Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш Қоидалари (ЎзР ВМ 09.02.2024 й. 80-сон карорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 9 февралдаги

80-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг табиий

сув ҳавзаларида балиқ овлаш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг табиий сув ҳавзаларида спорт-ишқибозлик туридаги ҳамда саноат усулида балиқ овлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аквакультура - сув ҳавзаларидан унумли фойдаланиш мақсадида сувда яшайдиган организмлар (балиқлар, моллюскалар, қисқичбақасимонлар, сув ўтлари)ни назорат қилиб туриладиган шароитда етиштириш ва парвариш қилиш;


балиқ овлаш - табиий сув ҳавзаларида эркинликда урчиб кўпаядиган балиқларни овлаш, қидириш ва яшаш муҳитидан ажратиб олиш;


балиқ овлаш қуроллари - қармоқлар, икки томонлама маҳкамланадиган 10 тагача бўлган илгакли воситалар (перемет), катак ўлчами рухсат этилган ҳажмдаги тўрлар;


балиқ маҳсулотлари - овланган балиқ, унинг қисмлари ва увулдириғи;


балиқ популяцияси - сув ҳавзаларида яшовчи бир турдаги балиқларнинг алоҳида тўдаси;


балиқчилик хўжаликлари - белгиланган тартиб асосида табиий ва сунъий сув ҳавзаларида балиқ овлаш, кўпайтириш ва етиштириш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги;


ихтиофауна объектлари - барча турдаги балиқлар;


квота - ваколатли орган томонидан балиқларни овлаш учун бериладиган меъёр;


электрон платформа - ваколатли органнинг саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларни ҳисобга қўйиш ва идентификация қилиш, уларнинг реестрини юритишни назарда тутувчи электрон платформаси;


махсус тамғалаш - саноат усулида балиқ овлашга рухсат берилган тўрларни ҳисобга қўйиш ва идентификация қилиш;


ноқонуний балиқ овлаш (браконьерлик) - тегишли рухсатномасиз, тақиқланган даврда ва жойларда, балиқларнинг тақиқланган турларини овлаш, шунингдек, белгиланган меъёрдан ортиқ, тақиқланган балиқ овлаш қуроллари воситасида ёки тақиқланган усуллар билан балиқларни овлаш, йиғиш ҳамда табиий муҳитидан ажратиб олиш;


саноат усулида балиқ овлаш - рухсатнома асосида балиқчилик хўжаликларига бириктириб берилган сув ҳавзалари участкаларида тижорат мақсадида белгиланган квоталар доирасида ҳақ эвазига балиқ овлаш;


спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш - жисмоний шахслар томонидан даромад олишни кўзда тутмаган ҳолда фаол ҳордиқ чиқариш, ўз эҳтиёжларини қондириш ҳамда мусобақалашиш мақсадида рухсат этилган усул ва қуроллар билан балиқ овлаш;


сунъий сув ҳавзаси - балиқ ва бошқа сув жониворлари урчиб кўпаядиган, шунингдек, уларни етиштириш ва парвариш қилиш инсон томонидан бошқариладиган сув ҳавзалари (қафаслар, бассейнлар, ҳовуз ва бошқалар);


табиий сув ҳавзаси - балиқ ва бошқа сув жониворларининг эркинликда урчиб кўпайиш жараёни ўз ҳолича содир бўладиган ва бу жараённи тўхтатиш қонун билан ҳимояланадиган барча тоифадаги сув ҳавзалари (денгиз, дарёлар, жилғалар, сойлар, кўллар, сув омборлари);


табиий сув ҳавзаларидаги балиқ захиралари - табиий сув ҳавзасида яшайдиган саноатбоп балиқлар популяцияси;


тақиқланган балиқ овлаш қуроллари ва воситалари - махсус тамғаланмаган ҳамда ваколатли орган томонидан ҳисобга олинмаган ҳар қандай тўрлар, ёйма тўрлар (накидка), икки томонлама маҳкамланадиган 10 тадан ортиқ илгакли воситалар (перемет), чангакли овлаш воситалари (астрага), электр қармоқ, маҳкамланадиган тузоқсимон тўрлар (вентер, мордушка) ва бошқа балиқ овлашнинг браконьерлик қуроллари ва воситалари;


тақиқланган усуллар - балиқларни овлашда портловчи ва кимёвий воситалар, электр токини қўллаш ҳамда сувни қуритиш;


тўрлар ўлчами (конструктив тўр ўлчами) - тўрнинг чўзилган томони бўйлаб ўлчанадиган, миллиметрда ифодаланган тўр тўпламининг 2 та қўшни тугунлари орасидаги масофа;


қафас (садок) мосламаларида интенсив балиқ етиштириш технологияси - очиқ сув ҳавзаларида турли ўлчамдаги қафас мосламалари ўрнатилиб, сув ости қисми тўр билан ўралган ва ушбу тўрнинг сув устки қисми махсус мосламага (темир, пластик) маҳкамланган ҳолда 1 м3 ҳажмдаги сувда 10 кг дан кам бўлмаган балиқ етиштириш технологияси.


3. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган барча табиий сув ҳавзаларида фаолият олиб борувчи юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.

Мазкур Қоидалар сунъий сув ҳавзалари ҳамда табиий сув ҳавзаси ҳисобланмайдиган ирригация тармоқларидаги қафас (садок) мосламаларида интенсив балиқ етиштириш технологияси ва аквакультурага нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Табиий сув ҳавзаларидаги ихтиофауна объектлари умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш давлат томонидан муҳофаза қилинади.


