Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Рақамли технологиялар вазирининг 04.01.2024 й. 263-мҳ-сон "Ўзбекистон Республикаси почта тўловининг давлат белгилари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 01.02.2024 й. 2529-4-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

01.02.2024 й.

N 2529-4




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВАЗИРИНИНГ

04.01.2024 й.

N 263-мҳ


БУЙРУҒИ



Ўзбекистон Республикаси почта тўловининг давлат

белгилари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар

ва қўшимча киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Почта алоқаси тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июлдаги ПФ-114-сон "Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг 2013 йил 21 октябрдаги 58-мҳ-сон қарори (рўйхат рақами 2529, 2013 йил 22 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 47-сон, 624-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси почта тўловининг давлат белгилари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган.


3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Вазирнинг биринчи ўринбосари                                              О.А. Пекос






Буйруққа

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси почта тўловининг давлат

белгилари тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартиришлар ва қўшимча


1. Муқаддимадан "Умумжаҳон почта конвенцияси, Ёзма хат-хабарлар регламенти, Ўзбекистон Республикасининг "Почта алоқаси тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 июлдаги 339-сон "Почта алоқаси соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш тўғрисида"ги ва 2018 йил 1 майдаги 318-сон "Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорларига мувофиқ" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


2. 2-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ички ёзма хат-хабарлар - қабул қилиш ва етказиб бериш (топшириш) учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган ёзма хат-хабарлар;";

тўртинчи ва бешинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"почта тўловининг давлат белгилари (ПТДБ) - почта алоқасининг миллий оператори орқали жўнатиладиган оддий ва рўйхатга олинадиган хатлар ва бандероллар, почта варақчаларига почта алоқаси хизматлари ҳақи тўланганлигини тасдиқлаш учун тушириладиган почта маркалари ва франкирлаш машиналарининг тамға излари;

Ўзбекистон Республикаси почта маркалари ва махсус хотира штемпеллари изларининг каталоги - қўшимча маълумотлар билан чиқарилган почта маркаларининг ҳамда муҳим саналар ёки буюк воқеалар муносабати билан чиқарилган махсус хотира штемпеллари изларининг хронологик рўйхатини ўзида ифодалайдиган маълумотнома нашри;";

олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

еттинчи - ўттиз учинчи хатбошилар тегишлича олтинчи - ўттиз иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"халқаро ёзма хат-хабарлар - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига етказиб бериш (топшириш) учун Ўзбекистон Республикасида қабул қилинадиган ва унинг ҳудудига хорижий давлатдан келиб тушадиган ёки транзит орқали келадиган ёзма хат-хабарлар;";

тўққизинчи хатбоши "босилганидан" деган сўздан кейин "ва муомалага киритилганидан" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

ўнинчи ва ўн биринчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"почта алоқасининг миллий оператори - Ўзбекистон Республикаси доирасида почта алоқаси хизматлари бозоридаги талабни қаноатлантириш, мажбурий равишда универсал почта хизматлари кўрсатиш бўйича вазифаларни ва Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш вазифалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўз зиммасига юклатилган почта алоқаси оператори;

почта маркасининг номинал қиймати - ёзма хат-хабарларга кирувчи оддий ва рўйхатга олинадиган хатлар ва бандероллар, почта варақчаларни жўнатиш бўйича хизматларнинг почта маркасида араб рақамлари ёки лотин ҳарфлари билан кўрсатиладиган қиймати;";

ўн учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"почта алоқаси оператори - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида почта алоқаси тармоғига эгалик қилувчи ва фаолиятнинг асосий тури сифатида почта алоқаси хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;";

ўн олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ёзма хат-хабарлар - оддий ва рўйхатга олинадиган хатлар, почта варақчалари, бандероллар, майда пакетлар, кўзи ожизлар учун жўнатмалар ва "М" қоплари;";

ўн саккизинчи хатбошидан ", курьерлик" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

йигирма учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"почта алоқаси провайдери - почта алоқаси операторл арининг тармоғи орқали почта алоқаси хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;";

йигирма саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"франкирлаш машинаси - ёзма хат-хабарларга кирувчи оддий ва рўйхатга олинадиган хатлар ва бандеролларни, почта варақчаларга почта алоқаси миллий операторининг хизматлари учун ҳақ тўланганлигини, ушбу хат-хабарлар қабул қилинган санани ва бошқа ахборотни тасдиқловчи тамға изларини туширишга мўлжалланган машина;".


3. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"3. ПТДБ Умумжаҳон почта конвенцияси, Конвенция регламенти, Ўзбекистон Республикасининг "Почта алоқаси тўғрисида"ги Қонуни, Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига (рўйхат рақами 2219, 2011 йил 28 апрель) мувофиқ оддий ва буюртма ички ва халқаро ёзма хат-хабарларни жўнатиш бўйича почта алоқасининг миллий оператори томонидан тақдим этиладиган почта алоқаси хизматларига ҳақ тўлаш учун мўлжалланган.".


4. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4. Ўзбекистон Республикасининг "Почта алоқаси тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддасига мувофиқ, ПТДБ намуналарини тасдиқлаш, почта маркаларининг муомалага киритилиш ва муомаладан чиқариш, ПТДБ давлат коллекциясини шакллантириш, махсус хотира штемпелларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда франкирлаш машиналаридан фойдаланиш тартибини белгилаш Вазирлик томонидан амалга оширилади.".


5. 5-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"5. Почта алоқаси хизматлари учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи франкирлаш машинасининг тамға изи қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:";

бешинчи хатбошидаги "тамғасининг" деган сўз "тамға" деган сўз билан алмаштирилсин.


6. 10-банддаги "почта алоқаси операторлари, провайдерлари" деган сўзлар "миллий оператор" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


7. 13-банднинг иккинчи хатбошисидаги "почта алоқаси операторлари, провайдерлари" деган сўзлар "унинг таркибий бўлинмалари" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


8. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"14. Миллий оператор филателистлар ва фойдаланувчилар учун Ўзбекистон Республикасининг Почта маркалари ва МХШ изларининг каталоги ҳамда бошқа реклама маҳсулотини чиқаради.

Ўзбекистон Республикасининг Почта маркалари ва МХШ изларининг каталогига қуйидаги қўшимча маълумотлар киритилади:

почта маркалари тўғрисида - чиқарилган сана, идентификация рақами, чиқарилган маркалар бағишланган серия ёки воқеа-ҳодисанинг номи, рассом ёки дизайнернинг Ф.И.О., тасвирнинг қисқача изоҳи, ранги, босиш усули, қоғоз тури, почта маркаси (почта блоки)нинг ўлчами, варақдаги почта маркаларининг миқдори, перфорация тўғрисида ахборот, номинал қиймати, адади ва бошқалар;

махсус хотира штемпеллари излари тўғрисида - штемпел чиқарилиши билан боғлиқ муҳим сана ва воқеа-ҳодиса, махсус ҳисобдан чиқаришни ўтказиш санаси ва жойи кўрсатилади, штемпел расми ва изининг тавсифи, штемпелнинг идентификация рақами ва ўлчами, муаллиф тўғрисидаги маълумотлар.

Ўзбекистон Республикаси Почта маркалари ва МХШ изларининг каталогини чиқариш даврийлиги миллий оператор томонидан белгиланади.".


9. 15-банднинг бешинчи хатбошисидаги "Маданият ва туризм вазирлиги" деган сўзлар "Маданият вазирлиги" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


10. 22-банднинг иккинчи хатбошисидаги "почта алоқаси операторлари, провайдерларининг" деган сўзлар "миллий операторининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


11. 26-банднинг биринчи хатбошисидан "почта алоқаси операторлари, провайдерлари," деган сўзлар чиқариб ташлансин.


12. 32-банднинг биринчи хатбошисидаги "Ёзма хат-хабарлар" деган сўзлар "Конвенция" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


13. 33-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"33. Миллий оператор кейинги йил учун тасдиқланган почта маркалари, маркаланган ва филателия маҳсулотларини нашр қилиш мавзу режаларини жорий йилнинг 1 июлигача ўз таркибий бўлинмаларига етказади.";

иккинчи хатбошидаги "Почта алоқаси операторлари, провайдерлари" деган сўзлар "Миллий операторнинг таркибий бўлинмалари" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


14. 55-банднинг учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 3 февраль