Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курслари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.11.2023 й. 609-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 20 ноябрдаги

609-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига

ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус

ўқув курслари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

          

1. Ушбу Низом фуқаровий ов қуролини олиш учун биринчи марта рухсатнома олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни (кейинги ўринларда - фуқаролар) қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва уларда ўқитиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қурол - тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилмалар ва ашёлар. Тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган хўжалик-маиший ва ишлаб чиқариш мақсадидаги буюмлар сифатида сертификатланган буюмлар, шунингдек, тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган спорт аслаҳалари қурол жумласига кирмайди;


қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курслари (кейинги ўринларда - ўқув курслари) - овчилар жамоат бирлашмаси томонидан фуқароларни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ов қилиш, қурол билан муомалада бўлиш ва ундан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича ташкил этиладиган ҳуқуқий-назарий ва амалий ўқув машғулотлари мажмуаси;


тингловчи - қурол олишга биринчи марта рухсатнома олаётган, ўқув курсларида ўқиш учун тўлов суммасини тўлаган ва ўқув курсларига қабул қилинган шахслар;


инструктор - ўқув курсларида тингловчиларни ўқитадиган, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институтида тингловчи курсларини муваффақиятли тугатиб, белгиланган намунадаги сертификатни олган, овчилар жамоат бирлашмаси штатидаги ходим, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг Жамоат хавфсизлиги хизмати, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаларининг туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларининг назорат-лицензиялаш фаолиятини ташкил этиш бўлинмаси ходими;


гувоҳнома - қуролни олишга рухсатнома расмийлаштириш учун ички ишлар органига мурожаат қилиш ҳуқуқини берувчи, тингловчининг ўқув курсларини муваффақиятли тугатганлигини тасдиқловчи ҳужжат;


ўқ отиш стенди - спорт мусобақалари ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказишга, шунингдек, кўнгилочар мақсадларда силлиқ стволли ўқотар ов ҳамда силлиқ стволли ўқотар спорт қуролидан учар нишонларга қарата ўқ отиш учун махсус мўлжалланган (жиҳозланган) муҳандислик-қурилиш иншооти;


тир - спорт мусобақаларини, ўқув-машқ йиғинлари ва ўқув ўқ отиш машқларини ўтказишга, қуролни текширишга, шунингдек, кўнгилочар мақсадларда фуқаровий ва хизмат ўқотар қуролидан, пневматик ов қуролидан, пневматик спорт қуролидан, спорт улоқтириш қуролидан ҳаракатланмайдиган ҳамда ҳаракатланувчи нишонларга қарата ўқ отиш учун махсус мўлжалланган (жиҳозланган) муҳандислик-қурилиш иншооти;


ўқ отиш майдони - бир неча тир ва (ёки) ўқ отиш стендларидан ташкил топган мажмуа.


3. Ушбу Низом қоидалари қуролни олишга биринчи марта рухсатнома олаётган фуқароларга нисбатан татбиқ этилади.

Қуролни иккинчи ва ундан кўп марта олишга, шунингдек, қуролни сақлаш ва олиб юришга, сақлашга доир рухсатномаларни олаётган фуқароларнинг ўқув курсларида ўқиши тавсиявий ҳисобланади.


4. Ушбу Низом қоидалари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

тиғли совуқ (ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар) қуролни олаётган фуқароларга;

сигнал берувчи ов қуролини, спорт қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, коллекциялаш ва кўргазмага қўйиш учун мўлжалланган қуролни олишга доир рухсатномаларни олаётган фуқароларга;

мукофот қилинган қуролни сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномани олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий қуролни олишга доир рухсатномаларини олаётган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқароларига.


