Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.11.2023 й. 630-сон "Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.11.2023 й.

N 630



СУДЬЯЛАР ВА УЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИ

ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ШАРТЛАРИ, МЕЪЁРЛАРИ

ҲАМДА ТАРТИБИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ

МУНОСАБАТИ БИЛАН СУДЬЯЛАР ВА УЛАРНИНГ

ОИЛА АЪЗОЛАРИ ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ШАРТЛАРИ,

МЕЪЁРЛАРИ ҲАМДА ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.

Суд ҳокимиятининг алоҳида мавқе ва обрўсига, судьялар мустақиллиги принципларига мувофиқ судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби белгиланган.

Бугунги кунда судьяларга пенсия тайинлаш амалиётида юзага келаётган ноаниқлик ва муаммолар таҳлили судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартибини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, судьяларнинг пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ва тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сон Фармони билан тасдиқланган 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурининг 27-бандига мувофиқ судьяларга пенсия тайинлаш амалиётида юзага келаётган ноаниқлик ва муаммолар таҳлили асосида судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартибини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

судьялик лавозимида пенсия олиш ҳуқуқини таъминлашда судьянинг пенсия ёшига қадар бенуқсон обрў-эътибор билан фаолият кўрсатиши асосий мезон ҳисобланишини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунида белгиланган асослар бўйича судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, судьялик пенсиясини олиш ҳуқуқини истисно этиш;

судьянинг амалдаги ваколат муддати тугамасдан навбатдаги муддатга сайланган ёки тайинланган ҳолларда, истисно тариқасида, олти ойгача бўлган муддат судья лавозимидаги иш стажига қўшилишини аниқлаштириш;

пенсионер вафот этган ой учун охиригача олинмай қолган пенсия суммаси ушбу ой учун тўлиқ тўланишини белгилаш.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 28 ноябрдаги

630-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги

11-сон қарори билан тасдиқланган Судьялар ва уларнинг

оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари

ҳамда тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 3-бандда:


"а" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) ёшга доир пенсияни - судья сифатида камида 15 йиллик иш стажига эга бўлган эркаклар - 60 ёшга тўлганда ҳамда аёллар - 55 ёшга тўлганда. Бунда судьянинг амалдаги ваколат муддати тугамасдан навбатдаги муддатга сайланган ёки тайинланган ҳолларда, истисно тариқасида, олти ойгача бўлган муддат судья лавозимидаги иш стажига қўшилади";


қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонуни 79-моддаси биринчи қисмининг 1, 3, 5 ва 10-бандларида назарда тутилган асослар бўйича судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, у ушбу Низомга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлмайди".


2. 6-банднинг учинчи хатбошиси "шунингдек," сўзидан кейин "1991 йил 12 июндан 1992 йилнинг 8 декабрига қадар ҳакамлик судлари," сўзлари билан тўлдирилсин.


3. 30-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ушбу Низом 30-бандининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган шахсларнинг ушбу Низомга мувофиқ пенсия тайинлаш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаш учун ушбу шахслар камида 10 йил судья лавозимида ишлаган бўлиши лозим";

тўққизинчи хатбоши тегишинча ўнинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


4. 45-банднинг бешинчи хатбошиси "хўжалик судлари," сўзларидан кейин "шунингдек, 1991 йил 12 июндан 1992 йилнинг 8 декабрига қадар ҳакамлик судлари" сўзлари билан тўлдирилсин.


5. 48-банднинг тўртинчи хатбошисидаги "пенсияни ҳисоблашнинг энг кам миқдорининг" сўзлари "пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. 100-банднинг иккинчи хатбошисидаги "унинг вафотигача ушбу ойнинг кунлари учун" сўзлари "ушбу ой учун тўлиқ" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 30 ноябрь