5. Табиий сув ҳавзаларида яшаётган, шунингдек, табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган балиқлар (чавоқлар) давлат мулкидир.


6. Сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланаётган, табиий ва ирригация сув ҳавзаларидаги қафас (садок) мосламаларида интенсив балиқ етиштириш технологияси асосида етиштирилаётган балиқлар юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулкидир.


7. Табиий сув ҳавзаларида спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлашга сув ҳавзаларидан умумий фойдаланиш тартибида бепул ёки ҳақ эвазига рухсат этилади, қўриқхоналар, табиат боғлари ва давлат биосфера резерватларининг қўриқхонага айлантирилган зоналари ҳудудидаги сув объектлари бундан мустасно.


8. Балиқ овлаш жойларида балиқ овлаш воситалари ҳамда бошқа балиқ овлаш анжомлари ёки балиқ ови маҳсулоти билан бўлиш ҳам балиқ овлашга тенглаштирилади.


9. Спорт-ишқибозлик туридаги ҳамда саноат усулида балиқ овлашга белгиланган тартибда рухсат берилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча табиий сув ҳавзалари балиқ овлаш жойлари ҳисобланади.


10. Қуйидагилар балиқ овлаш жойларига кирмайди:

қўриқхоналар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреацион ва тарихий-маданий вазифаларни бажарувчи ерлар;

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар ва моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерлар (тарихий-маданий мақсадга мўлжалланган ерлар), агар уларнинг режимида ов қилиш ва (ёки) балиқ овлаш назарда тутилмаган бўлса;

сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналари (сув олиш иншоотларининг ҳимоя зоналари);

саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар, чегара зоналари (чегара ҳудуди);

тўғонлар, сув айиргичлар, кўприклар ва балиқчилик хўжаликлари чегараларидаги 500 метрли масофадаги бошқа муҳофаза ҳудуди;

кўлларни ўзаро ва дарё билан бирлаштирувчи ирмоқлар ва жилғалар, дарёлар ва каналлар қуйиладиган жойлардаги 500 метр масофадаги участкалар;

балиқ овлашга мораторий эълон қилинган ҳудудлар.


11. Ихтиофауна объектларидан махсус фойдаланиш, яъни саноат усулида балиқ овлаш тасдиқланган квоталар доирасида ваколатли орган томонидан бериладиган рухсатномалар асосида ҳақ эвазига амалга оширилади.

Балиқ овлаш учун тўловлар ушбу Қоидаларга 1-иловага мувофиқ миқдорларда амалга оширилади.


12. Ваколатли орган ҳар йили 10 декабрга қадар (қўшимча квота учун 10 майга қадар) Фанлар академиясининг хулосаси асосида балиқ овлашга доир квоталарни тасдиқлайди.

Саноат усулида балиқ овлаш учун бериладиган квота миқдорини аниқлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланувчиларга бериладиган рухсатнома тўловининг 10 фоизи Фанлар академиясига ажратилади, ушбу тўловнинг қолган 90 фоизи Экология жамғармасига йўналтирилади.


13. Тасдиқланган квоталар бўйича рухсатномалар ваколатли орган томонидан балиқчилик хўжаликларига уларнинг буюртманомаларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг "Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида" 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарорига асосан "Лицензия" ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.


14. Табиий сув ҳавзаларида қуйидаги балиқ овлаш қуроллари ва воситаларидан фойдаланиш тақиқланади:

ёйма тўрлар (накидка);

икки томонлама маҳкамланадиган 10 тадан ортиқ илгакли воситалар (перемет);

махсус тамғаланмаган ва ваколатли орган томонидан ҳисобга олинмаган ҳар қандай тўрлар;

чангакли овлаш воситалари (астрага);

электр қармоқ;

маҳкамланадиган тузоқсимон тўрлар (вентер, мордушка) ва бошқа балиқ овлашнинг браконьерлик қуроллари.


15. Табиий сув ҳавзаларида балиқ овлашда қуйидаги усуллардан фойдаланиш тақиқланади:

портловчи, кимёвий воситаларни қўллаш;

электр токидан фойдаланиш;

сувни қуритиш ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган бошқа турдаги усуллар.


16. Янги турдаги балиқ овлаш воситалари ёки усулларидан фойдаланишга ваколатли орган билан келишилган ҳолда йўл қўйилади.


17. Балиқларнинг урчиш даврида, яъни Амударё ва Сирдарёда 11 мартдан - 31 майгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги табиий сув ҳавзаларида 26 апрелдан - 10 июнгача ва бошқа барча табиий сув ҳавзаларида 16 апрелдан - 31 майгача бўлган муддатда балиқ овлаш тақиқланади.



2-БОБ. СПОРТ-ИШҚИБОЗЛИК ТУРИДАГИ

БАЛИҚ ОВЛАШ ТАРТИБИ


18. Табиий сув ҳавзаларида жисмоний шахсларга спорт-ишқибозлик турида 1 сутка ичида 5 кг гача миқдорда ёки ушбу миқдордан кўп бўлган 1 дона балиқни бепул овлашга рухсат этилади.

Бошқа ҳолатларда спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш ушбу ҳавзалар бириктирилган субъектлар билан келишув асосида ёки ҳақ тўлаш эвазига овчилик ва балиқчилик хўжаликларига бириктирилган сув ҳавзаларида ушбу хўжаликларнинг йўлланмалари бўйича амалга оширилади.