5. Ўқув курслари:

қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласига доир қонунчилик ҳужжатлари талабларини, овчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини;

ов қилиш қоидаларини, шу жумладан, атроф-муҳитни, ёввойи ҳайвонлар яшаш муҳитини, бўлиш ва урчиш жойларини, уларнинг кўчиб ўтиш йўлларини муҳофаза қилиш, ов қилиш учун рухсат этилган ва тақиқланган жойларни, ёввойи ҳайвонларнинг турларини ҳамда ов қуроллари ва усулларини, ов қилиш учун белгиланган муддатларни, овланган ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларининг ҳисобини юритиш тартибини;

қурол билан муомалада бўлиш, ов қилиш ва балиқ овлаш, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик чораларини;

фойдаланиладиган қурол ва унинг ўқ-дорилари асосий турларини, уларнинг тактик ва техник тавсифларини ҳамда баллистик хусусиятларини, уларни сақлаш, ташиш, олиб юриш ва улардан фойдаланиш тартибини;

қуролни ўқлашда, тозалашда, қўллашда, қурол билан бошқа шаклларда муомала қилишда шахсий, атрофдагиларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш ҳамда ёнғинга қарши чораларни;

ўқдан яраланганда ва бошқа турдаги тан жароҳатларининг асосий турлари бўйича бирламчи шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш асосларини ўзлаштириб олиш учун зарур бўлган мустаҳкам ва етарли ҳажмда билимларни ҳамда амалий кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадларида ташкил этилади.

Ўқув курсларида:

ушбу банднинг иккинчи - тўртинчи хатбошиларига доир қисмда - овчилар жамоат бирлашмаси штатидаги ходимлари таркибидан тайёрланган инструкторлар томонидан;

ушбу банднинг бешинчи - еттинчи хатбошиларига доир қисмда - ички ишлар органлари назорат-лицензиялаш фаолиятини ташкил этиш бўлинмаси ходимлари таркибидан тайёрланган инструкторлар томонидан ўқитилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти томонидан инструкторларни тайёрлаш бўйича ўқув жараёни доирасидаги алоҳида ўқув машғулотларини ўтказиш учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, овчилар жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг малакали ходимлари ва тажрибали мутахассислари келишув асосида жалб этилиши мумкин.


7. Ўқув курсларида тингловчилар ишдан ажралган ҳолда ўқитилади.


8. Ўқув курсларида ўқиш билан боғлиқ харажатлар овчилар жамоат бирлашмаси томонидан белгиланади ҳамда овчилар жамоат бирлашмаси ва фуқаро ўртасида тузиладиган шартномага асосан кўрсатилади. Бунда тўлов суммасини курсларда ўқиш давомида бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилиши мумкин.


9. Шартномада фуқаро хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитилиши лозим бўлган қурол тури (силлиқ стволли ов қуроли, сойли стволли ов қуроли, пневматик ов қуроли) кўрсатилиши лозим.


10. Ўқув курсларида ўқитиш учун шартнома суммасининг 50 фоизи овчилар жамоат бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти Жамоат тартибини сақлаш хизматининг махсус ҳисобварағиға ўтказилади.



2-БОБ. ЎҚУВ КУРСЛАРИГА ҚАБУЛНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

         

11. Ўқув курсларига йигирма беш ёшга тўлган фуқаролар қабул қилинади.


12. Ўқув курсларида ўқишни хоҳловчи фуқаролар йил давомида ўқув курсларига қабул қилиш ҳақидаги аризани ва унга илова қилинган қуйидаги ҳужжатларни овчилар жамоат бирлашмасига бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда овчилар жамоат бирлашмасининг электрон манзилига (мавжуд бўлса) улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этади:

овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси нусхаси;

фуқаролик паспорти (идентификацияловчи ID-картаси) ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси (идентификацияловчи ID-картаси).


13. Ўқув курсларидаги ўқув жараёни тингловчилар сони қоидага кўра гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда камида 15-20 кишидан иборат, бироқ 25 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил қилинади.


