Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.11.2023 й. ПҚ-371-сон "Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.11.2023 й.

N ПҚ-371



АЛЛЕРГИК КАСАЛЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ

ОЛИШ ВА ДАВОЛАШ СИФАТИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда аллергик касалликларни профилактика қилиш, ташхислаш ва даволашнинг илғор усулларини татбиқ қилиш борасида манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, иқлим ўзгариши, глобал исиш оқибатида гулчанги мавсумининг узайиши, экологик вазиятнинг ёмонлашиши ва бошқа омиллар таъсирида аллергик касалликларга чалиниш хавфи ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган аллергологик ва иммунологик тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, болалар ва катталар орасида аллергик ва иммунологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ҳамда замонавий даволаш усулларини амалиётга татбиқ қилиш, ушбу касалликларга чалинган беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур дори воситалари билан таъминлаш, жойларда молекуляр аллергология ва клиник иммунология йўналишидаги текширувларни йўлга қўйиш, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида:


1. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аллергик касалликларнинг олдини олиш, аҳолига аллергологик ва иммунологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

тиббиётнинг бирламчи бўғинидан бошлаб аллергик касалликларнинг эпидемиологик кўрсаткичлари устидан назоратни кучайтириш ва манзилли скрининг текширувларини жорий этиш;

эҳтиёжманд аҳоли қатламларини зарур дори воситалари билан бепул таъминлаш тизимини йўлга қўйиш;

болалар ва ўсмирлар, ҳомиладорлар орасида аллергик ва иммунологик касалликларнинг ривожланиш сабабларини эрта аниқлаш ва уларни профилактика қилиш;

жойларда аллергик касалликларни юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турларини кенгайтириш ҳамда молекуляр ташхислаш усулларини жорий этиш;

соҳа мутахассисларининг аллергология ва клиник иммунология йўналишида билимларини ошириш ва кўникмаларини ривожлантириш.


2. Аллергик ва иммунологик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида:

а) 2024 йил 1 январдан бошлаб аллергик ва иммунологик касалликларга чалинган "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими жорий этилсин;

б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2024 йилдан бошлаб:

аллергик касалликлар (шу жумладан мавсумий аллергия) кўрсаткичлари юқори ҳудудларда йилига камида бир марта оммавий ва селектив скрининг текширувларини ўтказиш;

аниқланган аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликлари мавжуд беморларни аллергологлар томонидан тизимли кузатуви ва индивидуал соғломлаштириш ишларини ташкиллаштириш;

ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турларини босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача ошириш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда эҳтиёжга кўра Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология марказининг ҳудудий бўлинмалари лабораторияларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан аллерген реагентлар билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўрсин.


3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида" бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари ва уларнинг махсус сарфлов воситалари билан таъминлаш учун зарур бюджет маблағларини назарда тутсин.


4. 2024 йил 1 январдан Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази 140 ўрин фондидан иборат бўлган Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда - Марказ) этиб қайта ташкил қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, Тошкент шаҳри аҳолиси учун аллергик касалликлар бўйича ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам Марказ томонидан кўрсатилади.


5. Қуйидагилар Марказнинг қўшимча вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

молекуляр аллергология ва клиник иммунология соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш асосида аллергик ҳамда иммунологик касалликларнинг олдини олиш, уларга молекуляр ташхис қўйиш ва даволаш;

аллергик касалликларни эрта аниқлаш, келиб чиқиш сабабларини бартараф қилиш мақсадида скрининг дастурларини йўлга қўйиш;

тиббиётнинг бирламчи бўғинида аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликларининг профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва бошқариш миллий дастурларини амалиётга жорий этиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 майдаги "Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3715-сон қарори асосида Халқаро молекуляр аллергология маркази (кейинги ўринларда - Халқаро марказ) ташкил этилганлиги ҳамда аллерген ўсимликлар гулчангининг аэробиологик мониторинг тизими республиканинг 9 та ҳудудида амалиётга жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


7. Халқаро марказ ва Марказнинг аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида аллерген ўсимликлар гулчангининг аэробиологик мониторинг тизимини республиканинг барча ҳудудларида амалиётга жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.


