Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 18.09.2023 й. 477-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 18 сентябрдаги

477-сон қарорига

ИЛОВА



Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини

аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари

бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур маъмурий регламент (кейинги ўринларда - Регламент) тиббиёт ва фармацевтика ходимларини (кейинги ўринларда - талабгор) аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини (кейинги ўринларда - давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Малака тоифалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази (кейинги ўринларда - ваколатли орган) томонидан ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотларда фаолият юритадиган шифокорлар, фармацевтлар, "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга (кейинги ўринларда - тиббиёт ва фармацевтика ходимлари) берилади.


3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


малака тоифаси - аттестация натижаларига кўра берилган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг назарий билими, амалий кўникмалари, касбий малакаси даражасини тасдиқловчи ҳамда уларни моддий рағбатлантириш учун асос бўладиган даража;


малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификат (кейинги ўринларда - сертификат) - тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;


талабгор - ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча ташкилотларда меҳнат қиладиган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари.


4. Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ҳар беш йилда бир марта малака тоифасини бериш бўйича навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади ("Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимлари бундан мустасно).

Илгари аттестациядан ўтмаган ва ишга янги қабул қилинган шифокорлар ҳамда фармацевтлар ёки олий таълим ташкилотларини битириб, биринчи бор ишга кирган шифокор ва фармацевтлар мутахассислиги бўйича уч йил иш стажига эга бўлгандан сўнг малака тоифасини бериш мақсадида мажбурий аттестациядан ўтказилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари малака тоифасини бериш бўйича аттестациядан ўтказилиши мумкин.

Навбатдаги малака тоифасини бериш бўйича мажбурий аттестациядан, шунингдек, навбатдан ташқари аттестациядан ўтган шифокор ва фармацевтлар навбатдаги мажбурий аттестацияга беш йилдан сўнг жалб этилади.

Шифокор ва фармацевтлар малака тоифасини бериш бўйича мажбурий аттестацияга ўз муддатида жалб этилиши учун шифокор ва фармацевтлар фаолият кўрсатаётган ташкилот раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.


5. Қуйидагилар навбатдаги малака тоифасини бериш бўйича мажбурий аттестацияга жалб этилмайди:

фан номзоди, фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган олий тиббий таълим ташкилотларининг шифокор ва фармацевтлари;

тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган ва қонунчиликка мувофиқ пенсия ёшига тўлган шифокор ва фармацевтлар;

тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти бўйича уч йилдан кам бўлган иш стажига эга шифокор ва фармацевтлар;

ҳомиладор аёллар, улар ҳомиладор бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;

ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътилларида бўлган аёллар, улар таътилда бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;

тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган уч ёшгача болалари бор аёллар;

узоқ вақт (уч ойдан ортиқ вақт мобайнида) даволанаётган шифокор ва фармацевтлар, улар даволанаётган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин олти ой давомида;

чет эл давлатларига ўқишга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборилган (расмий ҳужжатлар билан асосланиши лозим) шифокор ва фармацевтлар.


6. Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, малака тоифасини оширган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига оширилган малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади.

Бунда навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, аттестациядан ўта олмаган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси туширилмайди.


7. Даволаш-профилактика ташкилотлари раҳбарлари:

навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтиш муддати тугашидан олти ой олдин шифокор ва фармацевтларни аттестациядан ўтиши лозимлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби билан таништириши ҳамда аттестациядан ўтиш учун ҳужжат топшириш бошлангунга қадар уларнинг малака оширишини ташкил этиши лозим.


8. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига учинчи, иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.

Малака тоифаси 5 йил муддатга берилади.


9. Учинчи малака тоифаси - керакли назарий билимга эга бўлган, лекин иккинчи малака тоифасини олиш учун зарур иш стажига эга бўлмаган қуйидаги шифокорларга берилади:

умумий стоматология мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга бўлган шифокорларга - фақат умумий стоматология мутахассислиги бўйича;

магистратурани тамомлаган ёки қайта тайёрлашдан ўтган шифокорларга - олган тор мутахассислиги бўйича.