14. Ўқув курсларининг гуруҳлар таркиби шакллантирилгандан сўнг овчилар жамоат бирлашмаси томонидан икки иш кунида ўқув курслари муддати (йил, ой, сана, машғулотлар бошланиши ва тугалланиши вақти), фуқароларнинг рўйхати акс эттирилган режа-жадвал тасдиқланиб, шу куннинг ўзида фуқароларга ёзма равишда хабарнома юборилади.

Хабарномада ўқув курслари муддати, ўқиш учун тўлов суммаси, овчилар жамоат бирлашмасининг банк ҳисобварағи реквизитлари ва тўлаш муддати кўрсатилади.


15. Олинган хабарномага асосан ўқув жараёни бошлангунга қадар овчилар жамоат бирлашмасига ўқиш учун мурожаат қилмаган ёки ўқиш учун белгиланган тўловни амалга оширмаган фуқаролар ўқув курсларига қабул қилинмайди ва бу ҳақда овчилар жамоат бирлашмаси томонидан бир иш кунида фуқароларга ёзма равишда хабарнома юборилади.

Мазкур ҳолларда фуқаролар кейинги ташкил этиладиган ўқув курсларида ўқишга қабул қилиниши мумкин.


16. Ўқув курсларида ўқиш учун режа-жадвалда кўрсатилган ҳамда тўлов суммасини тўлаган фуқаролар овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари буйруғи билан тингловчи сифатида ўқишга қабул қилинади.



3-БОБ. ЎҚУВ КУРСЛАРИДА ЎҚУВ ЮКЛАМАСИ

ҲАЖМИ ВА ЎҚУВ ЖАРАЁНИ

       

17. Ўқув курслари камида икки нафар инструктор томонидан ташкил этилади.


18. Ўқув курслари овчилар жамоат бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув дастурларига мувофиқ ўтказилади.


19. Ўқув машғулотлари инструкторлар томонидан ташкил этилади. Ўқув машғулотларини ўтказиш учун зарур ҳолларда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг малакали ходимлари ҳамда тажрибали мутахассислари келишув асосида жалб этилиши мумкин.


20. Ўқув курсларида ўқув жараёнининг умумий давомийлиги бир ҳафтани (36 (54 академик) соат) ташкил этади.

Умумий ўқув вақти ҳажми қуйидагича тақсимланади:

назарий таълим - 24 (36 академик) соат;

амалий машғулотлар - 12 (18 академик) соат, шу жумладан, қуролдан ўқ отишни ўргатиш машғулотлари (ўқув ўқ отиш машқлари) - 6 (9 академик) соат.


21. Ўқув машғулотлари маъруза, семинар ва амалий машғулот шаклларида ўтказилади. Назарий ўқув машғулотларини ўтказишда интерфаол ўқитиш услублари қўлланилиши тавсия этилади.

Ўқув машғулотлари давомида тингловчиларга назорат топшириқлари (тест, ёзма иш ва бошқалар) берилади.


22. Аудитория машғулотлари давомийлиги 80 дақиқани (танаффуссиз, икки академик соат) ташкил этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус - камида 10 дақиқадан иборат бўлади.


23. Ўқув ўқ отиш машқлари овчилар жамоат бирлашмасига тегишли бўлган ҳамда ички ишлар органларининг рўйхатига олинган қурол ва ўқ-дорилари билан фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлашга доир рухсатномаларига эга бўлган ўқ отиш стенди, тир ёки ўқ отиш майдонида ўтказилади.


24. Овчилар жамоат бирлашмаси ўқув курсларини ташкил этиш учун жиҳозланган хоналарга ва (ёки) қурол ва ўқ-дориларни сақлаш хонасига эга бўлмаганда, ўқув машғулотларини ўтказиш ва (ёки) қурол ва ўқ-дориларни сақлаш шартномавий тартибда фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлашга доир рухсатномага эга бўлган юридик шахсда ёки ички ишлар органларида амалга оширилиши мумкин.