8. 2024 йилдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий қилинсин:

аллергик касалликлар келтириб чиқарувчи аэроаллергенлар таркиби ва мавсумий тарқалиш кўлами ҳудудлар кесимида ўрганилиб, унинг натижалари Халқаро марказ томонидан Гидрометеорология хизмати агентлигига мунтазам тақдим этиб борилади;

Гидрометеорология хизмати агентлиги аэроаллергенлар таркиби ва мавсумий тарқалиш кўлами тўғрисидаги маълумотлар атроф табиий муҳит ифлосланишига оид маълумотлар билан биргаликда тегишли веб-сайт ва бошқа манбалар орқали эълон қилиб борилишини таъминлайди.


9. 2023-2025 йилларда республика аҳолисига аллергологик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) 2024 йил 1 апрелга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш. Шерматов) билан биргаликда аллергик касалликка чалинган беморларнинг электрон реестрини яратиб, амалиётга татбиқ этсин;

б) 2024 йил 1 январга қадар Марказ устави, ташкилий тузилмаси ҳамда харажатлар сметасини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.

Бунда, Марказда болалар аллергологияси ва клиник иммунологияси, жонлантириш, болалар ва катталар тери аллергик касалликлари, клиник иммунология бўлимлари ҳамда ёрдамчи бўлимлар, консультатив-ташхислаш поликлиникаси, махсус молекуляр аллергологик ва клиник иммунологик лабораториялар ва илмий-ўқув симуляцион бўлинмалар ташкил қилиниши инобатга олинсин;

в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарор талабларига мувофиқ тегишли ҳудудларда 2024-2025 йилларда аллергологик ва иммунологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқсин ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига кўриб чиқиш учун киритсин.


11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2024 йилдан бошлаб Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили камида 10 нафар аллерголог ва иммунолог мутахассисни нуфузли хорижий аллергология ва иммунология марказларида малака оширишга юбориш чораларини кўрсин.


12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш чораларини кўрсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5199-сон қарорига 2-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилсин.


14. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А. Иноятов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 23 ноябрдаги

ПҚ-371-сон қарорига

1-ИЛОВА



2023-2025 йилларда республика

аҳолисига аллергологик ёрдам кўрсатиш

тизимини ривожлантириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

          

         

Т/р

     

Чора-тадбирлар номи

        

Амалга ошириш механизми

       

Бажариш

муддати

      

Молиялаштириш

манбалари

        

Масъул ижрочилар

        

         

I. АЛЛЕРГОЛОГИЯ ЙЎНАЛИШИДА ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА СОҲАНИ РАҚАМЛАШТИРИШ

          

1.

Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида (кейинги ўринларда - Марказ) аллергик касалликлар билан касалланган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсaтиш тизимини такомиллаштириш.


1. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиладиган аллергик касалликлар рўйхатини тасдиқлаш.


2. Аллергик касалликларга чалинган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсaтиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


3. Аллергик касалликларга чалинган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсaтиш тартибини амалиётга татбиқ қилиш.

      

2024 йил

1 январь

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (Эрматов), Марказ (Разикова)


2.

Аллергик касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш клиник стандартлари ва баённомаларини такомиллаштириш.

1. Аллергик касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш клиник стандартлари ва баённомаларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида қайта кўриб чиқиш.


2. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда аллергик касалликлар билан хасталанган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг клиник баённомаларини, тиббиётнинг бирламчи бўғинида фаолият кўрсатаётган шифокорлар учун соддалаштирилган клиник алгоритмларни ишлаб чиқиш.


3. Мазкур клиник стандартлар ва баённомаларни тасдиқлаш.


4. Тасдиқланган клиник стандартлар ва баённомаларни Марказ, унинг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа тегишли йўналишдаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритувчи шифокорларга етказиш.