Учинчи малака тоифаси шифокорларнинг хусусий тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларига ишга кириши учун ва ушбу ташкилотлар фаолиятини лицензиялашга шароит яратиш мақсадида берилади. Давлат тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларининг учинчи малака тоифасига эга шифокорлари учун малака тоифасига эга бўлмаган шифокорлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари қўлланилади.


10. Иккинчи малака тоифаси - мутахассислиги бўйича камида уч йил иш стажига ҳамда зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади. Иккинчи малака тоифасини олиш учун учинчи малака тоифасининг бўлиши талаб қилинмайди.


11. Биринчи малака тоифаси - мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига, яхши назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда иккинчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.


12. Олий малака тоифаси - мутахассислиги бўйича камида етти йил иш стажига, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда биринчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.

Магистратура ва клиник ординатурани тугатган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ўқиш давридаги ва эгаллаган мутахассислиги бўйича асосий ҳамда ўриндош иш жойидаги иш стажи инобатга олинади.


13. Малака тоифасини олиш учун мурожаат қилган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг мутахассислик бўйича иш стажи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланадиган турдош мутахассисликлар бўйича иш стажи ҳам ҳисобга олинади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходими мутахассислигининг номланиши ўзгарганда, унинг олдинги мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланади, кейинчалик янги номдаги мутахассислик бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилганда олдинги мутахассислиги бўйича иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади.

Даволаш-профилактика ташкилотларининг биринчи раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда соғлиқни сақлашнинг бошқарув тизимида фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиғини сақлаш мутахассислиги бўйича, тиббиёт ва фармацевтика таълими соҳасида фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тиббий ихтисослигига мос равишда тегишли мутахассислиги бўйича малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишлари мумкин. Бунда малака тоифаси мавжудлиги учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг қўшимча тўловлари татбиқ этилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси мавжудлиги учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг қўшимча тўловлари сертификатда кўрсатилган санадан бошлаб унинг амал қилиш муддати давомида амалга оширилади.


14. Малака тоифаси "Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг мурожаатига кўра асосий ва ўриндош иш жойидаги мутахассисликлардан биттаси бўйича ёки уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида берилиши мумкин.

Шифокорлар малака тоифасини олиш бўйича асосий ва ўриндош иш жойидаги мутахассисликларнинг ҳар бири бўйича малака тоифасини олиши лозим. Бунда тиббиёт ёки фармацевтика ходимлари тегишли мутахассислик бўйича мазкур Регламентда белгиланган талабларга жавоб бериши керак.

Тиббиёт ёки фармацевтика ходимларига ўриндошлик асосидаги иш жойида мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси учун ҳам белгиланган тартибда тўлов амалга оширилади.


15. Зарур иш стажига эга бўлган тиббиёт ёки фармацевтика ходимларига муддатидан олдин, бироқ охирги малака тоифаси берилган кундан камида бир йилдан кейин навбатдаги малака тоифаси берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тиббиёт ташкилотларида бевосита даволаш-профилактика фаолияти билан шуғулланаётган, шунингдек, мазкур Регламентнинг 10 - 12-бандларида кўрсатилган иш стажига, илмий даражаси бўлган ёки истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг тақдимномасига кўра илмий даражаси бўлмасада, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассисларга бир поғона юқори малака тоифаси берилади.


16. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли давлат органлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда - ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.


17. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш бўйича давлат хизматлари ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ кўрсатилади.



2-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


18. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда - ЯИДХП) рўйхатдан ўтади.

Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.


19. Талабгор ёки унинг номидан ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этганда эса, мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради. Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

мутахассислик бўйича малака оширганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;

илмий семинарлар, съездлар, конференцияларда қатнашганлиги ҳамда хорижий давлатларда малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (диплом, гувоҳнома, сертификат ва бошқалар) нусхаси (мавжуд бўлганда).

