Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.09.2023 й. ПҚ-316-сон "Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.09.2023 й.

N ПҚ-316



МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ СОҲАСИДА

ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИ ЯНАДА

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ОИД ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш мақсадида:


1. Тадбиркорлик субъектларига, уларнинг хоҳишига кўра, 2018-2022 йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун тузилган битимларга мувофиқ ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича имтиёзли давр муддатини 2024 йил 1 октябрга қадар узайтиришга рухсат этилсин.

Бунда:

имтиёзли давр давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит бўйича фақат фоиз тўловлари амалга оширилади;

имтиёзли даврда тўланиши лозим бўлган асосий қарз бўйича тўловлар кредит даврининг қолган қисмига тенг микдорда тақсимланади.


2. Белгилаб қўйилсинки:

а) давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар лойиҳа ташаббускорларига қуйидаги табақалаштирилган фоиз ставкаларида ва шартларда ажратилади:

Тошкент шаҳрида - 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;

Нукус шаҳри, вилоятлар маъмурий марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда - 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;

туманларда - 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича;

б) мазкур банднинг "а" кичик бандида белгиланган имтиёзли кредит шартлари ва фоиз ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 апрелдаги "Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5071-сон қарорига асосан табақалаштирилган фоиз ставкалари бўйича ажратилган имтиёзли кредитларга ҳам татбиқ этилади.

3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2018-2022 йилларда имзоланган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар бўйича амалга оширилмаган лойиҳаларни манзилли таҳлил қилиб:

икки ой муддатда хусусий шерикнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини 2024 йил 1 июлга қадар ишга тушириш бўйича "йўл харитаси"ни тасдиқласин;

ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган хусусий шериклар билан тузилган битимларни белгиланган тартибда босқичма-босқич бекор қилиш чораларини кўрсин.


4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан биргаликда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бекор қилинган лойиҳаларнинг объектларини келгусида ушбу объектларда нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш шарти билан аукцион савдолари орқали сотиш юзасидан;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.


7. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.A. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 27 сентябрдаги

ПҚ-316-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар ва қўшимча


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги "Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3651-сон қарорида:


а) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Белгилансинки:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича тузилади. Мазкур қарор 1-бандининг саккизинчи-ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда танлов ўтказилмайди;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2023 йил 1 октябрдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишда давлат шериги сифатида хусусий шерик билан битим тузади (2023 йил 1 октябрга қадар тузилган битимлар учун давлат шериги этиб Мактабгача таълим агентлиги белгиланади) ҳамда битим шартлари хусусий шерик томонидан лозим даражада бажарилишини мониторинг қилади;

Мактабгача таълим агентлиги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этишда давлат шериги сифатида хусусий шерик билан битим тузади ҳамда битим шартлари хусусий шерик томонидан лозим даражада бажарилишини мониторинг қилади";


б) 11-банднинг учинчи хатбошисидаги "Мактабгача таълим агентлигига" сўзлари "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) 1-иловада:


2-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат шериги - оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш лойиҳалари бўйича - Мактабгача таълим агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик деб юритилади), бошқа шаклдаги давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш лойиҳалари бўйича - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик деб юритилади)";


15-банддаги "Агентлик расмий сайтининг" сўзлари "Вазирлик расмий сайтининг" сўзлари билан алмаштирилсин;


17-банднинг биринчи хатбошиси ва 27-банддаги тегишли келишикдаги "Агентлик" сўзи тегишли келишикдаги "Вазирлик" сўзи билан алмаштирилсин;


96-банддаги "хусусий шерик лицензия олган кундан" сўзлари "томонлар тарафидан имзоланган вақтдан" сўзлари билан алмаштирилсин;


100-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"100. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти шаклидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун хусусий шерик ахборот тизими орқали электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади.

Ариза тўлдирилишида ахборот тизими томонидан сўралган маълумотлар киритилади. Хусусий шерик ахборот тизимига киритиладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгар бўлади";


101-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"101. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши рад этилмаса, ахборот тизимида автоматик шакллантирилган битим хусусий шерик ва давлат шериги томонидан электрон рақамли имзо орқали имзоланади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат шериги томонидан имзоланганидан кейин бошлашга ҳақли";


118-банднинг биринчи хатбошисидаги "Агентлик" сўзи "Тегишлилиги бўйича Вазирлик ва Агентлик" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 январдаги "Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4581-сон қарорида:


а) 3-бандда:


"б" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"б) давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун ажратиладиган ҳамда халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган кредитлар:

Тошкент шаҳрида - 10 йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;

Нукус шаҳри, вилоятларнинг маъмурий марказлари ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда - 10 йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;

туманларда - 10 йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича берилади";


"в" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) 2021 йил ва келгуси йилларда тузиладиган битимлар халқаро молия институтларидан жалб этиладиган имтиёзли кредитлар (қарзлар), шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал ажратилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан қайтариладиган асосий қарзлар ҳисобидан молиялаштирилади";


б) 6-банднинг биринчи хатбошисидаги "Мактабгача таълим вазирлиги" сўзлари "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 сентябрь