Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.02.2024 й. 91-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 14 февралдаги

91-сон қарорига

2-ИЛОВА



Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида

хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати

мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда - умумий ўрта таълим ташкилотлари) хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга оширишнинг мақсади умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим сифатини таъминлашга қаратилган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, раҳбар кадрларнинг масъулиятини кучайтириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ва ўқувчиларнинг билим даражасини оширишга кўмаклашиш ҳамда ўқитишнинг янги инновацион услубларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалда татбиқ этишдан иборат.


3. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги (кейинги ўринларда - таълим сифати мониторинги) деганда, умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим соҳасига оид ахборотлардан фойдаланган ҳолда таълим сифати ёмонлашиш хавфининг юзага келиши ҳолатлари ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилмаслигининг эҳтимолий оқибатларини баҳолаш тушунилади.


4. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан амалга оширилади.


5. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги холислик, ошкоралик, мажбурийлик ва даврийлик тамойиллари асосида амалга оширилади.


6. Умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


7. Мазкур Низом талаблари алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган (ёрдамчи) мактаб ва мактаб-интернатларга, шунингдек, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.



2-БОБ. ТАЪЛИМ СИФАТИ МОНИТОРИНГИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


8. Умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги қуйидагилар асосида амалга оширилади:

умумий ўрта таълим ташкилотлари туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари (таркибида умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмалари) томонидан Вазирликнинг таълим сифати мониторинги электрон платформасига (кейинги ўринларда - махсус электрон платформа) киритилган маълумотлар ва материалларни таҳлил қилиш;

давлат таълим ташкилотларида ҳар йили амалга ошириладиган ҳамда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ёки Вазирликнинг ҳудудий бошқарма раҳбарларининг электрон рақамли имзоси билан онлайн аккредитация платформасига жойлаштириб бориладиган ички баҳолаш натижаларини ҳисобга олиш;

умумий ўрта таълим ташкилотлари рейтинги, шу жумладан, "Замонавий мактаб"ларга қўйиладиган талаблар асосида баҳолаш натижаларини инобатга олиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган материалларни ўрганиб чиқиш.


9. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги махсус электрон платформасига ички баҳолаш натижалари бўйича киритилган ҳамда Вазирликда мавжуд бўлган маълумотлар асосида белгиланган тартибда тасдиқланган баҳолаш мезонларига мувофиқ амалга оширилади.


10. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга оширишда фойдаланиладиган маълумот ва материаллар умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари (таркибида умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмалари) томонидан ҳар йили 1 ноябрга қадар махсус электрон платформага жойлаштирилади.

Махсус электрон платформадан фойдаланиш учун туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига (таркибида умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмаларига) алоҳида логин ва пароль берилади.

Умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари махсус электрон платформасидан фойдаланишга масъул бўлган ходимларни белгилайди ва уларнинг ҳисобини юритади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган материаллардаги таълим сифатининг пастлигига оид маълумотлар Вазирлик томонидан таҳлил қилинади ва таълим сифати мониторингини аниқлашда ҳисобга олинади.


11. Умумий ўрта таълим ташкилотларининг хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги ҳар йили 1 декабрга қадар Вазирлик томонидан амалга оширилади.

Зарур ҳолларда, Вазирлик бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, нодавлат ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда, маълумотларнинг ҳаққонийлигини жойига чиқиб ўрганиши мумкин.


12. Ўрганишлар натижасида маълумотларнинг нотўғрилиги аниқланганда, бу ҳақда Вазирлик туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарини (таркибида умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмаларини) камчилик аниқланган кундан бошлаб уч иш куни ичида огоҳлантиради ҳамда мониторинг якуни бўйича тақдимномада нотўғри маълумот берган шахсга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан таклифлар беради.


13. Хавф-хатарлар таҳлилига кўра умумий ўрта таълим ташкилотлари қуйидаги уч тоифага бўлинади:

фаолият самарадорлиги даражаси юқори;

фаолият самарадорлиги даражаси ўртача;

фаолият самарадорлиги даражаси паст.


14. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга оширишда ҳисобот давридаги бир йиллик фаолият ҳисобга олинади ва индикатор ўзгариши динамикаси бўйича тегишли йўналишда таълим сифатининг ошишига кўра баҳо берилади.