Талабгорнинг сўровномасида унинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Сўровномада талабгор электрон манзилининг ҳамда SMS-хабарлар олиш учун мобил телефон рақамининг кўрсатилганлиги унинг сўровнома бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали хабарнома олишга розилигини англатади.

Талабгорнинг иш стажини, олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида ўқиганлигини тасдиқловчи архив маълумотномалари тиббий ёки фармацевтик маълумоти (олий, ўрта махсус, интернатура, клиник ординатура, магистратура, илмий даража, қайта тайёрлаш) тўғрисидаги диплом (ҳужжат) ва/ёки хорижий таълим ташкилотида олинган олий маълумот тўғрисидаги диплом ёхуд олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат (Ўзбекистон Республикасида тан олинганлиги тўғрисидаги) маълумотлари, шунингдек, ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлари электрон ҳамкорлик йўли билан "Электрон ҳукумат"нинг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади ("Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларини олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда, талабгордан мазкур маълумотларни сўрашга йўл қўйилади).

Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига талабгор масъул ҳисобланади.


20. Сўровнома тўлдирилганидан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва уни имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.


21. Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:

шифокор ва фармацевтлардан - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, бунда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг (маҳалла тиббий пункти, оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиника ва шифохона) шифокор ва фармацевтларидан - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида;

"Олий ҳамширалик иши" мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан - базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма фоизи миқдорида.


22. Давлат хизматлари кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.

Давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўловлар Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади.


23. Тўловлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

18 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

0,5 фоизи - Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - ваколатли органнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

11,75 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланганлиги учун);

қолган маблағлар - ваколатли органнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига ўтказилади.


24. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.


25. Талабгор давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг мазкур Регламентнинг 19-бандига мувофиқ ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.


26. Ваколатли орган сўровнома келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида уни ўрганиб чиқади ва талабгорни аттестацияга қўйиш ёки қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилади.


27. Аттестацияга қўйилган талабгорлар рўйхати ваколатли органнинг расмий веб-сайтида аттестация ўтказиш санасидан ўн беш кун олдин жойлаштирилади.


28. Талабгорга давлат хизматлари кўрсатилиши рад этилган тақдирда, ваколатли орган томонидан ушбу Регламентга мувофиқ рад этиш тўғрисидаги билдиришнома рад этиш сабаблари ва талабгор ушбу сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат (20 иш кун ичида) кўрсатилган ҳолда, Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали унинг шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади.

Талабгорга рад этиш сабаблари бартараф этилиши учун тақдим этилган муддат давомида қайта тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат тугагандан сўнг берилган сўровнома янгидан берилган ҳисобланади.


29. Қуйидагилар талабгорнинг аттестацияга қўйилмаслиги учун асос ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 7 апрелдаги ПҚ-4666-сон қарорига 4-иловага ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарорига мувофиқ малака оширганлиги тўғрисидаги ҳужжат тақдим этилмаганда;

Ушбу Регламентнинг 28-бандига мувофиқ рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат тугаганда.

Давлат хизматлари кўрсатишни мазкур бандда кўрсатилган асослардан бошқа ҳолатлар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.


30. Талабгордан ҳужжатларни қабул қилиш заруратга кўра маълумотларни умумлаштириш ва техник мувофиқликни таъминлаш мақсадида ҳар йили январь ва август ойларида расмий эълон берилган ҳолда тўхтатилиши мумкин.



3-БОБ. ТАЛАБГОРНИ АТТЕСТАЦИЯДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


31. Ваколатли орган томонидан талабгорни аттестациядан ўтказиш шакли ва жадвали ҳар йили 1 февралга қадар тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Мазкур жадвалга ваколатли орган томонидан ҳужжат топширган талабгорлар сонидан келиб чиққан ҳолда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бунда уч кун ичида ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.


32. Талабгор амалдаги малака тоифаси муддати тугашидан камида олти ой олдин аттестациядан ўтиш тўғрисида мурожаат қилиши лозим.

