Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танловини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.09.2023 й. 488-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 21 сентябрдаги

488-сон қарорига

ИЛОВА



Оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим

объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун

буюртмачи хизмати томонидан архитектура

танловини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танловини (кейинги ўринларда - танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бино - функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;


буюртмачи хизмати - объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва бузишнинг амалга оширилишини таъминловчи, шунингдек, ушбу мақсадларда лойиҳа-қидирув, экспертлик, қурилиш-монтаж ва назорат ишларини бажариш учун тегишли ташкилотлар билан шартномалар тузувчи юридик шахс;


иншоот - ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажариш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек, ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;


оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектлар - алоҳида ёки биргаликда ўзига хос, бетакрор ҳажмий-режавий, конструктив, муҳандислик ёки технологик ечимлари ҳамда архитектура ғоясини, юқори техник даражадаги ютуқлар ва меъморчиликни ўзида мужассам этган бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуалари;


танлов иштирокчилари - танловда иштирок этиш истагини билдирган, шунингдек, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларга эга бўлган лойиҳа ташкилотлари;


эскиз лойиҳа - бино ва иншоотларнинг муҳим хусусиятлари ва элементларини тавсифлаш имконини берадиган лойиҳанинг якуний натижаси тўғрисида тўлиқ тасаввур берувчи архитектуравий чизмаси.


3. Танлов шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги лойиҳа ва ишланмаларни ҳамда инновацион қурилиш технологияларини амалиётда қўллашга қаратилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида ўтказилади.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридагн "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниялари ёки буюртмачи хизмати функцияси юклатилган ташкилотлар танловни ўтказиш учун масъул ҳисобланади.



2-БОБ. ТАНЛОВНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларни лойиҳалаштиришда тажрибага эга бўлган, муҳандислик ишланмаларини ҳамда қурилиш инновацион технологияларини яратиш имкониятига эга рақобатбардош лойиҳа ташкилотларини аниқлаш танловнинг асосий мақсади ҳисобланади.


6. Қуйидагилар танловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

лойиҳа ташкилотларини қўллаб-қувватлаш;

лойиҳалаштириш ва объектларни қуриш жараёнида инновацион ғояларни рўёбга чиқариш;

лойиҳачиларнинг эркин фикрлаш тафаккурини юксалтириш.



3-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


7. Оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танлови мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.


8. Буюртмачи хизмати танловга қўйиладиган объектни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ғазначилик тизимида рўйхатдан ўтказади ва объект рўйхатдан ўтказилгандан сўнг ўттиз дақиқа ичида танлов предметининг номи ва ғазначилик тизимидаги шахсий ҳисобварағини киритади.

Буюртмачи хизмати эскиз лойиҳани ишлаб чиқишда архитектура танловини ўтказиш шакли, лойиҳанинг тавсифи ва бошланғич нархи, танловни ўтказиш жойи, моддий рағбат миқдори ва таклиф бериш муддати билан боғлиқ талабларни эксплуатация қилувчи ташкилотлар билан келишган ҳолда белгилайди ҳамда "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали ўн кун муддат давомида танловни ўтказиш бўйича эълон беради.


9. Танловда архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларга эга бўлган лойиҳа ташкилотлари иштирок этади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган талабгорлар танлов бўйича эълон тугагандан сўнг беш кун муддатда эскиз лойҳаларни илова қилган ҳолда буюртмачи хизматига мурожаат қилади.


10. Танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган эскиз лойиҳалар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

тегишли лицензияга эга лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилганлиги;

долзарблиги, инновацион ғоя ва ечим ўз аксини топганлиги;

функционал ва эксплуатация талабларига мувофиқлиги;

тахминий қиймати ва амалга ошириш муддати ҳақида тўлиқ маълумот бўлиши;

барча муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича аниқ маълумотлар акс этганлиги.


11. Танлов иштирокчиларининг эскиз лойиҳалари мазкур Низомга 2-иловадаги ҳайъат таркиби (кейинги ўринларда - ҳайъат) томонидан ўн кун муддатда кўриб чиқилади.


12. Танлов ғолибини аниқлашда ҳайъат аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса, ҳайъат ваколатли ҳисобланади.


13. Танловни ўтказиш бўйича эълон берилган муддат ичида бирорта ҳам таклиф келиб тушмаганда ёки бир нафар талабгордан таклиф келиб тушганда, шунингдек, келиб тушган таклифлар танлов ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, танлов ўтказилмайди.



4-БОБ. ҲАЙЪАТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Ҳайъат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

танловга тақдим этилган ҳужжатлар билан танишиб чиқиш ва зарур ҳолларда қўшимча маълумотлар сўраб олиш;

танлов таклифларини кўриб чиқиш муддатини белгилаш;

таклифларнинг танлов ҳужжатларига ва танлов ўтказиш шартларига мувофиқлигини кўриб чиқиш;

танлов ғолибини аниқлаш;

танловни ўтказишда ушбу Низом талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда, танловни ўтказишни тўхтатиш.


