Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Хавфли экзоген геологик жараёнларнинг давлат мониторинги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.12.2023 й. 685-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 28 декабрдаги

685-сон қарорига

2-ИЛОВА



Хавфли экзоген геологик жараёнларнинг

давлат мониторинги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хавфли экзоген геологик жараёнларнинг (кўчки, қулаш, чўкиш, суффозия, карст) давлат мониторинги мақсади, асосий вазифалари, объектлари, юритиш ва ҳисоботлар тақдим этиш тартибини белгилайди.


2. Хавфли экзоген геологик жараёнларнинг (кейинги ўринларда - ХЭГЖ) давлат мониторинги атроф табиий муҳит ва ер қаъри мониторингининг таркибий қисми ҳисобланади.


3. Ўзбекистон Республикасининг асосан тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги (заруратга мувофиқ бошқа ҳудудлардаги) ХЭГЖ давлат мониторинги объектлари ҳисобланади.


4. ХЭГЖ давлат мониторинги маълумотларидан иқтисодиёт ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш, ҳудудларни ХЭГЖ таъсиридан ҳимоя қилиш бош схемаларини ишлаб чиқиш ҳамда ХЭГЖ давлат кадастрини юритишда фойдаланилади.


5. ХЭГЖ давлат мониторинги муайян вазифаларидан келиб чиққан ҳолда давлат ва ишлаб чиқариш даражасида амалга оширилади.

ХЭГЖ давлат мониторинги Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги дастури ва ҳар йилги республика минерал-хомашё базасини ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилади.

Иқтисодиёт объектлари, шу жумладан, линияли иншоотлар (йўллар, каналлар, электр узатиш линиялари, қувурлар ва шу кабилар), кон-руда корхоналари хўжалик фаолияти ҳудудларида, ХЭГЖ ишлаб чиқариш мониторинги юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


6. ХЭГЖ давлат мониторинги "Ўзбекгидрогеология" ДМ таркибидаги Давлат геологик мониторинг хизмати томонидан юритилади ва ХЭГЖ шаклланиши шароитларини, ривожланишини ўрганиш, рўй бериши мумкин бўлган фалокатли оқибатлари тўғрисида аҳолини, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларни огоҳлантириш ва хабардор қилиш юзасидан "Ўзбекгидрогеология" ДМга ҳисобот беради.

Шунингдек, Давлат геологик мониторинг хизмати ХЭГЖни ўрганиш ҳамда тегишлича хулосалар ва ёзма кўрсатмалар бериш бўйича ягона бажарувчи ҳисобланади.



2-БОБ. ХЭГЖ ДАВЛАТ МОНИТОРИНГИ

МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


7. ХЭГЖ давлат мониторинги мақсади - Ўзбекистон Республикаси тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа объектларида табиий ва хўжалик фаолияти натижасида рўй берадиган ХЭГЖнинг пайдо бўлишини, ривожланишини ўрганиш ҳамда кузатиш, шунингдек, ушбу жараёнлар хавфидан огоҳлантиришдан иборат.


8. Қуйидагилар ХЭГЖ давлат мониторингининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ХЭГЖ ривожланиши мумкин бўлган ҳудудларни аниқлаш ва ўрганиш;

ХЭГЖнинг рўй бериши тўғрисида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда жисмоний ва юридик шахсларни хабардор қилиш ва огоҳлантириш;

Давлат геологик мониторинг хизматининг ёзма кўрсатмалари, шунингдек, хулосаларида баён этилган талабларнинг барча давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

ХЭГЖнинг янги манбалари шаклланишининг олдини олиш мақсадида уларнинг кучайиши мумкин бўлган ҳудудлардан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар тайёрлаш ва бериш;

республика ҳудудида ХЭГЖ рўй бериши тўғрисидаги ахборотга оид маълумотлар базасини шакллантириш ва тизимли тўлдириб бориш, ХЭГЖ таъсири оқибатида етказилган физик зарарни ҳисобга олиш, тоғ ён бағирларининг мустаҳкамлигини сақлаш бўйича тавсиялар бериш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳудудлардан фойдаланишнинг жорий ҳамда истиқболдаги режаларини, шу жумладан, ХЭГЖнинг кучайиши мумкин бўлган ҳудудлардаги саноат ва хўжалик қурилишларининг лойиҳаларини келишиш;

аҳоли пунктлари, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳалаш ташкилотлари томонидан ХЭГЖ таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар лойиҳаларини келишиш, зарур ҳолларда ушбу тадбирларни муҳандислик-геологик жиҳатдан асослашда иштирок этиш (мураккаб ва алоҳида муҳим объектларда);

соҳага оид хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш бўйича белгиланган тартибда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

ХЭГЖ кучайиши тўғрисида ахборот, уларнинг олдини олиш ёки салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан муҳандислик-геологик хулосалар ва ёзма кўрсатмалар бериш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда зарур ҳолларда, берилган ёзма кўрсатмалар давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилмагани тўғрисидаги материалларни прокуратура органларига тақдим этиш.