25. Овчилар жамоат бирлашмаси ўзига тегишли бўлган ўқ отиш стенди, тир ёки ўқ отиш майдонига эга бўлмаганда, ўқув ўқ отиш машқлари шартномавий тартибда фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлашга доир рухсатномаларига эга бўлган юридик шахснинг ўқ отиш стенди, тири ёки ўқ отиш майдонида, ёхуд ички ишлар органларининг ўқ отиш полигонларида ўтказилиши мумкин.


26. Силлиқ стволли ўқотар ов қуроли билан ўқув ўқ отиш машқлари ўқ отиш стендида, сойли стволли ўқотар ов қуроли ва пневматик ов қуроли билан ўқув ўқ отиш машқлари эса, тир ёки ўқ отиш майдонида ўтказилади.

Силлиқ стволли ўқотар ов қуроли билан ўқув ўқ отиш машқлари бир неча ўқ отиш стендидан иборат бўлган ўқ отиш майдонида ўтказилиши мумкин.

Сойли стволли ўқотар ов қуроли ва пневматик ов қуроли билан ўқув ўқ отиш машқлари бир неча тирлардан иборат бўлган ўқ отиш майдонида ўтказилиши мумкин.


27. Ўқ отиш тиридаги ўқув ўқ отиш машқларида қатнашишга фақат қуролни ўқлаш, тозалаш, олиб юриш, қўллашда шахсий, атрофдагилар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чораларини, шунингдек, ўқув ўқ отиш машқлари шартлари ва хавфсизлик қоидаларига оид билим ва кўникмалар бўйича ўтказилган назорат синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга рухсат берилади.


28. Ўқув ўқ отиш машқлари овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари томонидан ушбу машқларни ўтказиш учун масъул бўлган инструктор (инструкторлар) тайинлангандан сўнг гуруҳма-гуруҳ ўтказилади.


29. Ўқув ўқ отиш машқларини ўтказиш учун масъул бўлган инструктор (инструкторлар) томонидан машқлар ўтказилишидан олдин тингловчиларга хавфсизлик қоидалари бўйича йўл-йўриқлар берилади, шунингдек, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилади.


30. Ўқув курси жараёнида тингловчиларнинг машғулотларда қатнашиш давомати, уларни ўтказиш санаси, мавзуси, дарс соатлари миқдорлари, назорат топшириқлари натижаларининг ҳисоби юритилади.



4-БОБ. ТИНГЛОВЧИЛАРНИНГ

ЯКУНИЙ ИМТИҲОНИ

        

31. Тингловчилар ўқув курсларида ўқишни тугатгандан сўнг тест синовлари шаклида якуний имтиҳон топширади.


32. Ўқув курслари тингловчиларининг билимини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун овчилар жамоат бирлашмаси томонидан камида 3 - 5 кишидан иборат имтиҳон комиссияси тузилади. Имтиҳон комиссияси раиси, таркиби ва ишлаш тартиби овчилар жамоат бирлашмаси томонидан тасдиқланади.

Комиссия таркибига бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг ходимлари ҳамда мутахассислари келишув асосида жалб этилиши мумкин.


33. Якуний имтиҳон топшириқлари ўқув курси дастурига мувофиқ тузилади. Имтиҳон натижалари 100 балли тизимда баҳоланади.

Якуний имтиҳонда тест синовлари учун ажратилган максимал баллнинг 70 фоизидан кам балл тўплаган тингловчилар ўқув курсларини муваффақиятли ўзлаштирмаган ҳисобланади.


34. Якуний имтиҳонда узрли сабаб туфайли иштирок этмаган тингловчилар навбатдаги гуруҳ тингловчилари билан биргаликда иштирок этишлари мумкин.


35. Тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган тингловчиларга кейинги ўқув курслари якунида имтиҳонни фақат бир марта қайта топширишга имкон берилади.

Қайта топшириш натижаларига кўра имтиҳондан ўта олмаган тингловчилар хоҳишига кўра ушбу Низомда белгиланган тартибда ўқув курсларига такроран қабул қилинади.