2024 йил

якунига

қадар

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов)


3.

Республика ҳудудлари бўйлаб аллергик касалликларни келтириб чиқарувчи аэроаллергенлар таркиби, уларнинг мавсумий тарқалиш кўлами ва ўзгарувчанлигини ўрганиш.


1. Республиканинг барча ҳудудларига ҳаводаги аэроаллергенларни аниқлаш мосламаларини ўрнатиш.


2. Ҳаводаги аэроаллергенларни аниқлаш мосламаларидан олинадиган маълумотларни атроф табиий муҳит ифлосланишига оид маълумотлар билан интеграциялашни таъминлаш.


3. Аэроаллергенлар таркиби ва уларнинг мавсумий тарқалиш кўлами тўғрисидаги маълумотларни атроф табиий муҳит ифлосланишига оид маълумотлар билан биргаликда эълон қилиб бориш тартибини жорий қилиш.


2023-2024

йиллар

Халқаро грант маблағлари, ижрочилар маблағлари

Халқаро молекуляр аллергология маркази (Рўзиев), Марказ (Разикова), Гидрометеорология хизмати агентлиги (Хабибуллаев)


4.

Марказ фаолиятини самарали ташкил қилиш.


1. Марказнинг янги бино ва иншоотларида жиҳозлаш ишларини якунлаш.


2. Марказда болалар аллергологияси ва клиник иммунологияси, жонлантириш, болалар ва катталар тери аллергик касалликлари, клиник иммунология бўлимлари ҳамда ёрдамчи бўлимлар, консультатив-ташхислаш поликлиникаси, махсус молекуляр аллергологик ва клиник иммунологик лабораториялар ва илмий-ўқув симуляцион бўлинмалар ташкил қилинишини инобатга олган ҳолда унинг тузилмаси, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.

       

2024 йил

якунига

қадар

Мазкур мақсадлар учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова)


           

II. АҲОЛИ ОРАСИДА АЛЛЕРГИК ВА ИММУНОЛОГИК

КАСАЛЛИКЛАРНИ ЭРТА АНИҚЛАШ ВА УЛАРНИНГ ОЛДИНИ

ОЛИШ, ТАШХИСЛАШ ВА ДАВОЛАШ СИФАТИНИ ОШИРИШ


5.

Аллергик касалликлар (шу жумладан мавсумий аллергия) кўрсаткичлари юқори ҳудудларда йилига камида бир марта оммавий ва селектив скрининг текширувларини ўтказиш.

1. Саноати ривожланган ва касаллик кўрсаткичлари юқори ҳудудларда вилоят аллергологлари ва оилавий шифокорлар билан биргаликда скрининг текширувларини ўтказиш.


2023-2025

йиллар


Мазкур мақсадлар учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Ходжаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Кўчимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари


2. Оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли орасида мавсумий аллергик касалликлар ва иммунологик касалликлар тўғрисида ахборот-тарғибот ишларини олиб бориш (теледастурлар, видеороликлар, тарқатма материаллар ва бошқалар).


2023-2025

йилларда медиа-режа асосида

(ҳар йили 1 январгача тасдиқланади)


6.

Скрининг текширувлари натижасида аниқланган аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликлари мавжуд беморларни аллергологлар томонидан тизимли кузатуви ва индивидуал соғломлаштириш ишларини ташкиллаштириш.


1. Аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислигини аниқлаш мақсадида икки босқичли сўровномалар ишлаб чиқиш.


2. Оилавий шифокорлар томонидан аҳоли орасида сўровномалар ўтказиш.


3. Сўровнома натижаларига кўра аниқланган беморларни соғломлаштириш режа-жадвалини тасдиқлаш ва соғломлаштириш ишларини олиб бориш.


2023-2025

йиллар

Мазкур мақсадлар учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари


7.

Аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликларига чалинган "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да бўлган беморларга ингаляцион глюкокортикостероид дори воситаларини бепул тарқатиш.


