Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2023 й. 674-сон "Давлат ўрмон фонди ер майдонларидан фойдаланишда ижара муносабатларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.12.2023 й.

N 674




ДАВЛАТ ЎРМОН ФОНДИ ЕР МАЙДОНЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШДА ИЖАРА МУНОСАБАТЛАРИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Республикада "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида сўнгги 6 йил давомида ўрмон фонди ерлари 1 млн гектарга кенгайди.

Ўрмон хўжалигини ривожлантиришда хусусий секторнинг ролини ошириш, ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига рақамли хизматлардан фойдаланиш учун қулай шароитлар яратиш, "Табиатга саёҳат" тамойили асосида экологик туризмни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, соҳани рақамли трансформация қилишни кенг жорий этиш, ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш тизимини тубдан такомиллаштириш тақозо этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 31 майдаги ПҚ-171-сон қарори ижросини таъминлаш, ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сон Фармонига асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб:

ўрмон хўжаликларида кўчат етиштирувчи питомникларни ташкил этиш мақсадида, хўжаликлар ҳудудларининг узоқ муддатли ижарага бериладиган участкалари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан белгиланиши;

давлат ўрмон фонди ер участкалари фақат "E-auksion" платформаси орқали ижарага берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўрмон фонди ер участкаларини "E-auksion" платформаси орқали электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича материалларни тайёрлаш, электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ижара шартномаларини расмийлаштириш, уларга ўзгартириш киритиш ва уларни бекор қилиш тартибини назарда тутувчи Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки:

2024 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш "E-ijara" ахборот тизими орқали амалга оширилади;

ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкалари бўйича ижара ҳуқуқи нархни ошириб бориш тамойили асосида "E-auksion" платформаси орқали амалга оширилади;

ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича таклифларни тайёрлаш ҳамда ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўрмон фонди ерларидан доимий фойдаланувчи ўрмон хўжалиги ташкилотлари масъул ҳисобланади;

ижарага берилган ўрмон фонди ер участкаларида ноқонуний дарахт ва буталарни кесиш ҳамда чорва молларини боқишга йўл қўйилмайди;

экологик туризм, рекрация, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва овчилик хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича таклифларни тайёрлашга "Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти" давлат муассасаси масъул ҳисобланади;

2024 йил 1 июлга қадар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича амалдаги барча шартномалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларида рўйхатдан ўтказилади, бунда жисмоний шахслардан ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йигим ундирилмайди;

ижара шартномалари белгиланган муддатда рўйхатдан ўтказилмаган ҳолларда ҳақиқий ҳисобланмайди ва белгиланган тартибда бекор қилинади ҳамда ушбу ўрмон фонди ер участкаси қайта электрон онлайн-аукционга қўйилади.


4. Қуйидагилар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришни ташкил этишда қонунийлик, тенглик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;

ижарага берилаётган давлат ўрмон фонди ер участкалари мониторингини юритиш;

ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш талабларига қатъий риоя этиш;

ижарага бериладиган давлат ўрмон фонди ер участкалари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш.


5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини "E-auksion" платформаси орқали ижарага беришда қуйидаги ҳолларда ижара тўловининг "ноль" ставкаси қўлланилади, бунда:

ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш учун - уч йил давомида;

ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) ва тез ўсувчи дарахтлар (павловния, терак ва бошқа) плантацияларини барпо этиш учун - беш йил давомида;

ўрмон фондининг чўл ҳудудларида жойлашган, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, чўл ва яйлов ўсимликлари (саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ ва бошқа) плантацияларини барпо этиш учун - ўн йил давомида.


6. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги:

2024 йил 1 январга қадар "Ижарага берилган ўрмон фонди ерлари ҳисобини юритиш" ахборот-биллинг тизими ишга туширилишини таъминласин;

2024 йил 1 июлга қадар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича барча амалдаги шартномаларни хатловдан ўтказсин ва мазкур қарорга мувофиқлаштирган ҳолда, уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


7. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси, "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти" ва "Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти" давлат муассасалари, ўрмон фонди ер участкалари ҳисобидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ва экотуризмни ривожлантиришга масъул ҳисобланади.


8. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. Абдухакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 21 декабрдаги

674-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2019 йил 13 декабрдаги 993-сон қарори.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида" 2021 йил 3 февралдаги 50-сон қарори.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)" 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарори иловаси 747-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 22 декабрь