36. Имтиҳон натижалари имтиҳон ўтказилган куни комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланган баённома ва имтиҳон қайдномаси орқали расмийлаштирилади ҳамда тингловчиларга эълон қилинади.



5-БОБ. ТИНГЛОВЧИЛАРНИНГ ЎҚУВ КУРСЛАРИНИ

ТАМОМЛАГАНИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲУЖЖАТЛАРНИ

БЕРИШ, ГУВОҲНОМАЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ

         

37. Имтиҳон комиссияси баённомасига асосан якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга бир иш кунида ушбу Низомга иловада белгиланган намунадаги ҳамда QR-код (матрик штрихли код) билан рўйхатдан ўтказиладиган гувоҳнома, имтиҳонлардан ўта олмаган тингловчиларга эса, улар ўқув курсларини тамомлагани тўғрисидаги маълумотнома берилади. Гувоҳнома ва маълумотномалар овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари томонидан имзоланади.

Гувоҳнома фуқароларга берилган гувоҳномалар реестрига имзо қўйдирган ҳолда топширилади.


38. Гувоҳномада фуқаро хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитилган қурол тури (силлиқ стволли ов қуроли, сойли стволли ов қуроли, пневматик ов қуроли) кўрсатилиши шарт.


39. Гувоҳнома унинг амал қилиши чекланмаган муддатга берилади.


40. Гувоҳнома кимнинг номига берилган бўлса, ўша фуқарога ички ишлар органида силлиқ стволли ов қуролини, сойли стволли ов қуролини ва (ёки) пневматик ов қуролини олишга доир рухсатномани олиш учун асослардан бири ҳисобланади.


41. Овчилар жамоат бирлашмаси томонидан қуйидагилар кўрсатилиши лозим бўлган гувоҳномалар реестри (кейинги ўринларда - реестр) юритилади:

гувоҳнома эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, доимий яшаш манзили, телефони;

гувоҳнома эгаси хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитилган қурол тури (силлиқ стволли ов қуроли, сойли стволли ов қуроли, пневматик ов қуроли);

гувоҳномани бериш учун асос бўлган комиссия баённомасининг санаси ва рақами;

гувоҳнома берилган сана, унинг серияси ва тартиб рақами;

гувоҳнома дубликатини бериш асоси ва санаси.


42. Реестр қоғоз манбада бир нусхада юритилади.

Қоғоз манбадаги реестр журнали ҳудудий ички ишлар органида ҳисобга қўйилган бўлиши лозим.

Реестр қўшимча равишда электрон манбаларда ҳам юритилиши мумкин.

Қоғоздаги ва электрон манбалардаги ёзувлар ўртасида номувофиқлик мавжуд бўлган тақдирда, қоғоз манбалардаги ёзувлар устувор аҳамиятга эга бўлади.

Ушбу Низомнинг 41-бандида кўрсатилган реестр маълумотлари уларни тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги мавжуд маълумотларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 41-бандида кўрсатилган маълумотлар уларга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар ишончли ҳисобланади.


43. Реестр журналига тартиб рақами қўйилади, унинг бетлари изчил кетма-кетликда рақамланади ва ип ўтказиб тикилади.

Реестр журналининг титул варағида овчилар жамоат бирлашмаси номи, шунингдек, у қачон юритилиши бошлангани ва тугатилгани кўрсатилади.

Реестр журналининг охирги бетида унинг нечта бетдан иборат эканлиги кўрсатилади ва ушбу маълумотлар овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарининг имзоси, шунингдек, ҳудудий ички ишлар органи масъул ходимининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.


44. Реестр журналидаги ёзувлар кўк ёки қора рангли шарикли ручка билан аниқ ёзилиши шарт. Ёзувни қайд қилишда ўчириш ва тузатишларга йўл қўйилмайди. Хато ёзилганда, матнни ўқиш имкониятини берадиган ҳолда ушбу хато ингичка чизиқ билан ўчирилиб, унинг тепасидан тўғриланган ёзув киритилади ва тегишли ёзув киритилган сатрнинг изоҳ қисмида "тузатилди" деб ёзиб қўйилади ҳамда матнни тўғрилаган шахснинг имзоси билан тасдиқланади.