19. Балиқларнинг урчиш даврида табиий сув ҳавзаларида спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш тақиқланади.



3-БОБ. САНОАТ УСУЛИДА БАЛИҚ

ОВЛАШ ТАРТИБИ


20. Саноат усулида балиқ овлашга киришиш учун балиқчилик хўжалиги ушбу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга (табиий сув ҳавзаси ижара шартномаси, рухсатнома (квота), балиқ овлашни қайд этиш дафтари, Фавқулодда вазиятлар вазирлигида рўйхатга олинган сузиш воситаларининг ҳужжатлари, балиқ овлаш воситаларини тамғалаш ва ҳисобга қўйиш маълумотларидан кўчирма) эга бўлиши лозим.


21. Саноат усулида балиқ овлаш сунъий ва ўсимлик толаларидан тайёрланган тўрларда амалга оширилади.


22. Табиий сув ҳавзаларида қалинлиги 1 мм дан кичик бўлган сунъий толадан тайёрланган тўрларда балиқ овлашга рухсат берилмайди.


23. Саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат берилган тўрларга ваколатли органнинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ушбу Қоидаларга 2-иловага мувофиқ махсус тамға қўйилади.

Саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат берилган барча тўрлар фойдаланувчининг маълумотлари қайд этилган ваколатли органнинг туман (шаҳар) бўлимларида ҳисобга қўйилиши шарт.


24. Қалинлиги 1 мм дан катта бўлган сунъий толадан тайёрланган тўрлар фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келганда, ваколатли органнинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан холислар иштирокида йўқ қилиш учун қайтариб топшириш шарти билан махсус тамғалашдан ўтказилади.


25. Саноат усулида балиқ овлаш фаолияти билан шуғулланувчи балиқчилик хўжаликлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

табиий сув ҳавзасида берилган участкадан тузилган шартномага мувофиқ фойдаланиш;

ўз ихтиёрига кўра белгиланган тартибда овланган балиқларни мустақил тасарруф этиш (реализация қилиш);

ҳар йили табиий сув ҳавзаси участкаларини балиқ чавоқлари билан балиқлантириш;

балиқ озиқаси ва асосий фаолият билан боғлиқ бўлган бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш, шунингдек, балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш;

юридик ва жисмоний шахслар билан олинган квоталар доирасида балиқ овлаш учун шартномалар тузиш;

ноқонуний балиқ овлашга (браконьерликка) қарши курашиш бўйича тадбирларда иштирок этиш;

балиқ овлаш ҳамда кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузувчиларга нисбатан далолатномалар тузиш, уларни ваколатли органларга топшириш;

ушбу Қоидаларга амал қилиниши устидан назоратни амалга оширишда ваколатли орган ходимларининг ҳужжатлари билан танишиб чиқиш.

Балиқчилик хўжаликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


26. Саноат усулида балиқ овлаш фаолияти билан шуғулланувчи балиқчилик хўжаликлари қуйидаги мажбуриятларга эга:

балиқ ресурсларидан фойдаланишда қонунчилик талабларига риоя қилиш ҳамда балиқларни ушбу Қоидаларда белгиланган ўлчамлардаги турларда овлаш;

саноат усулида балиқ овлаш учун ушбу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлиш;

ижарага олинган табиий сув ҳавзасининг участкалари доирасида балиқ овлаш;

бириктирилган сув ҳавзаси участкасини учинчи шахсларга балиқ овлаш учун бермаслик;

балиқ овлаш тўрларини тамғалаш ва ваколатли органнинг туман (шаҳар) бўлимларида ҳисобга қўйиш;

сув ҳавзасининг қирғоқ участкаларини белгиланган санитария ҳолатида сақлаш;

ҳар йили балиқларни кўпайтириш, балиқ овланадиган сувлар мелиорацияси ҳамда майда балиқларнинг сақланишини таъминлаш чораларини кўриш;

сув ҳавзаларидан чиқариб олинган балиқларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида ҳар йили сув ҳавзасининг 1 гектарини камида 50 та балиқ чавоқлари (шу йилги ёки 1 йиллик балиқлар даражасида) билан балиқлантириш;

ҳар куни овланган балиқларни овлаш дафтарида қайд этиш ва электрон платформага киритиб бориш;

ваколатли органнинг туман (шаҳар) бўлимлари инспекторларига уларнинг талабига биноан шартнома, саноат усулида балиқ овлаш гувоҳномаси, овлаш қуролларини ва овланган балиқларни, ишлаб чиқариш хоналарини, сузиш воситаларини ва қабул қилиш пунктларини белгиланган тартибда кўздан кечиришга тўсқинлик қилмаслик;

ҳар ойда ваколатли органнинг туман (шаҳар) бўлимларига овланган балиқлар тўғрисида (турлари бўйича) балиқ овланадиган сувлар мелиорацияси ва сув ҳавзаси участкасида балиқларни кўпайтириш натижалари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш;

балиқларни сузиш воситасидан қирғоққа фақат балиқчилик хўжалиги жойлашган манзилдаги махсус жиҳозланган жойга тушириш;

балиқларни товар-транспорт юк хатлари асосида олиб чиқиш;

сузиш воситаларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва балиқни овлаш хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиш;

балиқчиларнинг шахсини ва балиқчилик хўжалигидаги лавозимини тасдиқлайдиган гувоҳномалар билан таъминлаш ва балиқ овлаш чоғида уларни ўзи билан олиб юриш;

бириктирилган табиий сув ҳавзаларидаги балиқ захиралари ва балиқ овлаш жойларини муҳофаза қилиш;

ваколатли органнинг туман (шаҳар) бўлимлари билан келишган ҳолда балиқшунослик ва мелиорация ишларини (балиқларни кўпайтириш шароитларини яхшилаш, балиқларнинг оммавий нобуд бўлишига қарши тадбирлар, сувости ўсимликларини ўриб чиқиш ва бошқалар) ўтказиш.