Талабгор амалдаги малака тоифаси муддати тугагандан кейин олти ой давомида малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишга ҳақли. Талабгорнинг ҳаракатсизлиги (мазкур Регламентнинг 5-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) туфайли малака тоифаси олиш учун мурожаат этиш муддати ўтказиб юборилганда, мавжуд малака тоифасидан бир поғона туширилади.


33. Талабгорга малака тоифаси бериш бўйича аттестация икки босқичда ўтказилади:

биринчи босқич - онлайн тест синови (кейинги ўринларда - тест синови);

иккинчи босқич - амалий синовларга тегишли бўлган малака тоифаларига мос равишда табақалаштирилган саволлар асосида суҳбат.


34. Тест синовлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ваколатли орган томонидан ташкил этилган тест синовини ўтказишга мослаштирилган ҳамда махсус камералар ўрнатилган хоналарда ваколатли орган томонидан тасдиқланган жадвал асосида ўтказилади.


35. Тест синовини топширишда талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси (фуқаролик паспорти, идентификация ID-картаси, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси кабилар) тақдим этади.

Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёки тест синовига кечиккан талабгорлар аттестацияга келмаган ҳисобланади ва навбатдаги тест синовидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақда талабгор Давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.


36. Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта тест синовини топшириш учун келмаса, талабгорга давлат хизматини кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун тўланган тўлов суммаси қайтариб берилмайди.

Ҳужжатлар мазкур Регламентда белгиланган умумий тартибда янгидан ариза бериш орқали қайта топширилади.


37. Аттестациянинг очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш учун аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ва видеотасвир ваколатли органда камида бир йил сақланади.

Аттестация жараёнини узлуксиз равишда аудио ва видеотасвирга тушириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида онлайн трансляция қилиш учун алоҳида имтиҳон хоналари ажратилади. Мазкур хоналар замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва бошқалар) билан таъминлаб, талабгорлар учун тегишли шарт-шароитлар яратилади.


38. Тест синови саволлари қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда янгилаб борилади.


39. Тест синови учун 50 дақиқа вақт ажратилади. Тест синови даврида ҳар бир тестдан ўтувчига 50 та савол берилади. Ҳар бир савол бир балли тизимда баҳоланади. Максимал балл 50 баллни ташкил этади.

Тест синовлари босқичида максимал баллнинг 56 фоизидан (28 балл) кам тўплаган талабгор кейинги босқич синовларига киритилмайди ва малака тоифаси беришга нолойиқ деб эътироф этилади.

Аттестациянинг тест синови босқичида малака тоифаси беришга нолойиқ деб топилган талабгор умумий асосларда аттестациядан ўтиш учун ҳужжатларини топшириши мумкин.


40. Тест синовининг натижалари шу вақтнинг ўзида эълон қилинади. Талабгор тест синовини муваффақиятли топширган тақдирда, аттестациянинг иккинчи босқичига қўйилади.


41. Тест синовлари якунида уни ўтказишга масъул шахс томонидан баённома тузилади.

Баённомада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

тест синови ўтказилган жой ва сана;

тест синови бошланган ва тугалланган вақт;

тест синовида ҳозир бўлган ва келмаган талабгорлар рўйхати;

ҳар бир талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, мутахассислиги ва бошқа маълумотлар, шунингдек, тест синови натижасида олинган баллар кўрсатилади.

Баённома тест синовини ўтказишга масъул шахс томонидан имзоланади.


42. Аттестациянинг иккинчи босқичи амалий синовларга тегишли бўлган малака тоифаларига мос равишда табақалаштирилган саволлар асосида суҳбат шаклида ўтказилади.

Аттестациянинг суҳбат босқичи ваколатли орган ҳузурида ёки ваколатли органнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиладиган ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари (кейинги ўринларда - аттестация комиссияси) томонидан ўтказилади.

Аттестация комиссиясини ташкил этиш учун тегишлилиги бўйича ваколатли орган томонидан камида беш нафар аъзодан, шу жумладан, аттестация комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда номзодлар рўйхати шакллантирилади.

