биллинг тизими орқали кўрсатилганда) - Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг ғазначиликдаги махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - Дирекциянинг махсус ҳисобварағига ўтказилади.


28. Корхона ва Дирекция ўртасидаги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битим имзолангандан сўнг ушбу Регламентга 3-иловада белгиланган шакл бўйича QR код қўйилган махсус иқтисодий зоналар иштирокчиси гувоҳномаси берилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Давлат хизматлари маркази ва Дирекция ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


30. Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламентнинг талаблари бажарилиши бўйича давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолиятини доимий назорат қилади ва мониторинг олиб боради.


31. Инвестор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликка мувофиқ шикоят қилиши мумкин.


32. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвесторларга

Дирекция томонидан давлат хизматини кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Инвестор (юридик шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари)


Давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан (кейинги ўринларда - ЯИДХП) рўйхатдан ўтади ҳамда бевосита махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига (кейинги ўринларда - Дирекция) мурожаат қилади.


Реал вақт режимида









2-босқич

1. Давлат хизматлари марказлари

2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали


Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўпламини Дирекцияга электрон шаклда юборади.


Реал вақт режимида









3-босқич

Дирекция


1. Тақдим қилинган инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва натижаси бўйича:

а) махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ҳужжатлар тўпламини қайтариш сабаблари кўрсатилган асослантирилган хулоса хатини тақдим этади;

б) ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаса, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарорни тақдим этади.


Ҳужжатлар келиб тушгандан сўнг 10 иш кунида









4-босқич

Дирекция


1. Маъқулланган инвестиция буюртманомасида талаб этилган ҳажмдаги ер майдони ёки бўш бино ва иншоотни электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқаради.



Қарор қабул қилингандан сўнг 3 иш кунида


2. Дирекция электрон онлайн-аукцион ғолиби билан махсус иқтисодий зона ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция битимини ва ижара шартномасини тузади ёки зарур бўлганда, битим қоидаларини келишиш мақсадида музокаралар ўтказиши мумкин.


Онлайн-аукцион савдолари якунлангандан сўнг 5 иш кунида







5-босқич

Инвестор


1. Махсус иқтисодий зона иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш бўйича қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни тақдим этади.


2. Махсус иқтисодий зона иштирокчилари реестрига киритиш учун бир марталик тўловни амалга оширади.


Инвестиция битими имзолангандан сўнг 2 иш кунида









6-босқич

Дирекция


Инвесторни махсус иқтисодий зона иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказади ва унга гувоҳнома беради.


Ҳужжатларни олган кундан бошлаб 2 иш кунида



          





Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



"___________________" махсус

иқтисодий зона дирекциясига



"_____________________" махсус иқтисодий зонасида

инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун тақдим

этиладиган инвестиция буюртманомасининг

НАМУНАВИИ ШАКЛИ

1. Инвестор (инвесторлар) тўғрисида маълумотлар

Мурожаатчи (инвестор ёки инвесторлар) ташкилотнинг номи, келиб чиққан давлати



Инвестор (ёки инвесторлар) тўғрисида маълумот, жумладан, давлат рўйхатидан ўтган санаси ва жойи, таъсисчи(лар) ва бошқалар



Юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, таъсисчиларнинг устав фондидаги улушининг тақсимланиши ва қўйилмаларнинг шакли



Мурожаатчи ташкилотнинг жойлашуви (манзили)



СТИР



2. Инвестиция лойиҳаси тўғрисида маълумотлар

Инвестиция лойиҳасининг номи



Инвестиция лойиҳасининг мақсади ва қисқача тавсифи, жумладан, ишлаб чиқаришнинг йиллик қуввати



Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг, кўрсатиладиган хизматнинг номи, қўлланилиши ва асосий белгилари



Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ТИФ ТН коди (10 та белги)



Маҳсулот ва хизматнинг ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажми, экспортга ва ички бозорга йўналтириладиган ҳажмини (натура кўринишида ва АҚШ доллари экв.) ҳисобга олган ҳолда



Йиллик солиқ тушуми (млн сўмда)



Асосий хом ашё, материал ва бутловчи қисмлар (маҳаллий ва импорт), уларнинг тайёр маҳсулотдаги улуши (фоизда)



Хом ашё, материаллар, бутловчи қисмларга бўлган йиллик талаб (АҚШ доллари экв.), шу жумладан, маҳаллий ва импорт



Маҳаллийлаштириш даражаси (МД=(1-И/Т)х100%)* ҳамда тайёр маҳсулот товар позициясининг ТИФ ТН коди бўйича ўзгариши (1 йил, 2 йил, 3 йил)



Маҳсулот ва хизмат стандартлари - ГОСТ, ОСТ, ТУ, O`zDst, ISO 9001, ISO 14001 ва бошқалар



Фойдаланилиши мўлжалланаётган савдо маркаси



Ишлаб чиқаришнинг бошланиш санаси



Ташкил этилаётган иш ўрни, жумладан, маҳаллий ходимлар



Ер участкасини электрон онлайн-аукционга қўйиш чогидаги бошланғич нарх ҳақидаги, шунингдек, ҳар йилги ижара тўлови миқдори ҳақидаги таклиф (агар мавжуд бўлса)



3. Зарур майдон ва инфратузилма тўғрисида маълумотлар

Талаб этиладиган майдон (га)



Ишлаб чиқариш майдонлари (кв.м.)



Электр энергиясига бўлган талаб (кВт/соат йилига), ўрнатиладиган қувват (кВт ёки МВт)



Табиий газга бўлган талаб (куб.м., йилига), босим (атм.)



Ичимлик ва техник сувга бўлган талаб (куб.м., йилига)



Ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг мавжудлиги, жумладан, газлар (номлари) кг, йилига ёки соатига, қаттиқ чиқиндилар (номлари) тн/ойда, суюқ чиқиндилар (номлари) тн/ойда ва бошқалар



4. Лойиҳанинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари

Лойиҳанинг қиймати (АҚШ доллари экв.)



Молиялаштириш манбалари (тўғридан-тўғри инвестициялар, маҳаллий инвесторлар маблағлари, тижорат банклари кредитлари)



Машина ва асбоблар қиймати (АҚШ доллари экв.), жумладан, маҳаллий ва импорт



ҚМИ қиймати (АҚШ доллари экв.)



Айланма капитал суммаси (АҚШ доллари экв.)



Инвестицияларни киритиш шакли ва жадвали



Лойиҳанинг қопланиш муддати (бизнес-режага мувофиқ)



        

*) МД - ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси; И - импорт қилинаётган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларнинг валютадаги қиймати (божхона тўловлари билан бирга); Т - маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш таннархи (маҳаллий етказиб берувчилардан олинган импорт хомашё маҳаллий ҳисобланмайди)

Раҳбар







(QR-код)


(Ф.И.О.)


(сана)

          





Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА




"___________________________"

МАХСУС ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ ДИРЕКЦИЯСИ



ГУВОҲНОМА


Тартиб рақами: _______________

Берилди:


га


(ташкилот номи)


"________________" МАХСУС ИКТИСОДИЙ ЗОНАСИ

ИШТИРОКЧИСИ СИФАТИДА



Берилган сана: ____________________


Асос: __________________________________________________________


("_______________" махсус иқтисодий зонаси дирекцияси қарорининг санаси ва рақами)


Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР коди) ____________

Директор:





(Ф.И.О.)


(QR-код)

Изоҳ. Гувоҳномада махсус иқтисодий зона ва дирекция номи махсус иқтисодий зона турига қараб тўлдирилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 8 сентябрь