Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.01.2024 й. 11-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 8 январдаги

11-сон қарорига

ИЛОВА



Олий таълим ташкилотлари

талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари

корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш

амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом олий таълим ташкилотлари талабаларининг (кейинги ўринларда - талабалар) иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти (кейинги ўринларда - амалиёт) - касбий малакага ва иш тажрибасига эга бўлиш мақсадида амалга ошириладиган ҳамда талабани бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) ўқув режасига мувофиқ иш берувчида мавжуд бўлган бўш (вакант) ўринга ишга қабул қилишни назарда тутувчи касб тайёргарлигига оид ўқув жараёнининг амалий қисми;


амалиётни ташкил қилиш тўғрисидаги шартнома - амалиёт ўташ муддатига ва амалиётга раҳбарлик қилувчи шахс бириктирилган ҳолда, амалиёт ўтовчи ва иш берувчи ўртасида тузиладиган муддатли меҳнат шартномаси;


амалиётни ўташ дастури - олий таълим ташкилоти томонидан тегишли бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) ўқув режаларида белгиланган талабалар малакавий амалиёт муддатларига мос равишда ишлаб чиқилган ҳамда тармоқ корхонаси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган дастур;


Махсус комиссия - амалиётни ўташ учун талабалар ўртасида танлов ўтказиш ҳамда ушбу жараённи мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан унинг ҳудудий бошқармаларида ташкил этиладиган тузилма;


тармоқ корхонаси - ушбу Низомга мувофиқ талабаларнинг амалиёт ўташлари ташкил этиладиган давлат органи ва ташкилоти, шунингдек, давлат иштирокидаги бошқа ташкилот;


транскрипт - таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ва баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат;


олий таълим ташкилотидан амалиёт раҳбари - талабалар амалиётига масъул этиб белгиланган олий таълим ташкилотининг тегишли кафедраси профессор-ўқитувчиси;


қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбари - зиммасига талаба томонидан амалиётни ўташ дастурида белгиланган топшириқлар бажарилишини назорат қилиш, уларни амалий кўникмаларга ўргатиш, олинган билимларни олий таълим ташкилотининг амалиёт раҳбари билан биргаликда баҳолаш учун масъул бўлган тармоқ корхонаси ходими.


3. Амалиёт бир ойдан уч ойгача бўлган давр мобайнида ўқув режасида белгиланган муддатларда амалга оширилади.


4. Амалиёт мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.



2-БОБ. МАХСУС КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Махсус комиссия танлов ўтказилишидан камида бир ой олдин Вазирлик томонидан тузилади.

Махсус комиссия ўз йўналишида камида 2 йиллик меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали (турли вазирлик, идоралар, илмий ва илмий-тадқиқот муассасаларидан ҳам келишув асосида жалб этилиши мумкин) камида 7 нафар (тоқ сонли) аъзодан иборат таркибда тузилади.

Махсус комиссия таркибининг 2 нафар аъзоси тегишли тармоқ корхоналари мутахассислари орасидан жалб қилинади. Махсус комиссияга раислик қилиш ҳудудий бошқарма раҳбарига юкланади.

Бунда Махсус комиссия раиси зарур ҳолларда, тор ихтисослашувдаги қўшимча мутахассисларни (шу жумладан, ишлаб чиқариш ташкилотлари мутахассисларини) амалиёт дастури ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнига жалб қилиши мумкин.


6. Махсус комиссия йиғилиши унда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Махсус комиссиянинг йиғилиши ўтказиладиган сана эълон қилинади.

Махсус комиссиянинг аъзолари ўз йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.


7. Махсус комиссия йиғилишида қабул қилинган қарор йиғилиш баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома Махсус комиссия аъзолари орасидан танлаб олинган котиб томонидан имзоланади ҳамда йиғилишга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади.



3-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


8. Амалиётни ташкил этиш мақсадида Вазирлик томонидан талабалар ўртасида ҳар йили камида бир маротаба танлов ўтказилади.


9. Вазирлик томонидан ҳар йили танловни ташкил этиш бўйича ҳудудлар, соҳалар ва олий таълим ташкилотлари кесимида амалиёт ўташ учун 500 та ўрин ажратилади.

Бунда Тошкент шаҳри учун - 45 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун - 35 тадан ўрин назарда тутилади.

Ажратилган ўринлардан ташқари талабалар учун ташкил этиладиган амалиёт тармоқ корхоналари томонидан молиялаштирилиши мумкин.


10. Вазирлик танлов бошланишидан камида бир ой олдин ўз расмий веб-сайтида танлов тўғрисида эълон беради.

Эълонда аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ҳамда шартлари кўрсатилади.