Аттестацияда комиссия раиси иштирок этмаган тақдирда, комиссия аъзоларининг таклифига кўра комиссия аъзоларидан бири раислик вазифасини бажаради.

Аттестация комиссиясининг таркиби ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Аттестация комиссияси таркиби ҳар йили қайта тасдиқланади. Бунда аттестация комиссияси таркибининг камида 20 фоизи янгиланиши керак.

Аттестация комиссиясининг аъзолари аттестация комиссияси таркибига шартнома асосида жалб этилиши мумкин.


43. Аттестация комиссияси аъзоларининг сони, ҳар бир аттестация комиссиясининг ихтисослиги ва улар томонидан аттестациядан ўтказиладиган мутахассисликлар тегишли ҳудудда фаолият юритаётган талабгорларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Аттестация комиссиясининг ихтисослиги аттестация комиссиялари аъзоларининг мутахассислигига мувофиқ бўлиши зарур.


44. Аттестация комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, олий тиббий таълим ташкилотлари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, даволаш-профилактика ташкилотларида ҳамда хусусий тиббиёт ташкилотларида фаолият юритаётган илмий даражага ёки мутахассислиги бўйича олий малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси кенгаши вакиллари ҳамда бошқа мутахассислар жалб этилади.


45. Аттестация комиссияси:

талабгорнинг мутахассислиги ва фаолияти бўйича қисқача ахборотни тинглайди;

аттестациядан ўтадиган талабгорга саволлар ёки симуляцион ёхуд ситуацион топшириқ беради, унинг жавоблари натижалари бўйича очиқ овоз беришни ўтказади;

аттестация натижаси бўйича талабгорга баҳо беради;

аттестациядан ўтган талабгор фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

малака тоифаларининг турларидан келиб чиқиб, уларнинг даражаларига мос равишда табақалаштирилган аттестация саволларини тузади ва янгилаб боради;

аттестация ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади.

Аттестация комиссияси йиғилиши унинг ишида аттестация комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади. Бунда талабгорга мутахассислиги бўйича ўн балли тизимда баҳоланадиган 5 та савол берилади ва 15 дақиқа вақт ажратилади.

Талабгорнинг ҳар бир саволга жавоби аттестация комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан ўн балли тизимда баҳоланади. Аттестациянинг иккинчи босқичида тўпланадиган максимал балл 50 баллни ташкил этади. Аттестация якунида талабгорларга аттестация натижалари эълон қилинади.


46. Аттестацияни топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:

қонунчилик ҳужжатлари ва йўриқнома материаллар, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;

мобил алоқа воситаси ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

аттестация хонасидан ташқарига чиқиш.

Ушбу талабларни бузган талабгорлар имтиҳон ўтаётган хонадан чиқариб юборилади ва аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.


47. Ваколатли органнинг кузатувчи сифатида иштирок этадиган ходимларидан бошқа бегона шахсларга аттестацияда иштирок этишга рухсат берилмайди.


48. Аттестациянинг иккинчи босқичида олинган умумий баллар йиғиндиси ҳар бир талабгор бўйича аттестация комиссияси томонидан қуйидагича қарор қабул қилиниши учун асос бўлади:

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори (50) баллнинг 60 фоизи ёки 30 балл ва ундан юқориси учун - талабгорлик қилаётган малака тоифасига лойиқ деб топиш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 50 фоизи (25 балл)дан 60 фоизи (30 балл)гача - талабгорлик қилаётган малака тоифасидан бир поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 45 фоизи (22,5 балл)дан 50 фоизи (25 балл)гача - талабгорлик қилаётган малака тоифасидан икки поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 45 фоизи (22,5 балл)дан кам балл учун ёки мазкур банднинг учинчи, тўртинчи хатбошиларига мувофиқ тегишли паст поғонадаги малака тоифаси мавжуд бўлмаган ҳолларда - малака тоифаси беришга нолойиқ деб топиш ҳақида.