45. Реестрнинг тўғри тўлдирилиши ва реестр журналининг бутлиги, шунингдек, гувоҳномалар бланкларининг ҳисоби юритилиши, сақланиши ва мақсадли ишлатилиши учун овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари ёки унинг буйруғи билан ушбу вазифалар юкланган масъул шахс жавобгар бўлади.


46. Реестр журнали қулфланадиган сейф ёки металл шкаф (яшик)да сақланади.


47. Реестр журнали тўлиқ тўлдирилгунча юритилади.

Тўлиқ тўлдирилиб, юритилиши тугатилган реестр журнали ҳудудий ички ишлар органига топширилади.


48. Реестрдаги маълумотлар фойдаланилиши чекланган ахборот ҳисобланади ва ошкор қилинмайди, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Реестрдаги мавжуд маълумотлар овчилар жамоат бирлашмаси томонидан ички ишлар ёки бошқа ваколатли орган сўровига мувофиқ тегишли сўров олинган кундан бошлаб бир иш кунида тақдим этилади.


49. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ўрнига фуқаронинг мурожаатига асосан мурожаат келиб тушган кундан эътиборан икки иш куни ичида гувоҳноманинг аввалги ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақами кўрсатилган дубликати расмийлаштириб берилади. Гувоҳнома дубликатининг юқори ўнг бурчагига "Дубликат" деган ёзув киритилади.

Гувоҳнома дубликатини беришда фуқаро томонидан овчилар жамоат бирлашмасининг дубликат бланкасини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлари қопланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

          

50. Инструкторлар беш йилда камида бир марта қайта тайёрланади.


51. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда ўқув курсларидан четлаштирилади:

ўз хоҳишига кўра;

ўқув курслари назарий таълим қисмининг 4 академик соатдан кўп ҳажмдаги машғулотларда қатнашмаганда;

ўқув ўқ отиш машқларида тўлиқ қатнашмаганда;

ўқув интизомини ва овчилар жамоат бирлашмасининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;

вафот этганда.


52. Тингловчини ўқув курсларидан четлаштириш овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқда четлаштириш сабаби ва асослари кўрсатилади.


53. Ўқув курслари тингловчилари ўқишдан четлаштирилганда ёки тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаганда, уларга ўқиш учун тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.


54. Гувоҳнома олиниши фуқаро овчилар жамоат бирлашмалари устав ҳужжатларига мувофиқ ҳар йили қурол ва унинг ўқ-дориларни сақлаш, ташиш, олиб юриш ва ундан фойдаланиш, ўқлаш-ўқсизлантириш, тозалаш, улар билан хавфсиз муомалада бўлиш қоидалари бўйича билимларга оид мажбурий нормативларни ("овчилик минимуми") топшириш мажбуриятидан озод этмайди.


55. Ички ишлар органларининг қуролни олишга доир рухсатномаси гувоҳномада кўрсатилган қурол турини (силлиқ стволли, сойли стволли, пневматик) олиш учун берилади.


56. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

             

            




Низомга

ИЛОВА



Maxsus o`quv kursi haqida

GUVOHNOMA

MK N 000000

           

_________________________________________________________________________

(tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

          

20 __-yil _______________ dan 20 __-yil _______________ gacha

          


da

(yuridik shaxsning nomi)


           


soatga mo`ljallangan

                


dan xavfsiz foydalanish qoidalariga o`qitish bo`yicha

(qurol turi)


                

maxsus qisqa muddatli o`quv kursida ta`lim olib, yakuniy imtihondan muvaffaqiyatli o`tdi.

          

Imtihon komissiyasi bayonnomasining sanasi va raqami


                

Rahbar


(QR-kоd)







(familiyasi, ismi va otasining ismi bosh harflari)

             

Sana



Qayd raqami


            

              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 21 ноябрь