Танловга аризалар бир ой давомида қабул қилинади.


11. Танловда иштирок этиш учун талаба аризани шахсан ўзи, почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда ўзи таълим олаётган олий таълим ташкилотига топширади.


12. Танловда қатнашишнинг талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

талаба битирувчи босқичда таҳсил олаётган бўлиши;

талабанинг таълим йўналиши (ёки мутахассислиги) тармоқ корхонасидаги фаолият йўналишига мос бўлиши;

талаба Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлиши.


13. Олий таълим ташкилоти танловда иштирок этиш учун ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни (талабанинг маълумотнома-объективкаси ва транскрипти, талаба амалиётини ташкил этиш иш режаси, амалиётни ўташ дастури ва тармоқ корхонасининг таклиф хати) йўлланма хати билан Махсус комиссияга 5 иш кунида тақдим этади.

Амалиётни ўташ дастури улар таълим олаётган олий таълим ташкилотининг кенгаши томонидан тасдиқланган ва тармоқ корхонаси билан келишилган бўлиши лозим.


14. Махсус комиссия олий таълим ташкилоти томонидан йўлланма хати билан тақдим этилган аризаларни келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида кўриб чиқади.

Махсус комиссия талабани танловда иштирок этиши ёки танловда иштирок этишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


15. Йўлланма хати билан тақдим этилган аризани рад қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Низомнинг 13-бандида кўзда тутилган ҳужжатларни тақдим қилмаслик (тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим қилиш);

ҳужжатларни тақдим этиш муддатларининг бузилиши.

Махсус комиссия тегишли қарор қабул қилгандан сўнг 2 иш кунида талаба таълим олаётган олий таълим ташкилотига қабул қилинган қарорни юборади.

Рад қилинган аризалар талабалар томонидан камчиликлар бартараф этилгандан сўнг 5 кун муддат давомида қайта тақдим этилиши мумкин.



4-БОБ. ТАНЛОВ ҲУЖЖАТЛАРИНИ МАХСУС

КОМИССИЯ ТОМОНИДАН КЎРИБ ЧИҚИШ

ВА ТАНЛАБ ОЛИШ ТАРТИБИ


16. Танлов ҳужжатлари уларни қабул қилиш якунлангандан сўнг 10 иш куни давомида Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.


17. Махсус комиссия томонидан мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги талаба амалиётини ташкил этиш иш режаси ҳимояси (тақдимот кўринишида) ўтказилиб, 20 кун ичида якуний қарор қабул қилинади.


18. Тақдимот қуйидаги 100 баллик мезон асосида баҳоланади:

амалий кўникмани шакллантиришга йўналтирилганлиги - 40 баллгача;

амалиётнинг мамлакат фан ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мослиги - 30 баллгача;

амалиётдан кутилаётган натижаларнинг самарадорлиги - 30 баллгача.


19. Ажратилган ўринларга мувофиқ талабалар тўпланган баллар кетма-кетлиги асосида танлаб олинади.

Тенг балл тўплаган талабалар ичидан устуворлик ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи (транскрипт бўйича) юқори бўлган талабага берилади.

Танлов натижалари Махсус комиссия баёни билан расмийлаштирилади.


20. Танлов натижалари юзасидан якуний қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни давомида танлов натижалари бўйича маълумот Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири буйруғи қабул қилингандан сўнг танловдан ўтган талабалар амалиётга юборилади.


21. Танлов натижаларидан норози бўлган талаба натижалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида Махсус комиссияга апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция шикояти ёзма равишда тақдим этилади. Вазирликда тегишли мутахассислардан тузилган Апелляция комиссияси бир ҳафта муддатда киритилган апелляция шикоятини кўриб чиқади ва икки кун муддатда талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.



5-БОБ. АМАЛИЁТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


22. Амалиётни ташкил этиш учун олий таълим ташкилоти ректорининг (филиал директорининг) буйруғи билан амалиёт ўташ муддати ва жойи, масъул шахслар, амалиёт ўтайдиган талабалар ва амалиёт бўйича раҳбарлар рўйхати тасдиқланади.


23. Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш талаб қилинадиган ишларни ўз ичига олган амалиётни ташкил этишда талабалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли тиббий кўрикдан ўтказилади.


24. 1 ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун амалиёт ўташ уларнинг индивидуал имкониятлари ва соғлиғининг ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


25. Амалиёт давомида талабаларга етарли кўникма ва малакалар шакллантириш мақсадида иш жойини (штат лавозимини) ўзгартиришга рухсат этилади.


26. Амалиёт ўтайдиган талабанинг иш вақти давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасидан ортиқча белгиланишига йўл қўйилмайди.


