Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.02.2024 й. 91-сон "Мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш ҳамда таълим сифати мониторингини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.02.2024 й.

N 91




МАКТАБГАЧА ВА УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИНИ АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ

ҲАМДА ТАЪЛИМ СИФАТИ МОНИТОРИНГИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон Фармони ҳамда "Мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 11 майдаги ПҚ-241-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестация ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини тасдиқлаш, хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестациядан ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки:

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юритиладиган реестрга киритилган ҳамда республикада тан олинадиган халқаро аккредитация ташкилотлари аккредитациядан ўтказган умумий ўрта таълим ташкилотлари навбатдаги давлат аккредитациясидан ўтган ҳисобланади;

мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестация ҳамда давлат аккредитациясидан Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази билан келишилган ҳолда ўтказилади;

таълим ташкилотларига давлат аккредитациясидан ўтганлиги тўғрисида электрон шаклдаги сертификатни бериш тизими йўлга қўйилади;

давлат умумий ўрта таълим ташкилоти ҳар йили хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини ўтказиш учун ўз фаолиятини ички баҳолайди ва унинг натижаси бўйича тўпланган маълумотлар ҳамда материалларни онлайн тарзда таълим сифати мониторинги электрон платформаси орқали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юборади;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга оширади.


3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги олти ой муддатда ўзининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим ташкилотлари фаолиятини ички баҳолаш натижасида тўпланган маълумотларни онлайн тарзда олиш ва юбориш имконини берадиган таълим сифати мониторинги ҳамда аккредитация электрон платформасини ишга туширсин.


4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги:

mandat.uzbmb.uz электрон платформаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таълим сифати мониторингини юритишга мўлжалланган электрон платформасига "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилинишини;

ҳар йили 10 октябрга қадар олий таълим ташкилотларига қабул имтиҳонларида қатнашган умумий ўрта таълим ташкилотларининг битирувчилари сони, уларнинг фанлар кесимидаги ва жами тўплаган баллари бўйича маълумотлар электрон ахборот алмашинуви орқали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этилишини таъминласин.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2019 йил 7 июндаги 470-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 15 февраль