3-БОБ. ХЭГЖ ДАВЛАТ МОНИТОРИНГИНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


9. ХЭГЖнинг жойлардаги давлат мониторинги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг "Ўзбекгидрогеология" ДМ таркибидаги Давлат геологик мониторинг хизмати Ҳудудий гидрогеология станцияларига тенглаштирилган Ҳудудий кузатиш станциялари томонидан амалга оширилади.


10. ХЭГЖ давлат мониторинги кузатув тармоғи топогеодезик пунктлари, маркалар, булоқлар, қудуқлар, йирик ер кўчки участкаларига ўрнатилган асбоб-ускуналар ва бошқалардан ташкил топган бўлиб, улардаги кўрсаткичларнинг ўзгариши юзасидан тизимли кузатув ишлари олиб борилади.


11. Кузатув участкаларини танлаш, кузатиш даврийлиги ва услубияти "Ўзбекгидрогеология" ДМ томонидан белгиланади ва тегишлича лойиҳаларга мувофиқ Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан тасдиқланади.


12. ХЭГЖ давлат мониторинги натижаларидан олинган бирламчи геологик маълумотлар Ҳудудий кузатиш станциялари томонидан умумлаштирилиши, таҳлил қилиниши, қайта ишланилиши ҳамда бир сутка мобайнида Атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига киритилиши лозим.


13. Муайян ҳудуддаги хавфли геологик жараёнлар мониторингининг умумлаштирилган маълумотлари ҳар чоракда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига юборилади.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳар чоракда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар муайян ҳудудда мониторинг объектларини кузатишлар ва атроф-муҳитнинг тегишли компонентлари ҳолатини баҳолаш маълумотларини ўз ичига олган хавфли геологик жараёнлар мониторингининг умумлаштирилган маълумотларини Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат марказига юборади.

Табиий ва халқ хўжалиги объектларига, шунингдек, аҳолига хавф туғдирувчи хавфли геологик жараёнлар юзага келиши белгилари аниқланганда, олиб борилган кузатишлар маълумотлари дарҳол "Ўзбекгидрогеология" ДМ томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли органларига тезкор тегишли чоралар кўриш учун юборилади.

ХЭГЖ ишлаб чиқариш мониторинги натижалари асосида ойлик, чораклик ва йиллик ҳисоботлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги "Ўзбекгидрогеология" ДУКнинг Давлат геологик мониторинг хизматига тақдим этиб борилади. Хавфли экзоген геологик жараёнларнинг кутилмаганда содир бўлиши аниқланганда, бу ҳақда зудлик билан хабар берилади.



4-БОБ. ХЭГЖ ДАВЛАТ МОНИТОРИНГИНИ

ЮРИТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. ХЭГЖ давлат мониторингини олиб бориш Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Ҳудудий кузатиш станциялари лойиҳалари доирасида амалга оширилади.

ХЭГЖ давлат мониторингини олиб бориш бўйича керакли ҳужжатлар, шу жумладан, далолатномалар тегишли Ҳудудий кузатиш станциялари томонидан белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ва сақланиши лозим.


15. Давлат геологик мониторинг хизматининг Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати бошлиғи Бош давлат инспектори, Хавфли геологик жараёнлар давлат мониторинги бўлими бошлиғи Бош давлат инспектори ўринбосари, Ҳудудий кузатиш станция бошлиқлари ва етакчи гидрогеологлари ХЭГЖ давлат мониторинги бўйича давлат инспекторлари ҳисобланади.

ХЭГЖ давлат мониторинги бўйича Бош давлат инспектори Тоғ-кон саноати ва геология вазири томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.


16. Бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда аҳолини бошқа жойга кўчириш (муайян жойдан вақтинча кўчириш), объектлар қуриш ва улардан фойдаланиш тартибини бошқа муддатга кўчириш ёки ўзгартириш, шунингдек, бошқа ишларни амалга ошириш тўғрисида ёзма кўрсатмалар бериш;

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда, агар объектлар қурилиши хулосалар ва экспертиза далолатномаларисиз, лойиҳаларга риоя этилмасдан амалга оширилганда ёки Давлат геологик мониторинг хизматининг тавсиялари бажарилмаганда ёхуд бу ишлар ҳудудлардан фойдаланишга доир амалдаги нормативларга риоя этилмай бажарилганда ўз ваколатлари доирасида қурилиш ишларини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки судга мурожаат қилиш;

агар кейинги фаолияти хавфли геологик жараёнларнинг пайдо бўлишига, ривожланишига ёки кучайишига олиб келса, идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ташкилотларнинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таклифлар киритиш;

