Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 16.01.2024 й. ЎРҚ-897-сон "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 24.10.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 20.12.2023 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.01.2024 й.

N ЎРҚ-897



"ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА

МАЪМУРИЙ СУДЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШДА

ФУҚАРОЛАР УЧУН ЯНАДА ҚУЛАЙ ШАРТ-

ШАРОИТЛАР ЯРАТИШГА ҚАРАТИЛГАН

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 24 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 20 декабрда маъқулланган



Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш имкониятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилиниши, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланишига оид нормасини амалга ошириш мақсадида маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, шунингдек давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шу муносабат билан "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек давлат божининг кўрсатилган ставкаси миқдори пасайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган "Давлат божи тўғрисида"ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 201-модда, N 5, 298-модда, N 10, 593-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 13-модда, 4-сонга илова, N 7, 661-модда, N 8, 800, 803-моддалар, N 10, 968-модда; 2022 йил, N 2, 76-модда, N 3, 214, 216-моддалар, N 4, 340-модда, N 5, 463, 464, 467-моддалар, N 12, 1186-модда; 2023 йил, N 2, 103-модда, N 3, 186-модда, N 4, 265, 269-моддалар, N 6, 444, 445-моддалар, N 7, 538-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 10-модда:

биринчи қисми:

1-бандидаги "давлат бошқаруви органларининг" деган сўзлар "маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги 1-1-банд билан тўлдирилсин:

"1-1) жисмоний шахслар - ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда";

иккинчи қисми "1" рақамидан кейин "1-1" рақами билан тўлдирилсин;


2) илова 3-бандининг "б" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

       

"


б) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича

      

".

фуқаролардан

      

- БҲМнинг 70 фоизи

   

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан

        

- БҲМнинг 10 баравари

       

        

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 Ш. Мирзиёев

         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 17 январь


"Халқ сўзи", 2024 йил 17 январь