15. Ҳайъат танловнинг холислик ва ошкоралик асосида ўтишини таъминлашга, шунингдек, танловни ўтказишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилишга мажбур.



5-БОБ. ТАНЛОВ ҒОЛИБИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


16. Танлов иштирокчиларининг эскиз лойиҳалари мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ мезонлар асосида баҳоланади ва натижаси бўйича танлов ғолиби аниқланади.


17. Танлов ғолиби мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ намунадаги диплом билан тақдирланади ҳамда моддий рағбатлантирилади.


18. Агар эскиз лойиҳаларини баҳолаш натижалари тенг бўлган тақдирда, хайъат томонидан ҳақиқий ғолибни аниқлаш мақсадида лойиҳа ва ишланмаларга доир қўшимча маълумотлар талаб этилиши мумкин.


19. Танлов ғолибининг эскиз лойиҳаси "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимида сақланади ва ундан келгусида объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда фойдаланилади.


20. Танлов натижалари оммавий ахборот воситалари ҳамда буюртмачи хизматининг расмий веб-сайтлари орқали ёритилади.



6-БОБ. ТАНЛОВНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


21. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан, танлов ғолибини моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки ташаббускор вазирлик ва идораларларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Ушбу Низом қоидалари қўлланиши билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


23. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида

муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини

ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати

томонидан архитектура танловини ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Буюртмачи хизмати


1. Танловга қўйиладиган объектни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ғазначилик тизимида рўйхатдан ўтказади.



Белгиланган муддатда




2. Танлов предметининг номи ва ғазначилик тизимидаги шахсий ҳисобварағини киритади.



Ўттиз дақиқа ичида


3. Эскиз лойиҳани ишлаб чиқишда архитектура танловини ўтказиш шакли, лойиҳанинг тавсифи ва бошланғич нархи, танловни ўтказиш жойи, моддий рағбат миқдори ва таклиф бериш муддати билан боғлиқ талабларни эксплуатация қилувчи ташкилотлар билан келишган ҳолда белгилайди.



Белгиланган муддатда


4. "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали танловни ўтказиш бўйича эълон беради.



Ўн кун муддат давомида







2-босқич

Талабгор


Танловда иштирок этиш учун эскиз лойҳаларни илова қилган ҳолда буюртмачи хизматига мурожаат қилади.


Беш кун муддатда









3-босқич

Ҳайъат


1. Танлов иштирокчиларининг эскиз лойиҳаларини кўриб чиқади.


2. Баҳолаш мезонларига мувофиқ танлов ғолибини аниқлайди ва тақдирлайди.


Ўн кун муддатда



          





Низомга

2-ИЛОВА



Танлов иштирокчиларининг эскиз

лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича

ҲАЙЪАТ ТАРКИБИ

      

Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари, Ҳайъат раиси


Лавозимига кўра

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари


Лавозимига кўра

-

Объект бўйича буюртмачи хизмати раҳбари


Лавозимига кўра

-

Объектдан якуний фойдаланувчи ташкилот раҳбари


Лавозимига кўра

-

Ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши аъзолари


     

Изоҳ.


1. Ҳайьат аъзоси бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахс ёхуд зиммасига тегишли функциялар юкланган шахс киритилади.


2. Ҳайъат раиси томонидан, зарур ҳолларда, ҳайъат фаолиятига бошқа ташкилот вакиллари ҳам жалб қилиниши мумкин.






Низомга

3-ИЛОВА



Танлов иштирокчиларининг

эскиз лойиҳаларини баҳолаш

МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Баҳолаш мезонлари


Энг юқори балл


1.

Амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги (объектнинг иқтисодий самарадорлиги, конструктив ечимлар)


20

2.

Объектнинг функционаллиги ва эксплуатация қилишда қулайлиги


20

3.

Миллий архитектура анъаналари ва элементларидан фойдаланилганлиги


15

4.

Энергия тежамкор технологиялар қўлланилганлиги қайта тикланадиган энергия ресурслари, муҳандислик тармоқлари билан бирга)


15

5.

Ландшафт ва интерьер дизайни (яшил архитектура, табиий яшаш муҳити ва биологик хилма-хиллик)


15

6.

Атроф-муҳитга мувофиқлиги (иқлим ўзгаришига мослашуви, одамларнинг ҳаётий фаолиятига ва туризмга уйғунлиги) ва ёндош ҳудудларга уйғунлиги


15

ЖАМИ


100

           





Низомга

4-ИЛОВА



Танлов ғолибларини тақдирлаш бўйича

ДИПЛОМ НАМУНАСИ

              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 22 сентябрь