Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.10.2023 й. 538-сон "Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

13.10.2023 й.

N 538



ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

2017 ЙИЛ 9 ФЕВРАЛДАГИ 66-СОН ҚАРОРИ

БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТЛАРИНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМГА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА



Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда ушбу соҳадаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, жумладан, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишда композит усулни қўллаган ҳолда бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳунармандчилик субъектлари "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлишида эскирган, идорага қоғоз шаклда ариза ва ҳужжатларни тақдим этиш тартиби сақланиб қолмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг масофавий электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ҳунармандчилик субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш жараёнида ариза берувчилар хоҳишига кўра "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлиш ҳақидаги аризани композит усулда қабул қилишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Ҳунарманд" уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида ҳунармандчилик фаолияти йўналишлари бўйича ҳунармандчилик субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш жараёнида ариза берувчилар хоҳишига кўра "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини "Ҳунарманд" уюшмасига композит усулда юбориш имкониятини яратсин.


3. "Ҳунарманд" уюшмасига ҳунармандчилик субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш жараёнида ариза берувчиларнинг "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлиш ҳақида Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали берилган аризаларини қабул қилиш ва натижасини мазкур тизим орқали юбориш тавсия этилсин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                       А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 13 октябрдаги

538-сон қарорига

ИЛОВА


Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори

билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини

давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

низомга киритилаётган қўшимчалар

        

4-иловада:


VIII банд қуйидаги мазмундаги "8-3" позиция билан тўлдирилсин:


"

8-3

"Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўласизми?

    

Ҳа

  

Йўқ

";


8-изоҳ қуйидаги мазмундаги 4-кичик банд билан тўлдирилсин:

"4) "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан якка тартибдаги тадбиркорни "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш ҳақидаги хабарнома унинг Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидаги шахсий кабинетига ёки Давлат хизматлари марказига юборилади.

"Ҳунарманд" уюшмасига аъзолик бадали "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда тўланади".

       

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 16 октябрь