Аттестациянинг иккинчи босқичида тўпланган умумий баллар йиғиндиси максимал 50 баллнинг 45 фоизидан кам бўлгани учун малака тоифаси беришга нолойиқ деб топилган талабгор аттестация ўтказилган кундан бошлаб уч ой ўтгач, умумий асосларда аттестациядан ўтиш учун ҳужжатларини топшириши мумкин.


49. Аттестациянинг иккинчи босқичига келмаган талабгорлар навбатдаги иккинчи босқич аттестациядан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақда талабгор Давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.

Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта ҳам аттестацияда иштирок этмаса, талабгорга давлат хизматини кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун тўланган тўлов суммаси қайтариб берилмайди.

Ҳужжатлар мазкур Регламентда белгиланган умумий тартибда янгидан ариза бериш орқали қайта топширилади.



4-БОБ. МАЛАКА ТОИФАСИНИ

БЕРИШ ТАРТИБИ


50. Талабгорнинг аттестация натижалари аттестация комиссияси қарори билан мазкур Регламентнинг 41-бандига мувофиқ расмийлаштириладиган баённомага асосан тасдиқланади ҳамда ваколатли органда сақланади.


51. Аттестация тугагандан бошлаб ўн иш куни ичида аттестация якунлари бўйича ваколатли органнинг тегишли буйруғи қабул қилинади ва мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сертификатни расмийлаштиради.

Ваколатли орган сертификатни Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборади, ушбу сертификат Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида юридик кучга эга бўлади.


52. Ваколатли орган сертификатни расмийлаштиради ва Малака тоифаси сертификатларининг реестрини (кейинги ўринларда - реестр) шакллантиради.

Реестр электрон шаклда юритилади.

Реестр шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.


53. Реестрга киритилган талабгорга тааллуқли шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ва яшаш манзили каби шахсий маълумотлардан ташқари барча маълумотлар билан танишиб чиқиш учун очиқ бўлиб, ваколатли органнинг расмий веб-сайтида чоп этилади.


54. Давлат хизматлари маркази сертификат олингандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Талабгорнинг сўровига кўра Давлат хизматлари маркази сертификатни электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.


55. Аттестациядан ўта олмаган талабгор аттестация ўтказилган кундан бошлаб ўттиз иш куни ичида ваколатли органга апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.

Апелляция комиссияси апелляция шикоятини кўриб чиқишда зарур ҳолларда, талабгор ёки аттестация комиссияси аъзолари ёхуд бетараф мутахассисларни таклиф қилиши мумкин.

Апелляция комиссияси таркиби ваколатли орган томонидан камида беш нафар аъзодан, шу жумладан, комиссия раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда тасдиқланади. Аттестация комиссияси аъзолари апелляция комиссияси таркибига киритилмайди.

Апелляция комиссияси 10 иш куни ичида киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.


56. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

аттестация натижаларини (ёзма равишда асосланган хат асосида) ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;

апелляцияни қаноатлантириш ва талабгор аттестацияни топширган деб ҳисоблаш тўғрисида;

талабгорни такроран аттестацияга қўйиш тўғрисида.


57. Аттестация натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция мазкур Регламент талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.


58. Аттестацияни такроран ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган талабгорнинг аттестация мазкур Регламент талабларига зид равишда ўтказилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда қабул қилинади.


59. Ваколатли орган томонидан апелляция берган талабгор учун аттестацияни такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий аттестация мазкур Регламентда белгиланган тартибда ўтказилади.

Бунда аттестация Регламент талабларига зид равишда ўтказилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, апеллация берган талабгор учун аттестация такроран ўтказилишини инобатга олган ҳолда, аттестация такроран бепул ўтказилади.


60. Ўтказилган битта аттестация юзасидан такроран апелляция берилмайди.


61. Ваколатли органнинг қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга судга шикоят қилиниши мумкин.


62. Сертификатда кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, талабгор сертификатни қайта расмийлаштириш учун ваколатли органга ўн иш куни ичида Давлат хизматлари марказига бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда ушбу Регламентнинг 19-бандига мувофиқ сўровномани тўлдиради.

