Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ер ости сув олиш иншоотларини сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.12.2023 й. 685-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 28 декабрдаги

685-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ер ости сув олиш иншоотларини

сув ҳисоблаш воситалари билан

жиҳозлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ер ости сувларидан махсус фойдаланиш ёки уларни махсус истеъмол қилиш учун бурғи қудуқларида ва булоқлар каптажида (кейинги ўринларда - сув олиш иншоотлари) сув сарфини ҳисоблаш воситаларини ўрнатиш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Сув олиш иншоотлари сувдан фойдаланиш мақсадидан қатъи назар, сув сарфини ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланиши шарт бўлиб, жисмоний шахсларнинг ўз шахсий ва хўжалик эҳтиёжлари учун якка тартибда суткасига 5 метр кубгача сув олиши бундан мустасно.


3. Сув олиш иншоотларини сув сарфини ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланиши ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ қуйидаги мақсадлар учун амалга оширилади:

ер ости сувларидан мақсадсиз фойдаланишга ва беҳуда сарфланишига йўл қўймаслик, олинаётган ер ости сув миқдорини тизимли қайд этиб бориш, белгиланган сув олиш лимитидан ортиқча сув сарфланишининг олдини олиш, олинган ер ости сувлари тўғрисидаги ҳисобот тўғрилигини ва солиқ тўловларининг ҳақиқийлигини таъминлаш;

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ҳудудий гидрогеология станциялари томонидан олиб борилаётган ер ости сувлари давлат ҳисоби ва кадастри маълумотлари ишончлилигини ҳамда тезкорлигини ошириш.


4. Сув олиш иншоотларидан фойдаланувчилар (кейинги ўринларда - фойдаланувчилар) ўз навбатида, улардаги сув сарфини ҳисоблаш воситалари учун масъул ҳисобланади.


5. Сув олиш иншоотларидан сув сарфини ҳисоблаш воситаларисиз фойдаланилганда олинган ер ости сувлари ҳажми унинг лимитларидан, сувни истеъмол қилишнинг технологик ва санитария нормаларидан, экинлар ҳамда яшил дарахтзорларни суғориш нормаларидан ёки маълумотларнинг тўғрилилигини таъминловчи бошқа усуллардан келиб чиққан ҳолда аниқланади ва қонунчиликка мувофиқ солиқ тўловини ундириш чоралари кўрилади.



2-БОБ. СУВ ОЛИШ ИНШООТЛАРИГА СУВ

САРФИНИ ҲИСОБЛАШ ВОСИТАЛАРИНИ

ЎРНАТИШ ВА ҚИЁСЛОВ ЎТКАЗИШ УЧУН

ЕЧИБ ОЛИШ ТАРТИБИ


6. Сув олиш иншоотларидан олинаётган сув ҳисобини юритиш учун фақат Ўзбекистон Республикасида ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турлардаги сув ҳисоблаш воситаларининг ўрнатилишига йўл қўйилади.


7. Сув ҳисоблаш воситалари ҳар бир қудуқнинг сув чиқариш қувурлари ўлчамига мувофиқ равишда, фойдаланувчилар ҳисобидан, тегишли сервис хизматларини кўрсатишга ихтисослашган ва малакали мутахассисларга эга ташкилотлар томонидан ўрнатилади ҳамда белгиланган муддатларда қайта қиёсловдан ўтказиб борилади. Сув ҳисоблаш воситалари насосли қудуқларда сув чиқишини бошқариш қурилмасидан олдин, фавворали қудуқлар ва булоқларда бошқариш қурилмасидан кейин ўрнатилиши лозим.


8. Сув ҳисоблаш воситалари ўрнатилганидан сўнг бир ҳафта мобайнида унинг фойдаланувчиси томонидан ҳудудий гидрогеология станцияси ва туман (шаҳар) солиқ инспекцияси расман хабардор қилинади.


9. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан тартибга солинади.