Балиқчилик хўжаликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


27. Саноат усулида балиқ овлаш воситаларининг катаклари ўлчамлари 40х40 мм дан кичик бўлмаслиги шарт.


28. Балиқ овлаш воситаларида катаклар ҳажми чирмов (ўров) бўйича 11 та тугун орасидаги масофани ўлчаб ҳосил қилинган сонни 10 га бўлиш орқали аниқланади. Ўсимлик толаларидан тайёрланган балиқ овлаш тўрларида катак ҳажмини ўлчашда, белгиланган меъёрнинг 5 фоизга камайишига йўл қўйилади.


29. Майда катакли балиқ овлаш тўрлари фақат ваколатли орган томонидан Фанлар академиясининг хулосаси асосида берилган рухсатномалар асосида Самарқанд храмуляси ва қизилкўз (Орол чавоқ)лар ёппасига тўпланиб қолган жойларда қўлланади.


30. Саноат усулида овланадиган балиқлар ушбу Қоидаларга 3-иловага мувофиқ ўлчамлардан кичик бўлиши мумкин эмас.

Саноат усулида балиқни овлаш даврида ушбу узунликдан кам бўлган кичик ўлчамдаги балиқлар тўрга тушиб қолганда (прилов), ўша жойда балиқ овлаш тўхтатилади ёки балиқ овлаш тўрлари бошқа йирикроқ катакли тўрлар билан алмаштирилади.

Бунда тирик бўлган кичик ўлчамдаги балиқлар сув ҳавзасига чиқариб юборилиши шарт.


31. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари саноат усулида балиқ овлашни тартибга солишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

балиқларни овлаш муддатларини об-ҳаво шароитига қараб, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси талабномасига асосан 15 кундан кўп бўлмаган муддатга узайтириш;

балиқ овлаш тақиқланган даврда кемалар ва кичик ҳажмли кемаларда сузишни чеклаш;

Фанлар академиясининг хулосасига асосан бегона, қиймати паст ва йиртқич балиқларни овлашга рухсат бериш;

илмий-тадқиқот мақсадлари учун йилнинг исталган даврида барча турдаги балиқ овлаш воситаларидан фойдаланган ҳолда иқлимлаштириш, урчитиш ва назорат учун балиқ овлашга рухсатномалар бериш;

ихтиёрида балиқ маҳсулотлари ва балиқ овлаш қуроллари бўлган шахслардан балиқ овлаш ва ихтиофауна объектларидан фойдаланишга рухсат берувчи ҳужжатларни кўрсатишни, шунингдек, улар томонидан содир этилган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ёзма тушунтиришлар беришни талаб қилиш;

ов ҳудудида қуруқлик ва сувдаги барча транспорт воситаларини тўхтатиш, балиқчилик хўжалигининг шартнома, рухсатнома, балиқларни овлаш дафтари, балиқ овлаш қуроллари ва овланган балиқлар, ишлаб чиқариш хоналари, сузиш воситалари ҳамда қабул қилиш пунктларини кўздан кечириш;

сув ҳавзаларидан чиқариб олинган балиқларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида ҳар йили сув ҳавзасининг 1 гектарини камида 50 та балиқ чавоқлари (шу йилги ёки 1 йиллик балиқлар даражасида) билан балиқлантиришда иштирок этиш ва далолатнома расмийлаштириш;

табиий сув ҳавзаларида тақиқланган балиқ овлаш ва бошқа браконьерлик қуролларидан фойдаланишга йўл қўймаслик;

ноқонуний овланган балиқларни белгиланган тартибда олиб қўйиш ҳамда қайта ишловчи ёки савдо ташкилотларига (шартнома асосида улгуржи нархларда) бериш, шунингдек, балиқ овлаш ва ихтиофауна объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни олиб қўйиш;

тақиқланган балиқ овлаш қуроллари ва воситалари ҳамда ҳужжатсиз кемаларни ҳуқуқбузарлардан олиб қўйиш ва белгиланган тартибда йўқ қилиш;

ўтказилган назорат тадбирлари юзасидан далолатномалар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар расмийлаштириш;

қонун бузилишлари юзасидан тўпланган материалларни ваколатли органларга юбориш.

ваколатли орган томонидан саноат усулида балиқ овлаш билан шуғулланувчи шахсларнинг балиқ овлаш қоидаларига риоя қилиши бўйича мониторинг тадбирлари тадбиркорлик фаолиятини текшириш ҳисобланмайди ҳамда улар мансабдор шахслар ва давлат органлари билан келишилмайди.


