Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Диний бағрикенглик" кўкрак нишони тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.09.2023 й. 495-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 25 сентябрдаги

495-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Диний бағрикенглик"

кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

            

1. Мазкур Низом "Диний бағрикенглик" кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш борасидаги катта хизматлари, аҳоли ўртасида динлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик, тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналарнинг вакиллари, хорижий арбоблар ва олимлар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мазкур Низом талаблари асосида тақдирланиши мумкин.



2-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН

ТАҚДИРЛАШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ

ТАҚДИМ ЭТИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ

        

3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


4. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, диний-маърифий, ижтимоий-маънавий соҳадаги ташкилотлар кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасига (кейинги ўринларда - Қўмита) ҳар йили 1 октябрга қадар тақдим этади.


5. Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларга номзод ҳақида қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

номзод ҳақида маълумотнома;

номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (фуқаролик паспорти ёки ID-карта);

номзоднинг сўнгги уч йил давомида диний-маърифий соҳанинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш, динлараро ва конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома.


6. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Қўмита раиси томонидан диний-маърифий соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлган 5 кишидан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) ташкил этилади.

Қўмитанинг Диний-маърифий ташкилотлар ва илмий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.


7. Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.

Комиссия таркибига Қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгаши, диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари киритилиши мумкин.


8. Комиссиянинг асосий вазифаси кўкрак нишонига номзодларни танлашда юзаки ёндашувларга йўл қўймасдан, адолат ва холислик мезонларига кўра комиссия йиғилишларининг ҳақиқий муҳокамалар асосида ўтказилишини таъминлаган ҳолда, кўкрак нишонига номзодлар бўйича ҳужжатларни Низомда белгиланган муддатларда сифатли ва тўлиқ тайёрлаб, тақдим этишдан иборат.


9. Комиссия йиғилишида номзодларга оид ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганилиб, мазкур Низомга 2-иловада белгиланган мезонларга мувофиқ баҳоланади ва ўз таклифларини билдирган ҳолда, ҳар йили 1 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.


10. Комиссия хулосаси асосида Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 10 ноябрга қадар чиқарилади.



3-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН

ТАҚДИРЛАШ ТАРТИБИ

          

11. Кўкрак нишони ҳар йили 16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик куни арафасида Қўмита раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.


12. Юридик ва жисмоний шахслар кўкрак нишони билан Қўмита раисининг ташаббусига асосан алоҳида ҳолатларда ҳам тақдирланиши мумкин.


13. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Қўмитанинг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


14. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.


15. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


16. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

            

17. Қўмита ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.


18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

      

         




Низомга

1-ИЛОВА



"Диний бағрикенглик"

кўкрак нишони билан тақдирлаш

СХЕМАСИ

           

     

Босқичлар

      


       

Субъектлар

     


   

Тадбирлар

    


     

Бажариш муддатлари

     








1-босқич


         

Вазирликлар ва идоралар,

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият

органлари, диний-маърифий,

ижтимоий-маънавий соҳадаги

ташкилотлар

        


Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этади.


Ҳар йили

1 октябрга қадар











2-босқич


Кўкрак нишони билан

тақдирлашга оид таклифларни

кўриб чиқиш бўйича комиссия


     

Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулоса қабул қилади.

         


Ҳар йили

1 ноябрга қадар











3-босқич


Дин ишлари бўйича қўмита


        

Комиссия хулосаси асосида кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг буйруғини чиқаради.

          


Ҳар йили

10 ноябрга қадар











4-босқич


            

Дин ишлари бўйича қўмита

раиси (ёки унинг топшириғига

мувофиқ бошқа масъул шахслар)

        


"Диний бағрикенглик" кўкрак нишони билан тақдирлайди.


Ҳар йили 16 ноябрь -

Халқаро бағрикенглик

куни арафасида




         

         




Низомга

2-ИЛОВА



"Диний бағрикенглик"

кўкрак нишонига номзодларни баҳолаш

МЕЗОНЛАРИ

           

Т/р


Кўрсаткичларнинг номланиши

         

Балл тизими

         

1.

Бағрикенглик ва динлараро тотувлик, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашдаги кўп йиллик ибратли фаолияти


1 баллдан 10 баллгача

2.

Аҳоли ўртасида диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг тарғиботи ва ташвиқотини амалга оширишга ҳисса қўшиб келаётгани


1 баллдан 10 баллгача

3.

Бағрикенглик ва динлараро тотувликни шакллантиришга қаратилган рисола, китоб, қўлланмалар яратгани, конференция, семинар, давра суҳбатлари ва фуқаролар билан учрашувларда тарғибот-ташвиқот ишларини кенг олиб бораётгани


1 баллдан 10 баллгача

4.

Ёшларнинг маънавий-аҳлоқий камол топишида, уларни Ватанга садоқат, азалий анъаналарга ҳамда оилавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ўзининг бой ҳаётий тажрибаси билан ўрнак бўлаётгани ва фаол қатнашаётгани


1 баллдан 10 баллгача

5.

"Жаҳолатга қарши маърифат" улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиши ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолият олиб бораётгани


1 баллдан 10 баллгача

6.

Ёшлар ўртасида миллий ва диний қадриятларга нисбатан ҳурматни ошириш борасидаги фаолияти


1 баллдан 10 баллгача

7.

Урф-одат, миллий-диний қадриятлар асосида юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва соғлом маънавий муҳитни таъминлаш йўлида шахсий намуна кўрсатгани


1 баллдан 10 баллгача

8.

Диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлашга қўшган ҳиссаси


1 баллдан 10 баллгача

9.

Жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантиришдаги ибратли меҳнати


1 баллдан 10 баллгача

10.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда амалга ошираётган ибратли ишларининг кенг ёритилиш даражаси


1 баллдан 10 баллгача

          

Изоҳ. Номзодларнинг эришган натижалари бўйича қўйилган баллар жамланиб, энг юқори кўрсаткични қайд этганлар кўкрак нишонига номзод сифатида тавсия этилади.

      

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 сентябрь