Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Энг фаол ижтимоий ходим" кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.02.2024 й. 69-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 3 февралдаги

69-сон қарорига

ИЛОВА



"Энг фаол ижтимоий ходим" кўрик-танловини

ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимидаги ижтимоий ходимлар, ижтимоий ходим ассистентлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлардаги хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори бўйича ижтимоий ходимлар (кейинги ўринларда - ижтимоий ходимлар) ўртасида "Энг фаол ижтимоий ходим" кўрик-танловини (кейинги ўринларда - кўрик-танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ижтимоий хизмат - ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг турмуш сифатини оширишга, унга жамият ҳаётида иштирок этишда бошқа шахслар билан тенг бўлган имкониятларни яратишга ва (ёки) ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;


ижтимоий ходим - ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни ташкиллаштирувчи ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга комплекс ижтимоий хизматларни кўрсатувчи шахс;


ижтимоий ходим ассистенти - ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар (болалар)га ижтимоий-маиший хизматларни кўрсатувчи шахс.


3. Кўрик-танловда:

"Энг фаол ижтимоий ходим" номинацияси бўйича - ижтимоий ходимлар;

"Энг фаол ижтимоий ходим ассистенти" номинацияси бўйича - ижтимоий ходим ассистентлари иштирок этади.


4. Қуйидагилар кўрик-танловни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ижтимоий ходимларнинг онгида "Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш - олий бурчимиз!" концептуал ғоясини мустаҳкамлаш;

ижтимоий ходимларнинг аҳоли орасидаги нуфузини янада ошириш, ходимларда садоқат билан виждонан хизмат қилиш туйғуларини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;

ходимларнинг интеллектуал ва профессионал салоҳиятини ошириш ҳамда бу борадаги фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ходимларда ташаббускорлик фазилатларини ривожлантириш;

юксак билимли ва профессионал касб маҳоратига эга бўлган истеъдодли ёш кадрларни аниқлаш ҳамда раҳбарлик лавозимларига тайинлаш мақсадида истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш.


5. "Энг фаол ижтимоий ходим" кўрик-танловини ўтказиш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссиялар) таркиби Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) бошлиқлари томонидан, республика комиссияси (кейинги ўринларда - Республика комиссияси) таркиби эса Агентлик директори томонидан тасдиқланади.


6. Кўрик-танлов ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.



2-БОБ. КЎРИК-ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Кўрик-танловни ташкил этиш

ва ўтказишнинг умумий талаблари


7. Агентлик ҳар йили 1 апрелга қадар кўрик-танлов ўтказилиши ҳақида ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон беради.


8. Кўрик-танловда иштирок этиш учун номзодлар Агентликнинг расмий веб-сайти орқали ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелга қадар бўлган муддат давомида рўйхатдан ўтади.

Бунда хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларидаги ижтимоий ходимлар кўрик-танловда экстерриториал тамойил асосида исталган ҳудуддан қатнашиши мумкин.


9. Рўйхатдан ўтиш 30 апрель куни якунланади ва рўйхатдан ўтган номзодлар ҳақидаги барча маълумотлар Агентлик томонидан ҳудудий бошқармаларга кўрик-танловни ўтказиш учун юборилади.

Кўрик-танловда иштирок этиш учун номзодларнинг бошқача тарзда рўйхатдан ўтишига ёки ҳудудий саралаш босқичида иштирок этмасдан кейинги босқичда иштирок этишига йўл қўйилмайди.


10. Кўрик-танлов ҳар йили май-июнь ойларида қуйидаги босқичларда ўтказилади:

ҳудудий саралаш босқичи - май ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;

республика финал босқичи - июнь ойида ҳудудий саралаш босқичлари ғолиблари ўртасида республика миқёсида.


11. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичини ўтказиш учун ҳар йили апрель ойида ҳудудий бошқармаларнинг тегишли соҳавий таркибий бўлинмалари вакилларидан иборат таркибда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.

Ҳудудий комиссиялар раис, унинг ўринбосари, тегишли соҳада ижтимоий хизматларни кўрсатувчи таркибий бўлинмаларнинг 1 нафардан малакали ходимлари, комиссия котиби ва 3 нафаргача нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда тузилади.