Сўровнома тўлдирилганидан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.


63. Сертификатни қайта расмийлаштирганлик учун тўлов ундирилмайди.


64. Ваколатли орган талабгорнинг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда сертификатни қайта расмийлаштиради ва ушбу Регламентнинг 54-бандига мувофиқ белгиланган тартибда талабгорга юборади, шунингдек, бу тўғрисидаги маълумотни ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштиради.


65. Ваколатли орган сертификатни қайта расмийлаштиришда реестрга тегишли ўзгартиришлар киритади.

Сертификатни қайта расмийлаштиришда илгари берилган сертификатнинг серияси, рақами ва амал қилиш муддати ўзгармайди.


66. Сертификатни қайта расмийлаштириш учун талабгордан қайта имтиҳондан ўтиш талаб қилинмайди.


67. Сертификатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда ваколатли органнинг қарорига биноан бекор қилинади:

талабгор сертификатнинг амал қилишини бекор қилиш бўйича мурожаат қилганда;

сертификатни бериш тартиби бекор қилинганда;

сертификатнинг амал қилиш муддати тамом бўлганда;

талабгорнинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

талабгор вафот этганда.


68. Ваколатли орган қуйидаги ҳолларда сертификатнинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади:

ваколатли органнинг сертификат бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

сертификатнинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда;

талабгор сертификат ёки унга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда.

Тиббиёт ёки фармацевтика ходимларининг фаолиятида беморнинг ўлимига сабаб бўлувчи қўпол хато ва бузилишларга йўл қўйилган ёхуд ногиронлик тайинланишига олиб келувчи оғир тан жароҳатлари етказилганлиги суднинг қарори билан аниқланганлиги сертификат талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузиш деб ҳисобланади.


69. Ваколатли органнинг сертификатнинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарори ҳақида бир иш куни ичида талабгор хабардор қилинади ва сертификатнинг амал қилиши бекор қилинганлиги ҳақида реестрга тегишли ёзув киритилади.

Сертификат бекор қилинганда, талабгор сертификатни олиш бўйича ушбу Регламентга асосан умумий тартибда мурожаат қилиши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


70. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


71. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.


72. Талабгор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.


73. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига

малака тоифаси бериш бўйича давлат

хизматларини кўрсатиш

СХЕМАСИ

       

     

Босқичлар

       


    

Масъуллар

      


    

Чора-тадбирлар

    


    

Муддатлар

       

        

I. ҲУЖЖАТЛАРНИ ТОПШИРИШ

      

1-босқич


Талабгор


Малака тоифаси бериш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига мурожаат этади ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.


    

Навбатдаги мажбурий аттестация муддати келганда ёки навбатдан ташқари ўз хоҳишига кўра

      











2-босқич


1. Талабгор


2. Давлат хизматлари маркази


3. ЯИДХП


Талабгор ёки унинг номидан ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали сўровномани тўлдиради ва белгиланган тўловни тўлайди ҳамда сўровномани ваколатли органга юборади.


      

1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин ўн дақиқада (давлат хизматлари маркази орқали)


2. Автоматик тарзда

(ЯИДХП орқали)





      

II. ҲУЖЖАТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

      

3-босқич


Ваколатли орган

(Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази)


     

Сўровномани ўрганиб чиқади ва талабгорни аттестацияга қўйиш ёки қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Бунда ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда, сўровномани қабул қилмасдан давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали талабгорга асослантирилган хабарнома юборади.

      


Беш иш куни ичида











4-босқич


Ваколатли орган


       

Аттестацияга қўйилган талабгорлар рўйхати ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

       


Аттестация санасидан

ўн беш кун олдин




      

III. АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ

ВА МАЛАКА ТОИФАСИ БЕРИШ

       

5-босқич


Ваколатли орган


Талабгорни аттестациядан (тест синови, суҳбат) ўтказади.


Тасдиқланган жадвал

асосида











6-босқич


Ваколатли орган


     

Аттестация якунлари бўйича малака тоифаси сертификатини расмийлаштиради ва тасдиқлайди ҳамда давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборади.