27. Амалиёт давомида талаба олий таълим ташкилоти томонидан берилган амалиёт кундалигини юритади.

Амалиёт кундалигида кунлик ёки ҳафталик бажарилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

Кундалик тармоқ корхонасидаги масъул раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланади.


28. Амалиёт ўташ учун юборилган талаба турар жой билан талабани юборган олий таълим ташкилоти ёки тармоқ корхонаси томонидан таъминланиши мумкин.


29. Олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) амалиёт ўташ жараёнида тармоқ корхонаси билан биргаликда талабанинг хавфсизлиги бўйича зарур чоралар кўрилишини таъминлайди.


30. Амалиёт ўташ даврида талабага тармоқ корхонасидаги тегишли меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва ички меҳнат тартиби қоидалари, шунингдек, амалда бўлган бошқа ҳужжатлар татбиқ қилинади.


31. Амалиёт бўйича ишлар олий таълим ташкилотининг тегишли кафедра мудири ва факультет декани ёки олий таълим ташкилотининг амалиёт масалалари билан шуғулланиш мажбурияти юкланган таркибий бўлинмаси билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилади.



6-БОБ. АМАЛИЁТГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


32. Олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбари амалиёт давомида талаба томонидан амалиёт дастурининг ўз вақтида бажарилишини назорат қилади ва зарур ҳолларда унга амалий ёрдам кўрсатади.


33. Олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбари:

талабани амалиёт ўташ жойига тақсимлашда иштирок этади;

талабани амалиёт кундалиги билан таъминлайди;

талаба амалиётига умумий раҳбарлик қилади;

талабага зарур кўрсатмалар беради;

талабанинг амалиёт ўташ жойига етиб бориши ва қайтишини назорат қилади;

қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбари билан биргаликда амалиёт ўташ ҳолати бўйича мунтазам ахборот алмашган ҳолда фаолият юритади;

талабага амалиёт ўташ дастурини бажариш бўйича услубий ёрдам беради;

зарур ҳолларда, амалиёт ўташ жойларига бориш орқали амалиёт ўташ тартибига талаба томонидан риоя қилиниши ва амалиёт ўташ дастури бажарилишини назорат қилади;

амалиёт ўташни такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини олий таълим ташкилоти кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этади.


34. Тармоқ корхонаси раҳбари:

амалиётни ташкил этиш бўйича буйруқ (қарор) қабул қилади ҳамда малакали ва тажрибали мутахассислар орасидан амалиёт раҳбарини тайинлайди;

амалиёт ўташ учун зарур шароитлар яратилишини таъминлайди.


35. Қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбари:

талабанинг меҳнат ва ишлаб чиқариш фаолияти бўйича маслаҳат беради ҳамда унинг иш натижаларини мунтазам равишда баҳолаб боради;

талабани тармоқ корхонаси фаолият йўналишлари ва бошқа ўзига хос хусусиятлари билан таништиради;

талабага амалиётни ўташ дастурига тааллуқли зарур материаллардан фойдаланишга шароит яратади;

талабага амалиёт ўташ дастурида назарда тутилган масалалар бўйича зарур маслаҳат ва кўрсатмалар беради;

талаба томонидан амалга оширилаётган ишлар ва амалиёт кундалигининг юритилишини доимий назорат қилиб боради;

олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбари билан амалиёт ўташ ҳолати бўйича мунтазам ахборот алмашади;

олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбари ёки олий таълим ташкилоти ректорини (филиал директори) талабанинг амалиёт ўташ учун келмаётганлиги ёки у томонидан амалиёт ўташ дастури бажарилмаётганлиги ёхуд меҳнат интизоми бузилаётганлиги ҳақида хабардор қилади.


36. Қабул қилувчи ташкилотдан бириктирилган амалиёт раҳбари талабадан тегишли иш ўрни бўйича ходим бажариши лозим бўлган функция ва вазифаларни талаб этишга ҳақли.



7-БОБ. АМАЛИЁТ БЎЙИЧА МЕҲНАТ

МУНОСАБАТЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


37. Талаба билан муддатли меҳнат шартномасини тузишда талабанинг тегишли касбий фаолият йўналиши бўйича назарий тайёргарлик даражаси, олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбарининг тавсияси ҳисобга олинади.


38. Амалиётнинг биринчи кунида тармоқ корхонасининг ваколатли ходими ҳар бир талабага меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги масалалари бўйича алоҳида кўрсатмалар бериши шарт.


39. Муддатли меҳнат шартномаси асосида тармоқ корхонаси талаба амалиётини ўташи учун буйруқ қабул қилади.


