Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Марказий банк Бошқарувининг 26.01.2024 й. 42/16-сон "Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солиш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори (АВ томонидан 21.02.2024 й. 3205-3-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

21.02.2024 й.

N 3205-3




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

26.01.2024 й.

N 42/16


ҚАРОРИ



Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини

тартибга солиш тўғрисидаги низомга ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2019 йил 28 сентябрдаги 24/5-сон қарори (рўйхат рақами 3205, 2019 йил 19 декабрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2019 й., 10/19/3205/4177-сон) билан тасдиқланган Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солиш тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.


3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.



Марказий банк раиси                                             М.Б. Нурмуратов






Қарорга

ИЛОВА



Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз

юкини тартибга солиш тўғрисидаги низомга

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мазкур Низом қарз олувчи жисмоний шахсларга кредитлар (микроқарзлар) ажратилаётганда қарз юкини ҳисоблаш тартибини, қарз юкининг рухсат этилган миқдорини, шунингдек кредитлар ва микроқарзлар бўйича кунлик энг юқори фоиз ставкаларини белгилайди.".


2. 1-банднинг иккинчи хатбошиси, 4-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари, 6-банд ва 7-банднинг иккинчи хатбошисидаги "микроқарз" деган сўз "кредит (микроқарз)" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3. Қуйидаги мазмундаги 1-1-банд билан тўлдирилсин:

"1-1. Ушбу Низом талаблари оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитларга нисбатан татбиқ этилмайди.".


4. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. 2024 йил 1 июлга қадар қарз юки кўрсаткичи ҳар бир қарз олувчига қарз берувчи томонидан микроқарз ажратишда унинг суммаси ва қарз олувчининг амалдаги кредит (микроқарз) шартномалари бўйича асосий қарз қолдиғи йиғиндиси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари ва ундан ошганда ҳисобланади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб қарз юки кўрсаткичи ҳар бир қарз олувчига қарз берувчи томонидан кредит (микроқарз) ажратишда, шу жумладан мазкур кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдорини ошириш, кредитлаш лимитини ошириш ҳамда муддатни узайтиришга оид қарор қабул қилинганда (бундан буён матнда кредит (микроқарз) ажратиш деб юритилади) ҳисобланиши лозим.

Бунда, қарз юки кўрсаткичи:

банк томонидан жисмоний шахсларга кредит (микроқарз) ажратишда мазкур банк томонидан жисмоний шахсларга ажратилган барча кредитлар сонининг ва микроқарзлар сонининг энг кўпи билан 15 фоизигача бўлган миқдорида;

микромолия ташкилоти ва ломбард томонидан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига кредит (микроқарз) ажратишда унинг суммаси ва қарз олувчининг амалдаги кредит (микроқарз) шартномалари бўйича асосий қарз қолдиғи йиғиндиси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаганда;

микромолия ташкилоти томонидан ўзини ўзи банд қилган шахс бўлган қарз олувчига микрокредит ажратишда унинг суммаси ва қарз олувчининг амалдаги кредит (микроқарз) шартномалари бўйича асосий қарз қолдиғи йиғиндиси базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваридан ошмаганда ҳисобланмаслиги ёки инобатга олинмаслиги мумкин.".


5. Қуйидаги мазмундаги 4-1-банд билан тўлдирилсин:

"4-1. Кредит (микроқарз) шартномасига асосан уни сўндириш муддати 36 ойдан ошган тақдирда, қарз юки бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдори ҳисоб-китобида кредит (микроқарз) бўйича барча тўловлар 36 ойга тенг миқдорда (аннуитет усулида) тақсимланади, бундан ипотека кредитлари ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган ресурслар ҳисобидан ажратилган таълим кредитлари мустасно.

Ипотека кредити шартномасига асосан уни сўндириш муддати 180 ойдан ошган тақдирда, қарз юки бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдори ҳисоб-китобида кредит бўйича барча тўловлар 180 ойга тенг миқдорда (аннуитет усулида) тақсимланади, бундан давлат дастурлари доирасида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитлари мустасно.".


6. 9-банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Бунда, қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлашда:

банк мазкур банднинг иккинчи-еттинчи хатбошиларида кўрсатилган даромадлар тўғрисидаги маълумотларни камида охирги олти ой учун олиши лозим;

микромолия ташкилоти ва ломбард мазкур банднинг иккинчи-еттинчи хатбошиларида келтирилган ҳужжатлар билан чекланмасдан бошқа маълумотлардан фойдаланиши мумкин.".


7. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. 2024 йил 1 июлга қадар қарз берувчи томонидан микроқарзлар ажратишда жисмоний шахснинг қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги керак.

Қарз берувчи томонидан кредит (микроқарз) ажратишда жисмоний шахснинг қарз юки кўрсаткичи:

2024 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга қадар - 60 фоиздан;

2025 йил 1 январдан бошлаб - 50 фоиздан ошмаслиги керак.".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 22 февраль