1. Аллергик ва иммунологик касалликлар аниқланган беморларга ингаляцион глюкокортикостероид дори воситаларини бепул тарқатиш механизмини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2024 йил

1 январь


Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Фазилкаримов)


2. Аллергик ва иммунологик касалликлар аниқланган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш.


2024 йилдан

бошлаб

Ҳисоб-китоблар асосида

8.

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари лабораториялари ҳамда шифокор-аллерголог кабинетларида диагностика сифатини ошириш.


1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аллерген реагентлар ва даволовчи-ташхисловчи аллергенлар рўйхатини тасдиқлаш.


2024 йил

1 январь


Маҳаллий бюджет маблағлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов)

2. Реагентлар ва даволовчи-ташхисловчи аллергенларни харид қилиш.


3. Марказнинг ва унинг ҳудудий бўлинмалари лабораторияларини аллерген реагентлар ҳамда шифокор-аллерголог кабинетларини даволовчи-ташхисловчи аллергенлар билан таъминлаш.


2023-2025

йиллар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов)

9.

Ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишларида касалликларнинг олдини олиш, диагностика қилиш ва даволаш сифатини ошириш.


1. Марказнинг етакчи ходимларидан иборат ишчи гуруҳларни шакллантириш.


2. Ишчи гуруҳларни Марказнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда чекка ва олис ҳудудларга хизмат сафарига юбориш.

Ташрифлар доирасида беморларни кўрикдан ўтказиш.


3. Марказнинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техника базасини ўрганиб, уни яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш.


4. Марказнинг ҳудудий бўлинмаларида аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш амалиётлари турини босқичма-босқич ошириш.


2023-2025

йиллар

(режа-жадвал

асосида)

Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова)


10.

Тошкент шаҳри аҳолиси учун аллергик касалликлар бўйича ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш.

1. Марказ томонидан Тошкент шаҳри аҳолиси учун аллергик касалликлар бўйича ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш.


2. Тошкент шаҳри аҳолисига аллергик касалликлар бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Марказда 20 та ўринга мўлжалланган бўлим ташкил этиш ва уларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали Тошкент шаҳри бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш.


2024 йилдан

бошлаб

Мазкур мақсадлар учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (Эрматов)


         

III. АЛЛЕРГОЛОГИЯ ХИЗМАТИ КАДРЛАРИНИНГ КАСБИЙ

ВА ИЛМИЙ САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ ВА СОҲАДА

ИЛМ-ФАННИ РИВОЖЛАНТИРИШ

           

11.

Аллерголог ва иммунолог мутахассисларни нуфузли хорижий аллергология ва иммунология марказларига малака оширишга юбориш.


Марказ ҳамда ҳудудий тиббиёт муассасаларидан камида 10 нафар аллерголог ва иммунолог мутахассисларни танлаб олиш ҳамда уларнинг нуфузли хорижий аллергология ва иммунология марказларида малака оширишларини ташкил этиш.


2024-2025

йиллар

Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова)


12.

Аллергология ва клиник иммунология йўналишида илмий тадқиқотлар кўламини ошириш, уларнинг натижаларини амалиётга кенг жорий этиш.


1. Аллергик ва иммунологик касалликларни аниқлаш, ташхислаш ва замонавий даволаш борасидаги долзарб муаммоларни тадқиқ қилиш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш.

Саноати ривожланган ҳудудларда нафас аъзолари ва терига таъсир этувчи аллергологик омилларни ўрганиш бўйича илмий асосланган тадқиқотларни ўтказиш ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.


2. Илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга кенг жорий этиш.

3. 2024-2025 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишлари дастурини тасдиқлаш.


2024-2025

йиллар

Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (Каримов), Марказ (Разикова), Халқаро молекуляр аллергология маркази (Рўзиев)


13.

Аллергология йўналишида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш сифатини ошириш.


Аллергология йўналишида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича қўшма ўқув дастурлари ва адабиётларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.