32. Саноат усулида балиқ овлашда қуйидагилар тақиқланади:

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган балиқлар турларини овлаш (бунда балиқ овлаш тўрларига бундай балиқлар тушиб қолганда, уларни тирик ҳолда сув ҳавзасига чиқариб юборилади);

балиқ овлаш жойларида балиқ овлаш воситалари ҳамда бошқа балиқ овлаш анжомлари билан рухсат берувчи ҳужжатларсиз бўлиш;

балиқ овлаш тақиқланган муддатларда балиқ овлаш;

белгиланган ўлчамдан кичик балиқларни овлаш;

рухсатномада кўрсатилмаган жойларда балиқ овлаш;

оқар сув ҳавзаларида (дарё, сой, канал, анҳор, зовур ва бошқалар) саноат усулида балиқ овлаш учун мўлжалланган балиқ овлаш қуроллари ва воситаларидан фойдаланиш;

балиқ овлаш жойлари ҳисобланмайдиган ҳудудларда, шунингдек, балиқ урчиш жойлари, қўриқхоналар, миллий ва табиат боғларида балиқ овлаш;

кўпайиш, миграция даври ҳамда озиқа етишмаслигидан қутулиш учун кўчаётган балиқларни овлаш;

балиқларни сақлаш жойларидан тегишли ҳужжатларсиз (юк хати, чек, ҳисоб-фактура) олиб чиқиш ва ташиш;

тутилган 1 турдаги балиқларни бошқа ном билан ёки тур номини кўрсатмасдан қабул қилиш ва топшириш;

тутилган балиқлар миқдори ва овланган балиқ турлари тўғрисидаги ҳисоботларни қасддан бузиб юритиш ва ҳисобот маълумотларини бузиб тақдим этиш;

маст ҳолатда ва гиёҳвандлик воситалари таъсири остида бўлган пайтда балиқ овлаш;

балиқ овлаш жойларидаги ёввойи табиатга зарар етказиш;

балиқчилик хўжаликларига бириктирилган табиий сув ҳавзаларидан корхона ва суғориш эҳтиёжлари учун балиқларни ҳимоя қилиш қурилмаларисиз сув олиш;

балиқларнинг паразит ва юқумли касалликлари аниқланган табиий ҳавзаларда фойдаланилган ҳар қандай балиқ овлаш воситаларини олдиндан зарарсизлантирмасдан туриб бошқа сув ҳавзаларига ташлаш;

тўсинлар ва балиқ овлаш чегараларини ҳамда балиқ овланиши тақиқланган зоналарни белгилайдиган сузиб юрувчи таниш белгиларини йўқ қилиш ёки ишдан чиқариш;

маҳкамланадиган ёйма тўрларни ўрнатиш;

ажратилган сув ҳавзаси участкасидан ташқарида саноат усулида балиқ овлаш;

ваколатли органнинг рухсатисиз ва Фанлар академиясининг хулосасисиз хориждан келтирилган янги турдаги балиқларни мослаштириш ва табиий ҳавзаларни балиқлантириш.


33. Табиий сув ҳавзасидаги балиқ ресурслари захирасининг ҳолатидан келиб чиқиб, ваколатли орган томонидан Фанлар академиясининг хулосасига асосан ушбу ҳавзада муайян муддатга саноат усулида балиқ овлашга мораторий эълон қилиниши мумкин.



4-БОБ. САНОАТ УСУЛИДА БАЛИҚ

ОВЛАШНИНГ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


34. Балиқчилик хўжаликлари саноат усулида овланган балиқлар тўғрисидаги маълумотни электрон платформага киритиб боради.


35. Балиқчилик хўжаликларининг саноат усулида балиқ овлашга рухсат берилган тўрларини ҳисобга қўйиш ва идентификация қилиш ҳамда махсус тамғалаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида Экология жамғармасига йиғим ундирилади.


36. Ваколатли органнинг туман (шаҳар) бўлимлари инспектори балиқчилик хўжаликлари томонидан саноат усулида овланган балиқларни электрон платформага киритиб борилишини мониторинг килиб бориши шарт.


37. Балиқчилик хўжаликлари бириктирилган сув ҳавзаси чегарасида тарози ва видеокамера билан жиҳозланган овланган балиқларни қабул қилиш пунктини ташкил этиши шарт.


38. Қабул қилинган балиқлар ўлчанганидан сўнг турларга ажратилиб, саноат усулида овланган балиқларни қайд этиш дафтари ва юк хатида қайд этилади ҳамда ушбу маълумотлар электрон шаклда "Эконазорат" ахборот тизимига киритилади.



5-БОБ. ИХТИОФАУНА ОБЪЕКТЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


39. Ихтиофауна объектларидан фойдаланиш, уларни қайта кўпайтириш ва муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


40. Ихтиофауна объектларидан фойдаланиш, уларни қайта кўпайтириш ва муҳофаза қилиш бўйича идоравий назорат тасарруфида балиқ овлаш хўжаликлари мавжуд бўлган давлат органлари ҳамда ташкилотлар томонидан уларга бириктирилган ҳудудларда амалга оширилади.


41. Ихтиофауна объектларидан фойдаланиш, уларни қайта кўпайтириш ва муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик назорати фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


42. Ноқонуний овланган балиқ ва балиқ маҳсулотлари белгиланган тартибда олиб қўйилади, айбдор шахслар эса ихтиофауна объектларига етказилган зарар учун жавобгар бўладилар.

Ихтиофауна объектларидан фойдаланиш тартибининг бузилиши оқибатида етказилган зарар ушбу Қоидаларга 4-иловага мувофиқ миқдорда ҳисобланади.