агар объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш шарт-шароитлари хавфли геологик жараёнларнинг пайдо бўлишига, ривожланишига ёки кучайишига олиб келадиган бўлса, муҳандислик-геологик фонд материалларини ўрганиш ва асосли далиллар, шунингдек, хавфли геологик жараёнлар ривожланган ҳудудларнинг жорий ҳолатидан келиб чиқиб, илгари берилган хулосаларга зарур ўзгартиришлар киритиш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар ХЭГЖ ишлаб чиқариш мониторинги объектларида тегишлича назорат кузатув ишларини ўтказиш ҳамда ишлаб чиқариш мониторинги натижаларини сўраб олиш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Давлат геологик мониторинг хизматининг ёзма кўрсатмалари бажарилмаганлиги ҳақидаги билдиришномалар Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тегишлича чоралар кўриш учун юбориш.


17. Давлат инспекторларига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

хулосалар асосида аҳолини бошқа жойга кўчириш (муайян жойдан вақтинча кўчириш), объектлар қуриш ва улардан фойдаланиш вақтини бошқа муддатга кўчириш ёки ўзгартириш, шунингдек, хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда бошқа ишларни амалга ошириш тўғрисида бажариш мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

агар объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш шарт-шароитлари хавфли геологик жараёнларнинг пайдо бўлишига, ривожланишига ёки кучайишига олиб келадиган бўлса, хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда ҳудудларни ўзлаштириш юзасидан илгари берилган хулосаларга зарур ўзгартиришларни бош давлат инспектори ва унинг ўринбосари билан келишган ҳолда киритиш;

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларнинг чегарасини аниқлаш ҳамда шунга мувофиқ равишда хавфсиз жойларга кўчириш лозим бўлган хўжаликлар сони ва объектлар рўйхатига доир муҳандислик-техникавий тадбирларга ўзгартиришлар киритиш;

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда янги (реконструкция қилинган) объектлар ва иншоотларни қабул қилиш ва фойдаланишга топшириш бўйича давлат комиссиялари ишида қатнашиш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, ХЭГЖ ишлаб чиқариш мониторинги объектларида тегишлича назорат кузатув ишларини ўтказиш ҳамда ишлаб чиқариш мониторинги натижаларини сўраб олиш;

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, мансабдор шахсларга Давлат геологик мониторинг хизмати томонидан берилган ёзма кўрсатмалари бажарилмаганлиги ҳақида билдиришномалар Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига Бош давлат инспектори ва унинг ўринбосари билан келишган ҳолда юбориш.


18. Давлат инспекторлари томонидан мутасаддиларга берилган кўрсатма нусхаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига назорат қилиш учун тақдим этилади.

Мазкур Низомга иловага мувофиқ шаклдаги кўрсатма бланкаси тартиб рақамига эга бўлиб, улар махсус дафтарда рўйхатга олиб борилади.


19. ХЭГЖдан огоҳлантириш, уларга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида берилган кўрсатмаларнинг белгиланган муддатларда бажарилмаслиги, уларни тегишли давлат назорати ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларни қонунчилик доирасида жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.


20. Давлат инспекторлари томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тизимли равишда "Ўзбекгидрогеология" ДМ Илмий-техник кенгаши йиғилишларида кўриб чиқилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Давлат инспекторлари ХЭГЖ давлат мониторинги натижалари бўйича тақдим этилаётган маълумотлар ҳаққонийлиги юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

           

              




Низомга

ИЛОВА



O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

TOG`-KON SANOATI VA GEOLOGIYA VAZIRLIGI

«O`ZBEKGIDROGEOLOGIYA» DAVLAT MUASSASASI

DAVLAT GEOLOGIK MONITORING XIZMATI

    

100041, Toshkent shahri, Mirzo Ulug`bek tumani, Olimlar kochasi, 64-uy

www.hydrogeology.uz; e-mail _________ Tel: (+998___) ____________

        

                        

             

                       



                       

         

       

20__-yil ____ ____________



_____________-son KO`RSATMA

          

Ko`rsatma berilayotgan tashkilot nomi:


           


          


           

Obyekt joylashuvi:


           


           

Obyekt tavsifi (paydo bo`lgan sanasi, ko`chki turi, xavfli zonaning chegarasi va o`lchamlari, sababi, keyingi rivojlanishi mumkinligi):

           


           


           


           


           

Xavf ostidagi obyekt va xavf turi:


           


           


           

Ko`rsatmalar:

          

1.


         

2.


         

3.


         

         

Mazkur ko`rsatma ________ nusxada tuzildi.

           

        

Ko`rsatmani berdi:

Ijro nazorati uchun nusxasini oldi:


FVB xodimi


_______________________________

___________

____________________________

__________

                                   lavozimi F.I.О.

imzo

                             lavozimi F.I.О

imzo


Bajarish uchun oldi:



              _______________________________

____________________________

___________

                                       lavozimi

F.I.О.

imzo

            

               



      

QR kod

         

          

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 29 декабрь