       


Аттестация тугагандан

бошлаб ўн иш куни ичида











7-босқич


Ваколатли орган


      

Аттестацияга қатнашмаган талабгор навбатдаги аттестациядан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади ва бу ҳақда давлат хизматлари марказига ёки талабгорга ЯИДХП орқали хабардор қилинади.

      


Уч иш куни ичида





8-босқич


Давлат хизматлари

маркази


     

1. Малака тоифаси сертификати олингандан сўнг уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.


2. Талабгор ўзи келиб мурожаат қилганда, сертификатни электрон ёки қоғоз шаклида унга тақдим этади.

     


        

1. Ўн дақиқада




2. Талабгорнинг сўровига

кўра




          

           




Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини

аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари

бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш учун

СЎРОВНОМА

            

       

I. ТАЛАБГОР ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ

           


1.

Ф.И.О.:



2.

Паспорт серияси, рақами, уни берган орган ва берилган вақти:



3.

ЖШШИР рақами:



4.

Яшаш манзили:



5.

Телефон рақами:



6.

Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):



       

II. МАЛАКАСИГА ОИД МАЪЛУМОТЛАР

     


1.

Иш жойи:



2.

Лавозими:



3.

Мутахассислиги (малака тоифаси оладиган мутахассислиги):



4.

Умумий иш стажи:



5.

Малака тоифаси оладиган мутахассислиги бўйича иш стажи:



6.

Қайси малака тоифасига даъвогарлиги (олий, биринчи, иккинчи ёки учинчи):



7.

"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида автоматик тарзда шакллантириладиган электрон меҳнат дафтарига оид маълумотлар:



      

III. МАЛАКА ТОИФАСИ

ОЛАДИГАН МУТАХАССИСЛИГИ

     


1.

Эгаллаган мутахассислиги ва йили:



2.

Таълим олган тиббиёт ёки таълим ташкилоти номи:



       

IV. МАЛАКА ТОИФАСИ:

(АГАР МАВЖУД БЎЛСА)

    


1.

Малака тоифаси (олий, биринчи, иккинчи ёки учинчи)



2.

Берилган вақти



3.

Малака тоифаси берган ваколатли орган номи



4.

Малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификат рақами ва санаси



     

V. КЕЙИНГИ 5 ЙИЛ ДАВОМИДА

МАЛАКА ОШИРГАНЛИГИ

        


1.

Малака ошириш мавзуси



2.

Тўпланган кредит соатлари ҳажми



3.

Малака оширганлиги тўғрисидаги сертификатлар рақами ва санаси



          

Сўровнома тўлдирилган сана ва рақам

_________________

(сана)

________________

                (рақам)

        

            




Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА



НАМУНА



__________________

(Vazirlik yoki tashkilot nomi)












MALAKA TOIFASI BERILGANLIGI TO`G`RISIDA

SERTIFIKAT



(seriyasi va raqami)












Ushbu sertifikat



(familiyasi, ismi, otasining ismi)


             


ning

(vakolatli organ nomi)


              

20__-yil "___"_____________ dagi ___________ -son buyrug`i bilan

           


mutaxassisligi bo`yicha

(mutaxassislik nomi)


             


malaka toifasi berilganligini tasdiqlaydi.

(malaka toifasi turi)


         

Berilgan sana:



Amal qilish muddati:


20 ___-yil "___"_____


20 ___-yil "___" _______







Mazkur hujjat Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 15-sentabrdagi 728-son qaroriga muvofiq Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida shakllantirilgan elektron hujjatning nusxasi bo`lib, davlat organlari va tashkilotlari tomonidan ushbu hujjatni qabul qilishni rad etishlari qat`iyan taqiqlanadi. Hujjat haqiqiyligini repo.gov.uz veb-saytida hujjatning noyob raqamini kiritib yoki mobil telefon yordamida QR-kodni skaner qilish orqali tekshirish mumkin.

QR-kod


     

   

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 20 сентябрь