Ноқонуний овланган балиқ турлари бўйича анча миқдорда зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатларда илмий муассасаларнинг хулосаси олинади. Бунда аниқланган зарарни қоплаш ҳисобига тушадиган маблағнинг 10 фоизи экология соҳасидаги илмий ва таълим муассасалар харажатларини қоплаш учун ажратилади.


43. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима суммаларини ундириш ҳамда ихтиофауна объектларига етказилган зарарни қоплаш, шунингдек, мусодара қилинган балиқ овлаш қуроллари ва олиб қўйилган балиқ маҳсулотларини сотишдан тушган маблағлар давлат ижрочилари томонидан мажбурий тартибда ундирилади.


44. Агар ҳуқуқбузарлик балиқчилик хўжалиги томонидан аниқланган тақдирда, ихтиофауна объектларига етказилган зарарни қоплаш мақсадида ундирилган сумманинг 15 фоизи Экология жамғармасига келиб тушганидан сўнг уч иш куни мобайнида ушбу ҳуқуқбузарликни аниқлаган балиқчилик хўжалигининг ҳисобварағига ўтказиб берилади.


45. Балиқ овлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни бевосита аниқлаган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирган ваколатли шахсга объектларига етказилган зарар суммасининг 15 фоизи миқдорида Экология жамғармасига келиб тушганидан сўнг уч иш куни мобайнида пул мукофоти берилади.


46. Ноқонуний овланган балиқлар, тақиқланган балиқ овлаш қуроллари ва воситалари, ҳужжатсиз кемалар браконьерликнинг олдини олиш мақсадида мажбурий тартибда олиб қўйилади.


47. Ҳуқуқбузарлардан олинган тақиқланган балиқ овлаш қуроллари ва воситалари, ҳужжатсиз кемалар суд қарорига асосан йўқ қилинади.


48. Табиий сув ҳавзаларидан эгасизлиги учун олиб қўйилган тақиқланган балиқ овлаш қуроллари ва воситалари тўғридан-тўғри назорат тадбирида иштирок этган бошқа органлар ҳамда балиқчилик хўжаликлари вакилларининг иштирокида расмийлаштирилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.


49. Юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқбузарлик оқибатида ихтиофауна объектларига етказилган зарарни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда қоплаши шарт. Зарарни қоплаш айбдорларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод қилмайди.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


50. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

         

          




Қоидаларга

1-ИЛОВА



Балиқ овлаш учун тўловлар

МИҚДОРЛАРИ

          

Т/р

Балиқ турлари

Жинси ва ёшидан қатъи назар, балиқ овлаш нархи

      

Базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициент

       

Чет эл

фуқаролари

ва юридик

шахслари учун

(1 дона учун АҚШ долларида)

     

*Саноат

мақсадида

(1 тонна учун)

     

**Ҳаваскорлик ва

спорт мақсадларида

(1 кг учун)

     

Илмий- тадқиқот

мақсадларида

(1 дона учун)

      

Саноат аҳамиятига молик балиқлар

ва уларнинг бошқа турлари

     

1.

Оддий Лаққа Siluris glanis L. (Linnaeus, 1758),

Оқ дўнг пешона Hypophthalmichthys molitrix (Valenciennes, 1844),

Чипор дўнг пешона Hypophthalmichthys (Arystichthys) nobilis (Richardson, 1845),

Оқ амур Ctenopharyngodon idella (Valenciennes, 1844),

Зоғара балиқ Cyprinus carpio (Linnaeus, 1758),

Чўртансифат оқ қайроқ Aspiolucius esocinus (Kessler, 1874),

Орол оққайроқ Aspius aspius iblioides (Kessler, 1872),

Пелядь Coregonus peled (Gmelin, 1788),

Оқ сла Sander (Stizostedion) lucioperca (Linnaeus, 1758),

Камалакранг гул балиқ Oncorhinhus mykiss (Walbaum, 1792).


5

0,03

0,02

15

2.

Товонбалиқ Carassius auratus gibelio (Bloch, 1782),

Самарқанд лойхўраги Varicorhinus capoeta Heratensis n. Steidachneri (Kessler),

Илонбош Channa argus warpachowskii (Berg, 1909),

Шарқ оқчаси Abramis brama orientalis (Berg, 1949),

Чўртан балиқ Esox lucius (Linnaeus, 1758),

Орол мой балиғи Chalcalburnus chalcoides aralensis (Berg, 1923),

Қора балиқ Schizothorax intermedius (McClelland, 1842) (eurystomus).


3

0,01

0,01

5

3.

Қизилкўз балиғи (плотва) Rutilus rutilus aralensis (Berg 1916) ва бошқа қиймати паст турлар


1

0,005

0,001

1

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига

киритилган камёб ва йўқолиб бораётган турлар

          

5.

Орол мўйловдори (Орол сўзанбалиғи, Сўғён) Luciobarbus brachycephalus (Kessler, 1872),

Туркистон мўйловдори (Шимбалиқ, қаяз) Luciobarbus conocephalus (Kessler 1872),

Орол бакра балиғи (Шип) Acipenser nudiventris (Lovetsky, 1828),

Сирдарё курак буруни (Филбўйин) Pseudoscaphirhynchus fedtschenkoi (Kessler, 1872),

Катта Амударё куракбуруни (Қилқуйруқ) Pseudoscaphirhynchus kaufmanni (Bogdanow, 1874),

Кичик Амударё курак буруни (Тошбакра) Pseudoscaphirhynchus hermanni (Kessler, 1877)

Қоракўз қ сазан) Ballerus sapa (Pallas, 1814),

Чўртансимон оққайроқ (Калбалиқ, чўртанмарка) Aspiolucius esocinus (Kessler, 1874),

Туркистон кўк бўйини (Кўктурна) Leuciscus idus Linnaeus, 1758., ssp oxianus (Kessler, 1877),

Орол сулаймон балиғи Salmo aralensis (Berg, 1908)

Амударё гул балиғи Salmo oxianus (Kessler, 1874).