12. Кўрик-танловнинг республика финал босқичини ўтказиш учун ҳар йили апрель ойида қуйидаги таркибда Республика комиссияси ташкил этилади:

раис - Агентликнинг тегишли соҳавий таркибий бўлинмаларига раҳбарликни амалга оширувчи ўринбосари;

раис ўринбосарлари - Агентлик директори маслаҳатчилари ва Агентлик марказий аппаратининг тегишли таркибий бўлинмалари бошлиқлари (4 нафар);

аъзолар - Агентлик марказий аппаратининг тегишли соҳавий таркибий бўлинмалари ходимлари (7 нафар) ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари (3 нафаргача);

котиб - Агентлик марказий аппаратининг тегишли соҳавий таркибий бўлинмаси ходими.


13. Ҳудудий ва республика комиссиялари ўз фаолиятини ҳар йили 1 апрелдан 10 июлга қадар олиб боради.


14. Кўрик-танловда ҳудудий комиссия аъзолари бир вақтнинг ўзида Республика комиссияси таркибида қатнашиши мумкин эмас.


15. Кўрик-танлов қуйидаги синовлар асосида ўтказилади:

иштирокчиларнинг билим даражасини аниқлашга қаратилган ижтимоий иш соҳасидаги онлайн тест синовлари;

иштирокчиларнинг IQ (интеллектуал коэффициент) ва индивидуал психологик хусусиятлари даражасини аниқлашга қаратилган синовлар;

иштирокчилар билан якка тартибдаги суҳбат.


16. Республика комиссияси томонидан мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган синовлар асосида кўрик-танловни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ҳамда кўрик-танлов бошланишидан камида 15 кун олдин ҳудудий комиссияларга юборилади.


17. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичлари иштирокчиларининг синов натижалари 100 балли тизим асосида ушбу Низомнинг 16-бандига мувофиқ тасдиқланган тартиб бўйича баҳоланади.


18. Кўрик-танлов иштирокчилари ўзаро тенг ҳуқуқли бўлиб, устунлик ёки имтиёзлар белгиланишига йўл қўйилмайди.


19. Кўрик-танлов адолатлилик, холислик, ошкоралик ва коллегиаллик принциплари асосида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари кузатуви остида ўтказилади ҳамда техник воситалар орқали қайд этиб борилади.



2-§. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш ва республика

финал босқичларини ўтказиш тартиби


20. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида иштирокчилар мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган синовлардан ўтказилади ва кўп балли тизим асосида баҳоланади.


21. Синовлар натижаси бўйича тўпланган баллар қўшилиб, ҳар бир иштирокчининг якуний балли Республика комиссияси томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида шакллантирилади.


22. Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари ўтказилган синовлар натижалари асосида тўпланган баллар йиғиндисига кўра аниқланади.


23. Икки ва ундан ортиқ иштирокчиларнинг тўплаган якуний баллари тенг бўлган ҳолларда якка тартибдаги суҳбат синовларида юқори балл тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.


24. Ҳудудий комиссияларнинг иштирокчиларни ғолиб деб топиш ҳақидаги қарори баённома шаклида расмийлаштирилади.

Унда кўрик-танловда қатнашган иштирокчиларнинг, шу жумладан, республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган ғолиб иштирокчиларнинг рўйхати келтирилади.

Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар кўрик-танловнинг республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Баённома ҳудудий комиссиялар аъзоларининг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда республика комиссиясига белгиланган тартибда тақдим этилади.


25. Кўрик-танловнинг республика финал босқичи тегишли номинациялар бўйича ҳудудий саралаш босқичида унда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган иштирокчилар ўртасида ўтказилади.


26. Республика комиссиясининг умумий йиғилиши қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда кўрик-танловнинг республика финал босқичида ғолиб бўлган, шунингдек, совринли ўринларни эгаллаган ва фаол иштирок этган ходимларнинг рўйхати кўрсатилади.


27. Кўрик-танловнинг республика финал босқичи якуний натижалари қарори билан расмийлаштирилади ва мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар рўйхати илова қилинади.



