Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.11.2023 й. 583-сон "Спорт соҳасида давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.11.2023 й.

N 583




СПОРТ СОҲАСИДА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 24 майдаги ПҚ-162-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, спорт соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Давлат спорт-таълим муассасаларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол академияларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки, ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ давлат хизматлари давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали 2023 йил 1 декабрдан бошлаб кўрсатилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 20 ноябрга қадар:

мазкур қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ давлат хизматларининг ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;

"ERP sport" ягона электрон бошқарув тизимини ЯИДХПга интеграция қилиш чораларини кўрсин;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб боришни жорий этсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентлар талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазоларни қўлласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 6 ноябрь