Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.10.2023 й. ПҚ-325-сон "Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини, қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш (Kungrad Wind 1)" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.10.2023 й.

N ПҚ-325



"ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚЎНҒИРОТ ТУМАНИДА ҚУВВАТИ 500 МВТ БЎЛГАН

ШАМОЛ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИНИ, ҚУВВАТИ 100 МВТ

БЎЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИ

ҲАМДА ҲАВО ЭЛЕКТР УЗАТИШ ТАРМОҒИНИ ҚУРИШ

(KUNGRAD WIND 1)" ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) "ACWA Power Company (Saudi Listed Joint Stock Company)" (Саудия Арабистони) компанияси томонидан (кейинги ўринларда - Инвестор) "Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини, қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш (Kungrad Wind 1)" инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда - инвестиция лойиҳаси) доирасида Ўзбекистон Республикасида "ACWA Power Kungrad Wind 1" МЧЖ ХК (кейинги ўринларда - Лойиҳа компанияси) таъсис этилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 6 январда инвестиция шартномаси имзоланганлиги (кейинги ўринларда - Инвестиция шартномаси) ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:

инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини ҳамда қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши;

юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, дастлабки баҳолаш бўйича жами 1 067 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;

в) "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2022 йил 23 декабрда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда - Битим) тўғридан-тўғри музокаралар натижасида имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ:

Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;

Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 18 млн АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали хорижий банк кафолатини тақдим этиши;

инвестиция лойиҳаси доирасида шамол электр станциясини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун ҳаво электр узатиш тармоқлари Лойиҳа компанияси томонидан қурилиши ҳамда ишга туширилгандан сўнг уларни "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга топшириш мажбуриятини олиши;

Лойиҳа компанияси томонидан қурилган ҳаво электр узатиш тармоқлари учун сарфланган харажатлар "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан 10 йил давомида ойлик тўловлар асосида қопланиши;

инвестиция лойиҳаси доирасида қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизими Лойиҳа компанияси томонидан қурилиши ҳамда ишга туширилгандан сўнг унинг иш режимини Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Миллий диспетчерлик маркази" ДУКнинг диспетчерлик бошқаруви билан мувофиқлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олиши;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиши ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Инвестиция шартномаси тасдиқлансин;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.


3. Инвестиция шартномаси ва Битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясининг сотиб олиниши ва электр энергиясини сақлаш тизимидан фойдаланганлик учун тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган қатъий тариф бўйича амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.


4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга Лойиҳа компанияси томонидан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш ҳақида битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.


5. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга:

Лойиҳа компанияси билан биргаликда Битимда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниясини ва бошқа маслаҳатчиларни мажбурий экспертиза ўтказмаган ҳолда танлаб олишга ҳамда улар билан шартномалар тузишга;

Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олиш мажбурияти бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл банкининг чет эл валютасида тасдиқланган ва тикланадиган аккредитивини очишга рухсат берилсин.


6. Иқтисодиёт ва молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖнинг аккредитив очадиган чет эл банки олдидаги тўлов мажбуриятлари Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ёки Европа тикланиш ва тараққиёт банки кафолати орқали бажарилган тақдирда, мазкур банк билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мақбул шаклдаги ушбу банк харажатларини қоплаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.


7. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига барча солиқлар ва йиғимлар тўланган ҳолда, инвестиция лойиҳасини молиялаштириш доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

кредит олиш, чет эл валютасида пул маблағлари олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, чет эл валютасида кредит тушумлари) учун чет эллардаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган хорижий пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш.


8. Инвестиция лойиҳаси доирасида шамол электр станциясини қуриш билан боғлиқ қурилиш ва ер ишларини бажариш, бино ва иншоотлар пойдеворларини лойиҳалаштириш нормалари ва қоидалари Битим қоидаларига мувофиқ халқаро стандартлар билан тартибга солиниши белгилаб қўйилсин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудида ажратиладиган, Инвестиция шартномаси ва Битимда кўрсатилган шартларга мос келадиган ҳамда Лойиҳа компанияси томонидан лойиҳалаштириш ишлари якунлангандан сўнг тақдим этиладиган лойиҳа ҳужжатлари асосида ер участкасини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисида таклиф киритсин.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Лойиҳа компанияси томонидан лойиҳалаштириш ишлари якунлангандан сўнг тақдим этиладиган лойиҳа ҳужжатлари асосида ер участкасининг ҳамда шамол электр станцияси фаолиятини таъминлашга хизмат қилувчи ҳаво электр узатиш тармоқлари, электр инфратузилмаси қурилмалари ҳамда электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш учун зарур бўлган ер майдонлари эгаллайдиган ер координаталаридан келиб чиқиб, уларнинг Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишини таъминласин.

Энергетика вазирлиги мазкур бандга асосан ажратиладиган ер участкаси инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга Лойиҳа компаниясига ижарага берилишини таъминласин.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Энергетика вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик (тоифаси ўзгартирилганлиги) учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинсин;

Лойиҳа компанияси томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилсин.


11. Лойиҳа компаниясининг буюртманомасига биноан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Ташқи ишлар вазирлиги - жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визаларининг, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини;

Ички ишлар вазирлиги - жалб қилинадиган пудрат ташкилотларининг хорижий мутахассислари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик виза муддатлари узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги - хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.


12. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, шунингдек, томонларнинг Инвестиция шартномаси ва Битим доирасидаги мажбуриятлари бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.


13. Адлия вазирлиги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция шартномаси ҳамда унинг қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.


14. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини ҳамда инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминласин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш.Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 7 октябрь