3-БОБ. КЎРИК-ТАНЛОВНИНГ ҒОЛИБ

ВА СОВРИНДОРЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ


28. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида 1-ўринни эгаллаган иштирокчилар ғолиб, 2 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар совриндорлар ҳисобланади.


29. Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари ҳар йили июль ойининг биринчи ҳафтасида қуйидаги тартибда тақдирланади:


а) ҳудудий саралаш босқичида:

1-ўрин учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

2-ўрин учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

3-ўрин учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти.

Бунда агар ижтимоий ходимлар давлат олий таълим муассасаларининг "Ижтимоий иш" мутахассислиги бўйича таълим олаётган бўлса, бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан бирга бир йиллик тўлов-контракт суммасининг l-ўрин учун 100 фоизи, 2-ўрин учун 50 фоизи ҳамда 3-ўрин учун 25 фоизи миқдорида қоплаб берилади;


б) республика финал босқичида:

1-ўрин учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

2-ўрин учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

3-ўрин учун - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти.


30. Кўрик-танловнинг республика финал босқичида фаол иштирок этиб, ўзининг билими ва касбий маҳоратини юксак даражада кўрсатган иштирокчилар қўшимча равишда бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки қимматбаҳо совға билан рағбатлантирилиши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Кўрик-танловнинг республика финал босқичи ғолиб ва совриндорлари қуйидаги имтиёзларга эга бўладилар:

амалдаги интизомий жазоларини муддатидан олдин бекор қилиш;

юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

идоравий ва давлат мукофотларига тавсия қилиш.


32. Кўрик-танлов натижаларидан норози бўлган ходимлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун давомида апелляция комиссияларига апелляция аризаси бериш ҳуқуқига эга. Апелляция аризаси 5 кун ичида кўриб чиқилади.


33. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичи апелляция комиссиялари тегишли ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлари, республика финал босқичи апелляция комиссияси - Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси - Агентлик директори томонидан ташкил этилади.

Апелляция комиссиялари таркибига кўрик-танлов комиссиялари фаолиятида иштирок этмаган шахслар киритилади.


34. Кўрик-танлов натижаларидан норози бўлган ходимларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқишда уларнинг ўзи ҳам иштирок этиши мумкин.


35. Апелляция комиссиялари кўрик-танлов иштирокчиларининг апелляция аризаларини кўриб чиқиб, натижаси бўйича аризани қаноатлантириш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


36. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



"Энг фаол ижтимоий ходим" кўрик-танловини

ташкил этиш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (Агентлик)


"Энг фаол ижтимоий ходим" кўрик-танлови (кўрик-танлов)нинг ўтказилиши тўғрисида ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон беради.


Ҳар йили 1 апрелга қадар









2-босқич

Номзодлар


Кўрик-танловда қатнашиш учун Агентликнинг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади.


Ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелга қадар









3-босқич

Ҳудудий комиссия (ҳудудий саралаш босқичи доирасида)


1. Кўрик-танловнинг "Энг фаол ижтимоий ходим" ҳамда "Энг фаол ижтимоий ходим ассистенти" номинациялари бўйича ҳудудий саралаш босқичини ўтказади.


2. Ҳудудий комиссияларнинг иштирокчиларни ғолиб деб топиш ҳақидаги қарори баённома шаклида расмийлаштирилади.


3. Баённома ҳудудий комиссияларнинг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Республика комиссиясига белгиланган тартибда тақдим этилади.


Ҳар йили май ойида









4-босқич

Республика комиссияси (республика финал босқичи доирасида)


1. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ўртасида белгиланган тартибда синовлар ўтказилади.


2. Республика комиссиясининг умумий йиғилиши қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда кўрик-танловнинг республика финал босқичида ғолиб бўлган, шунингдек, совринли ўринларни эгаллаган ва фаол иштирок этган ходимларнинг рўйхати кўрсатилади.


Ҳар йили июнь ойида









5-босқич

Республика комиссияси


Кўрик-танловнинг "Энг фаол ижтимоий ходим" ҳамда "Энг фаол ижтимоий ходим ассистенти" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлайди.


Ҳар йили июль ойининг бириичи ҳафтасида



        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 5 февраль