Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 09.11.2023 й. ЎРҚ-876-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратиладиган ер участкаларининг ўлчамини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.08.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.10.2023 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.11.2023 й.

N ЎРҚ-876



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ДЕҲҚОН

ХЎЖАЛИГИНИ ЮРИТИШ УЧУН АЖРАТИЛАДИГАН

ЕР УЧАСТКАЛАРИНИНГ ЎЛЧАМИНИ ОШИРИШГА

ҚАРАТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧА

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 15 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 28 октябрда маъқулланган


Кейинги йилларда чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга мамлакатнинг айрим ҳудудларида чорва озуқаси экинларини етиштириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги деҳқон хўжалиги учун ажратиладиган ер участкаларининг қонунчиликда белгиланган ўлчамини қайта кўриб чиқиш ва ошириш заруратини юзага келтирмоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ва "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мамлакатнинг айрим ҳудудларида чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратиладиган ер участкаларининг энг кўп ўлчамини 1 гектардан 5 гектарга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.

Ушбу Қонун мамлакатнинг айрим ҳудудларида чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашга ва мазкур соҳада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 5-6, 82-модда; 2003 йил, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 5, 90-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 12, 608-модда; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 12, 472-модда; 2011 йил, N 1, 1-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 8, 312-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 1, 1-модда, N 4, 224-модда, N 7, 432-модда, N 12, 781-модда; 2019 йил, N 1, 1-модда, N 3, 161-модда, N 4, 199-модда, N 8, 469-модда, N 11, 792-модда; 2020 йил, N 9, 540-модда; 2021 йил, N 1, 3-модда, 4-сонга илова, N 8, 800-модда; 2022 йил, N 6, 570, 577-моддалар) 46-1-моддасининг 1-банди қуйидаги мазмундаги 1 ва 1-1-бандлар билан алмаштирилсин:


"1) деҳқон хўжалигини юритиш учун (бундан ушбу модданинг 1-1-бандида назарда тутилган ҳоллар мустасно) - 0,06 гектардан 1 гектаргача;

1-1) деҳқон хўжалигини юритиш учун чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган айрим ҳудудларда - 0,06 гектардан 5 гектаргача".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 1 апрелда қабул қилинган "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги ЎРҚ-680-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 4, 286-модда; 2022 йил, N 11, 1061-модда) 8-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:

биринчи қисмдаги "иккинчи қисмида" деган сўзлар "иккинчи ва учинчи қисмларида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Деҳқон хўжалигини юритиш учун чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган айрим ҳудудларда 0,06 гектардан 5 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади";

иккинчи қисм учинчи қисм деб ҳисоблансин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 9 ноябрь