тақиқланади

тақиқланади

5

500

6.

Тошкент юзасузари Аlburnus oblongus (Bulgakov, 1923),

Паррак (Наштарқанот) Capoetobrama kuschakewitschi (Kessler, 1872),

Орол тиканаги Sabanejewia aralensis (Kessler, 1877),

Туркистон лаққачаси Glyptosternon oschanini (Herzenstein, 1889),

Орол санчани (Тиканбалиқ, итбалиқ) Pungittis platygaster, (Kessler, 1859., ssp. Aralensis Kessler, 1874),

Чортоқ Шайтонбалиғи Cottus jaxartensis (Berg, 1916),

Туркистон шайтонбалиғи (Тошбуқа) Cottus spinulosus (Kessler, 1872).


тақиқланади

тақиқланади

1

250

         

Изоҳ:


*) балиқларнинг кўпайтирилган турларини саноат миқёсида овлаганлик учун тўлов суммаси кўпайтирилганлиги тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда, мазкур тур қийматининг 30 фоизини ташкил этади;


**) ҳаваскорлик ва спорт мақсадларида 5 кг гача миқдорда ёки ушбу миқдордан кўп бўлган бир дона балиқни бепул овлашга рухсат этилади.

          

          




Қоидаларга

2-ИЛОВА



Саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат

берилган тўрларга қўйиладиган

МАХСУС ТАМҒА

               

Махсус тамға тавсифи:

махсус тамға зангламайдиган материалдан тайёрланади;

махсус тамға балиқ овлаш тўрининг учта жойига мустаҳкам ўрнатилади;

махсус тамғада жами 9 та, шундан 3 та ҳарф ва 6 та рақам комбинацияларидан иборат идентификация белгиси бўлади;

бир хил идентификация белгили махсус тамға уч донадан тайёрланади.


Махсус тамғанинг шакли:



АВС 123456


           

         




Қоидаларга

3-ИЛОВА



Саноат усулида овланадиган балиқларнинг

ЎЛЧАМЛАРИ

           

Сув ҳавзаси


Ўлчов бирлиги

(см)

     

Зоғора балиқ Cyprinus carpio (Linnaeus)


Зарафшон сув ҳавзаси бўйлаб


35

Қашқадарё сув ҳавзаси бўйлаб


26

Сурхондарё сув ҳавзаси бўйлаб


28

Сирдарё сув ҳавзаси бўйлаб


28

Амударё сув ҳавзаси бўйлаб


29

Шарқ оқчаси Abramis brama orientalis (Berg)


Хоразм вилояти сув ҳавзалари бўйлаб


28

Тошкент вилояти сув ҳавзалари бўйлаб


26

Зарафшон сув ҳавзаси бўйлаб


24

Сирдарё сув ҳавзаси бўйлаб


25

Амударё сув ҳавзаси бўйлаб


20

Самарқанд лойхўраги Varicorhynus capoeto heratensis natio steindachneri (Kessler)


Зарафшон сув ҳавзаси бўйлаб


24

Қашқадарё сув ҳавзаси бўйлаб


23

Сурхондарё сув ҳавзаси бўйлаб


22

Орол оққайроғи Aspius aspius taenatus niblioides (Kessler)


Сирдарё сув ҳавзаси бўйлаб


36

Амударё сув ҳавзаси бўйлаб


45

Сурхондаёр сув ҳавзаси бўйлаб


38

Хоразм сув ҳавзаси бўйлаб


36

Оқ сла Sander lucioperca (Linnaeus)


Сирдарё сув ҳавзаси бўйлаб


36

Амударё сув ҳавзаси бўйлаб


37

Сурхондаё сув ҳавзаси бўйлаб


38

Хоразм сув ҳавзаси бўйлаб


37

Зарафшон сув ҳавзаси бўйлаб


37

Товонбалиқ Carassius auratus gibelio (Bloch)


Барча сув ҳавзаларида


26

Орол мой балиқ Chalcalburnus chalcoides aralensis (Berg)


Амударё сув ҳавзаси бўйлаб


19

Бошқа барча сув ҳавзаларида


16

Қизилкўз Rutilus rutilus aralensis (Berg)


Зарафшон сув ҳавзаси бўйлаб


20

Бошқа барча сув ҳавзаларида


17

Илонбош Channa argus warpachowskii (Berg)


Барча сув ҳавзаларида


45

Оддий Лаққа Silurus glanis (Linnaeus)


Барча сув ҳавзаларида


50

Ўсимликлар билан озиқланадиган барча балиқлар - оқ дўнг пешона

Hypophthalmichthys molitrix (Valenciennes), чипор дўнг пешона

Hypophthalmichthys nobilis (Richardson), оқ амур

Ctenopharyngodon idella (Valenciennes)

       

Барча сув ҳавзаларида


55

           

Изоҳ. Балиқчилик объектларининг саноат ўлчамлари тумшуқ (тумшуқ ёпиқ ҳолатида) учларидан дум қанотларининг ўрта суяк асосигача бўлган узунликни ўлчаш орқали аниқланади. Ишлов берилган ҳолида (тузланган, қуритилган, дудланган) саноат меъёри 4 фоизга камаяди.