15. Умумий ўрта таълим ташкилоти хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини баҳолаш мезонлари бўйича умумий баллнинг 70 фоизи ва ундан кўп балл тўпласа, унинг фаолият самарадорлиги даражаси юқори деб ҳисобланади.

Бунда умумий ўрта таълим ташкилотининг фаолият самарадорлиги даражаси юқори деб ҳисобланиши учун мониторинг ўтказиладиган йилда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида таълим сифатининг пастлиги тўғрисида ўз тасдиғини топган бирорта ҳам хабар мавжуд бўлмаслиги лозим.


16. Умумий ўрта таълим ташкилоти хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини баҳолаш мезонлари бўйича умумий баллнинг 30 фоизи ва ундан кам балл тўпласа, унинг фаолият самарадорлиги даражаси паст деб ҳисобланади.


17. Фаолият самарадорлиги даражаси юқори ёки паст деб ҳисобланмаган, яъни таълим сифати мониторингини баҳолаш мезонлари бўйича умумий баллнинг 31-69 фоизи оралиғида тўплаган умумий ўрта таълим ташкилотининг фаолият самарадорлиги даражаси ўртача деб ҳисобланади.


18. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги натижасига кўра фаолияти самарадорлиги даражаси юқори ва паст деб топилган умумий ўрта таълим ташкилотларининг рўйхати Вазирлик томонидан ҳар йили 20 декабрга қадар тасдиқланади.


19. Фаолияти самарадорлиги даражаси кетма-кет уч йил давомида юқори бўлган умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини ташкил этишга уч йил муддатга мораторий жорий қилинади (потенциал коррупциоген ҳолатлар бундан мустасно).

Умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолият самарадорлиги даражаси ҳар йили 30 декабрга қадар Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


20. Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги натижаларига кўра фаолияти самарадорлиги даражаси паст деб топилган умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолияти Вазирлик томонидан алоҳида режага мувофиқ жойига чиққан ҳолда ўрганилади.

Жойига чиқиб ўрганиш натижалари асосида умумий ўрта таълим ташкилотининг фаолиятига оид маълумотнома тайёрланиб, тегишлилиги бўйича вазирлик, идора ёки ҳокимликларга тақдим этилади.



3-БОБ. ТАЪЛИМ СИФАТИНИ

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ НАТИЖАЛАРИГА

АСОСАН ЧОРАЛАР КЎРИШ


21. Жойига чиқиб ўрганиш натижалари бўйича тайёрланган маълумотнома асосида туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими (умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмалари) томонидан умумий ўрта таълим ташкилоти учун унинг фаолияти самарадорлигини яхшилаш бўйича "йўл харитаси" (кейинги ўринларда - "Йўл харитаси") ишлаб чиқилади.

"Йўл харитаси" тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан тасдиқланади.

"Йўл харитаси"да ундаги чора-тадбирларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, амалга ошириладиган вазифаларнинг ижрочилари ва аниқ муддатлари белгиланади.


22. Тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари (умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмалари) "Йўл харитаси"да белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этади ҳамда унинг ижроси юзасидан умумий ўрта таълим ташкилотига кўмаклашади.


23. Ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари "Йўл харитаси"да белгиланган чора-тадбирлар унда белгиланган муддатларда амалга оширилишини назорат қилиб боради.

Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари (умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмалари) "Йўл харитаси" бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар ва материалларни Вазирликнинг махсус электрон платформасига жойлаштириб боради.

Заруратга кўра, Вазирлик томонидан умумий ўрта таълим ташкилотининг фаолиятига оид маълумот ва материаллар жойига чиққан ҳолда ўрганилиши мумкин.


24. Вазирлик ҳудудий бошқармалари "Йўл харитаси"нинг ижроси юзасидан:

туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига топшириқларни кечиктириб бажарган ёки лозим даражада бажармаган умумий ўрта таълим ташкилотлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, уларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўллаш ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим сифатини яхшилаш бўйича ишларни ташкил этишда кўмаклашиш тўғрисида Вазирликка маълумотномалар киритади;

умумий ўрта таълим ташкилотини аттестациядан ўтказиш режасига киритади ва навбатдан ташқари аттестациядан ўтказади.


25. Вазирлик ва тизимида умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идоралар биргаликда таълим сифатини таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини мунтазам равишда мониторинг қилиб боради ҳамда уни такомиллаштириб бориш чораларини кўради.