10. Ҳудудий гидрогеология станцияси ва туман (шаҳар) солиқ инспекцияси хабарни олганидан сўнг ўн кун муддатда ўрнатилган сув ҳисоблаш воситасининг мутаносиб равишда рўйхатга олинишини ва муҳрланишини таъминлайди. Муҳрлаш солиқ инспекцияси ходими томонидан амалга оширилиб, сўнгра ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ер ости сувлари қудуғига (шу жумладан, булоққа) сув ҳисоблаш воситасини ўрнатиш бўйича далолатнома уч нусхада (томонларнинг ҳар бирига бир нусхадан) тузилади.


11. Сув ҳисоблаш воситаси ишдан чиққанда ёки қиёсловдан ўтказиш учун ечиб олинганда, қудуқдан олинган сув ҳисоби сўнгги уч ойнинг ўртача кўрсаткичи бўйича аниқланади ва бундай тартиб бир ойдан ортиқ қўлланилмайди.

Сув ҳисоблаш воситасини бир ойдан ортиқ муддатда қайта ўрнатмаслик сувдан фойдаланиш қоидаларининг бузилишига тенглаштирилади.


12. Фойдаланувчи сув ҳисоблаш воситасини ўзгартириш, таъмирлаш ва/ёки қайта қиёсловдан ўтказиш учун ечиб олиш олдидан бу ҳақда ҳудудий гидрогеология станцияси ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясини хабардор қилади ва тегишли ишларни уларнинг вакиллари иштирокида амалга оширади.

Сув ҳисоблаш воситаси қайта ўрнатилганидан сўнг унинг қайта рўйхатга олиниши, муҳрланиши ва далолатнома тузилиши мазкур низомнинг 8-бандида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. СУВ САРФИНИ ҲИСОБЛАШ ВОСИТАЛАРИГА

МАСЪУЛЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


13. Сув ҳисоблаш воситаларига масъул бўлган фойдаланувчилар тўрт йиллик даврийликда уларни қиёсловдан ўтказиб бориши лозим.

Сув ҳисоблаш воситаларини қиёсловдан ўтказиш метрология хизматини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


14. Сувдан фойдаланувчи ҳар ой якуни билан сув ҳисоблаш воситаси кўрсаткичини махсус журналда қайд этиб боради ва унга асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 июндаги 430-сон қарори билан тасдиқланган Ер ости сувлари давлат мониторинги тўғрисидаги низомга 3-иловага мувофиқ шаклда йиллик идоравий статистик ахборот тузади ва ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралига қадар тегишлича ҳудудий гидрогеология станцияларига қоғоз ёки электрон шаклда қайта ишлаш, изоҳлаш ва таҳлил қилиш учун тақдим этади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Сув сарфини ҳисоблаш воситаларига масъуллар ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг мазкур тартибга нисбатан ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилишлари мумкин.


16. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


17. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

          

       




Низомга

1-ИЛОВА



Ер ости сув олиш иншоотларини сув

ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлаш

СХЕМАСИ

          

       

Босқичлар

       


       

Субъектлар

      


       

Тадбирлар

       


      

Бажариш муддатлари

        








1-босқич


Сувдан фойдаланувчи


    

Сув ҳисоблаш воситаларини ҳар бир қудуқнинг сув чиқариш қувурлари ўлчамига мувофиқ равишда, насосли қудуқларда сув чиқишини бошқариш қурилмасидан олдин, фавворали қудуқлар ва булоқларда бошқариш қурилмасидан кейин ўрнатади.

         


сувдан фойдаланиш

бошлангандан сўнг уч кун








    

Сув ҳисоблаш воситаларини ўрнатганидан сўнг ҳудудий гидрогеология станцияси ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясини расман хабардор қилади.