         

           




Қоидаларга

4-ИЛОВА



Ихтиофауна объектларидан фойдаланиш

тартибининг бузилиши оқибатида

етказилган зарарни ҳисоблаш

МИҚДОРИ

            

Балиқ турлари

    

Ёши, катталиги, оғирлиги ва жинсидан

қатъи назар, ҳар бир дона балиқ учун

ундириладиган зарар миқдори

(базавий ҳисоблаш миқдорига

нисбатан коэффициент)

      

*Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилганлар

    

Орол мўйловдори (Орол сўзанбалиғи, Сўғён) Luciobarbus brachycephalus (Kessler, 1872),

Туркистон мўйловдори (Шимбалиқ, қаяз) Luciobarbus conocephalus (Kessler, 1872),

Орол бакра балиғи (Шип) Acipenser nudiventris (Lovetsky, 1828),

Сирдарё курак буруни (Филбўйин) Pseudoscaphirhynchus fedtschenkoi (Kessler, 1872),

Катта Амударё курак буруни (Қилқуйруқ) Pseudoscaphirhynchus kaufmanni (Bogdanow, 1874),

Кичик Амударё курак буруни (Тошбакра) Pseudoscaphirhynchus hermanni (Kessler, 1877),

Қоракўзқ сазан) Ballerus sapa (Pallas, 1814),

Чўртансимон оққайроқ (Калбалиқ, чўртанмарка) Aspiolucius esocinus (Kessler, 1874),

Туркистон кўк бўйини (Кўктурна) Leuciscus idus (Linnaeus, 1758., ssp oxianus Kessler, 1877),

Орол сулаймон балиғи Salmo aralensis (Berg, 1908),

Амударё гул балиғи Salmo oxianus (Kessler, 1874).


15

Тошкент юзасузари Аlburnus oblongus (Bulgakov, 1923),

Паррак (Наштарқанот) Capoetobrama kuschakewitschi (Kessler, 1872),

Орол тиканаги (Sabanejewia aralensis (Kessler, 1877),

Туркистон лаққачаси Glyptosternon oschanini (Herzenstein, 1889),

Орол санчани (Тиканбалиқ, итбалиқ) Pungittis platygaster (Kessler, 1859., ssp. Aralensis Kessler, 1874),

Чортоқ шайтон балиғи Cottus jaxartensis (Berg, 1916),

Туркистон шайтонбалиғи (Тошбуқа) Cottus spinulosus (Kessler, 1872.).


10

Бошқа турлар

      

Оддий лаққа Siluris glanis L. (Linnaeus, 1758),

Оқ дўнг пешона Hypophthalmichthys molitrix (Valenciennes, 1844),

Чипор дўнг пешона Hypophthalmichthys (Arystichthys) nobilis (Richardson, 1845),

Оқ амур Ctenopharyngodon idella (Valenciennes, 1844),

Қора амур Mylopharyngodon piceus (Richardson, 1846).


10

Зоғора балиқ Cyprinus carpio (Linnaeus, 1758),

Оқ сла Sander (Stizostedion) lucioperca (Linnaeus, 1758),

Чўртансифат оққайроқ Aspiolucius esocinus (Kessler, 1874),

Орол оққайроқ Aspius aspius iblioides (Kessler, 1872),

Пелядь Coregonus (Gmelin, 1788),

Камалакранг гул балиқ Oncorhinhus mykiss (Walbaum, 1792).


5

Илонбош Channa argus warpachowskii (Berg, 1909),

Чўртан балиқ Esox lucius (Linnaeus, 1758).


3

Кумуш товон балиқ Carassius auratus gibelio (Bloch, 1782),

Самарқанд храмуляси Varicorhinus capoeta Heratensis n. Steidachneri (Kessler),

Шарқ оқчаси Abramis brama orientalis (Berg, 1949).


2

Орол мой балиғи Chalcalburnus chalcoides aralensis (Berg, 1923),

Оддий қорабалиқ Schizothorax intermedius (McClelland, 1842) (eurystomus).


1,5

Орол чавоқ балиғи (vobla) Rutilus rutilus aralensis (Berg 1916),

Қилич балиқ Pelecus cultratus (Linnaeus, 1758),

Оддий қиррақорин Hemiculter leucisculus (Vasilevskiy, 1855).


1

Балиқ увулдириғи (1 кг учун)


50

Тақиқланган даврда ва тақиқланган жойларда балиқ тутганлик учун


Мазкур тур учун ундириладиган зарар

суммасининг 5 баравари миқдорида


Электр токи ва заҳарловчи моддаларни қўллаб балиқ тутганлик учун


Мазкур тур учун ундириладиган зарар

суммасининг 10 баравари миқдорида


**Балиқлар урчиш жойларини ва қишлаш чуқурларини ифлослантирилганлик ҳамда йўқ қилганлик учун


10

           

Изоҳ:


*) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Қизил китобга киритилган ҳайвонлар рўйхатига Қизил китобнинг охирги нашрига асосан ўзгартириш киритилиши мумкин.


**) Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ушбу миқдор икки бараварга кўпайтириб ҳисобланади.

        

               

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 10 февраль