Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.01.2024 й. 11-сон "Олий таълим ташкилотлари талабаларининг ҳақ тўланадиган малака амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.01.2024 й.

N 11




ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ

ТАЛАБАЛАРИНИНГ ҲАҚ ТЎЛАНАДИГАН

МАЛАКА АМАЛИЁТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда талабаларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, уларни касбий фаолиятга тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, шунингдек, амалиёт ўташ даврида қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасини трансформация қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича "йўл харитаси"нинг 8-бандида олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ташкил этиладиган қисқа муддатли мақсадли ишлаб чиқариш амалиётларини "ҳақ тўланадиган амалиёт" механизми асосида ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ҳақ тўланадиган амалиётни танлов асосида ташкил этиш;

талабаларнинг ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти бўйича танловда иштирок этиш тартиби ва шартларини белгилаш;

ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва амалиётга раҳбарлик қилиш;

амалиёт бўйича меҳнат муносабатларини белгилаш ва молиялаштириш ҳамда мониторингини юритиш.


3. Кадрлар буюртмачилари бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, ўз ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, йиллик режага асосан:

олий таълим ташкилотларининг таълим шаклидан қатъи назар, талабаларнинг тегишли таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётлари тармоқ (соҳа)нинг муайян ташкилотлари ва корхоналарида шартнома асосида тизимли равишда ўтказилишини ҳамда ишлаб чиқариш амалиётининг режа жадвали ва дастурлари тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгиласин;

ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида талабаларга амалиётчи мақомини берсин ва ички имкониятларидан келиб чиқиб, уларни мавжуд бўш иш ўринлари (давлат органи бошқарув лавозимлари бундан мустасно) ҳисобига вақтинча иш билан таъминлаш чораларини кўрсин;

ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида амалиётчи талабаларга ички имкониятларидан келиб чиқиб, етарли шарт-шароитлар (шахсий ҳимоя воситалари, махсус овқат ва бошқалар) ҳамда шартнома асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан зарур ҳолларда талабалар яшаши учун вақтинча турар жойлар билан таъминлаш ва қабул қилувчи ташкилотдан тайинланган амалиёт раҳбарларини меҳнат қонунчилигига мувофиқ моддий рағбатлантириш чораларини кўрсин;

ишлаб чиқариш амалиётини намунали ўтаган талабаларни ўқишни тамомлаганларидан сўнг ушбу ташкилотларнинг ўзида ёки уларнинг ҳудудий бўлинмаларида ички имкониятлардан келиб чиқиб, иш билан таъминлашга тавсия этсин;

талабалар меҳнатига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўлашни назарда тутсин.


4. Белгилансинки, мазкур қарорга мувофиқ ишлаб чиқариш амалиёти билан боғлиқ харажатлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари К.Х. Каримов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 9 январь