          


бир ҳафта








2-босқич


Ҳудудий гидрогеология

станцияси ва туман (шаҳар)

солиқ инспекцияси


     

Хабарни олганидан сўнг сув ҳисоблаш воситасини рўйхатга олади ва муҳрлайди. Бунда муҳрлаш солиқ инспекцияси ходими томонидан амалга оширилиб, белгиланган шаклда уч нусхадан иборат (томонларнинг ҳар бирига бир нусхадан) далолатнома тузилади.

          


ўн кун








3-босқич


Сувдан фойдаланувчи


    

Сув ҳисоблаш воситасини ўзгартириш, таъмирлаш ва/ёки қайта қиёсловдан ўтказиш учун ечиб олиш олдидан бу ҳақда ҳудудий гидрогеология станцияси ва туман (шаҳар) солиқ инспекциясини хабардор қилади ва тегишли ишларни уларнинг вакиллари иштирокида амалга оширади.

         


заруратга кўра








4-босқич


Ҳудудий гидрогеология

станцияси ва туман (шаҳар)

солиқ инспекцияси


       

Хабарни олганидан сўнг сув ҳисоблаш воситасини рўйхатга олади ва муҳрлайди. Бунда муҳрлаш солиқ инспекцияси ходими томонидан амалга оширилиб, белгиланган шаклда уч нусхадан иборат (томонларнинг ҳар бирига бир нусхадан) далолатнома тузилади.

         


ўн кун

           

          




Низомга

2-ИЛОВА



Ер ости сувлари бурғи қудуғига

(шу жумладан, булоққа) сув ҳисоблаш

воситасини ўрнатиш бўйича _____-сон

ДАЛОЛАТНОМА

       

Ер ости сувлари бурғи қудуғи (булоқ) жойлашуви (вилоят, туман (шаҳар), қишлоқ ёки бошқа)



Ер ости сувлари бурғи қудуғи (булоқ) фойдаланувчиси номи (юридик шахс номи, СТИР рақами) (жисмоний шахс Ф.И.О., ЖШШИР рақами)



Ҳудудий гидрогеология станцияси рўйхати бўйича қудуқ (булоқ) рақами (фойдаланувчи рақами)



Сувдан фойдаланиш мақсади



Ташкилот почта манзили (жисмоний шахс учун унинг паспорти ёки идентификация ID-картаси бўйича доимий яшаш манзили)



Ташкилотнинг телефон рақами, электрон почта манзили (жисмоний шахс бўлганда - телефон, телеграм манзили, электрон почта манзили)



           

        

Вакиллар:

         


(ҳудудий гидрогеология станцияси номи, лавозими, Ф.И.О.)

        


(туман (шаҳар) солиқ инспекцияси номи, лавозими, Ф.И.О.)

        


(сув ҳисоблаш воситаси фойдаланувчиси, Ф.И.О.)

        


- сон ер ости сув бурғи қудуғига (булоққа) ўрнатилган сув ҳисоблаш воситаси




(солиқ инспекцияси номи)

        

томонидан муҳрланди ва _______ - рақам билан рўйхатга олинди.

         

Сув ҳисоблаш воситасини муҳрлаш вақтидаги ҳолати:

            

Тури, маркаси, ишлаб чиқарувчиси



Қиёслов сертификатининг рақами, қачон берилгани ва амал қилиш муддати



Муҳрлаш рақами



Сув ҳисоблаш воситаси бўйича аниқланган камчиликлар



            

Имзолар:

_______________      _______________________

                               (Имзо)                                           (Ф.И.О.)

             

_______________      _______________________

                                         (Имзо)                                           (Ф.И.О.)



        

     

Фойдаланувчига сув ҳисоблаш воситаси кўрсаткичларини қайд этиб бориш, йиллик хисобот тузиш, топшириш муддатлари, ускунани ечиш, ўрнатиш ва қиёсловдан ўтказиш тартиблари тушунтирилди.

          

Фойдаланувчи:

_______________      _______________________

                                      (Имзо)                                              (Ф.И.О.)

М.Ў.


          

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 29 декабрь