40. Талаба билан муддатли меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган асослар ва тартибга кўра бекор қилинади.


41. Талабанинг амалиёт ўташи учун синов муддати белгиланмайди.


42. Талабаларни иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишга, шунингдек, ишланмайдиган байрам ва дам олиш кунларида ишлатишга йўл қўйилмайди.


43. Талабаларнинг иш жойи амалиётнинг барча босқичларида тармоқ корхонаси ходимларининг иш жойларига қўйиладиган талабларга мос келиши керак.



8-БОБ. АМАЛИЁТНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА УНИНГ МОНИТОРИНГИ


44. Ғолиб талабаларнинг амалиёти бўйича харажатлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий таълим ташкилоти, тармоқ корхонаси, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва амалиёт ўтайдиган талаба ўртасида амалиётни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган шартнома асосида Махсус комиссия томонидан якуний қарор қабул қилингандан сўнг 15 иш куни давомида қопланади.

Бунда талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида иш ҳақи ва унга ҳисобланган ижтимоий солиқ Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан шартномага мувофиқ тармоқ корхонасининг талабномасига кўра унинг тегишли ҳисобрақамига ўтказилади.

Тармоқ корхонаси ўз маблағлари ҳисобидан амалиёт ўтаётган талабани қўшимча равишда моддий рағбатлантириши мумкин.


45. Талабаларнинг амалиёт натижалари ҳисоботи олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) томонидан тасдиқланган ҳолда кенгашда муҳокама бўйича йиғилиш баённомасидан кўчирма ва ажратилган маблағларнинг сарфланганлиги бўйича ҳисобот билан биргаликда Вазирликка тақдим этилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


46. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Амалиётни ташкил этиш

СХЕМАСИ

          

     

Босқичлар

       


       

Субъектлар

     


        

Амалга ошириладиган тадбирлар

       


       

Бажариш муддатлари

       











1-босқич


    

Олий таълим, фан ва

инновациялар вазирлиги

(Вазирлик)

          


Ҳудудий бошқармаларда Махсус комиссия тузади.


Танлов бошланишидан

камида бир ой олдин








2-босқич


Вазирлик


      

Ҳудудлар, соҳалар, олий таълим ташкилотлари кесимида амалиёт ўташ учун ўринларни ажратади ҳамда танлов тўғрисида веб-сайтда эълон беради.

        


Танлов бошланишидан

бир ой олдин








3-босқич


Талаба


       

Танловда иштирок этиш учун аризани ўзи таълим олаётган олий таълим ташкилотига тегишли ҳужжатлари билан почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда тақдим этади.

         


Танлов бошланганидан

сўнг бир ой муддатда








4-босқич


Олий таълим ташкилоти


     

Танловда иштирок этиш учун ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни йўлланма хати билан Махсус комиссияга тақдим этади.

          


Ариза тақдим этилгандан

сўнг 5 иш кун давомида








5-босқич


Махсус комиссия


      

Йўлланма хати билан тақдим этилган аризаларни кўриб чиқади ҳамда тегишли қарорни қабул қилади.

         


Ариза келиб тушган кундан

бошлаб 5 иш куни давомида








6-босқич


Махсус комиссия


Қабул қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади.


    

Ҳужжатлар қабули

якунлангандан сўнг

10 иш куни давомида

       








7-босқич


Махсус комиссия


    

Талабаларнинг иш режаси ҳимоясини ўтказади ҳамда танлов бўйича якуний қарор қабул қилади.

          


20 иш куни давомида








8-босқич


Вазирлик


        

Танлов ғолиблари ҳақида Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ўз веб-сайтида эълон қилади.

Танловдан ўтган талабаларни амалиётга юборади.

             


Якуний қарор қабул

қилинган кундан бошлаб

10 иш куни давомида








9-босқич


          

Илм-фанни молиялаштириш

ва инновацияларни қўллаб-

қувватлаш жамғармаси

          


Талабаларнинг амалиёти бўйича харажатларни қоплаб беради.


Якуний қарор қабул

қилингандан сўнг

15 иш куни давомида

           

          




Низомга

2-ИЛОВА



Олий таълим ташкилотлари

талабаларининг ҳақ тўланадиган ишлаб

чиқариш амалиётини ташкил этиш

ИШ РЕЖАСИ

             

Т/р

Фамилияси, исми, отасининг исми

         

Олий таълим ташкилотининг номи

    

Амалиётнинг мақсад ва вазифалари

    

Амалиёт ўтказиладиган ташкилотлар

    

Амалиёт давомийлиги

  

Фан йўналиши

  

Кутилаётган натижалар

  

1.

   








2.

   








3.

  








...

   








         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 9 январь