2023-2025

йиллар


Ижрочилар маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова), Халқаро молекуляр аллергология маркази (Рўзиев)


Аллергик касалликларни эрта аниқлаш бўйича кенг доирадаги мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича махсус курсларни жорий этиш.


Режа-жадвал

асосида


14.

Марказ қошида устоз-шогирд анъаналари бўйича аллергология мактабини яратиш.


1. Марказ қошида аллергология мактабини ташкил қилиш ва унинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш.


2023-2025

йиллар


Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова)


2. Бутунжаҳон аллергия ташкилоти тавсияларига кўра барча йўналишлар шифокорлари учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш.


Режа-жадвал

асосида

15.

Педиатр мутахассисларни болалар аллергологи мутахассиси сифатида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини амалга ошириш.


Республика ҳудудларида болалар аллергологи мутахассисларига бўлган эҳтиёжни ўрганиш, ҳудудий педиатр мутахассислар билан уч томонлама шартнома тузиш ва уларни шакллантирилган рўйхат асосида болалар аллергологи мутахассислари сифатида тайёрлаш, болалар аллергологлари вакант ўринларини мутахассислар билан тўлдириш.


2023-2025

йиллар

Маҳаллий бюджет маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари


16.

Молекуляр аллергология ва клиник иммунология йўналишларида халқаро алоқаларни ривожлантириш.


1. Нуфузли хорижий илмий, тиббиёт ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш.


2. Доимий асосда ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш.

Бунда, юқори технологик ташхислаш усуллари, молекуляр аллергология ва клиник иммунология соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш, хорижий марказлардан мутахассисларни таклиф қилиш ва маҳорат дарслари, вебинарлар ўтказиш, телемедицина амалиётини йўлга қўйиш.


2023-2025

йиллар

Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Ташқи ишлар вазирлиги (Саидов)


17.

Аҳоли орасида аллергологик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликларини эрта аниқлаш, даволаш ва уларнинг профилактикасини кучайтириш учун хорижий грантлар, техник ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш.


1. Аҳоли орасида аллергик ва иммунологик касалликларни эрта аниқлаш, даволаш ва уларнинг профилактикасини кучайтириш бўйича грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш.


2. Грант лойиҳаларини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этиш.


3. Хорижий грантлар, техник ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш чораларини кўриш.


2023-2025

йиллар

-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Қудратов)


18.

Аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликларига чалинган беморларни реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш.


1. Географик иқлим шароитидан келиб чиқиб, аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликлари билан хасталанган беморларни реабилитация қилиш дастурини ишлаб чиқиш.


2024 йил

1 март


-


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Марказ (Разикова), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари


2. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида аллерголог мутахассислар томонидан дастурда белгиланган машғулотларни ўтказишни йўлга қўйиш ҳамда зарур материалларни тайёрлаш ва аҳолига етказиш.


3. Машғулотларни ўтказувчи мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш.


2023-2025

йиллар



4. Марказда аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликлари билан хасталанган беморларни реабилитация қилиш учун физиотерапевтик бўлим ташкил этиш.


2024 йил

якунига

қадар

Халқаро грант

маблағлари

          

           




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 23 ноябрдаги

ПҚ-371-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2021 йил 28 июлдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида

ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини

янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги

ПҚ-5199-сон қарорига киритилаётган қўшимча

ва ўзгартириш


1. 1-банд "а" кичик бандининг иккинчи хатбошиси "имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни" сўзларидан кейин "(Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган чет давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахсларни)" сўзлари билан тўлдирилсин.


2. 2-илованинг изоҳ қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Изоҳ:

амалдаги ордер бериш тартибига асосан расмийлаштирилган ордерлардан 2023 йилнинг 1 январига қадар фойдаланиш мумкин;

Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунлангунга қадар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали бажарилган иш ҳажмига боғланмаган ҳолда вақтинчалик бир сатрда молиялаштирилади".

             

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 24 ноябрь