26. Махсус электрон платформага киритилган умумий ўрта таълим ташкилотларига оид маълумотларнинг ҳаққонийлигига тегишлилиги бўйича мактабгача ва мактаб таълими ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими (умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмалари) ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотлари раҳбарлари масъул ҳисобланади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


28. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

        

       




Низомга

ИЛОВА



Умумий ўрта таълим ташкилотларида

хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим

сифати мониторингини амалга ошириш

СХЕМАСИ

          

    

Босқичлар

  


      

Субъектлар

    


     

Тадбирлар

     


      

Муддатлар

   








        

I. ТАЪЛИМ СИФАТИ МОНИТОРИНГИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ

        








1-босқич


Тизимида умумий ўрта таълим

ташкилоти бўлган бошқа

вазирлик ва идоралар, туман

(шаҳар) мактабгача ва мактаб

таълими бўлимлари


      

Таълим даражаси паст бўлган умумий ўрта таълим ташкилотларини аниқлашда фойдаланиладиган маълумот ва материалларни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан юритиладиган махсус электрон платформага жойлаштириш.

        


Ҳар йили

1 ноябрга қадар








2-босқич


Вазирлик


      

Махсус электрон платформага жойлаштирилган маълумотларни, умумий ўрта таълим ташкилотлари рейтинг натижалари, "Замонавий мактаб"ларга қўйиладиган талаблар асосида баҳолаш натижалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг таълим сифатининг пастлигига доир мурожаатларини, оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган материаллардаги таълим сифатининг пастлигига оид маълумотларни хавф-хатарлар таҳлилига асосланган мониторингини амалга ошириш.

       


Ҳар йили

1 декабрга қадар








3-босқич


Вазирлик


       

Хавф-хатарлар таҳлилига асосланган мониторинг натижаларига кўра фаолият самарадорлиги юқори ва паст деб ҳисобланган умумий ўрта таълим ташкилотлари рўйхатини тасдиқлаш.


Фаолият самарадорлиги даражаси юқори ва паст бўлган умумий ўрта таълим ташкилотлари рўйхатини расмий веб-сайтида эълон қилиш.

       


    

Ҳар йили

20 декабрга қадар



Ҳар йили

30 декабрга қадар








4-босқич


Вазирлик


        

Фаолият самарадорлиги паст деб ҳисобланган умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганади ҳамда ўрганиш натижаларига оид маълумотномани тайёрлаб, тегишлилиги бўйича вазирлик ёки идорага тақдим этиш.

        


Алоҳида режага

мувофиқ








    

II. ТАЪЛИМ СИФАТИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ

НАТИЖАЛАРИГА АСОСАН ЧОРАЛАР КЎРИШ

        








5-босқич


       

Тизимида умумий ўрта таълим

ташкилоти бўлган бошқа

вазирлик ва идоралар, туман

(шаҳар) мактабгача ва мактаб

таълими бўлимлари

      


Фаолият самарадорлиги паст деб ҳисобланган умумий ўрта таълим ташкилотларининг ҳар бири учун алоҳида фаолият самарадорлигини яхшилаш юзасидан "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш.


Маълумотнома

тақдим этилгандан

бошлаб 5 кун

муддатда








6-босқич


Вазирлик ва тегишли туман

(шаҳар) ҳокимликлари


     

Фаолият самарадорлиги паст деб ҳисобланган умумий ўрта таълим ташкилотларининг ҳар бири учун алоҳида фаолият самарадорлигини яхшилаш юзасидан "йўл харитаси"ни тасдиқлаш.

     


"Йўл харитаси"

тақдим этилгандан

бошлаб 5 кун

муддатда








7-босқич


Тегишли туман (шаҳар)

ҳокимликлари ва мактабгача

ва мактаб таълими бўлимлари


    

"Йўл харитаси"да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этади ҳамда унинг ижроси юзасидан умумий ўрта таълим ташкилотига кўмаклашиш.

    


"Йўл харитаси"да

белгиланган

муддатларда








8-босқич


Вазирлик


"Йўл харитаси"да белгиланган чора-тадбирларнинг ижросини назорат қилиш.


      

"Йўл харитаси"да

белгиланган

муддатларда

       

           

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 15 февраль